Саҳрода
12 Мусо Куш юртидан бўлган аёлга уйлангани учун+, Марям билан Ҳорун Мусога қарши гапира бошлашди. 2 Улар: «Нима, Яҳова фақат Мусо орқали гапирадими? У биз орқали ҳам гапирмайдими?»+ — дейишарди. Яҳова эса уларни эшитиб турарди+. 3 Мусо ер юзидаги барча одамлар ичида энг камтар* инсон+ эди.
4 Яҳова кутилмаганда Мусо, Ҳорун ва Марямга: «Учалангиз ҳам учрашув чодирига келинглар»,— деди ва улар келишди. 5 Яҳова булут устунида пастга тушди-да+, чодирнинг кираверишида турди ва Ҳорун билан Марямни чақирди. Иккови олдинга қадам ташлади. 6 У шуларни айтди: «Менинг гапларимни эшитинглар. Агар орангизда Яҳованинг пайғамбари бор бўлса, Мен ваҳий орқали+ унга Ўзимни танитаман, У билан туш орқали гаплашаман+. 7 Бироқ хизматчим Мусо билан бундай йўл тутмайман! Унга бутун халқимни* ишониб топширганман+. 8 Мен у билан жумбоқларсиз, юзма-юз ва очиқ гаплашаман+. Унинг кўз олдида Яҳова зоҳир бўлади. Шундай экан, хизматчим Мусога қарши гапиришдан қўрқмадиларингми?»
9 Яҳованинг уларга ғазаби қайнаб, уларнинг ёнидан кетди. 10 Булут чодирнинг устидан кўтарилиши биланоқ, Марям мохов касаллигига чалиниб, қордай оппоқ бўлиб қолди+. Ҳорун Марямга ўгирилиб, у мохов касаллигига йўлиққанини кўрди+. 11 Ҳорун шу заҳоти Мусога деди: «Тақсирим, ўтинаман, бизни гуноҳ қилганликда айбламанг! Нодонлигимиз туфайли бу ишга қўл урдик. 12 Опамиз Марям ўлик туғилиб танаси чирий бошлаган чақалоққа ўхшаб қолишига йўл қўйманг, илтимос!» 13 Мусо Яҳовага: «Эй Худо, илтимос унга шифо бер! Илтимос!»+ — дея ёлворди.
14 Яҳова Мусога жавобан шундай деди: «Борди-ю, Марямнинг отаси унинг юзига тупурса, у етти кун давомида шарманда бўлиб юрмасмиди? Уни етти кун мобайнида қароргоҳдан ташқарида сақланглар+. Кейин ортига қайтса бўлади». 15 Шундай қилиб, Марям етти кун қароргоҳнинг ташқарисида яшади+. У қайтиб келмагунча, халқ йўлга чиқмади. 16 Сўнг халқ Хазерўтдан+ йўлга чиқиб, Порон чўлига+ келди ва у ерда қароргоҳ қурди.