Ишаё
7 Уззиёнинг набираси Йўтомнинг ўғли Охоз+ Яҳудода ҳукмронлик қилаётган кунларда, Сурия шоҳи Ратан билан Исроил подшоҳи Рамалиёнинг ўғли Пеках+ Қуддусга қарши жанг бошлашди. Лекин у* шаҳарни забт эта олмади+. 2 Довуд хонадонига: «Сурия Эфрайим қўшини билан иттифоқ тузди»,— деган хабар етказилди.
Шунда шоҳ Охознинг ва халқнинг қалби, ўрмонда дарахтлар шамолдан тебрангандай қўрқувдан титраб кетди.
3 Сўнгра Яҳова Ишаёга қуйидагиларни айтди: «Охозни қаршилаш учун, ўғлинг Шерёсуб*+ билан бирга кир ювувчилар даласига олиб борадиган катта йўл бўйидаги юқори ҳовуз қувурининг охирига бор+. 4 Унга шундай деб айт: “Хотиржам бўл, қўрқма. Тутаётган мана шу иккита ғўланинг — Сурия шоҳи Ратан ва Рамалиё+ ўғлининг ғазабидан юрагингни қўрқув босмасин. 5 Сурия билан Эфрайим ва Рамалиё ўғли сенга қарши фитна уюштириб: 6 “Келинглар, Яҳудога қарши чиқайлик, уни тилка-пора қилиб*, ўзимизга бўйсундирайлик. У ерда Тўвал ўғлини шоҳ қилиб тайинлайлик”+,— деб айтмоқда.
7 Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда:
“Бу иш муваффақият қозонмайди,
Ҳеч қачон амалга ошмайди.
8 Чунки Суриянинг боши — Дамашқ,
Дамашқнинг боши Ратандир.
Атиги 65 йил ичида
Эфрайим бутунлайин барбод бўлиб, халқ йўққа чиқади+.
Имонингиз мустаҳкам бўлмаса,
Маҳкам тура олмайсизлар”».
10 Яҳова давом этиб, Охозга: 11 «Тангринг Яҳовадан бир аломат сўра+, у мозордай* чуқур, осмондай юксак бўлсин»,— деди. 12 Бироқ Охоз: «Сўрамайман, Яҳовани асло синамайман»,— деб айтди.
13 Ишаё қуйидагича деди: «Эй, Довуд хонадони, эшитинг. Наҳотки одамларнинг сабрини синаганингиз камлик қилган бўлса?! Худонинг сабрини ҳам синамоқчимисиз?+ 14 Шунинг учун Яҳова сизга бир аломат беради. Мана, бокира қиз ҳомиладор бўлиб, ўғил кўради+ ва унинг исмини Иммануил* қўяди+. 15 У ёмонликни рад этиб, яхшиликни танлай оладиган вақт келганда, сариёғ ва асал ейди, холос. 16 Бу бола ёмонликни рад этиб, яхшиликни танлай оладиган вақт келишидан олдин, сизлар қўрқаётган бу иккита шоҳнинг ерлари харобага айланади+. 17 Эй Охоз, Яҳова сизнинг, халқингизнинг ва ота-боболарингиз хонадони бошига Эфрайим Яҳудодан бўлинган+ вақтдан бери содир бўлмаган кунларни солади. У Оссурия шоҳини юборади+.
18 Ўша куни Яҳова ҳуштак чалиб, Мисрдаги Нил дарёсининг олис ирмоқларидан пашшаларни, Оссурия юртидан асалариларни чақиради. 19 Уларнинг бари учиб келиб чуқур жарликларга, қояларнинг ёриқларига, тиканзорларга ва сувлоқ жойларга қўнади.
20 Ўша куни Яҳова Фурот дарёсининг ҳудудидан Охоз ёллаган устара — Оссурия шоҳидан фойдаланиб+, унинг бошидаги сочни, оёқларидаги тукни, ҳатто соқолини ҳам қириб ташлайди.
21 Ўша куни одам ўз подасидан ёш ғунажинни ва иккита қўйни тирик қолдиради. 22 Сут мўл-кўл бўлганидан у сариёғ ейди. Чунки юртда қолган ҳар ким сариёғ билан асал ейди, холос.
23 Ўша куни, қиймати 1 000 шекел кумушга тенг келадиган 1 000 туп узум ўсган ерда фақат тиканлару бегона ўтлар ўсади. 24 Бутун юртни тиканлару бегона ўтлар босиб кетгани сабабли, одамлар у ерга камонлару ўқлар билан боради. 25 Бир вақтлар кетмон билан ишлов берилган тоғларда тиканлару бегона ўтлар ўсиб кетганидан, у ерга яқин боришга қўрқасан. У ер ҳўкизлар ва қўйлар ўтлайдиган жойга айланади».