Ибтидо
11 Ўша пайтлар барча одамлар* битта тилда гаплашишарди ва бир хил сўзларни қўллашарди. 2 Одамлар шарқ томонга йўл олиб, Шинар+ диёридаги водийга келиб қолишди ва ўша ерда яшай бошлашди. 3 Сўнг улар бир-бирига: «Келинглар, ғишт қуйиб, уни оловда пиширайлик!» — дейишди. Шундай қилиб, улар тош ўрнига ғишт, қоришма ўрнига смолани* ишлатадиган бўлишди. 4 Улар бундай дейишди: «Қани келинглар, бутун ер юзига тарқаб кетмаслик учун, ўзимизга шаҳар ва осмонўпар бир минора қуриб, довруқ таратайлик»+.
5 Шунда Яҳова, инсон ўғиллари қураётган шаҳарни ва минорани кўриш учун эътиборини қаратди*. 6 Кейин Яҳова бундай деди: «Битта тилда сўзлашишгани учун+, улар бирлашиб мана бу ишни бошлашган. Энди улар хаёлига келган ишни қилишдан тойишмайди. 7 Қани уларга бир эътибор қаратиб, бир-бирининг тилини тушуна олмаслиги учун, уларнинг тилини аралаштириб юборайлик+». 8 Шундай қилиб, Яҳова уларни бутун ер юзи бўйлаб тарқатиб юборди+ ва улар аста-секин шаҳар қурилишини тўхтатишди. 9 Шу боис, шаҳарнинг номи Бобил*+ деб аталадиган бўлди, чунки ўша ерда Яҳова бутун ер юзидагиларнинг тилини аралаштирган эди. Яҳова уларни бутун ер юзи бўйлаб тарқатиб юборди.
10 Сомнинг+ тарихи ҳақидаги баёнот қуйидагича:
Тўфондан кейин икки йил ўтгач, Сом 100 ёшга кирганида Арпахшод+ туғилди. 11 Арпахшод туғилганидан кейин, Сом 500 йил умр кўрди. Бу орада у кўпгина ўғилу қизларнинг отаси бўлди+.
12 Арпахшод 35 ёшга кирганида, ўғли Шилах+ туғилди. 13 Шилах дунёга келганидан кейин, Арпахшод яна 403 йил умр кўрди. Бу орада, у кўпгина ўғилу қизларнинг отаси бўлди.
14 Шилах 30 ёшга кирганида, ўғли Ибир+ дунёга келди. 15 Ибир туғилганидан кейин, Шилах яна 403 йил умр кўрди. Бу вақт давомида, у кўпгина ўғилу қизларнинг отаси бўлди.
16 Ибир 34 ёшда бўлганида, ўғли Палах туғилди+. 17 Палах туғилганидан сўнг, Ибир яна 430 йил яшади. Бу орада, у кўпгина ўғилу қизларнинг отаси бўлди.
18 Палах 30 ёшга кирганида, ўғли Раву дунёга келди+. 19 Раву туғилганидан кейин, Палах яна 209 йил умр кўрди. Бу вақт мобайнида, у кўпгина ўғилу қизларнинг отаси бўлди.
20 Раву 32 ёшда бўлганида, ўғли Саруғ туғилди. 21 Саруғ дунёга келганидан сўнг, Раву яна 207 йил яшади. Бу вақт давомида, у кўпгина ўғилу қизларнинг отаси бўлди.
22 Саруғ 30 ёшга кирганида, ўғли Нахўр дунёга келди. 23 Нахўр туғилганидан кейин, Саруғ яна 200 йил умр кўрди. Бу орада, у кўпгина ўғилу қизларнинг отаси бўлди.
24 Нахўр 29 ёшда бўлганида, ўғли Тераҳ+ туғилди. 25 Тераҳ дунёга келганидан сўнг, Нахўр яна 119 йил яшади. Бу вақт мобайнида, у кўпгина ўғилу қизларнинг отаси бўлди.
26 Тераҳ 70 ёшга кирганидан кейин, ўғиллари Ибром+, Нахўр+ ва Хорон дунёга келди.
27 Тераҳнинг тарихи ҳақидаги баёнот қуйидагича:
Тераҳдан Ибром, Нахўр ва Хорон туғилди; Хорон эса Лут+ исмли ўғил кўрди. 28 Хорон ўзи туғилиб ўсган юртида, халдейларнинг Ур+ шаҳрида, отаси Тераҳ ҳали тириклигида вафот этди. 29 Ибром билан Нахўр уйланишди. Ибромнинг хотинининг исми Сорай+, Нахўрнинг хотининики эса Милхо+ бўлиб, у Хороннинг қизи эди. Хорон Милхо билан Искахнинг отаси бўлган. 30 Сорай бепушт бўлиб+, фарзандлари йўқ эди.
31 Сўнг Тераҳ ўғли Ибромни, Хороннинг ўғли бўлмиш набираси Лутни+ ҳамда келини Сорайни, яъни Ибромнинг хотинини олиб, халдейларнинг Ур шаҳридан чиқди ва Канъон+ юртига йўл олди. Бир мунча вақтдан кейин, улар Хоронга+ бориб, ўша ерда яшай бошлашди. 32 Тераҳ 205 йил умр кўриб, Хоронда ҳаётдан кўз юмди.