Юҳанно олган ваҳий
11 Менга ҳассадек узун қамиш таёқ*+ берилиб, мана бу сўзлар айтилди: «Тур, Худонинг маъбадини*, қурбонгоҳни ва у ерда топинаётганларни ўлча. 2 Маъбаднинг ташқарисидаги ҳовлини эса ўлчама, чунки у бошқа халқларга берилган. Улар муқаддас шаҳарни+ 42 ой+ поймол этишади. 3 Мен иккита шоҳидимни юбораман ва улар жул кийимда 1 260 кун башорат қилишади». 4 Улар иккита зайтун дарахти+ ва иккита чироқпоя+ сифатида тасвирланган бўлиб, ер юзининг Рабби олдида туришибди+.
5 Кимки уларга зарар етказмоқчи бўлса, оғизларидан олов чиқиб, душманларини йўқ қилади. Уларга зиён келтиришни истаган ҳар ким шу тариқа ўлдирилади. 6 Бу кишилар башорат қилаётган вақтда ёмғир ёғмасин+, дея осмон юзини ёпиш қудратига эга+. Шунингдек, улар сувни қонга айлантириш+ ва истаган пайтларида ерни ҳар турли балоларга дучор қилишга қодир.
7 Улар шоҳидлик қилишни тугатишганда, тубсизликдан чиқаётган йиртқич ҳайвон улар билан жанг қилади ва ғолиб чиқиб, уларни ўлдиради+. 8 Уларнинг жасади мажозий маънода Садўм ва Миср деб аталадиган буюк шаҳарнинг асосий кўчасида, уларнинг Ҳазрати устунга михланган жойда ётади. 9 Барча халқлар, қабилалар, тиллар ва миллатлардан бўлган инсонлар уч ярим кун уларнинг жасадларига боқишади-ю+, жасадларини қабрга қўйишга ижозат беришмайди. 10 Ер юзида яшовчилар уларнинг ўлимидан қувониб, байрам қилишади ва бир-бирларига совғалар юборишади. Сабаби, бу иккита пайғамбар ер юзида яшовчиларни азоблаган эди.
11 Аммо уч ярим кундан сўнг уларга Аллоҳдан келган ҳаёт руҳи кириб+, улар оёққа туришди. Шунда буни кўрганларни кучли қўрқув босди. 12 Улар самодан: «Бу ерга чиқинглар»,— деган баланд овозни эшитишди. Улар булут ичида осмонга кўтарилишди, душманлари эса уларни кўриб туришди. 13 Шу онда қаттиқ зилзила юз бериб, шаҳарнинг ўндан бир қисми вайрон бўлди. Зилзиладан 7 000 одам ўлди, қолганлари эса даҳшатга тушиб, самодаги Худога ҳамду сано айтдилар.
14 Иккинчи кулфат+ ўтиб кетди. Лекин учинчи кулфат тезлик билан яқинлашиб келмоқда.
15 Еттинчи фаришта карнайини чалди+. Осмонда баланд овозлар янгради: «Энди дунё устидан шоҳлик қилиш Раббимиз+ ва Унинг Масиҳига тегишлидир+. У абадулабад ҳукм суради»+.
16 Шунда Худонинг ҳузурида ўз тахтларида ўтирган 24 оқсоқол+ юзтубан тиз чўкиб Аллоҳга сажда қилди. 17 Улар: «Ҳозир бор, ўтмишда ҳам бор бўлган, Қодир Тангри Яҳова*+, Сенга шукрлар айтамиз. Зеро Сен буюк ҳокимиятни эгаллаб шоҳлик қила бошладинг+. 18 Аммо халқлар ғазабга минди, Сен ҳам Ўз ғазабингни кўрсатдинг. Ўлганларни ҳукм қилиб, қулларинг бўлмиш пайғамбарларга+, муқаддас кишиларга, Сенинг исмингдан қўрққан каттаю кичикка мукофот бердинг+. Ниҳоят, ерни хароб этувчиларни хароб қилиш учун белгиланган вақт келди»+.
19 Осмонда Худонинг маъбади* очилиб, Унинг аҳд сандиғи кўринди+. Шу онда чақмоқлар чақиб, овозлар янгради, момақалдироқ гумбурлаб, зилзила юз берди ва кучли дўл ёғди.