Солномалар иккинчи китоб
26 Сўнгра бутун Яҳудо халқи 16 ёшли Уззиёни+ отаси Эмозиёнинг ўрнига тахтга ўтқазди+. 2 Шоҳ* вафот этиб, ота-боболарига қўшилганидан кейин, у Элетни+ бошқатдан қуриб, Яҳудога қайтарди+. 3 Уззиё+ тахтга ўтирганида 16 ёшда эди ва Қуддусда 52 йил ҳукмронлик қилди. Онасининг исми Ёхолиё бўлиб, қуддуслик эди+. 4 У отаси Эмозиё каби, Яҳованинг назарида тўғри ишлар қилиб яшади+. 5 Уззиё ҳақ Худодан қўрқиб яшашга ўргатган Закариёнинг даврида доимо Аллоҳни излади. У Яҳовани излаб яшаган пайтда ҳақ Тангри унга қут-баракалар ёғдирди+.
6 Уззиё филистимликларга+ қарши жангга отланди ва Гат+, Ёбнах+ ҳамда Ашдод шаҳарларининг деворларини бузиб, уларни босиб олди. Сўнг Ашдод+ ва филистимликлар ҳудудларида шаҳарлар барпо этди. 7 Аллоҳ унга филистимликлар, Гур-Баалда яшовчи араблар+ ҳамда мунимлар устидан ғалаба қозонишга кўмак бериб турди. 8 Оммонликлар+ Уззиёга ўлпон тўлай бошлашди. Шундай қилиб, унинг донғи Мисргача ёйилди, чунки у ғоят қудратли бўлиб кетди. 9 Бундан ташқари, у Қуддусдаги Бурчак дарвозаси+, Водий дарвозаси+ ва Тирговуч олдида миноралар қуриб+, уларни мустаҳкамлади. 10 Шунингдек у, саҳрода миноралар қурди+ ва кўпгина сардобалар қазиди (чунки унинг чорваси кўп эди). Шефела ва ясси тепаликда ҳам худди шундай қилди. У деҳқончиликка ихлос қўйгани учун, тоғларда ва Кармилда деҳқонларию узумчилари бор эди.
11 Қолаверса, Уззиёнинг қуролланган қўшини бор бўлиб, улар гуруҳларга бўлинган ҳолда ҳарбий юришлар қилишарди. Шоҳнинг бекларидан бири бўлмиш Ханониёнинг назорати остида котиб+ Явиёл ва бошчи Масиё уларни санаб, рўйхатга киритишган эди+. 12 Ушбу қудратли жангчиларни 2 600 нафар хонадонлар бошлари бошқарарди. 13 Уларнинг қўл остидаги қўшинда жангга шай турган 307 500 нафар жангчи бор эди. Ушбу қудратли қўшин душманларга қарши жанг қилишда шоҳга таянч бўларди+. 14 Уззиё бутун қўшинни қалқон, найза+, дубулға, тангачали совут+, камон ва палахмон тошлари+ билан қуроллантирди. 15 У Қуддусда моҳир усталар ясаган қуролларни минораларга ҳамда деворлар бурчакларига ўрнатди+. Қуроллар ўқлар ва катта тошлар отиш учун мўлжалланган эди. Худо унга кўмаклашгани ва у қудратли бўлиб кетгани туфайли унинг донғи ҳамма ёққа таралди.
16 Аммо у кучайганидан кейин, ниҳоятда мағрурланиб кетди ва бу уни ҳалокатга етаклади. У Худоси Яҳовага бевафолик қилиб, Яҳованинг маъбадига кирди ва тутатқи қурбонгоҳида тутатқи тутатди+. 17 Руҳоний Озариё ва Яҳованинг 80 та жасоратли руҳонийси дарров унинг ортидан маъбадга кирди. 18 Улар шоҳ Уззиёга қарши чиқиб, шундай дейишди: «Эй шоҳимиз Уззиё, Яҳовага тутатқи тутатишга ҳаққингиз йўқ!+ Тутатқини фақат руҳонийлар тутатиши керак. Сабаби улар, бу муқаддас хизматга тайинланган Ҳорун авлодларидир+. Муқаддас маскандан чиқиб кетинг. Чунки бевафолик қилдингиз ва бунинг учун Тангри Яҳова томонидан шарафга муяссар бўлмайсиз».
19 Бироқ қўлида тутатқи тутатиладиган идишни ушлаб турган Уззиёнинг аччиғи чиқиб+, руҳонийларга жаҳл устида гапираётганида, мохов касалига чалиниб+, пешонасига яра тошиб кетди. Бу, Яҳованинг уйидаги тутатқи қурбонгоҳи ёнида, руҳонийлар кўз ўнгида юз берди. 20 Бош руҳоний Озариё билан қолган руҳонийлар унга қарашганда, у мохов касалига чалиниб, пешонасига яра тошиб кетган эди. Шунда улар Уззиёни тезда у ердан чиқариб юборишди. Унинг ўзи ҳам чиқишга шошди, боиси Яҳова уни жазолаган эди.
21 Шоҳ Уззиё мохов касалига дучор бўлиб, умрининг охиригача соғаймади. У алоҳида бир уйда яшади+. Чунки унга Яҳованинг уйига кириш ман этилган эди. Унинг ўғли Йўтом шоҳ саройидаги ишларни бошқариб, халққа ҳакамлик қилди+.
22 Уззиёнинг ҳаёти бошдан охиригача Омиз ўғли Ишаё+ пайғамбар томонидан қаламга олинган. 23 Уззиё вафот этиб, ота-боболарига қўшилди ва ота-боболари ёнига дафн этилди. Аммо у мохов касалига чалингани учун, уни шоҳлар дафн этиладиган жой ташқарисига қўйишди. Ўрнига ўғли Йўтом+ шоҳ бўлди.