Матто баён этган хушхабар
22 Исо тағин уларга масалларни гапириб бериб, шундай деди: 2 «Осмон Шоҳлиги, ўғлига никоҳ тўйи+ қилиб берган подшоҳга ўхшайди. 3 У тўйга таклиф этилган одамларни чақиртириш учун хизматкорларини юборибди, лекин улар келишни хоҳлашмабди+. 4 Шунда у бошқа хизматкорларини жўнатиб, шундай дебди: “Таклиф этилганларга айтиб қўйинглар: “Мен дастурхон ёзиб, буқаю бўрдоқиларимни сўйдим. Ҳаммаси тайёр. Никоҳ базмига келинглар”. 5 Бироқ улар парво қилмай, бири даласига борибди, иккинчиси олди-сотди қилишга кетибди+. 6 Бошқалари эса шоҳнинг хизматкорларини ушлаб, уларни уриб ўлдиришибди.
7 Шунда шоҳ ғазабга миниб, аскарларини юборибди-да, шу қотилларни ўлдириб, ўша шаҳарга ўт қўйибди+. 8 Кейин у бошқа хизматкорларига шундай дебди: “Никоҳ базми тайёр, аммо таклиф этилганлар бунга лойиқ эмас+. 9 Шундай экан, катта кўчаларга бориб, йўлингиздан чиққан барчани никоҳ базмига таклиф қилинглар”+. 10 Шоҳнинг хизматкорлари кўчага чиқиб, йўлида учраганларнинг барчасини — яхшию ёмонни чақиришибди. Хуллас, тўйхона меҳмонларга* тўлибди.
11 Шоҳ меҳмонларнинг олдига кирганида, тўй кийимида бўлмаган битта одамни кўриб қолибди. 12 Сўнг унга савол берибди: “Дўстим, сиз қанақасига бу ерга тўй кийимисиз кирдингиз?” У эса индамабди. 13 Шунда шоҳ хизматкорларига буюриб, шундай дебди: “Оёқ-қўлларини боғлаб, уни ташқарига, зулматга ташлаб юборинглар. Ўша ерда у йиғлаб, тишларини ғижирлатади”.
14 Ҳа, таклиф этилганлар кўп, лекин танланганлар оз».
15 Шу пайт, фарзийлар у ердан кетиб, Исони сўзидан тузоққа илинтиришга тил бириктиришди+. 16 Улар шогирдларини Ҳироднинг тарафдорлари билан+ бирга жўнатиб, шундай дейишни буюришди: «Устоз, сиз ростгўй эканингизни ва Аллоҳнинг йўли тўғрисида ҳақиқатни ўргатишингизни биламиз. Шунингдек, кимларгадир маъқул бўлишга интилмайсиз, чунки сиз инсоннинг ташқи кўринишига қараб муомала қилмайсиз. 17 Бизга айтинг-чи, подшоҳга* жон солиғини тўлаш керакми ёки йўқми?» 18 Аммо Исо уларнинг ниятлари ёмон эканини билиб: «Нега мени синаяпсизлар, эй иккиюзламачилар? 19 Қани, солиқ учун тўланадиган тангани менга кўрсатинглар-чи»,— деди. Улар унга бир динор* олиб келишди. 20 Шунда Исо улардан сўради: «Бу ердаги сурат ва исм кимники?» 21 Улар жавобан: «Подшоҳники»,— дейишди. Исо давом этиб қуйидагича айтди: «Унда подшоҳнинг ҳақини подшоҳга, Аллоҳнинг ҳақини Аллоҳга беринглар»+. 22 Буни эшитиб, улар қойил қолишди ва уни тарк этишди.
23 Ўша куннинг ўзида тирилишга ишонмайдиган саддуқийлар+ келиб Исога савол беришди+: 24 «Устоз, Мусо пайғамбаримиз: “Агар киши фарзанд кўрмай ўтиб кетса, укаси унинг хотинига уйланиб акасига авлод қолдириши керак”+,— деб айтгандилар. 25 Бизда еттита ака-ука бор эди. Каттаси уйланиб, фарзанд кўрмай ўтиб кетди. Унинг хотинини эса укаси олди. 26 Худди шундай вазият иккинчиси, учинчиси ва ҳатто еттинчиси билан ҳам юз берди. 27 Охири шу аёл ҳам қазо қилди. 28 Хўш, ўлганлар тирилганда, бу аёл еттовидан қайси бирининг хотини ҳисобланади? Ахир улар ҳаммаси унга уйланган-ку».
29 Исо уларга жавобан айтди: «Сизлар Муқаддас Ёзувларни ҳам, Худонинг қудратини ҳам билмаганингиз учун адашяпсизлар+. 30 Ахир одамлар тирилганда на уйланишади, на эрга тегишади. Лекин улар фаришталар каби бўлишади+. 31 Ўликларнинг тирилишига келсак, Тангрининг гапларини ўқимаганмисизлар? 32 Аллоҳ: “Мен Иброҳимнинг, Исҳоқнинг ва Ёқубнинг Худосиман”+,— деб айтган. У ўликларнинг эмас, тирикларнинг Тангрисидир»+. 33 Буни эшитган оломон, унинг таълимотига лол қолди+.
34 Саддуқийлар Исонинг сўзларига лом-мим дея олишмаганини эшитгач, фарзийлар йиғилиб унинг олдига келишди. 35 Бир Таврот тафсирчиси Исони синаш ниятида унга шундай савол берди: 36 «Устоз, Тавротнинг қайси амри энг муҳим?»+ 37 Исо қуйидагича айтди: «“Тангрингиз Яҳовани* бутун қалбингиз, бутун жонингиз* ва бутун онгингиз билан севинг”+. 38 Бу биринчи ва энг муҳим амрдир. 39 Иккинчиси эса унга ўхшаш: “Яқинингизни ўзингизни севгандай севинг”+. 40 Таврот ва пайғамбарлар китоблари ушбу иккита амрга асосланган»+.
41 Фарзийлар бирга йиғилиб турганда, Исо улардан шундай деб сўради+: 42 «Масиҳ тўғрисида нима деб ўйлайсизлар? У кимнинг ўғли?» Улар Исога: «Довуднинг ўғли»+,— дейишди. 43 Исо улардан сўради: «Унда қандай қилиб Довуд муқаддас руҳ таъсирида+ уни Ҳазратим деб атаган? У шундай деган: 44 “Яҳова* Ҳазратимга: “Душманларингни оёғинг остига қўймагунимча Менинг ўнг томонимда ўтириб тур”,— деди”+. 45 Хўш, агар Довуд уни Ҳазратим деб атаса, унда у қанақасига унинг ўғли бўлиши мумкин?»+ 46 Лекин ҳеч ким унга жавоб бера олмади. Шу кундан кейин унга ҳеч бир киши савол беришга журъат эта олмади.