21- ДАРС
Байтил дегани нима?
Ибронийча «Байтил» сўзи «Худонинг уйи» деган маънони англатади. (Ибтидо 28:17, 19, изоҳ) Бу ном Яҳованинг Шоҳидлари дунё бўйлаб ваъзгўйлик фаолиятини назорат қилиб, қўллаб-қувватлаш мақсадида фойдаланаётган биноларга тўғри келади. Етакчи кенгаш АҚШ нинг Нью-Йорк штатида жойлашган Бош идорада хизмат қилади. Ўша ердан улар кўп мамлакатлардаги филиалларнинг фаолиятини назорат қилишади. У ерда хизмат қилаётганлар Байтил оиласи, деб аталади. Чунки улар оила каби бирга яшаб, меҳнат қилишади, бирга овқатланишади ва биргалашиб Муқаддас Китобни ўрганишади. (Забур 133:1)
Бу ўзгача жойда оиланинг ҳар бир аъзоси фидойидир. Байтилда яшовчи ҳар бир эркак ва аёл ҳаётини Худонинг иродасини бажаришга бағишлаган ва Худо Шоҳлигининг манфаатларини биринчи ўринга қўйган ҳолда тўла вақт хизмат қилади. (Матто 6:33) Улардан ҳеч бири маош олмайди. Лекин улар хона ва овқат билан таъминланган бўлиб, шахсий харажатлари учун моддий ёрдам олишади. Офисда, ошхона ёки бошқа бир жойда бўладими — ҳар бири ўз вазифани бажаради. Баъзилар босмахонада, кирхона, таъмирлаш бўлими ва ҳоказо жойларда хизмат қилишади, бошқалар эса хоналарни саранжом-саришта қилишади.
Ваъзгўйлик фаолиятини қўллаб-қувватлайдиган жой. Ҳар бир Байтилнинг асосий мақсади имкон борича кўп одамларга Муқаддас Китоб ҳақиқатини етказишдир. Қўлингиздаги рисола бунинг бир тасдиғидир. Бу рисола Етакчи кенгашнинг назорати остида ёзилиб, дунё бўйлаб юзлаб таржима гуруҳларига электрон форматда жўнатилган. Кейин эса Байтилдаги босмахоналарда ниҳоятда катта тезликда ишлайдиган босма машиналарда нашр этилиб, қарийб 120 000 дан ортиқ жамоатларга юборилган. Байтил оиласи мазкур жараёнда иштирок этиб, энг муҳим топшириқ бажарилишига, яъни хушхабар эълон этилишига ҳисса қўшмоқда. (Марк 13:10)
Байтилда кимлар хизмат қилади ва улар нима билан таъминланади?
Ҳар бир Байтил қайси шошилинч ишга ҳисса қўшади?