Воиз
8 Доно одамга ким тенг кела олади? Масаланинг ечимини ким билади? Инсоннинг донолиги унинг юзини ёруғ қилади, қаҳрли юзини юмшатади.
2 Сенга айтадиган гапим шу: «Худога берган қасамингга биноан+, шоҳнинг буйруқларига итоат эт+. 3 Унинг ҳузуридан чиқиб кетишга шошилма+. Ёмон ишларга аралашиб қолма+. Чунки шоҳ истаганини амалга оширади. 4 Шоҳнинг гапи икки қилинмайди+. Унга: “Нега бундай қиляпсиз?” — дейишга кимнинг ҳам ҳадди сиғарди?!»
5 Буйруққа бўйсунган зиён кўрмайди+, доно қалб соҳиби мақбул вақт ва йўл-йўриқни* билади+. 6 Одамзоднинг ташвишлари кўп бўлгани туфайли, ҳар бир масалани ҳал қилишнинг ўз вақти ва йўли бор+. 7 Нима содир бўлишини ҳеч ким билмас экан, қандай бўлишини ким ҳам айта оларди?
8 Ҳеч бир инсон ҳаёт нафаси* устидан ҳокимиятга эга бўлмаганидай, ўлим куни устидан ҳам ҳокимиятга эга эмас+. Жанг пайтида ҳеч бир аскар озод этилмаганидай, ёвузлар ҳам ёвузлик исканжасидан қочиб қутула олмайди*.
9 Мен бу нарсаларнинг барига гувоҳ бўлдим. Қуёш остида қилинаётган барча ишларни астойдил ўрганиб, даврлар оша инсоннинг инсон устидан ҳукмронлик қилаётгани фақат зиён келтиришини англаб етдим+. 10 Мен яна муқаддас жойга кириб-чиқиб юрган ёвузларнинг дафн этилаётганини кўрдим. Аммо шаҳарда уларнинг қилмишлари тезда унутиларди+. Бу ҳам беҳуда.
11 Ёвуз иши учун одам дарҳол жазоланмагани дастидан+ унинг қалби ёвузлик қилишга ўрганиб қолади+. 12 Гуноҳкор юз марталаб ёмон ишлар қилса ҳам, узоқ умр кечирмоқда. Лекин Аллоҳдан қўрққанлар яхшилик топишини биламан, чунки улар Ундан қўрқади+. 13 Аммо ёвуз яхшилик кўрмайди+, соя каби ўтиб кетадиган кунларини ҳам узайтира олмайди+. Чунки у Худодан қўрқмайди.
14 Ер юзида яна бир беҳуда нарса бор: ёвузларга тегишли жазони одиллар тортяпти+, одилларга тегишли ҳурмат эса ёвузларга кўрсатиляпти+. Мен: «Бу ҳам беҳуда»,— дедим.
15 Шу боис, хурсандчилик қилишни тавсия этаман+. Чунки қуёш остида инсон учун еб-ичиш ва қувонишдан бошқа яхшироқ нарса йўқ. Аллоҳ унга қуёш остида берган ҳаёти давомида, у астойдил меҳнат қилиш билан бирга қувониши ҳам даркор+.
16 Мен ҳатто туну кун ухламай, доноликка эга бўлишга ва ер юзида содир бўлаётган* барча ишларни тушунишга бел боғладим+. 17 Кейин мен Аллоҳнинг ҳамма ишлари ҳақида мулоҳаза юритиб, одамзод қуёш остида содир бўлаётган нарсаларни фаҳмлай олмаслигини тушуниб етдим+. Инсонлар қанча уринмасин, бу нарсаларнинг тагига ета олмайди. Ҳатто ўзларини етарлича доно деб ҳисоблашса ҳам, улар буни англаб ета олмайди+.