Қонунлар
18 Леви руҳонийлар ва умуман бутун Леви қабиласига Исроил халқи билан бир қаторда улуш ҳам, мерос ҳам берилмайди. Улар Яҳовага атаб оловда куйдириладиган назрдан, Унинг меросидан ейишади+. 2 Уларга биродарлари орасидан мерос берилмайди. Уларнинг мероси — Яҳовадир. Унинг Ўзи бу ҳақда уларга айтган.
3 Халқ орасидан бирор киши буқа ёки қўйни қурбонликка келтирса, унинг елкаси, жағи ва ошқозони руҳонийга тегишли бўлади. 4 Ғаллангизнинг илк ҳосилини, янги шароб билан мойингизни ҳамда қўй-эчкингизнинг биринчи қирқилган жунини ҳам руҳонийга беринглар+. 5 Сабаби, Худойингиз Яҳова Леви ҳамда унинг ўғилларини барча қабилаларингиз орасидан танлаб олган. Улар доимо Яҳованинг номидан хизмат қилишади+.
6 Агар Исроилдаги шаҳарларингиздан бирида яшаётган леви ўша ерни тарк этиб+, Яҳова танлаган жойга*+ боришни истаса, 7 у ўша ерда Яҳованинг олдида туриб хизмат қилаётган биродарлари бўлмиш левилар сингари, Тангриси Яҳованинг номидан хизмат қилсин+. 8 Ота-боболаридан қолган мол-мулкни сотиб, олган даромаддан ташқари, у бошқа левилар билан тенг миқдорда озиқ-овқатни улуш қилиб олсин+.
9 Аллоҳингиз Яҳова сизларга бераётган юртга кирганингизда, у ердаги халқларнинг жирканч ишларига тақлид қилишни ўрганманглар+. 10 Орангизда ўғилу қизларини оловда куйдирадиган*+, фолбин+, сеҳр-жоду билан шуғулланувчи+, белгиларга қараб фол очувчи+, сеҳргар+, 11 иссиқ-совуқ қилувчи, арвоҳ чақирувчи билан маслаҳатлашадиган+, фолбин+ ёки ўликларга мурожаат қилувчи бўлмасин+. 12 Чунки бундай нарсалар билан шуғулланадиган ҳар қандай киши Яҳова учун жирканчдир. Ахир Худойингиз Яҳова бу халқларни айнан шу жирканч ишлари дастидан олдингиздан ҳайдаб чиқаряпти-ку. 13 Аллоҳингиз Яҳова олдида бенуқсон бўлиб қолинглар+.
14 Сизлар эгаллагани бораётган юртдаги халқлар сеҳр-жоду билан шуғулланувчилар+ ва фолбинларга+ қулоқ солишади. Аммо Тангрингиз Яҳова бундай қилишингизга рухсат бермаган. 15 Худойингиз Яҳова ўз биродарларингиз орасидан менга ўхшаган пайғамбарни келтириб чиқаради. Унга қулоқ солинглар+. 16 Хоревда йиғилган куни+ сизлар: “Тангримиз Яҳованинг овозини эшитмайлик, ушбу буюк оловни бошқа кўрмайлик, акс ҳолда ўлиб кетамиз”+,— дея Аллоҳингиз Яҳовадан сўраганингизда, 17 Яҳова менга шундай деб айтган эди: “Уларнинг айтган сўзлари тўғри. 18 Мен уларга ўз биродарлари орасидан сенга ўхшаган пайғамбарни келтириб чиқараман+, унинг оғзига Ўз сўзларимни соламан+ ва у буюрганларимнинг барини уларга етказади+. 19 Кимки ўша пайғамбарнинг Менинг номимдан айтган сўзларига қулоқ солмаса, уни жавобгарликка тортаман+.
20 Борди-ю, бирор пайғамбар ўзбилармонлик қилиб Менинг номимдан Мен буюрмаган сўзларни айтса ёки бошқа худоларнинг номидан гапирса, у ўлдирилсин+. 21 Эҳтимол хаёлингизга: “Яҳова бу сўзларни айтган-айтмаганини қаердан биламиз?” — деган фикр келиши мумкин. 22 Агар пайғамбар Яҳованинг номидан гапирса-ю, унинг сўзлари бажо бўлмаса ёки амалга ошмаса, унда бу сўзларни Яҳова айтмаган бўлади. Демак, бу пайғамбар ўзбилармонлик қилган. Ундан қўрқманглар”.