53- БОБ
Табиат кучларини бошқаришга қодир ҳукмдор
МАТТО 14:22–36 МАРК 6:45–56 ЮҲАННО 6:14–25
ОДАМЛАР ИСОНИ ШОҲ ЭТИБ ТАЙИНЛАМОҚЧИ
ИСО СУВ УСТИДА ЮРАДИ ВА ШАМОЛНИ ТИНЧЛАНТИРАДИ
Исо мўъжизавий тарзда мингларча одамни тўйдирганида, халқ ҳайратда қолади. «У ҳақиқатан ҳам дунёга келиши керак бўлган пайғамбар»,— деб айтишади улар. Халойиқ Исони орзу қилинган ҳукмдор, яъни Масиҳ деб ҳисоблайди. (Юҳанно 6:14; Қонунлар 18:18) Шунинг учун, улар Исони тутиб олиб, шоҳ қилишни режалаштиришади.
Бироқ Исо уларнинг ниятини билади. Шу боис, Исо халққа жавоб бериб, шогирдларига қайиққа ўтиришни буюради. Қизиқ, шогирдлар қаерга йўл олишади? Улар аввал Байтсайда, кейин эса Кафарнаҳум томонга сузиб кетишади. Исонинг ўзи эса тун бўйи ёлғиз ибодат қилиш учун тоққа чиқиб кетади.
Тонг отишдан олдин ой нурида Исо узоқдан қайиқни кўради. Денгизда тўлқинлар кўтарилади ва ҳаворийларнинг «қаршисидан кучли шамол эсаётгани учун» улар қайиқни зўрға ҳайдашади. (Марк 6:48) Исо тоғдан тушади-да, тўлқинлар устида юриб шогирдлари томон боради. Бу пайтда қайиқ соҳилдан «қарийб беш ёки олти километр» узоқда бўлади. (Юҳанно 6:19) Шогирдлар, уларнинг олдидан гўё ўтиб кетмоқчидай бўлган Исони кўриб, қўрққанидан: «Бу шарпа!» — деб бақириб юборишади. (Марк 6:49)
«Дадил бўлинглар, бу менман. Қўрқманглар!» — дея Исо уларни тинчлантиради. Аммо Бутрус жавобан: «Ҳазратим, агар бу сиз бўлсангиз, менга буюринг, мен ҳам сув устида юриб ёнингизга борай»,— деб айтади. Исо унга: «Келинг!» — дейди. Шунда Бутрус қайиқдан чиқиб, сув устида юрганча Исо томон қадам босади. Бироқ қаттиқ шамолни кўриб, Бутрус қўрққанидан чўка бошлайди ва Исога: «Ҳазратим, мени қутқаринг!» — дея ҳайқиради. Исо шу ондаёқ қўлини чўзиб, уни ушлаб олади-да: «Эҳ, имони суст, нега шубҳаландингиз?» — дейди. (Матто 14:27–31)
Бутрус ва Исо қайиққа тушишганидан сўнг шамол тинчийди. Шогирдлар ҳайратда. Лекин улар ҳайратда қолиши керакми? Агар «нонлар билан нима юз берганини», яъни бир неча соат олдин Исо мингларча одамни тўйдирганида яратган мўъжизанинг маъносини тушунишганида эди, у сув устида юрганидан ва шамолни тинчлантирганидан ҳайратда қолишмасди. Энди эса улар тиз чўкиб, Исога: «Чиндан ҳам сиз Худонинг Ўғли экансиз»,— дейишади. (Марк 6:52; Матто 14:33)
Қисқа вақтдан кейин, улар Кафарнаҳум жанубида жойлашган гўзал ва ҳосилдор Генисарет ҳудудига етиб келишади. Улар лангар ташлаб, соҳилга тушишади. Одамлар Исони таниб қолишади ва теварак-атрофдаги бошқа одамларни чақиртириб, касалларни унинг олдига олиб келишади. Касаллар Исонинг устки кийимининг попугига қўл теккизишлари биланоқ дардларидан бутунлай халос бўлишади.
Айни пайтда Исонинг мўъжизавий тарзда халойиқни тўйдирганига гувоҳ бўлганлар унинг кетганидан хабар топишади. Шунинг учун, улар Тивериядан келган бошқа қайиқларга ўтиришади-да, Исони излаш учун Кафарнаҳумга сузиб кетишади. Уни топганларидан сўнг, улар шундай дея сўрашади: «Устоз, сиз бу ерга қачон келдингиз?» (Юҳанно 6:25) Лекин Исо ўринли тарзда уларни койиб беради. Бу ҳақда эса кейинги бобдан билиб оламиз.