Левилар
18 Яҳова гапини давом эттириб, Мусога шундай деб айтди: 2 «Исроил ўғилларига мурожаат қилиб қуйидагиларни айт: “Мен Тангрингиз Яҳоваман+. 3 Сизлар, ўзларингиз яшаган Миср юртидагилар қилган ишларни қилманглар. Мен сизларни бошлаб бораётган Канъон юртидагиларнинг одатларига риоя этманглар+. Уларнинг қоидалари бўйича йўл тутманглар. 4 Менинг ҳукмларимни бажаринглар, низомларимга риоя қилиб, улар бўйича йўл тутинглар+. Мен Тангрингиз Яҳоваман. 5 Низомлариму ҳукмларимга риоя этинглар. Уларга риоя қилган киши улар туфайли яшайди+. Мен Яҳоваман.
6 Орангиздан ҳеч ким жинсий алоқа қилиш* учун яқин қариндошига яқинлашмасин+. Мен Яҳоваман. 7 Отангиз ҳамда онангиз билан жинсий алоқа қилманг. У онангиздир, шунинг учун у билан жинсий алоқада бўлманг.
8 Отангизнинг хотини билан жинсий алоқада бўлманг+. Бундай йўл тутиб отангизни шарманда қилган бўласиз*.
9 Опа ёки синглингиз билан, хоҳ у отангиз, хоҳ онангизнинг қизи бўлсин, хоҳ туғишган, хоҳ ўгай бўлсин, у билан жинсий алоқада бўлманг+.
10 Ўғлингиз ёки қизингизнинг қизи билан жинсий алоқада бўлманг, чунки бундай йўл тутиб ўзингизни шарманда қилган бўласиз.
11 Отангизнинг бошқа хотинидан туғилган қизи билан жинсий алоқа қилманг, чунки у сизнинг опангиз ёки синглингиздир.
12 Аммангиз билан жинсий алоқа қилманг. Чунки у отангизга қондош бўлади+.
13 Холангиз билан жинсий алоқа қилманг. Чунки у онангизга қондош бўлади.
14 Амакингизни шарманда қилиб унинг хотини билан жинсий алоқа қилманг. Чунки у келинойингиздир+.
15 Келинингиз билан жинсий алоқа қилманг+. У ўғлингизнинг хотинидир, у билан ётманг.
16 Акангиз ёки укангизнинг хотини билан жинсий алоқа қилманг+, чунки бундай йўл тутиб ака ёки укангизни шарманда қилган бўласиз.
17 Бирор аёлга уйланган бўлсангиз, унинг қизи билан жинсий алоқа қилманг+. Ўша аёлнинг ўғлининг қизини ёки қизининг қизини хотинликка олиб у билан ётманг, чунки улар хотинингизнинг яқин қариндошидир. Бу, бузуқликдир*.
18 Хотинингизга кундош қилиб унинг опаси ёки синглисини хотин қилиб олманг+. Хотинингиз тириклигида унинг опаси ёки синглиси билан жинсий алоқа қилманг.
19 Аёл ҳайз кўрганда жинсий алоқа қилиш учун унга яқинлашманг+.
20 Яқинингизнинг* хотини билан жинсий алоқа қилиб ўзингизни булғаманг+.
21 Болаларингизнинг бирортасини ҳам Мўлахга қурбон қилманг*+. Бундай қилиб Худойингиз исмига доғ туширманг+. Мен Яҳоваман.
22 Аёл билан ётгандай эркак киши билан ётманг+. Бу, жирканчдир.
23 Эркак киши ҳайвон билан жинсий алоқа қилиб ўзини булғамасин. Аёл киши ҳам ўзини ҳайвонга қўйиб бериб, у билан жинсий алоқа қилмасин+. Бу, бузуқликдир.
24 Бундай ишларнинг ҳеч бири билан ўзингизни булғаманг. Мен олдингиздан ҳайдаётган халқлар айнан шу ишлари билан ўзларини булғашган эди+. 25 Шу сабабли уларнинг юрти ҳам булғанди. Қилган гуноҳи учун бу юрт аҳолисини жазолайман. Юрт эса уларни қусиб ташлайди+. 26 Аммо сизлар низомлариму ҳукмларимга риоя этинглар+. Исроиллик ҳам, ораларингизда яшаётган мусофир ҳам, ушбу жирканч ишларнинг ҳеч бирини қилмасин+. 27 Сизлардан олдин мана шу юртда яшаган одамлар, бу барча жирканч ишларни қилишган эди+. Шу боис, юрт булғанган аҳволда. 28 Агар юртни булғамасангиз, у сизлардан олдин яшаган халқларни қусиб ташлагандек, сизларни қусиб ташламайди. 29 Бу жирканч ишлардан бирига қўл урган ҳар қандай инсон ўз халқи орасидан қириб ташланади. 30 Сизлардан олдин яшаган одамларнинг жирканч урф-одатларига риоя қилмай, Менинг талабларимни бажаринглар+. Акс ҳолда, бу урф-одатлар дастидан нопок бўлиб қоласизлар. Мен Тангрингиз Яҳоваман”».