Ибтидо
8 Бундан сўнг Тангри Нуҳга, у билан бирга кемага кирган+ барча ёввойи ҳайвонлар ва уй ҳайвонларига эътибор қаратиб*, ер юзига шамол юборди ва сув пасая бошлади. 2 Осмондаги барча сувлар тугаб, самонинг сув қопқалари бекилди ва ёғаётган ёмғир тинди+. 3 Ер юзида сув аста-секин камая бошлаб, 150 кундан кейин анча озайди. 4 Еттинчи ойнинг* 17- куни, кема Арарат тоғлари устида тўхтади. 5 Сув ўнинчи ойгача* аста-секин камайиб борди. Ўнинчи ойнинг биринчи куни, тоғларнинг чўққилари кўрина бошлади+.
6 Нуҳ 40 кундан кейин кеманинг деразасини+ очди. 7 Сўнг у қузғунни ташқарига учириб юборди. Ер юзидаги сув қуригунча, қузғун кемадан учиб кетиб, яна учиб келиб юрди.
8 Кейинроқ Нуҳ ер юзидаги сув қуриган-қуримаганини билиш учун, каптарни учириб юборди. 9 Ер юзини ҳали сув қоплаб тургани сабабли, каптар қўнолға* топа олмай+, яна кемага қайтиб келди. Шунда Нуҳ қўлини чўзиб, каптарни кемага киргизди. 10 Етти кун кутиб, у каптарни яна кемадан учириб юборди. 11 Каптар кечга яқин Нуҳнинг ёнига учиб келганида, у каптарнинг тумшуғида зайтун дарахтининг янги узилган барги борлигини кўриб, ер юзида сув пасайиб қолганини тушунди+. 12 У яна етти кун кутиб, каптарни тағин учириб юборди. Лекин каптар бошқа қайтиб келмади.
13 Нуҳ 601 ёшга тўлганида+, биринчи ойнинг биринчи куни ер юзидаги сув камайиб қолди. Нуҳ кеманинг томини очиб, ер юзаси қуриётганини кўрди. 14 Иккинчи ойнинг 27- куни, ер бутунлайин қуриди.
15 Аллоҳ Нуҳга шундай деди: 16 «Хотининг, ўғилларинг ва келинларинг билан бирга кемадан чиқ+. 17 Серпушт бўлиб кўпайишлари ва ер юзини тўлғазишлари учун+, ўзинг билан бирга ҳар бир жонзотни+ — қанотли жониворларни, ҳайвонларни, ерда ўрмалаб юрувчи* жонзотларни ҳам олиб чиқ».
18 Кейин Нуҳ ўғиллари+, хотини ва келинлари билан бирга кемадан чиқди. 19 Ҳамма ҳайвонлар, ўрмалаб юрувчи ва қанотли жониворлар — ер юзида ҳаракатланувчи барча жонзотлар турига қараб кемадан чиқди+. 20 Сўнгра Нуҳ Яҳовага атаб қурбонгоҳ қурди+ ва ҳалол жониворларнинг ҳамда ҳалол қушларнинг барча туридан+ олиб, қурбонгоҳ устида бутунлай куйдириб қурбонликка келтирди+. 21 Яҳова ёқимли* ҳидни ҳис этди. Шунда Яҳова Ўз кўнглида шундай деди: «Бошқа ҳеч қачон одамзодни деб ерни лаънатламайман*+. Зеро, инсоннинг қалби болалигидан ёмонликка мойилдир+. Энди тирик жонзотни асло қирғин қилмайман+. 22 Бундан буён ер юзида экин-тикин ва ўрим-йиғим, совуқ ва иссиқ, ёз ва қиш, кун ва тун асло адо бўлмайди»+.