Дониёр
3 Шоҳ Навуходоносор баландлиги 60 тирсак*, эни 6 тирсак* бўлган олтин ҳайкал ясади. Уни Бобил вилоятидаги* Дурах текислигида ўрнатди. 2 Кейин шоҳ Навуходоносор сатраплар*, бошлиқлар, ҳокимлар, маслаҳатчилар, хазинабонлар, ҳакамлар, қонун посбонлари ҳамда вилоятларнинг барча бошқарувчиларига хабар юбориб, ўрнатган ҳайкалнинг очилиш маросимига чақиртирди.
3 Шундай қилиб, шоҳ Навуходоносор ўрнатган ҳайкалнинг очилиш маросимига сатраплар, бошлиқлар, ҳокимлар, маслаҳатчилар, хазинабонлар, ҳакамлар, қонун посбонлари ҳамда вилоятларнинг барча бошқарувчилари келишди. Улар шоҳ Навуходоносор ўрнатган ҳайкал олдида туришди. 4 Жарчи шундай деб жар солди: «Эй халқлар, миллатлар ва турли тилда гапирадиганлар, шоҳнинг фармонига қулоқ солинг! 5 Бурғу, най, цитра, арфа, торли асбоб ва бошқа мусиқий асбобларнинг товушини эшитганингизда мук тушиб, шоҳ Навуходоносор ўрнатган олтин ҳайкалга сажда қилинг. 6 Кимки мук тушиб сажда қилмаса, шу заҳотиёқ ёниб турган печга ташланади»+. 7 Шунда халқлар, миллатлар ва турли тилда гапирадиганларнинг бари бурғу, най, цитра, арфа, торли асбоб ва бошқа мусиқий асбобларнинг товушини эшитганда мук тушиб, шоҳ Навуходоносор ўрнатган олтин ҳайкалга сажда қилди.
8 Шу пайт баъзи халдейлар шоҳнинг ёнига келиб, яҳудийларни айблай бошлашди*. 9 Шоҳ Навуходоносорга шундай дейишди: «Эй, шоҳ ҳазратлари, умрингиз боқий бўлсин! 10 Эй шоҳимиз, ҳар бир киши бурғу, най, цитра, арфа, торли асбоб ва бошқа мусиқий асбобларнинг товушини эшитганда мук тушиб, олтин ҳайкалга сажда қилишини буюрган эдингиз. 11 Кимки мук тушиб сажда қилмаса, шу заҳотиёқ ёниб турган печга ташлансин деб амр этган эдингиз+. 12 Бироқ яҳудийлар орасида сиз Бобил вилоятларини бошқаришга тайинлаган Шадрах, Мешах ва Абеднаху+ деганлари бор. Эй, шоҳ ҳазратлари, бу кишилар сизни назар-писанд қилмаяпти. Худоларингизга сиғинишдан, сиз ўрнатган олтин ҳайкалга сажда қилишдан бош тортяпти».
13 Навуходоносорнинг ғазаби қайнаб, Шадрах, Мешах ва Абеднахуни келтиришни буюрди. Уларни шоҳ ҳузурига олиб киришди. 14 Навуходоносор уларга шундай деди: «Шадрах, Мешах, Абеднаху! Менинг худоларимга+ сиғинмай, мен ўрнатган олтин ҳайкалга сажда қилишдан бош тортаётганингиз ростми? 15 Энди, бурғу, най, цитра, арфа, торли асбоб ва бошқа мусиқий асбобларнинг товушини эшитганингизда мук тушиб, мен ясаган ҳайкалга сажда қилсангиз, ўзингизга яхши. Аммо сажда қилишдан бош тортсангиз, шу заҳотиёқ ёниб турган печга ташланасизлар. Ана ўшанда, сизларни қўлимдан қайси худо қутқара олишини кўрамиз!»+
16 Шадрах, Мешах ва Абеднаху шоҳга қуйидагича дейишди: «Эй, шоҳ Навуходоносор, бу борада гапиришнинг ҳожати ҳам йўқ. 17 Агар печга ташлансак, биз хизмат қиладиган Тангримиз бизни қутқара олади. Эй шоҳимиз, У бизни ёниб турган печдан ҳам, сизнинг қўлингиздан ҳам қутқаришга қодир+. 18 Борди-ю, У бизни қутқармаса ҳам, эй, шоҳ ҳазратлари шуни билингки, худоларингизга сиғинмаймиз, сиз ўрнатган олтин ҳайкалга сажда қилмаймиз»+.
19 Шунда Навуходоносор Шадрах, Мешах ва Абеднахудан дарғазаб бўлиб, авзойи бузилди. У печни одатдагидан етти баробар қаттиқроқ қиздиришни буюрди. 20 Сўнгра қўшинидаги қудратли жангчиларнинг бир нечтасига Шадрах, Мешах ва Абеднахуни боғлаб, ёниб турган печга ташлашни буюрди.
21 Уларни боғлашди-да, эгнидаги устки ва ички кийимлари, бош кийими, хуллас бутун уст-боши билан ёниб турган печга ташлашди. 22 Шоҳнинг буйруғи ўта шафқатсиз эди. Печ шу қадар қаттиқ қиздирилган эдики, Шадрах, Мешах ва Абеднахуни печга ташлаган кишилар олов алангасидан ҳалок бўлишди. 23 Аммо учови — Шадрах, Мешах ва Абеднаху боғланган ҳолда ёниб турган печ ичига қулаб тушди.
24 Шоҳ Навуходоносор қўрқиб кетиб, ўрнидан сакраб турди-да, амалдорларига: «Биз боғланган учта кишини оловга ташламаганмидик?» — деди. Улар жавобан: «Худди шундай, шоҳ ҳазратлари!» — дейишди. 25 Шоҳ: «Қаранглар! Олов ичида боғланмаган тўрт киши юрибди-ку. Уларга зиён ҳам етмабди. Тўртинчиси худоларнинг ўғлига ўхшайди-я!» — деди.
26 Навуходоносор ёниб турган печнинг эшиги олдига келиб: «Эй, Аллоҳ Таолонинг+ хизматкорлари, Шадрах, Мешах, Абеднаху! Бу ёққа чиқинглар!» — деди. Шунда Шадрах, Мешах ва Абеднаху олов ичидан чиқиб келишди. 27 У ерга йиғилган сатраплар, бошлиқлар, ҳокимлар ва шоҳнинг амалдорлари+ олов бу кишиларнинг танасига зиён етказмаганини+, бошларидаги бир тола соч ҳам, устки кийимлари ҳам куймаганини кўриб, улардан ҳатто куйган ҳид ҳам келмаётганини пайқашди.
28 Сўнг Навуходоносор шундай деди: «Фариштасини юбориб, Ўз хизматкорларини қутқариб қолган Шадрах, Мешах ва Абеднахунинг Тангрисига мадҳлар бўлсин!+ Улар Унга таяниб, шоҳнинг амрига қарши боришди, ҳатто ўлишга ҳам тайёр бўлишди. Ўз Худосидан бўлак бошқа худога сиғинишдан, сажда қилишдан бош тортишди+. 29 Энди шундай фармон чиқараман: борди-ю, халқлар, миллатлар ёки бошқа тилда гапирадиганлар орасидаги бирорта киши Шадрах, Мешах ва Абеднахунинг Худосига қарши сўз айтса, танаси бўлак-бўлак қилиниб, уйлари ҳожатхонага* айлантирилади. Чунки У каби қутқаришга қодир бошқа ҳеч қандай худо йўқ»+.
30 Бундан кейин шоҳ Бобил вилоятида Шадрах, Мешах ва Абеднахунинг мансабини кўтарди+.