Ташига қарама, ичига қара
КАНАДАДАГИ Яҳованинг Шоҳидларидан бири Дон кўчада яшайдиган одамлар билан суҳбатлашиш учун астойдил ҳаракат қилади. Бундай кишилардан бири ҳақида у қуйидагиларни айтиб берди: «Уй-жойсиз бўлган Питер исмли киши мен тор кўчаларда учратган энг кир одамлардан бири эди. У ёқимсиз бўлиб, ўзини одамлардан олиб қочарди. Одамлар унга қилган меҳрибонликларини эса қайта-қайта рад этарди». Шундай бўлса-да, Дон вақти-вақти билан ушбу уйсиз кишига 14 йилдан ошиқ пайт давомида сабр ила меҳрибонлик кўрсатиб келди.
Бир куни Питер Дондан шундай деб сўради: «Нега мен учун қайғуряпсиз? Бошқалар мени шунчаки четлаб ўтишади. Нима учун мен сизни қизиқтиряпман?» Биродаримиз Дон Питернинг юрагини жалб қилиш учун хушмуомалалик ила учта оятни қўллади. Даставвал, у Питердан Худонинг шахсий исми борлиги ҳақида билиш-билмаслигини сўраб, унга бу исмни Муқаддас Китобнинг Забур 83:18- оятидан билиб олишни таклиф қилади. Кейин Дон нима сабабдан у билан қизиқаётганини кўрсатиш учун Питердан Римликларга 10:13, 14- оятларни ўқиб беришини илтимос қилиб, унинг эътиборини «Яҳованинг исмини чақирадиган ҳар бир одам қутқарилади» деган сўзларга қаратади. Охири, Дон Матто 9:36 ни ўқиб беради ва кейин Питердан бу сўзларни ўзи ўқишини сўрайди. Мазкур оятда қуйидаги сўзлар ёзилган: «Исо оломонни кўриб уларга ачинди, чунки улар чўпонсиз қўйлардай тарқоқ ва ҳолдан тойган эдилар». Ўшанда Питернинг кўзига ёш қалқиди ва у: «Мен ҳам бундай қўйларнинг бириманми?» — дея сўради.
Шундан сўнг Питер ўзгаришни бошлади. У чўмилиб, соқолини тарашлади ва Дон унга берган яхшироқ кийимларни кийиб олди. Бундан буён Питер ўзини озода сақлашга ҳаракат қилди.
Питер кундалик тутарди. Дафтарининг илк қисмлари қайғули ва маъюс эди, аммо унинг охирги ёзувлари бошқача эди. Шундай ёзувларнинг бирида унинг қуйидаги сўзларини ўқиймиз: «Мен бугун Худонинг исмини билдим. Энди ибодат қилганимда, Яҳовага мурожаат қила оламан. Ахир Унинг исмини билиш мўъжиза-ку! Доннинг айтишича, қачон ва нимаики бўлмасин, Яҳова мени тинглашга доим вақт топадиган Дўстим бўлиши мумкин».
Питернинг якуний ёзувлари унинг укаси ва опасига атаб ёзилганди. Улар қуйидагича эди:
«Бугун ўзимни ёмон ҳис қиляпман. Ёшим ҳам ўтиб қолди. Лекин агар бу кун ҳаётимнинг сўнгги куни бўлса ҳам, мен дўстимни [Донни] яна жаннатда кўришимни биламан. Агар буни ўқиётган бўлсангизлар, демак мен ҳаёт эмасман. Бироқ агар мени кўмаётганингизда нотаниш бир киши келганини кўрсангизлар, у билан суҳбатлашинглар ва, илтимос, ушбу кичик кўк китобчани ўқинглар.a У ерда ёзилишича, мен дўстимни яна жаннатда кўраман. Мен бунга чин дилдан ишонаман. Сизларни севувчи Питер».
Питер дафн қилинганидан кейин унинг опаси Юмэ шундай айтиб берди: «Тахминан икки йил олдин Питер билан кўришгандик. Шунча йил ичида биринчи бор у жудаям бахтли кўринганди. У ҳатто кулиб қўйди». Юмэ Донга: «Бу китоб укамга берилган экан, демак у ўзгачадир. Шунга мен уни албатта ўқийман». Қолаверса, Юмэ Яҳованинг Шоҳидлари билан охирги чиққан адабиётлардан бирини — «Муқаддас Китоб таълимотлари» китобини тадқиқ қилишга рози бўлди.
Биз ҳам инсоннинг ташига эмас, қалбига қарашимиз, самимий севгимизни намоён этишимиз ва турли одамлар билан сабрли бўлишимиз мумкин. (1 Тим. 2:3, 4) Зеро, шундай йўл тутиб, инсоний нуқтаи назардан ташқи қиёфаси жозибали бўлмаган, аммо кўнгли гўзал бўлган Питерга ўхшаган инсонларнинг қалбига йўл топган бўламиз. Қолаверса, одамларнинг «дилига қарайдиган» Аллоҳ, ўз ўрнида, хушхабарни қабул қилишга мойил инсонларнинг қалбида ҳақиқат уруғини ўстиришига амин бўлишимиз мумкин. (1 Шоҳ. 16:7; Юҳан. 6:44)
a Бу ерда Питер унга бундан бир неча йил олдин берилган ва Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказиш учун мўлжалланган «Абадий ҳаётга етаклайдиган ҳақиқат» номли адабиётга ишора қилади. Бу китоб илгари Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чоп этилган, ҳозир эса нашр қилинмайди.