100- ҲИКОЯ
Исо боғда
БОЛОХОНАДАН чиқиб, Исо ҳаворийлари билан Гетсемания боғига қараб йўл олди. Улар бу ерга илгари ҳам келиб туришарди. Исо, ҳаворийларига сергак бўлиб, ибодат қилишларини айтди. Ўзи эса нарироқ бориб, ерга юз тубан тушиб ибодат қилди.
Бундан сўнг Исо ҳаворийларининг ёнига қайтиб келди. Хўш, улар нима қиляпти деб ўйлайсиз? Улар ухлаб ётишибди! Исо уч марта қайтиб келганида, уларни ухлаб ётган ҳолда кўриб, сергак бўлишларини айтди. Исо учинчи марта қайтиб келгач: «Бундай бир фурсатда қандай ухлай оласизлар? Ахир, ҳозирнинг ўзида душманларнинг қўлига тутиб бериламан»,— деди.
Шу пайт яқинлашиб келаётган оломоннинг шовқини эшитилди. Қаранг! Улар қилич ва таёқлар билан қуролланган! Қўлларида йўлларини ёритиш учун машъаллари ҳам бор. Оломон яқинлашганида, орасидан бир одам чиқиб, Исонинг олдига яқинлашди. Бу ерда кўриб турганингиздек, у Исони ўпяпти. Бу одам Яҳудо Ишқариёт! Нима учун у Исони ўпяпти?
— Яҳудо, сен менга ўпиш билан хиёнат қиляпсанми? — деб сўради Исо. Ҳа, ўпиш — бу белги эди. Яҳудо бундай қилиб, ўзи билан келганларга, қайси бири Исо эканлигини кўрсатяпти. Шунда Исонинг душманлари уни тутиш учун олдинга ташланишди. Бироқ Бутрус Исони олиб кетишларини хоҳламади. У қиличини қинидан суғуриб, ёнида турган одамга йўналтирди. Қилич одамнинг бошига сал тегмай, ўнг қулоғини чопиб ташлади. Аммо Исо одамнинг қулоғига қўл тегизиб, асл ҳолига қайтарди.
Бутрусга эса шундай деб буюрди: «Қиличингни жойига қайтариб қўй. Отамга илтижо қилсам, У менга ёрдамга минглаб фаришталарни юбориши мумкинлигини билмайсанми?». Исо албатта шундай қила олар эди! Аммо Исо Отасидан фаришталарни юборишни сўрамади, чунки ҳозир душманларининг уни олиб кетиш вақти эди. Шу сабабли у бўйсунди ва уни олиб кетишди. Келинг, Исо билан бундан кейин нима содир бўлганини билиб олайлик.