Ҳакамлар
8 Эфрайим эркаклари Гидўнга: «Бу нима қилганингиз? Мидиёнликлар билан жанг қилгани кетаётганингизда, нега бизни чақирмадингиз?»+ — дея, у билан қаттиқ жанжаллашишди+. 2 Аммо Гидўн уларга деди: «Сизлар билан солиштирганда мен нима қилдим? Абуазар хонадонининг узум ҳосилига қараганда, Эфрайим+ ҳосилининг қолдиқлари аълороқ эмасми?+ 3 Ахир Худо мидиёнликлар беклари Орив билан Заёвни сизларнинг қўлингизга берди-ку!+ Сизлар билан солиштирганда мен нима ҳам қилдим?» Гидўн бу сўзларни айтгач, улар тинчланиб қолишди.
4 Бундан кейин, Гидўн 300 та одами билан Иорданга келиб, дарёни кечиб ўтди. Улар чарчаганига қарамай, душманларини таъқиб қилишда давом этишди. 5 Гидўн Сухўт аҳолисига: «Илтимос, ортимдан келаётган одамларимга нон беринглар, улар жуда чарчашган. Мен мидиёнлик шоҳлар Зевах билан Залмунонинг ортидан қувиб кетяпман»,— деб айтди. 6 Бироқ Сухўт беклари: «Зевах билан Залмуно сенинг қўлингдамидики, аскарларингга нон берсак?!» — дейишди. 7 Уларга жавобан Гидўн: «Ҳали шунақами, Яҳова Зевах билан Залмунони қўлимга берганида, мен сизларни тиканаклару чўлда ўсадиган тиканли буталар билан савалайман»+,— деб айтди. 8 Сўнгра у Сухўтдан Панувалга борди-да, уларга ҳам худди шундай илтимос билан мурожаат қилди. Лекин Панувал аҳолиси ҳам, Сухўт аҳолиси каби жавоб қайтарди. 9 Гидўн Панувал аҳолисига: «Ғалаба қозониб қайтганимда, минорангизни ер билан битта қиламан»+,— деди.
10 Зевах билан Залмуно 15 000 кишилик қўшини билан Кархорда эди. Чунки Шарқда яшовчиларнинг+ қилич билан қуролланган 120 000 кишилик қўшини ҳалок бўлиб, фақат шунчаси тирик қолган эди. 11 Гидўн Наваҳ билан Ёҳбохонинг+ шарқ томонида, чодирда яшовчиларнинг йўли бўйлаб борди-да, душманларини ғафлатда қолдириб, қароргоҳига ҳужум қилди. 12 Мидиёнликларнинг иккита шоҳи Зевах билан Залмуно қочиб кетишди. Гидўн уларни таъқиб этиб, қўлга туширди. Шунда бутун қароргоҳни ваҳима босди.
13 Йўшнинг ўғли Гидўн Харесга кўтариладиган йўл бўйлаб урушдан қайтиб келаётган эди. 14 Йўлда у сухўтлик бир йигитни ушлаб олиб, уни сўроққа тутди. Ўша йигит унга Сухўт беклари ва оқсоқолларининг, жами 77 кишининг исмини ёзиб берди. 15 Гидўн Сухўт аҳолиси олдига бориб, уларга: «Сизлар: “Зевах билан Залмуно сенинг қўлингдамидики, ҳолдан тойган одамларингга нон берсак?!” — дея мени мазах қилган эдингизлар. Мана ўша Зевах билан Залмуно»+,— деди. 16 Кейин у Сухўт оқсоқолларини тиканаклару чўлда ўсадиган тиканли буталар билан савалаб, адабини берди+. 17 Панувалдаги минорани ер билан яксон қилиб, шаҳар аҳолисини эса қириб ташлади+.
18 Гидўн Зевах билан Залмунодан: «Сизлар Товурда ўлдирган кишилар қандай эди?» — деб сўради. Улар жавобан: «Улар сенга ўхшаган, ҳар бири кўринишидан шоҳнинг ўғли каби эди»,— дейишди. 19 Гидўн: «Улар менинг туғишган ака-укаларим эди. Барҳаёт Худо Яҳова ҳаққи қасам ичиб айтаманки, уларнинг жонини сақлаб қолганингизда, мен сизларни ўлдирмаган бўлардим»,— деб айтди. 20 Сўнг тўнғич ўғли Этерга: «Тур, уларни ўлдир!» — деди. Аммо Этер қўрққанидан қиличини чиқармади. Чунки у ҳали ёш эди. 21 Зевах билан Залмуно Гидўнга: «Ўрнингдан туриб, ўзинг бизни ўлдир, чунки эркакка кучига қараб баҳо берилади»,— дейишди. Гидўн турди-да, Зевах билан Залмунони ўлдириб+, туяларининг бўйнидаги ой шаклидаги тақинчоқларни ечиб олди.
22 Кейинчалик исроилликлар Гидўнга: «Бизнинг устимиздан сиз бошқаринг, ўғлингиз ҳамда неварангиз бошқарсин. Чунки сиз мидиёнликлар қўлидан бизни қутқариб қолдингиз»+,— деб айтишди. 23 Бироқ Гидўн: «Мен ҳам, ўғлим ҳам устингиздан бошқармаймиз. Фақат Яҳова сизларнинг устингиздан бошқаради»+,— деб айтди. 24 Гидўн давом этиб, деди: «Сизлардан бир илтимосим бор: ҳар бирингиз ўз ўлжангиздан бурунга тақиладиган сирғадан биттадан беринглар». (Мағлуб этилганлар исмоилий бўлгани учун, уларда бурунга тақиладиган сирғалар бор эди.)+ 25 Улар: «Албатта берамиз»,— дейишди-да, ҳар бири ўз ўлжасидан бурунга тақиладиган сирғалардан биттадан чиқариб, ерга тўшалган кийимга ташлашди. 26 Ой шаклидаги тақинчоқлар, сирғалар, Мидиён шоҳларининг тўқ қизилга бўялган жундан тайёрланган кийимларидан ва туяларнинг бўйнидаги тақинчоқлардан ташқари, Гидўн сўраб олган, бурунга тақиладиган олтин сирғаларнинг оғирлиги 1 700 олтин шекел* чиқди+.
27 Гидўн олтиндан эфод*+ ясаб, уни ўзининг шаҳри Ўфрада+ ўрнатди ва бутун Исроил халқи ўша ерда эфодга сиғина* бошлади+. Бу, Гидўн ва унинг хонадонига тузоққа айланди+.
28 Шундай қилиб, мидиёнликлар+ Исроил халқига бўйсундирилди ва улар қайта бош кўтармади. Гидўн яшаган даврда, юрт бўйлаб 40 йил тинчлик ҳукм сурди+.
29 Йўшнинг ўғли Еруббаал+ ўз уйига қайтиб кетди ва ўша ерда яшади.
30 Гидўннинг пушти камаридан 70 та ўғил бунёд бўлди. Чунки унинг хотинлари кўп эди. 31 Шакамда яшайдиган чўриси ҳам унга ўғил туғиб берди. Гидўн унга Абумалек+ деб исм қўйди. 32 Йўшнинг ўғли Гидўн узоқ умр кўриб, нуроний ёшда вафот этди. Уни отаси Йўш қўйилган ерга, Абуазар авлодлари+ яшаган Ўфрада дафн этишди.
33 Гидўннинг вафотидан кўп ўтмай, Исроил халқи яна Баалларга сажда* қила бошлади+. Улар Баал-Беритни ўз худолари қилиб олишди+. 34 Исроилликлар уларни атрофларидаги барча душманлари қўлидан қутқарган+ Тангриси Яҳовани эслашмади+. 35 Улар Еруббаалнинг, яъни Гидўннинг Исроил халқи учун қилган барча яхшиликларини унутиб, унинг хонадонига меҳр-садоқат намоён этишмади+.