Нутқ режасини тузиш
КЎПЧИЛИК биродарлар нутқ тайёрлашаётганда, қўлига қоғоз ва қаламни олиб, нутқнинг кириш сўзларидан то хотимасигача ёзишга одатланиб қолишган. Бир неча соатлик меҳнатдан сўнг, нутқ ҳам тайёр, ахлат қутиси ҳам хомаки ишланган нутқ режасига тўлган.
Нутқ тайёрлашнинг бундай усули сизга танишми? Бунинг оддий усулини ўрганишни истайсизми? Биласизми, нутқ режасини тузишни ўрганиб олсангиз, бас. Нутқни бошидан охиригача сўзма-сўз ёзишнинг ҳожати қолмайди. Қайтага, машқ қилишга ҳам кўпроқ вақт бўлади. Устига-устак, нутқингиз янада қизиқарли ва ҳаракатга ундайдиган бўлиб, уни эркин тарзда сўзлай оласиз.
Оммавий нутқ билан чиқадиган биродарларга нутқ режаси тақдим этилади. Аммо кўп ҳолларда, нутқ режаси берилмай, шунчаки нутқнинг предмети ёки муайян мавзу берилади. Ёки тайёр мақола асосида нутқ айтиш топширилиши мумкин. Баъзида эса, ҳатто шунчаки нима ҳақида ва қандай қилиб гапириш кераклигини айтишади, холос. Ушбу барча ҳолларда, ўзингиз нутқ режасини тузишингиз лозим.
Бундай режа қандай кўринишда бўлиши мумкинлиги 41- саҳифада кўрсатилган. Эътибор берган бўлсангиз, у ерда ҳар бир асосий фикр бош ҳарфлар билан ёзилган бўлиб, чап томондаги ҳошиянинг ёнгинасида жойлашган. Ҳар бир асосий фикрдан кейин, уни қувватловчи иккинчи даражали фикрлар келтирилган. Иккинчи даражали ушбу фикрларни ойдинлаштирадиган фикрлар эса улардан кейин келтирилиб, янги сатрдан бошланган ва ўнг тарафга кўпроқ силжиган ҳолда ёзилган. Бу режани яхшилаб ўрганиб чиқинг. Эътибор беринг, иккита асосий фикр мавзу билан бевосита боғлиқ. Кўриб турганингиздек, иккинчи даражали фикрлар ҳам шунчаки қизиқарли бўлгани учун қўйилгани йўқ. Уларнинг ҳар бири юқоридаги асосий фикрни қўллаб турибди.
Эҳтимол, сиз тайёрлаган нутқ режаси ушбу китобдагидан фарқ қилар. Асосийси, нутқ режасини тузишнинг моҳиятини тушунсангиз, маълумотларни тўғри тақсимлай оласиз ва нутқни ҳам қисқа вақт ичида тайёрлай оласиз. Буни нимадан бошласа бўлади?
Таҳлил қилинг, танланг ва тақсимланг
Аввало сизга мавзу керак бўлади. Мавзу — шунчаки, масалан бир сўз билан ифодалаш мумкин бўлган умумий фикр эмас. Бу, тингловчиларга етказиб беришингиз керак бўлган марказий ғоя ҳисобланади. Предметни қайси томондан ёритиб бериш мумкинлигини, мавзу кўрсатиб беради. Агар мавзу берилган бўлса, ундаги барча сўзларни кўздан кечиринг. Мабодо мавзуни қандайдир мақолага асослаб ёритиб бериш керак бўлса, мавзуни хаёлингизда ушлаб, ушбу мақолани тадқиқ қилинг. Борди-ю, сизга нима ҳақида гапириш кераклиги айтилган бўлса, мавзуни ўзингиз танлашингиз лозим. Бундан олдин эса, қисқача изланиш олиб бориш керак. Кузатувчан бўлсангиз, мавзуга бошқа томондан ёндаша оласиз.
Ушбу қадамларни қўйганингиздан сўнг, ўзингизга қуйидаги саволларни бериб кўринг: «Бу маълумот тингловчиларимга нима учун муҳим? Мақсадим қандай?» Сизнинг мақсадингиз, керакли маълумотларни шунчаки етказиш ва нутқни ёдда қоладиган қилиш эмас. Тингловчиларингиз нутқдан фойда олишлари даркор. Улар айнан қандай фойда олишлари кераклигини аниқлаганингиздан кейин, буни ёзиб қўйинг ва тайёргарлик давомида уни ёдда сақланг.
Мақсадингизни аниқлаб олиб, мавзуни танлаб бўлганингиздан (ёки мавзу билан мақсад орасидаги боғлиқликни кўра олганингиздан) кейин, изланишни айнан шу йўналиш бўйича ўтказишингиз мумкин. Тингловчиларингиз қадрли деб биладиган нарсани топишга ҳаракат қилинг. Умумий қилиб гапириш билан чегараланиб қолманг. Аксинча, аниқ, мазмунга бой ва ҳақиқатан ҳам фойдали фикрларни топишга интилинг. Бироқ изланиш ўтказишда ошириб юборманг. Одатда, топилган маълумот керагидан ҳам ортиб кетади. Натижада, кераксизини олиб қўйишга тўғри келади.
Мавзуни ёритиб бериш ва мақсадга эришиш учун, асосий фикрларни аниқлашга ҳаракат қилинг. Улар нутқингизнинг ўзаги ҳамда пойдевори ҳисобланади. Ўзи нечта асосий фикр бўлиши керак? Катта бўлмаган муҳокама учун иккита, бир соатлик нутқлар учун эса бештаси етарлидир. Асосий фикрлар қанчалик оз бўлса, тингловчилар уларни шунчалик яхши эслаб қолишади.
Мавзу билан асосий фикрлар тайёр бўлган бўлса, йиғилган маълумотларни тақсимлаш керак. Асосий фикрларга бевосита боғлиқ бўлганларини ажратиб олинг. Нутқингизни жонли қиладиган фикрларни саралаб қўйинг. Асосий фикрларни тасдиқловчи оятларни танлаганингизда, уларни мазмунли шарҳлаб беришда кўмаклашадиган фикрларни танлаб қўйинг. Асосий фикрлардан кейин келадиган иккинчи даражали фикрларни ҳам ёзиб қўйинг. Мабодо қайсидир маълумот ҳатто жуда қизиқарли бўлса-да, биронта асосий фикр билан боғлиқ бўлмаса, уларни қўшмай қўя қолинг. Жуда бўлмаганда, уни сақлаб қўйинг, эҳтимол бошқа сафар қўлларсиз. Нутққа энг кераклисини киритинг. Агар, маълумот кўп бўлса, тез гапиришингизга тўғри келади. Натижада эса, ҳеч қайси фикрни яхши ёритиб бера олмайсиз. Яхшиси озгина бўлса ҳам, тингловчилар учун фойдали ва амалий қилиб етказган маъқул. Чегараланган вақтдан ошириб юборманг.
Тайёргарликнинг шу босқичида, ҳатто олдинроқ ҳам, маълумотни мантиқий тартибда тақсимлашингиз лозим. Инжилни ёзишда иштирок этган Луқо ҳам шундай қилган. У масалага алоқадор кўпгина далилларни йиққач, уларни «мантиқий тартибда» тақсимлаган (Луқо 1:3). Маълумот тақсимлашнинг турли усуллари мавжуд. Масалан, хронологик, мавзу бўйича, сабаб ва оқибат ҳамда муаммо ва ечим тариқасида тақсимлаш мумкин. Асосийси, танлаган усулингиз мақсадингизга эришишга кўмаклашсин. Қолаверса, бир фикрдан иккинчисига сакраб ўтманг. Тингловчиларингиз, айтилаётган фикрларнинг йўналишини қийналмасдан кузатишсин. Аниқроғи, маърузангизда мантиқий тартиб кўриниб турсин. Маълумотни тақсимлаётганингизда, нутқингиз тингловчилар томонидан қандай қабул қилинишини ёдда тутинг. Айтилаётган фикрларни осонликча илғашадими? Улар эшитишаётганларига мувофиқ ҳаракат қилишга чорланишадими? Бу, сиз қўйган мақсад билан ҳамоҳанг бўладими?
Энди, нутқда айтиладиган нарсаларга тингловчиларнинг қизиқишини уйғота оладиган ва нутқ улар учун фойдали эканини кўрсатиб турадиган кириш сўзларини ўйлаб қўйинг. Истасангиз, кириш сўзларини ёзиб олинг. Охирида эса, мақсадга мувофиқ ҳаракатга ундовчи хотима тайёрланг.
Нутқ режасини эртароқ тайёрлаб қўйсангиз, унинг устидан ишлаш учун ҳам вақт етарли бўлади. Балки, қайсидир жойида тасдиқлаш мақсадида яққол мисол, ҳаётий воқеа ёки статистик маълумот қўшиб қўйишни лозим деб топарсиз. Мисол тариқасида дунёда содир бўлаётган ёки ҳудудингиздаги одамларни қизиқтирган ҳодисалардан келтирсангиз, нутқингиз тингловчилар учун долзарб эканини кўрсатган бўласиз. Нутқингизни қайта кўриб чиқиш орқали, топилган маълумотни тингловчиларга янада мослаштира оласиз. Яхши маълумотдан юракка таъсир этадиган амалий нутқ чиқиши учун, таҳлил қилиш ва устидан ишлаш ўта муҳим.
Баъзи маърузачилар нутқ режасини қисқагина ёзиб қўйишса, бошқалари батафсил қилиб ёзишни маъқул кўришади. Аммо маълумотни бир нечта асосий фикрларга бўлиб, бевосита боғлиқ бўлмаганларини олиб ташласангиз ва уни мантиқий тартибда тақсимласангиз, бироз вақт ўтганидан сўнг, нутқни сўзма-сўз ёзиб олишнинг ҳожати йўқ эканига амин бўласиз. Ана шунда, вақтни тежай оласиз! Бундан ташқари, нутқ айтиш маҳорати ҳам ошиб бораверади. Буларнинг ҳаммаси, Воизлик мактабидан чинакам фойда олаётганингизни яққол кўрсатиб туради.