Ибтидо
18 Шундан сўнг, Яҳова+ Мамреда ўсадиган улкан дарахтлар орасида+ Иброҳимга зоҳир бўлди. Иброҳим кун қизиб турган маҳалда, чодирнинг кираверишида ўтирган эди. 2 Иброҳим бошини кўтариб қараса, сал нарида уч киши турган экан+. Бу кишиларни кўриши билан у ўрнидан туриб, уларни кутиб олиш учун югуриб борди-да, ергача эгилиб уларга таъзим қилди. 3 Кейин у қуйидагиларни айтди: «Яҳова*, агар мен Сенинг илтифотингга сазовор бўлган бўлсам, илтимос, хизматкорингнинг ёнидан ўтиб кетма. 4 Озгина сув олиб келиб, оёқларингизни ювиб қўйишга+ ижозат беринглар, сўнг дарахтнинг тагида ёнбошланглар. 5 Бу ерга, хизматкорингизнинг олдига келган экансизлар, қувватланиб олишингиз учун* нон олиб келишимга ижозат беринглар. Ана ундан кейин йўлингизда давом этаверасизлар». Бунга улар: «Майли, айтганингиздай қила қолинг»,— деб айтишди.
6 Шунда Иброҳим шошилиб чодирга, Соранинг олдига кирди-да, унга: «Тезроқ! Уч ўлчов* яхши ундан олиб, хамир қилгин ва нон ёпгин»,— деди. 7 Кейин Иброҳим пода томонга чопиб борди-да, яхши бир бузоқни танлаб олиб, хизматкорига берди ва у тезда бузоқни тайёрлашга киришди. 8 Сўнг Иброҳим сариёғ, сут ва пиширилган бузоқ гўштини олиб келиб, уларнинг олдига қўйди. Ўзи бўлса, улар овқатланаётганда дарахтнинг тагида, уларнинг ёнида турди+.
9 Улар Иброҳимдан: «Хотинингиз Сора+ қаерда?» — деб сўрашди. Бунга у: «Шу ерда, чодирда»,— деб жавоб қайтарди. 10 Улардан бири гапини давом эттириб: «Мен келаси йил, айнан шу пайтда қайтиб келаман. Ўшанда хотинингиз Сора ўғил кўрган бўлади»+,— деб айтди. Сора эса чодирнинг кираверишида, ўша кишининг орқа томонида бу гапларни эшитиб турган эди. 11 Иброҳим билан Сора жуда кексайиб қолишган эди+. Сора бола туғиш ёшидан ўтганди*+. 12 Шу боис, Сора ичида кулиб: «Мен ҳам, хўжайиним ҳам қариб қолган бўлсак, наҳотки менга шундай бахт насиб этса?!» — деди+. 13 Кейин Яҳова Иброҳимдан сўради: «Нима учун Сора: “Қариганимда қандай қилиб бола туғаман?” — деб кулди? 14 Яҳова учун имконсиз нарсанинг ўзи борми?+ Мен келаси йил, айнан шу пайтда қайтиб келаман. Ўшанда Сора ўғилли бўлади». 15 Аммо Сора қўрқиб кетганидан: «Мен кулганим йўқ!» — деб инкор этди. Худо унга: «Йўқ, сен кулдинг!» — деди.
16 Кейин ўша кишилар ўринларидан туриб, Садўм томонга қараб кетишди+ ва Иброҳим уларни кузатиб қўйди. 17 Шунда Яҳова қуйидагиларни айтди: «Мен нима қилмоқчи эканимни Иброҳимдан яширмайман+. 18 Иброҳимдан кучли ва буюк халқ келиб чиқади ва ер юзидаги барча халқлар у орқали барака топади+. 19 У ўғилларини ҳамда барча авлодларини тўғри ва адолатли ишларни қилишга ҳамда Яҳованинг йўлидан юришга ўргатиши учун, Мен Иброҳимни Ўзимга яқин тутдим+. Шунда Мен, Яҳова, Иброҳимга нимаики ваъда қилган бўлсам, бажараман».
20 Сўнг Яҳова: «Садўм ва Ғамўранинг гуноҳи жуда ҳам оғир. Улардан норози бўлаётганларнинг фарёдини эшитдим+. 21 Қани, пастга тушиб кўрай-чи, Менга эшитилган фарёдлар ростмикан ва уларнинг қилаётган ишлари чиндан ҳам шунчалик ёвузмикан. Мен буни билмоқчиман»+,— деди.
22 Шундан кейин, ўша кишилар* Садўм томонга қараб кетишди, аммо Яҳова+ Иброҳим билан қолди. 23 Иброҳим Унинг олдига бориб, шундай деди: «Наҳотки одил инсонларни ёвузлар билан бирга йўқ қилиб юборсанг?+ 24 Балки ўша шаҳарда 50 та одил киши бордир. Уларни ҳам бошқа одамлар билан бирга йўқ қиласанми? Сен ўша 50 та одил инсон учун бу жойга раҳм қилмайсанми? 25 Одил инсонни ёвуз билан йўқ қилишингга, одил киши билан ҳам, ёвуз киши билан ҳам бир хил йўл тутишингга ақл бовар қилмайди!+ Сен ҳеч қачон бундай йўл тутмайсан+. Ахир бутун ер юзининг Ҳаками адолатсизлик қила оладими?!»+ 26 Бунга Яҳова: «Агар Садўмда 50 та одил кишини топсам, улар учун бутун шаҳарга раҳм қиламан»,— деди. 27 Иброҳим бўлса, яна шундай деди: «Мен тупроқ ва кул бўлишимга қарамай, Яҳова билан гаплашишга журъат этдим. Илтимос, гапимни эшит. 28 Борди-ю, у ерда 50 та эмас, 45 та одил киши топилса-чи? Шу бешта кишини деб, бутун шаҳарни қириб ташлайсанми?» Бунга Тангри: «Агар 45 кишини топсам, у ерни йўқ қилмайман»+,— деди.
29 Аммо Иброҳим яна Унга мурожаат этиб: «Эҳтимол, у ерда 40 та топилар»,— деб айтди. Худо унга жавобан: «Шу 40 киши учун ҳам у ерни хароб қилмайман»,— деди. 30 Лекин Иброҳим гапини давом эттириб: «Яҳова, илтимос, ғазабинг келмасин+, гапиришимга ижозат бер. Борди-ю, у ерда 30 киши топилса-чи?» — деди. Аллоҳ унга: «Агар 30 кишини топсам, у ерни хароб қилмайман»,— деб жавоб қайтарди. 31 Бироқ Иброҳим яна Унга мурожаат қилиб: «Мен Яҳовага гапиришга журъат этдим. Илтимос, гапимни эшит. Балки, у ерда 20 та топилар»,— деб айтди. Тангри унга жавобан: «Шу 20 та киши учун ҳам у ерни йўқ қилмайман»,— деди. 32 Охири Иброҳим: «Яҳова, илтимос, ғазабинг келмасин, яна бир марта гапиришимга ижозат бер. Эҳтимол, у ерда атиги ўн киши топилар»,— деди. Аллоҳ унга: «Шу ўнта киши учун ҳам у ерни вайрон қилмайман»,— деб жавоб берди. 33 Яҳова Иброҳим билан гаплашиб бўлганидан сўнг, унинг ёнидан кетди+. Иброҳим бўлса чодирига қайтди.