Эзра
6 Шундан кейин шоҳ Доронинг буйруғи билан, Бобил хазинасида сақланган қўлёзмалар* қараб чиқилди 2 ва охири Мидия вилоятининг Экбатана шаҳридаги қалъадан ўрама битик топилди. Унда қуйидаги сўзлар ёзилган эди:
3 «Шоҳ Кир ўз ҳукмронлигининг биринчи йилида Қуддусдаги Худонинг уйига тегишли қуйидагича фармон чиқарди+: “Қурбонликлар келтириш мақсадида яҳудийлар уйни қайта қуришсин, пойдеворларини мустаҳкамлашсин. Иморатнинг баландлиги 60 тирсак*, эни 60 тирсак бўлсин+. 4 Иморатнинг деворлари ўша ерга думалатиб олиб келинган йирик тошлардан уч қатор қилиб, унинг устига бир қатор ходалар қўйилиб қурилсин+. Харажатлар шоҳнинг хазинаси ҳисобидан қоплансин+. 5 Шунингдек, Навуходоносор Худонинг Қуддусдаги маъбадидан* олиб чиқиб, Бобилга олиб кетган олтин ва кумуш идишлар+ ҳам илгари қаерда турган бўлса, ўша жойга қайтарилсин ва Худонинг уйида ўз ўрнига қўйилсин”+.
6 Шу боис, Фурот дарёсининг ғарбидаги* ҳудуднинг ҳокими Таттанай, Шатарбўзанай ва дарёнинг нарёғидаги ҳудуднинг кичик амалдорлари бўлмиш уларнинг иттифоқчилари+ — сизлар у ерга яқин йўламанглар. 7 Худонинг уйида олиб борилаётган ишларга халақит берманглар. Яҳудийларнинг ҳокими ва уларнинг оқсоқоллари Худонинг уйини аввалги жойида қайта тиклашсин. 8 Бундан ташқари, Худонинг уйини қайта қуриш ишида яҳудийларнинг оқсоқолларига ёрдам беришларингизни буюраман: харажатларни қоплаш учун бу кишиларга шоҳнинг хазинасидан+, яъни Фурот дарёсининг ғарбида йиғилган солиқдан дарҳол маблағ ажратилсин. Иш тўхтамаслиги учун маблағ ажратилишига тўсқинлик қилинмасин+. 9 Самовий Худога куйдириладиган қурбонликлар келтириш учун нимаики керак бўлса: бузоқлар+, қўчқору+ қўзилар+ шунингдек, Қуддусдаги руҳонийлар сўраган нарсалар: буғдой+, туз+, шароб+ ва мой+ ҳар куни канда қилмасдан бериб турилсин. 10 Токи улар самовий Худога манзур бўлган назрларни келтириб, шоҳ ва ўғилларининг умри узоқ бўлиши учун ибодат қилишсин+. 11 Яна шуни буюраман: агар бирор киши ушбу фармонни бузса, унинг уйидан хода суғуриб олинсин-да, уни ўша ходага қоқиб қўйишсин. Шу қилмиши учун унинг уйи жамоат ҳожатхонасига* айлантирилсин. 12 Ушбу фармонни бузиб, Худонинг Қуддусдаги уйини вайрон қилишга уринган ҳар қандай шоҳ ёки халқни, ўша уйни Ўз исми учун танлаб олган Тангри+ йўқ қилиб юборсин. Ушбу фармонни мен, Доро чиқардим. У дарҳол бажарилсин».
13 Шундан кейин, Фурот дарёсининг ғарбидаги ҳудуднинг ҳокими Таттанай, Шатарбўзанай+ ва уларнинг иттифоқчилари шоҳ Доро буюрган барча нарсани зудлик билан бажардилар. 14 Яҳудийларнинг оқсоқоллари эса, Хаггей пайғамбар+ ҳамда Иддонинг невараси Закариё пайғамбар башорат қилиб+ уларнинг руҳини кўтаргани учун, қуришни давом эттиришди ва ишлари юришиб кетди+. Улар Исроил Тангрисининг амри билан+ ҳамда Форс шоҳлари Кир+, Доро+ ва Артаксеркснинг буйруғи билан+ қурилиш ишини ниҳоясига етказишди. 15 Адар* ойининг учинчи кунида, шоҳ Доро ҳукмронлигининг олтинчи йилида, улар уйни қуриб битказишди.
16 Сўнг исроилликлар, руҳонийлар, левилар+ ва асирликдан қайтиб келганларнинг барчаси Худо уйининг очилиш* маросимини хурсандчилик билан нишонладилар. 17 Худо уйининг очилиш маросимига улар 100 та буқа, 200 та қўчқор, 400 та қўзини қурбонлик қилдилар. Исроил қабилаларининг сонига кўра, бутун Исроил учун 12 та такани гуноҳ қурбонлиги қилиб келтирдилар+. 18 Мусонинг китобида ёзилганига биноан+, улар руҳонийларни ва левиларни гуруҳларга бўлиб, Қуддусда Худога хизмат қилишга тайинладилар+.
19 Асирликдан қайтиб келганлар биринчи ойнинг 14- кунида Фисиҳ байрамини нишонладилар+. 20 Руҳонийлар ва левилар битта қолмай ўзларини покладилар+, шундай қилиб уларнинг бари покланди. Левилар асирликдан қайтиб келганлар учун, руҳоний биродарлари ва ўзлари учун Фисиҳ қурбонлигини сўйишди. 21 Сўнг сургундан қайтиб келган исроилликлар таомни тановул қилишди. Уларнинг дастурхонига, Исроилнинг Худоси Яҳовага топиниш ниятида ўзини ўша ерлик халқларнинг нопокликларидан тозалаган барча инсонлар ҳам қўшилишди+. 22 Бундан ташқари, улар етти кун давомида Хамиртурушсиз нон байрамини+ хурсандчилик билан нишонлашди. Чунки Исроил Худоси ҳақ Тангри Яҳова Ўз уйини қуриш учун уларни қўллаб-қувватласин дея, Оссурия шоҳининг юрагини юмшатиб+, уларга қувонч ато этди.