Кунимизга доир башоратлар
МУҚАДДАС КИТОБ айнан Худонинг Шоҳлиги ер юзига тинчлик ва хотиржамлик келтиришини ваъда қилмоқда (Дониёр 2:44). Шунинг учун ҳам Ҳазрати Исо шогирдларини қуйидагича ибодат қилишга ўргатган: «Сенинг Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо келсин» (Матто 6:10). Аммо Исонинг айтишича, бу Шоҳлик ўрнатилмагунча ер юзида ўзгача шароитлар бўлиши керак. Бу шароитлар аниқ белги сифатида, самимий инсонларга тайёр туришга ёрдам беради. Қуйида келтирилган воқеалар ана шу белгини ташкил этиб, ҳозир яшаётган одамлар шахсан ўзи уларни кўришлари мумкин.
Урушлар. «Халқ халққа қарши, подшоҳлик подшоҳликка қарши кўтарилади»,— деб башорат қилди Ҳазрати Исо (Матто 24:7). Биринчи жаҳон уруши бошланганидан олдин, урушлар кўпинча маълум бир жойда содир этилар эди холос. Аммо 1914- йилда бошланган жаҳон уруши бутун дунёни остин-устин қилиб, янада ҳалокатли қурол-аслаҳалар барпо этилишига олиб келди. Масалан бомбардимончи самолётлар кўпдан-кўп одамларнинг, шу қаторда тинч аҳолининг ҳаётига зомин бўлди. Бундай қуролларни ишлаб чиқариш туфайли Биринчи жаҳон урушида иштирок этган тахминан 65 миллион аскарлардан деярли ярми ё оғир шикастланган, ёки ҳаёт билан видолашган. XX асрнинг кейинги йилларини айтмайсизми, ахир бу даҳшат-ку! Бир тарихчининг ёзишича, Иккинчи жаҳон урушида қанча одам ҳалок бўлганини ҳеч ким, ҳеч қачон аниқ айта олмайди. Катта-кичик урушлар ҳали-ҳануз давом этмоқда.
Очарчилик. Ҳазрати Исо: «Қаҳатчиликлар... бўлади»,— дея айтган эди (Матто 24:7). Бир журнал 2005- йилда хабар беришича: «Дунёнинг 854 миллион аҳоли (бутун дунё аҳолисининг тахминан 14%) очарчиликда яшамоқда» (Science). Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эса 2007- йилда 33 та давлат ўз фуқароларига озиқ-овқат етиштириб беролмаяпти деб ҳисобот берди. Бу қандай бўлиши мумкин, ахир қишлоқ хўжалиги борган сари ривожланиб боряпти-ку, деб сўрарсиз. Сабабларидан бири одамларга озиқ-овқат берадиган ернинг маҳсулидан этанол, яъни ёқилғи ишлаб чиқариляпти. Масалан «битта катта машинага тўла бак этанол ишлаб чиқариш учун, битта одамга бир йилга етадиган дон сарфлаш керак» экан (The Witness). Ҳатто бой-бадавлат давлатларда ҳам озиқ-овқатнинг нархи ошаётгани дастидан, кўп одамлар ҳайратда: улар овқат сотиб олсинми ё дори-дармонми, уй-жой учун тўласинми ёки яна бирон зарур нарсами, ахир бошқа эҳтиёжлар ҳам йўқ эмас.
Зилзилалар. «Шиддатли зилзилалар... бўлади»,— деди Исо (Луқо 21:11). Ачинарли ҳақиқат шундаки, ҳозирги замонда зилзилалар дастидан ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ одамлар ҳалок бўлмоқда. Ўтган йили индиялик Р. К. Чадха исмли бир зилзилашунос: «Ер қатламининг тебраниши ҳамма ёқда кучайиб боряпти... Аммо бу нега бўлаётганини биз билмаймиз»,— деб айтди. АҚШнинг геологик хизмати хабар беришича эса, Ҳинд океанида 2004- йилда содир бўлган зилзила натижасида, катта цунами пайдо бўлиб, жуда кўп одамнинг ҳаётини олиб кетди. Охирги 500 йил мобайнида бошқа ҳеч бир зилзила шунчалик талафот келтирмаган. Ҳа, қурбонларнинг сони бўйича ўша йилнинг зилзиласи тарихда иккинчи ўринда туради.
Касалликлар. «Ўлатлар бўлади»,— деб башорат қилди Исо алайҳиссалом (Луқо 21:11). Бутун дунё бўйича эскию янги касалликлар жуда кўп одамларни йиқитяпти, дори-дармон топиш эса мураккаблашиб боряпти. Масалан безгак дардига қарши жаҳон миқёсда ҳаракатлар қилинган бўлса-да, касаллик барибир назорат остидан чиқиб кетяпти. Эскитдан таниш бўлган сил ва янги чиққан ОИТС ва бошқа касалликлар миллионлаб одамларнинг ҳаётини поёнига етказмоқда. Жаҳон соғликни сақлаш ташкилотининг хабар беришича, ҳозирги кунда дунё аҳолисининг учдан бир қисми сил касаллигига гирифтор бўлиб, ҳар секундига яна бир киши уни юқтириб олмоқда. Буни қарангки, иммунитетнинг танқислиги, яъни организм ўзини зарарли таъсирлардан ҳимоя қила олмаслиги, шу касалликка олиб келиши мумкин ва борган сари унга қарши ишлатилган дорилар таъсирсиз бўлиб қоляпти. Ҳатто битта журналда 2007- йилда ёзилишича, сил касаллигига йўлиққан Европалик бир беморга ҳеч қандай дори-дармон ёрдам беролмади (New Scientist).
Ахлоқий ва ижтимоий инқироз. «Ёвузлик авжга чиқиши туфайли кўпчиликнинг севгиси совийди»,— деганлар Ҳазрати Исо (Матто 24:12). Исонинг шогирди Павлус эса, Худонинг Шоҳлиги бу дунёни йўқ қилиш арафасида ахлоқий ва ижтимоий қадриятлар оёқ ости қилинадиган «охирзамон» келишини қуйидагича каромат қилган: «У пайтда одамлар нафс бандаси, пулпараст, мақтанчоқ, кибрли, кофир, ота-онага итоатсиз, нонкўр, худобехабар, шафқатсиз, муросасиз, ғийбатчи, нафсини тия олмайдиган, инсонлик ва яхшилик душмани, хоин, бемулоҳаза, мағрур бўладилар. Худодан кўра айш-ишратни кўпроқ севадилар. Ўзларини художўй кўрсатиб, илоҳий қудратни эса инкор этадилар» (2 Тимўтийга 3:1–5). Одамлар айнан шундай бўлиб кетаётганини кўряпсими?
Исо алайҳиссалом ва Павлус бундай шароитга олиб келган барча тарихий, ижтимоий ва сиёсий омиларини келтирмаганлар. Аммо бу башоратлар амалга ошганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Келажак ҳақида-чи, нима дейиш мумкин? Масиҳ тўғрисида башоратлар қилган Ишаё пайғамбар, Худонинг Шоҳлиги ер юзига қандай баракалар ёғдиришини ҳам баён этган. Келинг бу ҳақида навбатдаги мақоладан билиб оламиз.
[6- саҳифадаги расм]
«Халқ халққа қарши... кўтарилади»
[7- саҳифадаги расм]
«Ўлатлар бўлади»
[Расм манбаи]
© WHO/P. Virot