Ибтидо
37 Ёқуб, отаси мусофир бўлиб яшаган+ Канъон юртида истиқомат қилаётган эди.
2 Бу, Ёқубнинг тарихи ҳақидаги баёнот.
Юсуф+ отасининг хотинлари Билхах+ ва Зилпонинг+ ўғиллари билан қўй боқиб+ юрганда, бор-йўғи 17 ёшда эди. Бир куни Юсуф акаларининг ёмон ишларини отасига айтиб берди. 3 Исроил бошқа ўғилларидан+ кўра Юсуфни кўпроқ яхши кўрарди, чунки у кексалик чоғида кўрган ўғли эди. Ёқуб унга чиройли узун камзул* тиктириб берган эди. 4 Оталари улардан кўра Юсуфни кўпроқ севишини кўргач, акалари ундан нафратланиб, унга қўпол гапирадиган* бўлишди.
5 Бир куни Юсуф туш кўрди ва тушини акаларига айтиб берди+. Бу эса, улар Юсуфдан янада кўпроқ нафратланишларига сабаб бўлди. 6 Юсуф уларга деди: «Менга қаранглар-да, шундай бир туш кўрдим. 7 Даланинг ўртасида дон пояларини боғлаётган эдик. Бир пайт менинг боғламим кўтарилиб, тик турди. Сизларнинг боғламларингиз эса менинг боғламим атрофида туриб, унга таъзим қилди»+. 8 Шунда акалари Юсуфга: «Нима, сен устимиздан шоҳ бўлмоқчимисан? Наҳотки устимиздан бошқармоқчи бўлсанг?»+ — деб айтишди. Кўрган туши ва айтган гаплари учун, акалари Юсуфдан нафратланишга яна бир сабаб топишди.
9 Шундан кейин у яна бир туш кўрди ва акаларига: «Мен яна бир туш кўрдим. Тушимда қуёш, ой ва 11 та юлдуз эгилиб менга таъзим қилди»+,— деб айтиб берди. 10 У тушини нафақат акаларига, балки отасига ҳам айтиб берди. Отаси эса: «Қанақа туш кўргансан ўзи? Нима мен, онанг ва акаларинг келиб, бошимиз ерга теккунча сенга таъзим қилар эканмизми?» — деб уни койиб берди. 11 Акаларининг унга нисбатан ҳасади янада кучайди+, аммо отаси унинг сўзларини кўнглига тугиб қўйди.
12 Бир куни Юсуфнинг акалари, оталарининг сурувини боқиш учун Шакамга+ яқин жойга кетишди. 13 Бир мунча вақтдан кейин, Исроил Юсуфга: «Акаларинг Шакам яқинида сурувларни боқиб юришибди, уларнинг олдига бориб кел»,— деди. У отасига жавобан: «Хўп бўлади»,— деб айтди. 14 Сўнг отаси унга: «Қани, бориб билиб кел-чи, акаларинг соғ-омонмикан, сурувлар бус-бутунмикан»,— деди. Шундай қилиб, отаси уни Хеврон+ водийсидан жўнатди ва Юсуф Шакам томонга қараб кетди. 15 Бир киши Юсуфнинг далада кезиб юрганини кўриб, ундан: «Нима излаб юрибсан?» — деб сўради. 16 Юсуф бўлса: «Мен акаларимни ахтариб юрибман. Улар қаерда сурувларни боқиб юрганини билмайсизми?» — деди. 17 У киши эса: «Улар бу ердан кетишган. “Дўтанга борамиз”, дейишганини эшитувдим»,— деб айтди. Шунда Юсуф акаларини излаб кетди ва уларни Дўтандан топди.
18 Акалари Юсуфни узоқдан кўриб қолишди ва у етиб келгунча уни ўлдириш режасини туза бошлашди. 19 Улар бир-бирларига: «Қаранглар, туш кўрувчи келяпти!+ 20 Келинглар, уни ўлдирамиз-да, жасадини сардоба ичига ташлаймиз ва уни йиртқич ҳайвон еб кетибди, деб айтамиз. Шунда тушлари қандай қилиб ўнгидан келишини кўрамиз»,— дейишди. 21 Бу гапларни эшитгач, Рубен+ Юсуфни уларнинг қўлидан қутқармоқчи бўлиб, уларга: «Уни ўлдирмайлик»+,— деди. 22 Кейин Рубен уларга: «Қон тўкманглар+. Уни чўлдаги мана бу сардоба ичига ташланглар. Лекин ўлдира кўрманглар»+,— деб айтди. У Юсуфни қутқариб қолиб, отасига қайтармоқчи эди.
23 Юсуф келиши биланоқ, акалари камзулини — устидаги чиройли беқасам камзулини ечиб олишди+. 24 Кейин эса, Юсуфни сардоба ичига ташлашди. Сардоба бўм-бўш бўлиб, ичида сув йўқ эди.
25 Сўнг овқат егани ўтиришди. Бир маҳал қарашса, Гиладдан исмоилийлар+ карвони келаётган экан. Улар туяларига хушбўй смола*, бальзам* ва смолали дарахт пўстлоғини юклаб+, Миср томон кетишаётган эди. 26 Шунда Яҳудо ака-укаларига: «Укамизни ўлдириб, қилмишимизни яширишнинг биз учун нима фойдаси бор?+ 27 Унга зиён келтиргандан кўра, келинглар, уни исмоилийларга сотиб юборамиз+. Ҳар қалай у бизнинг укамиз, қондошимиз*»,— деди. Улар Яҳудонинг гапига қулоқ солишди. 28 Мидиёнлик+ савдогарлар ўтиб кетаётганида, улар Юсуфни сардоба ичидан чиқариб олиб, исмоилийларга 20 шекел кумушга сотиб юборишди+. У одамлар эса Юсуфни Мисрга олиб кетишди.
29 Кейинроқ Рубен сардоба ёнига қайтиб келиб, унинг ичида Юсуф йўқ эканини кўрди ва қайғудан кийимларини йиртди. 30 Рубен укаларининг олдига бориб: «Бола йўқ-ку, энди нима қиламан?!» — деб бақирди.
31 Улар эса битта такани сўйишди-да, Юсуфнинг камзулини олиб таканинг қонига ботиришди. 32 Кейин эса ўша беқасам камзулини оталарига жўнатиб: «Биз мана буни топиб олдик. Кўринг-чи, бу ўғлингизнинг камзули эмасми?»+ — деган хабар юборишди. 33 Ёқуб уни кўздан кечириб: «Бу ўғлимнинг камзули-ку! Йиртқич ҳайвон Юсуфга ташланиб, уни тилка-пора қилибди!» — дея дод-вой солди. 34 Шунда Ёқуб қайғудан кийимларини йиртиб, белига жул ўради ва ўғли учун узоқ вақт аза тутди. 35 Барча ўғил-қизлари унга тасалли беришга уринишди, лекин у тасалли топишни истамай: «Мозорга*+, ўғлимнинг олдига бормагунимча, аза тутавераман»,— деди. Ёқуб ўғли учун кўп вақт йиғлаб юрди.
36 Мидиёнликлар Юсуфни Мисрга олиб бориб, фиръавн саройи амалдори+ — соқчилар бошлиғи+ Пўтифарга сотишди.