9- БОБ
Васвасаларга қарши туринг
КИМДИР сизни ёмон иш қилишга ундаганми? ~ Балки у сизни гижгижлаб: «Қани, бўл энди, қўрқма!» — дегандир? Ёки: «Бунинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ, ишонавер, роса маза қиласан!» — деб айтгандир? Бундай дегани билан, аслида у сизни васвасага солган бўлади.
Биров бизни васвасага солса, нима қилишимиз керак? Унинг гапига кириб, ёмон иш қилишимиз керакми? ~ Бу билан Тангри Яҳовани ранжитиб қўйишимиз мумкин. Лекин бундан бир кимса хурсанд бўлади. Биласизми ким? ~ Тўппа-тўғри, Иблис Шайтон.
Шайтон Худонинг ҳам, бизнинг ҳам душманимиздир. Биз уни кўра олмаймиз, чунки у руҳдир. У эса бизни кўра олади. Бир куни Иблис, Улуғ Устозимиз бўлмиш Исога гапириб, уни васвасага солмоқчи бўлган. Келинг, ўшанда Исо нима қилганлигини билиб олайлик. Бу бизга, васвасага дуч келганимизда қандай йўл тутиш кераклигини тушунишга ёрдам беради.
Исо доимо Худонинг хоҳишини бажаришга интиларди. У Иордан дарёсида сувга чўмиб, буни очиқчасига кўрсатган. Исо сувга чўмганидан кўп ўтмай, Шайтон уни васваса қила бошлади. Муқаддас Китобда айтилишича, ўшанда Исо учун «осмон очилиб кетди» (Матто 3:16). Эҳтимол, шу пайт Исо Худо билан осмонда яшаган дамларини эслагандир.
Исо сувга чўмганидан кейин, эслаган нарсалари тўғрисида мулоҳаза қилиш учун саҳрога кетди. У қирқ кечаю, қирқ кундуз ўша ерда эди. Бу вақт мобайнида у ҳеч нарса емай, роса оч қолди. Айнан ўшанда Шайтон Исони васваса қила бошлади.
Иблис Исога шундай деди: «Агар сен Худонинг ўғли бўлсанг, мана бу тошларга буюр, улар нонга айлансин». Ўша дамда нон бўлса қандай маза бўларди-я! Нима деб ўйлайсиз, Исо тошларни нонга айлантира олармиди? ~ Албатта айлантира оларди. Нима учун? Ахир, у Худонинг Ўғли бўлиб, катта қудратга эга эди-да.
Агар Иблис сиздан илтимос қилганда, тошни нонга айлантирармидингиз? ~ Ахир, Исонинг қорни оч эди. Наҳотки, буни бир марта бўлса ҳам қилиши мумкин эмасди? ~ Исо ўз кучидан бундай мақсадда фойдаланиш нотўғри эканини биларди. Яҳова унга бу кучни ўз фойдаси учун қўлласин, деб эмас, балки одамларни Худога яқинлашишга ундасин, деб берган.
Шунинг учун Исо Шайтонга Муқаддас Китобда ёзилган мана бу сўзларни эслатди: «Одам фақат нон билан эмас, балки Яҳованинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз билан яшайди». Ҳа, Исо учун Яҳовани хурсанд қилиш, овқат ейишдан ҳам муҳимроқ эди.
Лекин Шайтон уни яна васвасага солишга уринди. У Исони Қуддусга олиб бориб, маъбаднинг баланд деворига чиқариб қўйди. Шайтон Исога шундай деди: «Агар сен Худонинг ўғли бўлсанг, ўзингни пастга ташла-чи. Ахир, Худонинг фаришталари сени бало-қазолардан қутқаришади, деб ёзилган-ку».
Нима учун Шайтон бундай деган? ~ У Исони васвасага солиб, аҳмоқлик қилишга ундамоқчи эди. Аммо шунда ҳам Исо Шайтоннинг гапларига лаққа тушмади. У Шайтонга шундай деди: «“Тангринг Яҳовани синама”,— деб ёзилган жойи ҳам бор». Исо ҳаётини хавф остига солиб, Яҳовани синаш яхши эмаслигини биларди.
Шайтон эса ниятидан қайтмоқчи эмасди. Бу сафар у Исони жуда баланд тоққа олиб чиқди. Ўша ерда Шайтон Исога дунёнинг барча шоҳликларини, яъни ҳукуматларини ва уларнинг шуҳратини кўрсатди. Кейин у Исога шундай деди: «Буларнинг ҳаммасини сенга бераман, фақат менга бир марта тиз чўкиб сажда қилсанг бас».
Шайтон Исога нима бермоқчи бўлганлиги ҳақида бир ўйлаб кўринг-а! Наҳотки дунёнинг барча шоҳликлари, яъни ҳукуматлари Шайтонга тегишли бўлса? ~ Буни Исо инкор этмаган. Агар шундай бўлмаганда, Исо бу ҳақда айтарди. Ҳа, Шайтон чиндан ҳам дунёнинг барча ҳукуматлари устидан бошқаряпти. Муқаддас Китобда у, «бу дунёнинг ҳокими», деб номланган (Юҳанно 12:31).
Агар Иблис сизга: «Менга сажда қилсанг, хоҳлаган нарсангни бераман»,— деганда сиз нима қилардингиз? ~ Исо билардики, Иблис нима беришидан қатъи назар, унга сажда қилиш нотўғри. Шунинг учун Исо: «Йўқол кўзимдан, Шайтон! Чунки Муқаддас Ёзувларда: “Тангринг Яҳовага сажда қил, биргина Унга муқаддас хизматни адо эт”,— деб айтилган»,— деди (Матто 4:1–10; Луқо 4:1–13).
Биз ҳам турли васвасаларга дуч келамиз. Биласизми, қанақа васвасаларга? ~ Мана бир мисол. Айтайлик, ойингиз ширин торт пиширди. Овқат ейиш вақти келмагунча унга тегиш мумкин эмас, деди. Сиз эса жуда оч қолдингиз ва озгина татиб кўргингиз келяпти. Хўш, сиз ойингизга қулоқ соласизми? ~ Шайтон, ойингизга қулоқ солмаслигингизни хоҳлайди.
Исони эсланг. Унинг ҳам қорни оч қолганди. Лекин у Худони хурсанд қилиш овқат ейишдан ҳам муҳимроқ эканини биларди. Агар сиз ойингизнинг гапига кирсангиз, Исога тақлид қилган бўласиз.
Энди яна бир мисолни олайлик. Фараз қилинг, болалар сизга нос беришяпти. Улар: «Оғзингга нос солсанг, кайф қиласан»,— дейишяпти. Аслида эса, бу соғлигингизга зарар етказади. Сиз касал бўлиб, ўлиб қолишингиз мумкин. Ёки айтайлик, сигаретнинг ичига наша солиб, сизга чектиришмоқчи. Хўш, шунда нима қиласиз? ~
Яна Исони эсланг. Шайтон уни, ҳаётини хавф остига солиб, маъбад деворидан пастга сакрашга ундаётган эди. Исо эса бундай қилмади. Агар кимдир сизни ҳам хавфли бир иш қилишга ундаса, нима қиласиз? ~ Исо Шайтонга қулоқ солмаган. Шунинг учун, сиз ҳам ёмон иш қилишга ундаётган болаларнинг гапига кирманг.
Бир кун келиб, кимдир сизни Муқаддас Китобда ман этилган ишни қилишга, яъни бирон-бир нарсага сиғинишга ундаши мумкин (Чиқиш 20:4, 5). Бу, мактабингизда ўтказиладиган байрам ёки маросимда бўлиши мумкин. Эҳтимол: «Бундай қилмасанг, мактабдан ҳайдаласан»,— деб қўрқитишар. Шунда сиз нима қилардингиз? ~
Ҳамма билан биргаликда тўғри иш қилиш осондир. Аммо бошқалар сизни ёмон иш қилишга ундаса, тўғри йўл тутиш жудаям қийин кечади. Улар бу иш аслида ёмон эмас, деб сизни кўндиришга уринишар. Лекин энг муҳими, Худо бунга қандай қарайди? Ахир, У яхшироқ билади-ку.
Хуллас, бошқалар нима деса ҳам, биз ҳеч қачон Худога ёқмайдиган ишларни қилмаслигимиз керак. Шундай йўл тутиб, биз Иблисни эмас, Худони хурсанд қилган бўламиз.
Қуйидаги оятлардан, ёмон иш қилиш васвасасига қарши туришимизга ёрдам берадиган маслаҳатларни топишимиз мумкин: Забур 1:1, 2; Ҳикматлар 1:10, 11; Матто 26:41 ва 2 Тимўтийга 2:22.