Салоникаликларга йўлланган биринчи мактуб
1 Отамиз Худо ва Ҳазратимиз Исо Масиҳ билан бирликда бўлган салоникаликлар* жамоатига Павлус, Силван*+ ва Тимўтийдан+:
Худонинг инояти ва тинчлиги сизларга ёр бўлсин.
2 Ҳар сафар ибодатларимизда сизларни тилга олганимизда, доим Аллоҳга шукроналар айтамиз+. 3 Чунки имон билан қилаётган ишларингиз, севгига асосланган меҳнатингиз ҳамда Отамиз Худо ва Ҳазратимиз Исо Масиҳга бўлган умидингиз+ туфайли намоён этаётган сабр-бардошингиз ҳамиша ёдимиздадир. 4 Тангри севган биродарлар, У сизларни танлаб олганини биламиз. 5 Ахир биз сизларга хушхабарни ваъз қилганимизда, уни нафақат сўзлар билан, балки куч, муқаддас руҳ ва мустаҳкам ишонч билан етказган эдик-ку. Манфаатингиз учун қандай йўл тутганимиздан ўзларингиз ҳам хабардорсизлар. 6 Сизлар кўплаб қийинчиликларга қарамай+, Аллоҳнинг каломини муқаддас руҳ ато этган қувонч билан қабул қилиб, бизга ва Ҳазратимизга+ тақлид қила бошладингизлар+. 7 Шу тариқа сизлар Македония ва Ахаядаги барча имонлиларга ўрнак бўлдингизлар.
8 Яҳованинг* каломи сизлар орқали нафақат Македония ва Ахаяга тарқалди, балки ҳар ердаги одамлар Тангрига бўлган имонингиз ҳақида эшитишди+. Шунинг учун бирор нарса гапиришимизга ҳожат йўқ. 9 Чунки қандай қилиб илк бор сизлар билан танишганимизни ҳамда барҳаёт ва ҳақ Аллоҳнинг қуллари бўлиш учун сизлар қай тарзда бутларингизни рад этиб+, Худога қайтганингизни уларнинг ўзлари айтиб беришмоқда. 10 Сизлар Тангрига қайтиб, тирилтирган Ўғлининг, яъни Исонинг осмондан келишини кутяпсизлар+. У бизларни келажакдаги ғазабдан қутқаради+.