Шоҳлар иккинчи китоб
18 Довуд ёнида бўлган одамларини санаб чиқиб, улар устидан мингбоши ва юзбошиларни тайинлади+. 2 У одамларининг учдан бир қисмини Зеруя+ ўғли Йўабнинг+, бир қисмини унинг акаси Абушайнинг+ ва яна бир қисмини гатлик Этхайнинг+ қўмондонлигига топшириб, жўнатди. Шоҳ уларга: «Мен ҳам сизлар билан жангга чиқаман»,— деб айтди. 3 Аммо улар шоҳга: «Йўқ, сиз биз билан жангга чиқманг+. Сиз бир ўзингиз 10 000 тамизга арзийсиз. Агар биз енгилиб қочсак, ҳатто ярмимиз ўлиб кетсак ҳам, уларнинг биз билан иши бўлмайди. Чунки уларга сиз кераксиз+. Яхшиси, сиз шаҳарда қолиб, бизга ёрдам юбориб туринг»,— дейишди. 4 Шоҳ уларга: «Сизларга қандай маъқул бўлса, мен шундай йўл тутаман»,— деди. Одамлар юзта-юзта ва мингта-мингта бўлиб чиқиб кетаётганида, шоҳ шаҳар дарвозаси ёнида турган эди. 5 Сўнг шоҳ Йўаб билан Абушайга ҳамда Этхайга: «Менинг ҳаққи-ҳурматим ўғлим Абсаломга қўпол муомала қилманглар»+,— деб буйруқ берди. Шоҳ лашкарбошиларга Абсалом ҳақида қандай буйруқ берганини ҳамма эшитди.
6 Улар исроилликлар билан жанг қилиш учун майдонга чиқишди. Жанг Эфрайим ўрмонида бўлди+. 7 Довуднинг хизматкорлари исроилликларни+ мағлуб қилишди+. Ўша куни кучли қирғин бўлиб, 20 000 киши ҳалок бўлди. 8 Жанг кўлами кенгайиб, бутун ҳудудни қоплади. Ўша куни ўрмондаги хавф-хатардан ўлганлар сони, қиличдан ҳалок бўлганлар сонидан кўп бўлди.
9 Охири Абсалом Довуднинг хизматкорларига дуч келиб қолди. У хачирнинг устида ўтирган эди. Хачир шохлари бир-бирига зич ўсган катта дарахтнинг тагига ўзини урди. Абсаломнинг сочлари катта дарахт шоҳларига ўралашиб қолгани дастидан, у ҳавода муаллақ осилиб қолди. Хачир бўлса елиб кетаверди. 10 Бир киши Абсаломни кўриб қолди-да, келиб Йўабга+: «Мен дарахтда осилиб турган Абсаломни кўрдим»,— деди. 11 Йўаб бу гапни айтган одамга: «Агар уни кўрган бўлсанг, нега уни ўша жойдаёқ ўлдирмадинг? Шунда мен сенга бажонидил ўн шекел кумуш билан битта камар берган бўлардим»,— деб айтди. 12 Аммо ўша киши Йўабга шундай деди: «Менга 1 000 шекел кумуш берсангиз ҳам, шоҳ ўғлига қарши қўл кўтармаган бўлардим. Ахир шоҳ сизга, Абушай билан Этхайга: “Ҳар бирингиз эшитиб олинг: Абсаломни ўлдира кўрманглар”,— деб айтганини биз ҳам эшитган эдик-ку+. 13 Борди-ю, мен буйруққа бўйсунмай, унинг жонига қасд қилганимда ҳам, буни шоҳдан яшириб бўлмайди ва шоҳнинг ғазабидан сиз мени қутқара олмайсиз». 14 Йўаб эса унга: «Э, сен билан гаплашиб туришга ортиқча вақтим йўқ!» — деди-да, учта камон ўқини* олиб Абсалом томонга қараб кетди. Абсалом катта дарахтнинг ўртасида осилиб турган бўлиб, ҳали тирик эди. Йўаб ўқларни Абсаломнинг юрагига санчди. 15 Сўнг Йўабнинг ўнта қуролбардори Абсаломни ўраб олиб, уни тамомила ўлдиришди+. 16 Йўаб одамларини исроилликларни таъқиб қилишдан қайтариш учун бурғу чалди. Шундай қилиб, Йўаб одамларини таъқиб қилишдан тўхтатди. 17 Улар Абсаломнинг жасадини олиб, ўрмондаги катта бир чуқурликка улоқтиришди ва устига катта тошларни уйиб ташлашди+. Исроилликлар эса уй-уйларига қочиб қолишди.
18 Абсалом: «Номимни ўчиб кетишдан сақлайдиган ўғлим йўқ»+,— дея ҳали тириклигида битта устун олиб, Шоҳ водийсида+ ўзи учун ўрнатган эди. Ўша устунни ўз номи билан атаган эди ва бугунгача бу устун «Абсалом ёдгорлиги» деб аталади.
19 Зодўх ўғли Охимас+ Йўабга: «Рухсат этсангиз, шоҳнинг олдига югуриб бориб, Яҳова уни душманлари қўлидан қутқариб, адолат ўрнатганини етказайин»+,— деб айтди. 20 Аммо Йўаб унга: «Бугун хабар олиб бормайсан, чунки бугун шоҳ ўз ўғлидан жудо бўлди. Хабарни бошқа кун етказарсан, лекин бугун эмас»+,— деди. 21 Кейинроқ Йўаб Куш+ диёридан бўлган кишига: «Бор, кўрганларингни шоҳга айт»,— деди. Ўша одам Йўабга таъзим қилди-да, чопиб кетди. 22 Зодўх ўғли Охимас яна бир бор Йўабга: «Нима бўлса бўлсин, илтимос, Куш диёридан бўлган анави кишининг ортидан югуриб боришимга рухсат беринг»,— деб айтди. Бироқ Йўаб: «Ўғлим, унинг орқасидан югуриб нима қиласан? Ахир сенда етказадиган хабар йўқ-ку»,— деди. 23 Охимас яна: «Нима бўлса бўлсин, унинг ортидан югуриб боришимга рухсат беринг»,— деб туриб олди. Шунда Йўаб: «Майли, югур»,— деди. Охимас Иордан водийсининг ҳудудидан* ўтадиган йўл бўйлаб югуриб, охири Куш диёридан бўлган хабарчидан ўзиб кетди.
24 Бу пайтда, Довуд шаҳарнинг иккала дарвозаси ўртасида ўтирган эди+. Соқчи+ девор орқали дарвозанинг томига чиқди-да, югуриб келаётган бир кишини кўриб қолди. 25 Соқчи баланд овозда одам югуриб келаётганини шоҳга айтди. Шоҳ унга: «Ёлғиз бўлса, демак бирор-бир хабар билан келяпти»,— деди. Ўша одам тобора яқинлашган сайин, 26 соқчи югуриб келаётган бошқа бир кишини кўриб қолди. Соқчи дарвозабонга: «Қара, яна биттаси чопиб келяпти!» — деди. Шоҳ эса: «Буниси ҳам хабар олиб келяпти»,— деди. 27 Соқчи бўлса: «Биринчи киши югуришидан Зодўх ўғли Охимасга+ ўхшаяпти»,— деб айтди. Шунда шоҳ: «У яхши одам, демак яхши хабар билан келяпти»,— деди. 28 Охимас баланд овозда шоҳга: «Хушхабар олиб келдим!» — деди-да, боши ерга теккунча шоҳга таъзим қилди. Сўнг: «Шоҳ ҳазратлари, сизга қарши исён кўтарганларни қўлингизга топширган Тангрингиз Яҳова улуғлансин!»+ — деб айтди.
29 Шоҳ ундан: «Ўғлим Абсалом эсон-омонми?» — деб сўради. Охимас унга: «Йўаб шоҳимнинг бир хизматкори билан мени жўнатаётганда, қаттиқ тўс-тўполон бўлаётганини кўрдим, лекин нима бўлганини билмайман»+,— деди. 30 Шоҳ унга: «Қани, чеккароққа, мана бу ёққа ўтиб тур-чи»,— деди ва у чеккароққа ўтди-да, ўша ерда турди.
31 Сўнг Куш диёридан бўлган киши+ келиб: «Шоҳ ҳазратларига шундай хабар келтирдим: бугун Яҳова сизга қарши бош кўтарганлар қўлидан сизни қутқариб, адолат ўрнатди»+,— деди. 32 Бироқ шоҳ ундан: «Ўғлим Абсалом эсон-омонми?» — деб сўради. У жавобан: «Илойим, шоҳ ҳазратларининг барча душманлари ва сизга қарши бош кўтарган ҳамманинг бошига шу йигитнинг куни тушсин!»+ — деди.
33 Саросимага тушган шоҳ, дарвоза тепасидаги болохонага чиқиб кетаётиб: «Вой, ўғлим Абсалом! Ўғлим, ўғилгинам Абсалом! Сенинг ўрнингга мен ўлсам бўлмасмиди! Вой, ўғлим Абсалом, ўғилгинам!» — дея йиғларди+.