1-БОБ
«Боринглар,... шогирд тайёрланглар»
Ҳаворийларнинг фаолияти китобининг таҳлили ва бизнинг вақтимиз билан боғлиқлиги
1–6. Яҳованинг Шоҳидлари қандай вазиятларда ваъз қилади? Мисол келтиринг.
ГАНАЛИК Ребекка исмли синглимиз мактабини ваъзгўйлик ҳудуди деб билади. Шунинг учун у доим сумкасида Муқаддас Китобга асосланган адабиётларни олиб юради. У танаффусда синфдошларига шоҳидлик бериш имконини излайди. Ребекка бир неча синфдоши билан тадқиқ бошлади.
2 Африка соҳилининг шарқий қисмида жойлашган Мадагаскар оролидаги кашшоф эру хотин олис қишлоққа етиб бориш учун жазирама иссиқда тахминан 25 километр йўл юрган. У ерда улар қизиқиш билдирган одамлар билан тадқиқ ўтказган.
3 Парагвай ва Парана дарёлари атрофида яшайдиган одамларникига бориш мақсадида парагвайлик ваъзгўйлар ҳамда 15 та мамлакатдан келган ихтиёрий хизматчилар қайиқ ясашган. Ҳажми 127 куб метр бўлган бу қайиқда 12 киши яшай оларди. Ундан фойдаланиб, Худо Шоҳлигининг ғайратли ваъзгўйлари бориш қийин бўлган жойларда хушхабарни эълон қилишган.
4 Узоқ Шимолда, Аляскадаги Яҳованинг Шоҳидлари ёз мавсумида саёҳатчиларга ваъз қилиш фурсатини қўлдан бой беришмасди. Об-ҳаво илиқ бўлганда, турли миллатдаги меҳмонларга тўла катта кемалар у ерга сузиб келарди. Шунда маҳаллий ваъзгўйлар Муқаддас Китобга асосланган турли тиллардаги адабиётларни стендларга қўйиб, меҳмонларга тақдим этишга шай туришарди. Бундан ташқари, ўша ҳудудлардаги олис қишлоқларда яшовчи алеут, атабаск, цимшиан ва тлинкитларга хушхабарни етказишда транспорт воситаларидан энг бебаҳоси самолёт эди.
5 Техаслик (АҚШ) Ларри биродарнинг ўзгача ҳудуди бор эди — ўзи яшаган қариялар уйи. У бахтсиз ҳодиса туфайли ногиронлар аравачасига михланган бўлса-да, вақтидан унумли фойдаланган. Ларри биродаримиз Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни ҳамда бу Шоҳлик ер юзи устидан бошқарганда ўзи ҳам юра бошлаши ҳақидаги умидни бошқалар билан баҳам кўрган. (Ишаё 35:5, 6)
6 Мьянманинг шимолида бўлган анжуманга бориш учун Мандалай шаҳридаги бир гуруҳ ваъзгўйлар уч кун кемада сузган. Улар хушхабарни ваъз қилишни хоҳлаб, ўзлари билан олган адабиётларни йўловчиларга берган. Кема тўхтаган ҳар бир шаҳарда ё қишлоқда бу ғайратли ваъзгўйлар кемадан тушиб, тезда ўша ҳудудни айланиб одамларга адабиётларни тарқатган. Шу пайт кемага янги йўловчилар чиққан, бу эса ваъз қилиб қайтган ваъзгўйлар учун хушхабарни уларга айтиш имконини берган.
7. Яҳованинг Шоҳидлари хушхабарни эълон этиш учун қандай усуллардан фойдаланади ва қайси мақсадда?
7 Ушбу мисоллардан кўриниб турганидек, ғайратли хизматчилар бутун дунё бўйлаб «Худонинг Шоҳлиги тўғрисида» кенг шоҳидлик беряпти. (Ҳавор. 28:23) Улар уйма-уй, кўча-кўйда ва телефон орқали одамлар билан суҳбат қуради. Автобусда, боғда ёки иш жойида танаффус вақтида улар Шоҳлик тўғрисида ваъз қилиш учун фурсатни бой бермайди. Усуллар фарқ қилиши мумкин, лекин мақсад битта — одам бор жойда хушхабарни баҳам кўриш. (Мат. 10:11)
8, 9. а) Нега жаҳон бўйлаб амалга оширилаётган ваъзгўйлик фаолиятини мўъжиза деса бўлади? б) Қандай қизиқарли савол туғиляпти ва жавобини топиш учун нима қилиш керак?
8 Қадрли китобхон, сиз ҳам 235 дан зиёд мамлакат ва ҳудудларда хушхабарни фаол ваъз қилаётганлар орасидамисиз? Унда, Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хабарни ёйиш билан боғлиқ, ақл бовар қилмас фаолиятда сизнинг ҳам ҳиссангиз бор! Жаҳон бўйлаб амалга оширилаётган бу фаолиятни чиндан ҳам мўъжиза деса бўлади. Оғир қийинчилигу синовларга йўлиқиб, ҳатто ҳукумат томонидан тақиқ ва шиддатли қувғунларга дуч келишса-да, Яҳованинг Шоҳидлари турли халқ вакилларига Шоҳлик тўғрисида кенг шоҳидлик беришяпти.
9 Қизиқ, нега ҳеч нарса, ҳатто Шайтоннинг қаршиликлари хушхабар тарқатилишини тўхтата олмаяпти? Буни билиш учун милодий биринчи асрда юз берган воқеаларни кўриб чиқиш керак. Боиси, биз — ҳозирда яшаётган Яҳованинг Шоҳидлари ўшанда бошланган ишни давом эттиряпмиз.
Ўта муҳим топшириқ
10. Исо ҳаётини нимага бағишлаган ва у нимани тушунган?
10 Имонлилар жамоатининг асосчиси Исо Масиҳдир. У ҳаётини Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни ваъз қилишга бағишлаган. Бир сафар у шундай деган: «Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни мен бошқа шаҳарларда ҳам ваъз қилишим керак. Ахир мен шунинг учун юборилганман». (Луқо 4:43) Исо бу ишни бир ўзи охиригача бажара олмаслигини тушунган. Ер юзидаги ҳаётининг сўнгги дамларида у Шоҳлик тўғрисидаги хабар «барча халқларга» эълон этилишини башорат қилган. (Марк 13:10) Хўш, бу иш ким томонидан ва қандай амалга оширилади?
11. Исо шогирдларига қандай муҳим вазифа топширган ва уларни нимага ишонтирган?
11 Исо тирилганидан кейин шогирдларига кўриниб, қуйидаги муҳим вазифани топширган: «Шунинг учун боринглар, барча халқлардан шогирд тайёрланглар. Уларни Ота, Ўғил ва муқаддас руҳ номи билан сувга чўмдиринглар. Мен сизларга амр этган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар. Замонанинг охиригача мен доимо сизлар билан бўламан». (Мат. 28:19, 20) «Сизлар билан бўламан» деган сўзлар Исо ваъзгўйлик ҳамда шогирд тайёрлаш ишида шогирдларини қўллаб-қувватлашини кўрсатяпти. Улар бундай ёрдамга муҳтож бўлган, чунки у: «Ҳамма халқлар сизлардан нафратланади»,— деб башорат қилган. (Мат. 24:9) Бундан ташқари, улар Исо кўпроқ ёрдам беришни ваъда қилганини билишган. Осмонга кўтарилишидан сал олдин Исо шогирдлари муқаддас руҳ орқали кучга тўлиб, «ҳатто ернинг четларига қадар» унинг шоҳидлари бўлишини уларга айтган. (Ҳавор. 1:8)
12. Қандай муҳим саволлар туғиляпти ва нега жавобини билиш зарур?
12 Баъзи муҳим саволлар туғиляпти: Исонинг ҳаворийлари ва биринчи асрдаги бошқа шогирдлари бу топшириққа жиддий ёндашганми? Ушбу кичик гуруҳ аёвсиз қувғунларга қарамай, Худонинг Шоҳлиги тўғрисида кенг шоҳидлик берганми? Шогирд тайёрлаш ишида Яҳова уларга ёрдам бериб, муқаддас руҳи ила қўллаб-қувватлаганми? Бу ва бошқа саволларнинг жавобини Ҳаворийлар китобидан топамиз. Нега буни билиш муҳим? Гап шундаки, Исо бу топшириқ «замонанинг охиригача» давом этишини ваъда қилган. Демак, бу барча масиҳийларга, жумладан, охирзамонда яшаётган бизларга ҳам тааллуқли. Шу боис Ҳаворийлар китобида тилга олинган тарихий воқеалар бизни бефарқ қолдирмайди.
Ҳаворийлар китобининг таҳлили
13, 14. а) Ҳаворийлар китобини ким ёзган ва маълумотни у қаердан олган? б) Ҳаворийлар китобининг мазмуни қандай?
13 Ҳаворийлар китобини ким ёзган? Муаллифнинг исми ёзилмаган бўлса ҳам, кириш сўзларидан у хушхабар ёзувчиси Луқонинг қаламига мансублиги аниқ кўриняпти. (Луқо 1:1–4; Ҳавор. 1:1, 2) Демак, бу китобни «севикли табиб» ва синчков тарихчи Луқо ёзгани азалдан маълум эди. (Колос. 4:14) Китобдаги воқеалар тахминан 28 йиллик даврни ўз ичига олади. Улар мил. 33 йили Исо осмонга кўтарилганидан бошлаб, тахминан мил. 61 йили ҳаворий Павлуснинг Рим қамоғидаги сўнгги дамларига қадар давом этади. Луқо «улар» олмошидан «биз» олмошига ўтиши ажабланарли эмас, чунки у баён этган кўп воқеаларнинг иштирокчиси бўлган. (Ҳавор. 16:8–10; 20:5; 27:1) Юз берган воқеаларни аниқ баён этиш учун у Павлус, Барнабо, Филип ва бошқалар билан шахсан гаплашган.
14 Ҳаворийлар китобининг мазмуни қандай? Илгари баён этган хушхабарда Луқо Исонинг гапларию ишлари ҳақида ёзган. Ҳаворийлар китобида эса у шогирдларнинг гапларию ишларини қаламга олган. У ерда ақл бовар қилмайдиган ишни амалга оширган кишилар тўғрисида ҳикоя қилинган. Улар «ўқимаган ва оддий одамлар» эди. (Ҳавор. 4:13) Қисқа қилиб айтганда, илоҳий илҳом билан ёзилган бу китобда имонлилар жамоатининг пайдо бўлиши ва ўсиши ҳақида гап кетади. У ерда биринчи асрдаги масиҳийлар қандай ваъз қилгани — хусусан қайси усуллардан фойдалангани очиб берилади. (Ҳавор. 4:31; 5:42) Унда хушхабарнинг ёйилишида муқаддас руҳнинг аҳамиятига эътибор қаратилади. (Ҳавор. 8:29, 39, 40; 13:1–3; 16:6; 18:24, 25) Қолаверса, Худонинг Каломидаги асосий мавзу — Масиҳнинг бошқаруви остидаги Самовий Шоҳлик орқали Аллоҳнинг исми муқаддас бўлиши ва хушхабар қаршиликларга қарамай ёйилиши кўрсатилган. (Ҳавор. 8:12; 19:8; 28:30, 31)
15. Ҳаворийлар китобини ўрганиш бизга қандай фойда келтиради?
15 Чиндан ҳам, Ҳаворийлар китобини ўрганиш қизиқарли бўлиб, имонимизга имон қўшади! Исонинг илк издошларининг жасоратию ғайрати ҳақида мулоҳаза юритиш қалбимизга таъсир қилади. Биринчи асрдаги биродару опаларимизнинг имонига тақлид қилиш истаги пайдо бўлади. Исонинг: «Боринглар,... шогирд тайёрланглар»,— деган топшириғини яхшироқ бажара оламиз. Ҳа, бу адабиёт Ҳаворийлар китобини пухта ўрганишингизга ёрдамлашиш мақсадида тайёрланган.
Муқаддас Китобни ўрганиш учун қўлланма
16. Ушбу адабиётда қандай учта мақсад кўзланган?
16 Ушбу адабиётнинг асосий мақсади нима? Учта мақсад кўзланган: 1) Яҳова муқаддас руҳи ила ваъзгўйлик ва шогирд тайёрлаш ишида бизни қўллаб-қувватлашига ишончимизни мустаҳкамлаш, 2) Исонинг биринчи асрдаги издошларининг мисолини ўрганиш орқали хизматга бўлган ғайратимизни кучайтириш ва 3) Яҳованинг ташкилотига ҳамда ваъзгўйлик ишида раҳбарликни ўз зиммасига олиб, жамоатларга кўз-қулоқ бўлган кишиларга ҳурматимизни ошириш.
17, 18. Бу китоб қандай тузилган ва унинг қайси хусусиятлари шахсий тадқиқда фойда келтиради?
17 Бу китоб қандай тузилган? У саккизта бўлимдан иборат бўлиб, ҳар бирида Ҳаворийлар китобининг муайян парчаси муҳокама қилинади. Кейинги бобларнинг мақсади: Ҳаворийлар китобини оятма-оят кўриб чиқиш эмас, балки ундаги воқеалардан сабоқ олиб, буни ҳаётда қандай қўллаш мумкинлигини кўрсатишдир. Ҳар бир бобнинг бошида у ерда нима ҳақида сўз юритилишига ва Ҳаворийлар китобининг қайси парчаси муҳокама қилинишига эътибор қаратилади.
18 Бу адабиётнинг бошқа хусусиятлари ҳам бор бўлиб, улар шахсий тадқиқда фойда келтиради. Ҳаворийлар китоби устида фикр юритаётганингизда, у ердаги ранг-баранг суратлар ўша воқеаларни хаёлан жонлантиришингизга кўмаклашади. Аксарият бобларда қўшимча маълумотни ўз ичига олган рамкалар бор. Айрим рамкаларда имонига тақлид қилиш арзийдиган инсонларнинг ҳаёти ҳақида ёзилган. Бошқаларида эса Ҳаворийлар китобида баён этилган жойлар, ҳодисалар, одатлар ёки инсонлар тўғрисида батафсил маълумот келтирилган.
19. Баъзида нима қилишимиз зарур?
19 Бу адабиёт ўзингизни текширишга ёрдам беради. Яҳовага қанчадан бери хизмат қилаётганингиздан қатъи назар, баъзида тўхтаб, ҳаётингизда нима биринчи ўринда экани ва хизматга бўлган муносабатингиз ҳақида фикр юритиш зарур. (2 Кор. 13:5) Ўзингиздан сўранг: «Вақт оз қолганини тушунаётганим хизматимда акс этяптими? (1 Кор. 7:29–31) Хушхабарни аминлик ва ғайрат ила ваъз қиляпманми? (1 Салон. 1:5, 6) Ваъзгўйлик ва шогирд тайёрлаш ишида имкон қадар кўпроқ иштирок этяпманми?» (Колос. 3:23)
20, 21. Нега топшириғимиз шунчалик муҳим ва нима қилишга қароримиз қатъий бўлиши керак?
20 Бизга ўта муҳим иш — ваъз қилиш ҳамда шогирд тайёрлаш топширилганини ёдда тутайлик. Бу топшириқнинг муҳимлиги кундан-кунга ошиб боряпти. Сабаби, бу замонанинг охири жуда яқин. Ҳали ҳеч қачон шунча кўп инсоннинг ҳаёти хавф остида бўлмаган. Чиндан ҳам хушхабарни қабул қилишга мойил бўлган яна қанча одам хабаримизга қулоқ солишини билмаймиз. (Ҳавор. 13:48) Бироқ кеч бўлмасидан уларга ёрдам бериш бизнинг вазифамиздир. (1 Тим. 4:16)
21 Шунинг учун биринчи асрдаги ғайратли ваъзгўйларнинг ўрнагига тақлид қилишимиз муҳим. Илойим, бу адабиётни синчковлик билан ўрганиш сизни хушхабарни янада ғайрат ва жасорат ила эълон қилишга ундасин. Бундан буён ҳам «Худонинг Шоҳлиги тўғрисида» кенг шоҳидлик бериш қарорингиз қатъий бўлсин. (Ҳавор. 28:23)