Римликларга
11 Унда мен шундай савол бераман: Аллоҳ Ўз халқидан воз кечдими?+ Асло! Ахир мен ҳам исроилликман, Иброҳимнинг зурриётидан*, Бенямин қабиласиданман-ку. 2 Худо даставвал тан олган халқидан воз кечгани йўқ+. Илёс пайғамбар Исроил халқи учун Аллоҳга қандай шикоят қилгани ҳақида Муқаддас Ёзувларда нима дейилганини наҳот билмасангизлар? 3 «Эй Яҳова*, улар Сенинг пайғамбарларингни ўлдиришди, қурбонгоҳларингни бузишди, якка ўзим қолдим. Энди менинг жонимни* ҳам олишмоқчи»+. 4 Аммо Тангри унга қандай жавоб берди? «Баал олдида тиз чўкмаган 7 000 кишини Ўзим учун қолдирдим»+. 5 Худди шундай, ҳозирги вақтда ҳам Худонинг инояти билан танланган оз қисм бор+. 6 Агар улар иноятга кўра+ танланган бўлишса, унда ишлари туфайли танланишмаган+. Акс ҳолда иноят, иноят бўлмасди.
7 Унда нима демоқчимиз? Исроил халқи тиришқоқлик билан излаганига эришмади, танланганлар эса эришишди+, қолганлар бўлса бағритош бўлишди+. 8 Худди Муқаддас Ёзувларда айтилганидек: «Аллоҳ уларни қаттиқ маънавий уйқуга мубтало қилди+, токи бугунги кунгача уларнинг кўзи ҳам кўрмасин, қулоғи ҳам эшитмасин»+. 9 Довуд пайғамбар ҳам шундай деган: «Дастурхони улар учун қопқон ва тузоқ, қоқинтирадиган тош ҳамда жазо бўлсин. 10 Кўзлари хиралашиб, кўролмайдиган бўлиб қолсин, беллари эса умрбод букилиб қолсин»+.
11 Шунинг учун мен сўраяпман: улар қоқиниб, батамом йиқилишдими? Мутлақо! Аммо улар нотўғри йўл тутишгани туфайли ўзга халқлар учун нажотга йўл очилди, токи уларда рашк қўзғалсин+. 12 Хўш, агарда уларнинг нотўғри йўл тутгани дунё учун баракаларни англатса, уларнинг сони камайиши ўзга халқлар учун баракаларни билдирса+, унда тўлиқ сони нақадар кўп баракаларни англатади!
13 Энди эса ўзга халқлардан бўлган сизларга мурожаат қиляпман. Мен ўзга халқларга юборилган ҳаворий* эканман+, ўз хизматимни улуғлайман+. 14 Шундай қилиб қариндошларимда рашк қўзғатиб, ҳеч бўлмаса айримларини қутқарай дейман. 15 Борди-ю, уларнинг рад этилиши+ дунёни Худо билан яраштирса, у ҳолда уларнинг қабул қилиниши ўлимдан ҳаётга қайтиш дегани эмасми? 16 Бундан ташқари, агар биринчи ҳосил сифатида олинган зувала муқаддас бўлса, демак бутун хамир ҳам муқаддас. Шу сингари, илдиз муқаддас бўлса, унда новдалар ҳам муқаддасдир.
17 Новдаларнинг баъзилари синдирилган бўлса ва сен ёввойи зайтун бўла туриб уларнинг орасига пайванд қилиниб, зайтун дарахтининг ширадор илдизидан улар билан бирга озиқлансанг, 18 унда ўзингни новдалардан устун қўйма. Агар ўзингни устун қўйсанг+, унутма: сен томирни эмас, балки томир сени кўтариб турибди. 19 Бунга жавобан сен: «Мени пайванд қилиш учун новдалар синдирилган»+,— деб айтасан. 20 Бўпти! Улар имонсиз бўлгани учун синдирилган+, сен эса имонинг туфайли турибсан+. Шунга қарамай, ўзинг ҳақингда юқори ўйлама, аксинча эҳтиёт бўл. 21 Чунки Аллоҳ дарахтнинг асл новдаларини аямаганидек, сени ҳам аямайди. 22 Шунинг учун Худонинг меҳрибонлигию+ қаттиққўллигига бир қара. Ажралиб кетганларга У қаттиққўл+, лекин сен Аллоҳнинг меҳрибонлигига лойиқ бўлсанг, сенга меҳрибон бўлади. Акс ҳолда сен ҳам кесиб ташланасан. 23 Худди шундай улар ҳам имонсиз бўлишмаса, пайванд қилинадилар+, зеро Тангри уларни қайта пайванд қилишга қодир. 24 Ахир сен аслида ёввойи бўлган зайтундан кесиб олиниб, табиат қонунига зид равишда боғда ўсаётган зайтун дарахтига пайванд этилган бўлсанг, демак асл новдалар ҳам ўзининг дарахтига пайванд қилиниши шубҳасиздир!
25 Биродарлар, ўз назарингизда ақлли бўлиб кўринмаслигингиз учун сизларни муқаддас сирдан бехабар қолдирмоқчи эмасман+: Исроилнинг бир қисми ўзга халқлардан бўлган кишиларнинг сони тўлмагунча бағритош бўлади 26 ва шу йўсин бутун Исроил+ қутқарилади. Бу ҳақда Муқаддас Ёзувларда шундай дейилган: «Сиондан қутқарувчи келиб+, Ёқубдан ёвуз ишларни йироқлаштиради. 27 Уларнинг гуноҳларини бир четга суриб қўйганимда+, бу улар билан қилган аҳдим бўлади»+. 28 Дарҳақиқат, улар хушхабарни рад этиб, сизларнинг фойдангиз учун Худонинг душманлари бўлишди. Аммо ота-боболарига берган ваъдага кўра, Худо айримларини танлади ва улар Аллоҳнинг дўстлари бўлишди+. 29 Зеро Тангри Ўз инъомларидан ва даъват этилганлардан афсусланмайди. 30 Сизлар олдинлари Худога итоатсиз бўлгансизлар+, энди эса итоатсизлигингиз туфайли+ сизларга раҳм-шафқат кўрсатилди+. 31 Худди шундай, ҳозир энди уларга ҳам раҳм-шафқат кўрсатилиши учун, улар итоатсиздирлар. Ана шу сабабли сизларга раҳм-шафқат кўрсатилди. 32 Аллоҳ уларнинг барчаси итоатсизликнинг асири бўлишига йўл қўйди+. Токи У натижада ҳаммага раҳм-шафқатини намоён этсин+.
33 Оҳ, Худонинг бойлиги ҳамда донолигию билими қанчалик тубсиз-а! Унинг ҳукмларига ақл бовар қилмас, Унинг ҳамма йўлларини тушуниб бўлмас! 34 «Ким Яҳованинг* ўй-фикрини билган ёки ким Унга маслаҳатчи бўлган?!»+ 35 «Ким Унга биринчи бўлиб нарса берганки, Худо унга қайтарсин?»+ 36 Ҳамма нарса Ундан, У орқали ва У учун. Унга абадий шон-шараф бўлсин. Омин.