Тимўтийга йўлланган иккинчи мактуб
1 Исо Масиҳ орқали берилган ҳаёт ваъдасига+ ҳамда Аллоҳнинг иродасига мувофиқ Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлган Павлусдан 2 севикли ўғлим Тимўтийга+:
Отамиз Худодан ва Ҳазратимиз Исо Масиҳдан сенга иноят, раҳм-шафқат ва тинчлик бўлсин.
3 Ота-боболаримга ўхшаб муқаддас хизматни тоза виждон билан бажараётганим учун Аллоҳдан миннатдорман. Кечаю кундуз қилган илтижоларимда доимо сени ёдга оламан. 4 Кўз ёшларингни эсласам, сени қўмсайман. Чунки сени кўрсам, шодликка тўламан. 5 Самимий имонинг+ ҳали ҳам эсимда. Бундай имон аввалдан бувинг Лоида ҳамда онанг Эвникада бор эди ва аминманки, ўша имон сенда ҳам мавжуд.
6 Шу сабабдан, қўлларимни бошингга қўйишим орқали сен Тангридан олган инъомга бепарво бўлма*+, деб эслатмоқчиман. 7 Ахир Худо бизга қўрқоқлик руҳини эмас+, балки куч-қувват+, муҳаббат ва ақли расолик руҳини берган. 8 Шундай экан, Ҳазратимиз ҳақида шоҳидлик беришдан ҳам, у учун занжирбанд бўлганимдан ҳам уялма+. Аксинча, хушхабар учун бошингга тушаётган қийинчиликларга Аллоҳнинг қудрати+ ёрдамида дош бер+. 9 У бизни қутқариб, ишларимиз учун эмас, балки Ўз нияти ва инояти сабабли+ муқаддас бўлишга даъват этди+. Бу иноят бизларга аллақачон Исо Масиҳ орқали кўрсатилди. 10 Энди эса бу иноят Нажоткоримиз Исо Масиҳнинг ошкор этилиши орқали намоён бўлди+. Исо ўлимни бартараф этиб+, хушхабар орқали+ ҳаётга ва чиримасликка+ қандай эга бўлиш кераклигини ойдинлаштирди+. 11 Ушбу хушхабар учун мен воиз, ҳаворий ва устоз этиб тайинланганман+.
12 Ана шу сабабдан мен бу қийинчиликларни бошдан кечириб+, ҳеч уялмайман+. Чунки мен Худога ишонаман ва аминманки, мен Унга ишониб топширган ҳамма нарсани У ҳукм кунигача ҳимоя қилишга қодир+. 13 Сен эса Исо Масиҳ билан боғлиқ бўлган имон ва муҳаббат билан мендан эшитган соғлом сўзлар+ намунасини маҳкам ушла. 14 Сенга ишониб топширилган хазинани ичимизда бўлган муқаддас руҳ ёрдамида асрагин+.
15 Осиёдагиларнинг*+ ҳаммаси мендан юз ўгирганини биласан. Уларнинг қаторида Фигел ва Ҳермоген ҳам бор. 16 Онисифорнинг уйидагиларига+ Раббимиз раҳм-шафқат кўрсатсин, чунки у ёнимга келиб, тез-тез кўнглимни кўтариб турарди ва занжирбандлигимдан уялгани йўқ. 17 Аксинча, Римга келганида у тиришқоқлик билан мени излаб топди. 18 Ҳукм кунида Раббимиз Яҳова* унга раҳм-шафқат кўрсатсин. Зеро Эфесда қилган хизматлари ҳақида ўзинг яхши биласан.