Ибодат
6 Ёрдам берадими?
«ИБОДАТ қилсак бундан фойда кўрамизми?» — деган саволга Муқаддас Китобдан ижобий жавоб топамиз. Чунки унда келтирилган Худога садоқатли одамларнинг мисоллари буни тасдиқламоқда (Луқо 22:40; Ёқуб 5:13). Ҳа, ибодат қилинганидан жуда кўп баракалар, жумладан маънавий, ҳиссий ва ҳатто жисмоний фойда бор. Қандай қилиб дейсизми?
Бунга бир мисол келтириш мумкин. Айтайлик фарзандингизга бирон-бир совға берилди. У совға учун шунчаки миннатдорлик ҳис қилишини истармидингиз ёки уни изҳор этишиними? Ахир ҳиссиётлар сўзлар билан ифода этилса, улар янада қадрлироқ бўлади. Шундай экан, наҳотки биз ҳам Аллоҳга ҳиссиётларимизни очиб, бундан ўзимиз ҳам хурсанд бўлмасак?! Албатта. Келинг, бунинг тасдиғини билайлик.
Миннатдорчилик. Яхши ҳадялар учун самовий Отамизга миннатдорчилик билдирсак, ўзимиз кўпдан-кўп баракаларга эга бўламиз. Сабаби, ўзимизни янада бахтлироқ ҳис этиб, ижобий нуқтаи назарни сақлаймиз (Филиппиликларга 4:6).
Мисол. Ибодатини эшитгани ва жавоб қайтаргани учун Ҳазрати Исо самовий Отасига миннатдорчилик изҳор этган (Юҳанно 11:41).
Тавба. Гуноҳларимиз учун Худодан кечирим сўрасак, қилмишимиздан қанчалик пушаймон эканимизни кўрсатиб, виждонимизни тоза сақлаймиз. Бу эса ўзимизни анча енгил ҳис қилишимизга ҳисса қўшади.
Мисол. Ҳазрати Довуд гуноҳларидан тавба қилиб, кечирим сўраган (Забур 50- сано).
Йўл-йўриқ ва донолик. Аллоҳимиз Яҳовадан йўл-йўриқ ва донолик сўраганимизда, ўзимизни паст тутиб, нақадар ёрдамга муҳтож эканимизни кўрсатамиз. Шунда қобилиятларимиз чекланганини ёдда тутиб, самовий Отамизга таянамиз (Ҳикматлар 3:5, 6).
Мисол. Ҳазрати Сулаймон Худонинг халқини бошқариш учун, камтарлик ила йўл-йўриқ ва ақл-идрок сўраганди (3 Шоҳлар 3:5–12).
Қийин вазиятларда. Тушкунликка тушган пайтда юрагимизни Худога очсак, ўзимизни хотиржам ҳис қилиб, Яҳовага таянганимизни кўрсатган бўламиз (Забур 61:9).
Мисол. Шоҳ Осо, душман ҳужум қилганида Худовандга ибодат қилган (2 Солномалар 14:11).
Бошқаларнинг ғамини ейиш. Бундай ибодат, ўзимиздаги худбинликни енгишга ва ҳамдардлик фазилатини ривожлантиришимизга кўмаклашади.
Мисол. Исо алайҳиссалом шогирдлари учун ибодат қилганди (Юҳанно 17:9–17).
Мадҳлар айтиш. Агар, Тангри Яҳованинг ажойиб ишларию фазилатлари учун мадҳлар айтсак, Унга нисбатан ҳурмат ва меҳримиз ортиб боради. Шу тариқа, самовий Отамиз бўлмиш Аллоҳга янада яқинлашамиз.
Мисол. Парвардигорнинг яратган ижодлари учун, шоҳ Довуд Худовандга мадҳлар айтган (Забур 8- сано).
Ибодатлар орқали келадиган баракалардан яна бири — «Худо берган тинчлик»дир (Филиппиликларга 4:7). Ҳа, бугунги нотинч дунёда ҳам хотиржамликка эга бўлиб, ҳатто жисмонан фойда кўриш мумкин (Ҳикматлар 14:30). Бироқ бундай баракаларга шунчаки ўзимизнинг ҳаракатларимиз билан эриша оламизми? Бу саволга жавоб олиш учун, ушбу туркумдаги охирги мақолага назар ташлайлик.
[10- саҳифадаги матн парчаси]
Ибодатнинг жуда кўп баракалари, жумладан ҳиссий, жисмоний ва энг асосийси маънавий фойдаси бор