Галатияликларга
1 Инсонлар томонидан эмас, инсон орқали ҳам эмас, балки Исо Масиҳ+ ва уни тирилтирган Отамиз Худо+ томонидан ҳаворий* қилиб тайинланган мен, Павлус 2 ва мен билан бирга бўлган барча биродарлардан Галатиядаги жамоатларга:
3 Отамиз Худодан ва Ҳазрати Исо Масиҳдан сизларга иноят ва тинчлик бўлсин. 4 Отамиз Аллоҳнинг иродасига кўра+, Масиҳ бизни бу ёвуз замондан*+ халос қилиш мақсадида гуноҳларимиз учун ўзини қурбон қилди+. 5 Худога абадулабад шон-шарафлар бўлсин. Омин.
6 Сизларни Масиҳнинг инояти билан даъват этган Худодан сизлар тезда четланиб, бошқа бир хушхабарга берилаётганингиздан ҳайронман+. 7 Аслида бошқа хушхабар йўқ. Фақат сизларга қийинчиликлар туғдириб+, Масиҳ ҳақидаги хушхабарни бузишни истайдиганлар бор. 8 Аммо борди-ю кимдир, ҳатто биз ёки осмондан бирор фаришта келиб, ўзимиз сизларга эълон этгандан ўзга хабарни хушхабардай эълон қилса, у лаънати бўлсин. 9 Олдин ҳам айтганимиздек, ҳозир яна айтяпман: агар кимки сизлар қабул қилгандан бошқа хабарни хушхабардек эълон қилса, лаънати бўлсин.
10 Аслида ҳозир мен одамларни ишонтирмоқчиманми ёки Худоними? Ё мен инсонларнинг кўнглини топишга интиляпманми? Агар одамларнинг кўнглини топишга интилганимда Масиҳнинг қули бўлмасдим. 11 Биродарлар, шуни билингларки, мен эълон қилаётган хушхабар инсонларники эмас+. 12 Боиси, мен уни одамлардан билиб олмаганман. Уни инсонлардан эмас, балки Исо Масиҳдан келган ваҳий орқали қабул қилганман.
13 Албатта сизлар яҳудий динида бўлганимда+ қандай йўл тутганимни, Аллоҳнинг жамоатини шиддат билан таъқиб этиб, тўзғитиб юрганимни+ эшитгансизлар. 14 Шунингдек, мен халқимдаги тенгдошларимдан кўра, яҳудий динида кўпроқ муваффақият қозониб, ота-боболаримнинг урф-одатларига ўта ғайратли бўлганман+. 15 Аммо менинг дунёга келишимга сабабчи бўлган ва Ўз инояти орқали+ мени даъват этган Худо, 16 Ўғли ҳақидаги хушхабарни бошқа халқларга эълон этишим учун+ мен орқали Ўғлини ошкор этишни истади. Ўшанда мен дарҳол бирор-бир инсон билан маслаҳатлашмадим. 17 Мендан олдин ҳаворий бўлганларнинг олдига — Қуддусга бормасдан, Арабистонга йўл олиб, яна Дамашққа қайтдим+.
18 Уч йил ўтгач, мен Кифани*+ йўқлаш учун Қуддусга бордим+ ва у билан бирга 15 кун қолдим. 19 Лекин мен ҳаворийлардан бирортасини ҳам кўрмадим, фақат Ҳазратимизнинг укаси Ёқубни+ кўрдим. 20 Сизларга ёзаётганларим ёлғон эмаслигига Худо шоҳид.
21 Бундан кейин мен Сурия ва Киликия вилоятларига йўл олдим+. 22 Аммо Масиҳ билан бирликда бўлган Яҳудиядаги жамоатлар мени шахсан танишмасди. 23 Улар фақат: «Илгари бизларни таъқиб қилиб юрган+, имон тўғрисидаги хушхабарни илдизи билан қуритмоқчи бўлган киши+, энди ўзи уни эълон қилмоқда»,— деган гапларни эшитиб, 24 мен туфайли Аллоҳни улуғлай бошлашди.