93- ҲИКОЯ
Исо кўпчиликни тўйдирди
ДАҲШАТЛИ воқеа юз берди. Ҳозиргина Яҳё пайғамбарни ўлдиришди. Уни, шоҳнинг хотини Ҳиродия ёқтирмасди. Ва унинг бошини олдиришга шоҳни мажбур қилди.
Исо буни эшитиб, жуда қайғурди. У хилват жойга кетди. Аммо халойиқ унинг орқасидан эргашди. Исо тумонат одамни кўриб, уларга ачинди. У Худонинг Шоҳлиги ҳақида гапириб бериб, хасталарни шифолади.
Оқшом тушгач, шогирдлари унинг ёнига келиб: «Энди вақт кеч бўлиб қолди, бу ерларда эса ҳеч ким яшамайди. Халойиққа рухсат бергин, қишлоқларга бориб ўзларига овқат сотиб олсинлар»,— дедилар.
— Улар кетишлари керак эмас,— деб жавоб берди Исо. — Сиз уларга овқат беринг. — Ва Филипга қараб: «Халойиқни тўйғазиш учун қаердан овқат сотиб оламиз?» — деб сўради.
— Буларнинг ҳар бирига оз-оздан берсак ҳам, жуда кўп пул керак-ку,— деб жавоб берди Филип. Шунда Идрис: «Бу ерда бир болада бешта нон ва иккита балиқ бор. Лекин кўпчиликка бу нима ҳам бўлар эди»,— деди.
— Одамларни майсазорга ўтқазинглар,— деди Исо. Сўнг овқат учун Худога шукрона дуосини айтиб, нонни бўлиб берди. Кейин эса шогирдлари нон ва балиқни одамларга тарқатиб чиқишди. Бу ерда 5 000 та эркак ва минглаб аёл ва болалар йиғилган. Ҳамма еб тўйди. Шогирдлари ортиб қолган бурда нонларни териб олишганида, нақ 12 сават чиқди!
Бундан сўнг Исо шогирдларидан, қайиққа тушиб, Жалила кўлини сузиб ўтишларини сўради. Кечаси қаттиқ шамол эсиб, қайиқ тўлқинларда чайқала бошлади. Шогирдлар даҳшатга тушишди. Тўсатдан, тонготар пайтида, кўл устида улар томон юриб келаётган кимсани кўришди. Бу кимлигини тушунмай, қўрқувдан қичқириб юборишди.
— Қўрқманглар! Бу менман,— деди Исо. Лекин улар барибир иккиланишмоқда. Шунда Бутрус: «Ё Ҳазратим, агар бу сен бўлсанг, менга буйруқ бер, мен сув устида юриб сенинг ёнингга борай»,— деди. Исо: «Кел!» — деди. Шунда Бутрус қайиқдан чиқиб, сув устида юра бошлади! Аммо бирдан Бутрус қўрқиб кетиб, чўка бошлади, бироқ Исо уни қутқариб қолди.
Кейинроқ Исо яна минглаб одамларни тўйдирди. Бу гал у еттита нон ва бир неча кичик балиқлар билан буни қилган эди. Овқат яна ҳаммага етиб ортди. Исонинг инсонларга кўрсатган ғамхўрлиги нақадар ажойиб, шундай эмасми? Исо, Худо томонидан тайинланган Шоҳ бўлиб бошқарган пайтда, биз ҳеч нарсадан қайғурмаймиз!