20- БОБ
Канах шаҳридаги иккинчи мўъжиза
МАРК 1:14, 15 ЛУҚО 4:14, 15 ЮҲАННО 4:43–54
ИСО «ХУДОНИНГ ШОҲЛИГИ ЯҚИНЛАШИБ ҚОЛДИ», ДЕБ ВАЪЗ ҚИЛАДИ
УЗОҚДАН БИР ЙИГИТНИ СОҒАЙТИРАДИ
Самарияда тахминан икки кун бўлгандан сўнг, Исо она юртига қайтади. У Яҳудияда кўп ваъз қилганди, аммо Жалилага дам олиш учун қайтмайди. Аксинча, ўзи ўсиб-улғайган жойда Исо янада фаол хизмат қилади. У ердагилар уни яхши кутиб олишларини Исо кутмайди, чунки ўзи айтганидек, «пайғамбар ўз юртида ҳурмат қилинмайди». (Юҳанно 4:44) Шогирдлари эса у билан қолиш ўрнига ўз оилаларига қайтиб, олдинги ишлари билан шуғулланишади.
Исо нима ҳақда ваъз қилади? У: «Худонинг Шоҳлиги яқинлашиб қолди. Тавба қилиб, хушхабарга ишонинглар»,— деб юради. (Марк 1:15) Бунга одамларнинг муносабати қандай бўлади? Аксарият жалилаликлар Исони яхши қабул қилиб, унга ҳурмат кўрсатишади. Аммо улар нафақат хабарни эшитишгани учун, балки бир неча ой олдин Қуддусда Фисиҳ байрамида бўлишганида, Исо яратган мўъжизаларни кўришгани учун бундай йўл тутишади. (Юҳанно 2:23)
Хўш, яхши самара келтирган хизматини Исо Жалиланинг қайси шаҳрида бошлайди? Эҳтимол Канах шаҳрида. Ўша ерда бўлган никоҳ базмида Исо сувни шаробга айлантирган эди. Иккинчи марта бу ерга келиб, Исо бир йигит ўлим тўшагида ётганидан хабар топади. Бу йигитнинг отаси Яҳёни қатл қилган шоҳ Ҳирод Антипанинг саройида хизмат қилади. Бу киши Исонинг Яҳудиядан Канах шаҳрига келганини эшитади. Шу сабабли, Исони топиш мақсадида у Кафарнаҳумдан Канах шаҳрига жўнайди. Қайғу-алам ичида у Исодан: «Ҳазрат, болагинам ўлмасидан олдин мен билан юрақолинг!» — дея илтимос қилади. (Юҳанно 4:49)
Исонинг: «Сиз бораверинг, ўғлингиз соғайди»,— деган жавоби уни ҳайратда қолдирган бўлса керак. (Юҳанно 4:50) Ҳироднинг амалдори Исога ишониб, узоқ йўлга уйига қайтиб кетади. Ўғли соғайиб, ҳаммаси яхши бўлганини айтиш учун қуллари унга пешвоз чиқишади. Унинг ўғли тирик ва соппа-соғ! Бу қандай юз берганини билиш ниятида у қулларидан: «Соат нечада соғайди?» — деб сўрайди.
«Кеча кундузи соат бирларда иситмаси тушди»,— деб жавоб беришади улар. (Юҳанно 4:52)
Шунда сарой амалдори бу воқеа, Исо: «Ўғлингиз соғайди»,— деган пайтда содир бўлганини англайди. Мазкур воқеадан сўнг, қуллари бўлган бу бой киши ва унинг бутун хонадони Масиҳнинг шогирдлари бўлишади.
Шу йўсин, Исо Канах шаҳрида икки марта мўъжиза яратади: сувни шаробга айлантиради ва кейинчалик тахминан 25 километр узоқдан йигитни соғайтиради. Исо бошқа мўъжизаларни ҳам яратиши турган гап. Лекин бу мўъжиза шуниси билан диққатга сазоворки, Исо Жалилага қайтганидан дарак беради. У Аллоҳнинг пайғамбари бўлгани аниқ, аммо уни ўз юртида ҳурматга сазовор деб билишадими?
Бу, Исо уйига, Носира шаҳрига қайтганида маълум бўлади. У ерда уни нима кутади?