Чиқиш
14 Яҳова Мусога шундай деди: 2 «Исроил халқига айт, улар Мигдол билан денгиз ўртасида жойлашган Пий-Хахирўтга, Баал-Зафўн қаршисига қайтиб келиб, қароргоҳ қуришсин+. Баал-Зафўн қаршисига, денгиз бўйига жойлашинглар. 3 Шунда фиръавн Исроил халқи ҳақида: “Улар адашиб юришибди. Саҳрода йўл топа олмай қолишибди”,— деб айтади. 4 Мен фиръавннинг юраги тош бўлишига йўл қўяман+ ва у Исроил халқи ортидан қувиб келади. Мен эса фиръавн ва унинг бутун қўшинини мағлуб қилиб, Ўзимни улуғлайман+. Шу йўсин мисрликлар Мен Яҳова эканимни билиб олишади»+. Улар айтилганидай қилишди.
5 Бир оз вақт ўтиб, Миср шоҳига Исроил халқи қочиб кетгани ҳақида хабар беришди. Фиръавн ва унинг хизматкорлари ўша заҳотиёқ халққа нисбатан фикрларини ўзгартириб+, шундай дейишди: «Нима қилиб қўйдик? Нега Исроил халқини қулликдан озод қилдик?» 6 Фиръавн жанг араваларини ҳозирлаб, ёнига жангчиларини олди+. 7 У сараланган 600 та аравани ҳамда Мисрдаги бошқа барча араваларни ва ҳар бир арава учун жангчиларни ҳам ёнига олди. 8 Яҳова Миср фиръавнининг юраги тош бўлишига йўл қўйди ва у Исроил халқи ортидан қувиб кетди. Бу пайтда Исроил халқи дадиллик билан чиқиб кетаётган эди+. 9 Мисрликлар уларнинг орқасидан қувиб кетишди+. Фиръавн барча от-аравалари, отлиқ аскарлари ва қўшини билан уларга етиб олганида, Исроил халқи денгиз бўйида, Баал-Зафўн қаршисидаги Пий-Хахирўтда қароргоҳ қурган эди.
10 Фиръавн яқинлашиб қолганида, Исроил ўғиллари бошларини кўтариб қарашса, уларни мисрликлар таъқиб этиб келаётган экан. Исроил ўғиллари ваҳимага тушиб, Яҳовага фарёд қила бошлашди+. 11 Улар Мусога шундай дейишди: «Мисрда қабристон йўқмидики, бизни ўлиш учун саҳрога олиб келдинг?+ Бизни Мисрдан олиб чиқиб нима қилиб қўйдинг? 12 Мисрда бўлганимизда сенга: “Бизни тинч қўй, мисрликларга хизмат қилаверамиз”,— деб айтмаганмидик? Саҳрода ўлиб кетгандан кўра, мисрликларга хизмат қилганимиз яхшироқ эди»+. 13 Шунда Мусо халққа деди: «Қўрқманглар!+ Жойингиздан қўзғалмай, Яҳова бугун сизларни қандай қутқаришини кузатиб туринглар+. Чунки бугун кўриб турган мисрликларни бошқа ҳеч қачон кўрмайсизлар+. 14 Яҳованинг Ўзи сизлар учун жанг қилади+, хотиржам бўлинглар».
15 Яҳова Мусога деди: «Нега Менга фарёд қиляпсан? Исроил халқига айт, чодирларини йиғсин. 16 Сен эса таёғингни кўтариб, қўлингни денгиз томонга узат ва Исроил халқи денгизнинг ўртасидан, қуруқ ердан ўтиб кетиши учун денгизни иккига бўл. 17 Мен эса мисрликларнинг юраги тошлигича қолишига йўл қўяман. Шунда улар Исроил халқи ортидан қувиб боради ва Мен фиръавнни, унинг бутун қўшинини, жанг араваларию отлиқ аскарларини мағлуб қилиб Ўзимни улуғлайман+. 18 Фиръавнни, унинг жанг араваларинию отлиқ аскарларини мағлуб қилиб Ўзимни улуғлаганимда, Мен Яҳова эканимни мисрликлар билиб олади»+.
19 Исроил халқи олдида бораётган ҳақ Тангрининг фариштаси+ жойини ўзгартириб, халқнинг орқа томонига кўчди. Уларнинг олдида бўлган булут устуни ҳам ортга кўчиб, уларнинг орқасида турди+. 20 Булут Исроил халқи билан мисрликлар орасида туриб қолди+. Булут бир томонни қоронғи қилиб қўйган бўлса, бошқа томонни туни билан ёритиб турди+. Шу сабабли, туни билан мисрликлар Исроил халқига яқин кела олишмади.
21 Мусо қўлини денгиз томонга узатган эди+, Яҳова туни билан шарқдан шамол эстириб, денгиз сувини ҳайдай бошлади ва денгиз суви икки томонга бўлиниб+, унинг туби қуриб қолди+. 22 Охири Исроил халқи денгиз ўртасидаги қуруқ ердан ўта бошлади+. Бу пайтда сув уларнинг ўнг ва чап томонида девордай бўлиб турди+. 23 Мисрликлар бўлса уларни таъқиб қилишди. Фиръавннинг барча отлари, жанг аравалари ва отлиқ аскарлари Исроил халқи ортидан бориб, денгизга киришди+. 24 Тонгги қоровуллик* пайтида Яҳова олов ва булут устуни ичидан мисрликларнинг қўшинига назар ташлаб+, уларни саросимага солди. 25 У араваларининг ғилдиракларини чиқариб юборгани учун, мисрликлар араваларини қийналиб ҳайдай бошлашди. Улар: «Исроил халқидан қочиб қолайлик! Чунки Яҳова улар учун мисрликларга қарши жанг қиляпти»+,— дейишарди.
26 Кейин Яҳова Мусога деди: «Қўлингни денгиз томонга узат. Сув мисрликларни, уларнинг жанг аравалари ва отлиқ аскарларини босиб қолсин». 27 Мусо қўлини дарҳол денгиз томонга узатди ва эрталабга яқин денгиз ўзининг асл ҳолига қайтди. Мисрликлар сувдан қочиб қутулмоқчи бўлишган эди, Яҳова уларни денгизнинг ўртасига улоқтирди+. 28 Сув асл ҳолига қайтиб, жанг аравалари, отлиқ аскарларни ҳамда Исроил халқи ортидан денгизга кирган фиръавннинг бутун қўшинини босиб қолди+. Улардан бирортаси ҳам омон қолмади+.
29 Аммо Исроил халқи қуриб қолган денгиз тубидан ўтиб кетди+. Сув эса уларнинг ўнг ва чап томонида девордай бўлиб турди+. 30 Шундай қилиб, ўша куни Яҳова Исроил халқини мисрликлар қўлидан халос этди+. Исроил халқи соҳилда ётган мисрликларнинг жасадларини кўрди. 31 Улар Яҳованинг мисрликларга қарши қўллаган буюк қудратига гувоҳ бўлишди. Шунда халқ Яҳовадан қўрқадиган бўлди. Улар Яҳовага ҳамда Унинг хизматкори Мусога ишонди+.