Қонунлар
6 Сизлар эгаллагани бораётган юртда риоя этинглар дея, Тангрингиз Яҳова сизларга ўргатиш учун берган амрлару қонун-қоидалар мана шулардир. 2 Улар сизларга, ўғилларингиз ва невараларингизга умр бўйи Худойингиз Яҳовадан қўрқиб, мен бугун сизларга буюрган Унинг барча амрларию низомларига амал қилиш орқали узоқ умр кўришингиз учун берилди+. 3 Эй Исроил халқи, тингланг ва уларга астойдил амал қилинг, токи равнақ топиб, ота-боболарингиз Тангриси Яҳова сизларга ваъда берганидай, сут ва асал оқиб ётган юртда кўпайинглар.
4 Тингланг, эй Исроил халқи: Аллоҳимиз Яҳова — танҳо Яҳовадир+. 5 Тангрингиз Яҳовани бутун қалбингиз, бутун жонингиз*+ ва бутун қувватингиз*+ билан севинглар. 6 Бугун мен сизларга буюрган бу сўзларни қалбингизда сақланглар. 7 Уларни фарзандларингизга* уйда ўтирганингизда ҳам, йўлда кетаётганингизда ҳам, ётганингизда ҳам, турганингизда ҳам айтиб, қалбларига жо қилинглар*+. 8 Уларни қўлингизга эслатмадек, пешонангизга пешонабанддек боғлаб олинглар+. 9 Уларни эшикларингиз ёндорига, шаҳарларингиз дарвозаларига ёзиб қўйинглар.
10 Тангрингиз Яҳова сизларни ота-боболарингиз Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубга бераман деб қасам ичган юртга — сизлар қурмаган катта ва кўркам шаҳарларга+, 11 сизлар ишлаб топмаган ҳар турли яхши нарсаларга тўла уйлари, сизлар ковламаган сардобалари, сизлар ўтқазмаган узумзорлари билан зайтун дарахтлари бор юртга олиб борганида ва у ерда еб тўйганингизда+, 12 эҳтиёт бўлинглар, сизларни Мисрдан, сизлар қул бўлган юртдан* олиб чиққан Яҳовани унутиб қўйманглар+. 13 Аллоҳингиз Яҳовадан қўрқиб+, Унга хизмат қилинглар+ ва фақат Унинг исми ҳаққи қасам ичинглар+. 14 Бошқа худоларга, атрофингиздаги халқларнинг худоларига эргашманглар+. 15 Зеро, орангиздаги Худойингиз Яҳова — мутлақ садоқатни талаб этувчи Аллоҳ+. Акс ҳолда, сизларга қарши Тангрингиз Яҳованинг ғазаби қайнаб+, сизларни ер юзидан йўқ қилиб юборади+.
16 Худойингиз Яҳовани Массахда* синагандай+ синаманглар+. 17 Тангрингиз Яҳова риоя этишни буюрган амрлари, эслатмалари ва кўрсатмаларига астойдил амал қилинглар. 18 Яҳованинг назарида тўғри ва яхши бўлган ишларни қилинглар. Шунда равнақ топиб, Яҳова ота-боболарингизга ваъда берган яхши юртга бориб уни эгаллайсизлар ва 19 Яҳова ваъда қилганидай душманларингизни ҳайдаб чиқарасизлар+.
20 Келажакда ўғлингиз: “Аллоҳимиз Яҳова бу эслатмалар ва қонун-қоидаларни нима учун берган?” — деб сўраса, 21 ўғлингизга мана бундай жавоб беринглар: “Биз Мисрда фиръавнга қул бўлганмиз, аммо Яҳова қудратли қўли билан бизни Мисрдан олиб чиққан. 22 Яҳова бизнинг кўз ўнгимизда Мисрга, фиръавнга ва унинг бутун хонадонига+ буюк ва даҳшатли аломатлару мўъжизалар кўрсатган+. 23 У ота-боболаримизга бераман деб қасам ичган шу юртни бизга бериш учун, бизни ўша ердан олиб чиққан+. 24 Кейин Яҳова барча бу қоидаларни бажаришни ва Тангримиз Яҳовадан қўрқишни буюрган+. Шундагина худди бугунгидай тирик бўлиб, тоабад фаровон ҳаёт кечиришимиз мумкинлигини айтган+. 25 Худойимиз Яҳова буюрганидай итоаткорлик ила барча бу амрларга астойдил амал қилсак, одилликка эриша оламиз”+.