Шоҳлар иккинчи китоб
16 Довуд тоғнинг тепасидан бироз тушгач+, Мефибоситнинг+ хизматкори Зибахни+ учратиб қолди. Унинг ёнида эгарланган бир жуфт эшак бор эди. Эшакларга 200 та нон, 100 та майиз кулча, ёзги мевалардан қилинган 100 та кулча* ҳамда катта кўзада шароб ортилган эди+. 2 Шоҳ Зибахдан: «Бу нарсаларни нега олиб келдинг?» — деб сўради. Зибах: «Эшакларни шоҳ хонадонидагилар миниб юриши, нон билан ёзги меваларни йигитлар ейиши учун, шаробни эса саҳрода ҳолдан тойганлар ичиши учун олиб келдим»+,— деб жавоб берди. 3 Шоҳ ундан: «Хўжайинингнинг ўғли* қаерда?»+ — деб сўради. Зибах шоҳга: «У: “Бугун Исроил хонадони отамнинг шоҳлигини менга қайтариб беради”,— дея Қуддусда қолди»,— деб жавоб берди+. 4 Шунда шоҳ Зибахга: «Мефибоситга тегишли барча нарса энди сеники»+,— деди. Зибах: «Қулингиз бўлайин*, шоҳ ҳазратлари. Бундан буёғига ҳам назарингизда илтифот топайин»+,— деб айтди.
5 Шоҳ Довуд Бохуримга етиб келганда, ўша ердан Шоул хонадонидан бўлган Геранинг ўғли Шимей+ чиқди. У қарғаганча Довудга яқинлаша бошлади+. 6 У Довудга, унинг ҳамма хизматкорларига, ёнидаги барча одамларга ҳамда чап ва ўнг томонидаги жангчиларга тош ота бошлади. 7 Шимей шундай дея қарғади: «Йўқол, йўқол бу ердан қонхўр! Сен ярамас одамсан! 8 Сен Шоул хонадонининг қонини тўкиб, унинг ўрнига шоҳ бўлиб олганинг учун, Яҳова бошингга шу кунларни солди. Энди эса Яҳова шоҳликни ўғлинг Абсаломнинг қўлига бермоқчи. Сен қонхўр бўлганинг боис, бошингга шундай мусибат тушди!»+
9 Шунда Зеруянинг ўғли Абушай+ Довудга: «Шоҳ ҳазратларини қарғашга манави ўлик итнинг+ нима ҳаққи бор?!+ Рухсат этинг, бошини танасидан жудо қилайин»+,— деди. 10 Бироқ шоҳ: «Эй, Зеруя ўғиллари+, биз нима ҳам қила олардик? Майли, қарғайверсин+. Яҳова унга: “Довудни қарға!” — деган бир пайтда, ким ҳам унга: “Нега бундай қиляпсан?” — деб айта оларди?»+ — деди. 11 Кейин Довуд Абушайга ва барча хизматкорларига шундай деди: «Ахир ўз пушти камаримдан бўлган ўғлим жонимни олмоқчи бўлиб юрибди-ку!+ Унда Бенямин қабиласидан бўлган бу кишидан нимани кутай?!+ Тегманглар унга, майли қарғайверсин, чунки унга бундай қилишни Яҳова айтган! 12 Балки Яҳова қайғу чекаётганимни кўрар+. Шунда Яҳова Шимейнинг қарғишини яхшиликка айлантирар»+. 13 Шу йўсин, Довуд билан хизматкорлари йўлларида давом этишди. Шимей эса уларнинг ён томонидан тоғ ёқалаб юрганча қарғаб борар+, уларга тошлар отиб, тупроқ сочарди.
14 Охири шоҳ ҳамма одамлари билан белгиланган манзилга етиб келди. Улар ҳолдан тойгани учун, ўша ерда дам олишди.
15 Бу орада, Абсалом ва унга эргашган исроилликлар Қуддусга етиб келишди. Охитўфел+ ҳам улар билан бирга эди. 16 Довуднинг дўсти* орхий+ Хушай+ Абсаломнинг ёнига келиб, унга: «Шоҳнинг умрлари узоқ бўлсин!+ Шоҳнинг умрлари узоқ бўлсин!» — деди. 17 Абсалом Хушайга: «Дўстингизга бўлган садоқатингиз* шуми? Нега дўстингиз билан бирга кетмадингиз?» — деб айтди. 18 Хушай Абсаломга деди: «Кетмаганимнинг сабаби шундаки, мен Яҳова танлаган, мана бу халқ ва барча исроилликлар танлаган киши томонида бўламан. Мен у билан қоламан. 19 Дўстимнинг ўғлига хизмат қилмасам, кимга ҳам хизмат қилардим?! Мен отангизга хизмат қилганимдай, сизга ҳам хизмат қиламан»+.
20 Абсалом Охитўфелдан: «Менга маслаҳат беринг+. Нима қилайлик?» — деб сўради. 21 Охитўфел Абсаломга: «Отангиз саройга қараб туриш учун қолдириб кетган+ канизаклар билан ётинг+. Отангизни шу тарзда хўрлаганингизни бутун Исроил эшитмай қолмайди. Сизни қўллаб-қувватлаётганлар эса жасоратга тўлади»,— деб маслаҳат берди. 22 Саройнинг томида+ Абсалом учун чодир тикишди ва у бутун Исроилнинг кўзи олдида+ отасининг канизаклари билан ётди+.
23 Ўша пайтларда Охитўфелнинг+ бераётган маслаҳати, ҳақ Худонинг сўзи каби қабул қилинар эди. Шу боис, Охитўфелнинг барча маслаҳатлари Довуд учун ҳам, Абсалом учун ҳам қадр-қимматга эга эди.