18-БОБ
«Аллоҳ, одамлар Уни астойдил излаб топишларини хоҳлайди»
Павлус тингловчилари билан умумийликни топиб, уларга мослашади
Ҳаворийлар 17:16–34 га асосланган
1–3. а) Нега ҳаворий Павлуснинг Афинада ғаши келди? б) Павлуснинг ўрнагини кўриб чиқиб нимани билиб оламиз?
ПАВЛУСНИНГ ғаши келиб турибди. У ҳозир Афинада (Юнонистон), бир вақтлар Сократ, Платон ва Аристотель таълим берган маданият марказида. Афина аҳолиси жуда диндор. У ҳамма жойда — маъбадларда, кўча-кўйда ва майдонларда кўплаб бутларни кўряпти, чунки афиналиклар бир талай худоларга сиғинади. Павлус ҳақ Тангри Яҳова бутпарастликка қандай қарашини билади. (Чиқ. 20:4, 5) Бу художўй ҳаворий ҳам Яҳова каби бутлардан нафратланади!
2 Павлус агорада, яъни бозор майдонида кўрганларидан даҳшатда. Бозорнинг асосий кираверишида, шимоли-ғарбий бурчакда Гермес худосининг жинсий аъзоси тасвирланган кўпгина ҳайкаллар турибди. Бозор майдони саждагоҳлар билан тўла. Қизиқ, бутпарастликка ботиб кетган бу шаҳарда ғайратли ҳаворий қандай ваъз қилади? У ҳис-туйғуларини жиловлаб, тингловчилари билан умумийликни топадими? Ҳақ Тангрини излаб топишга бирон кишини ундай оладими?
3 Павлуснинг ўқимишли афиналикларга қарата айтган нутқи Ҳаворийлар 17:22–31 да ёзилган бўлиб, яхши нотиқ, хушмуомала ва фаҳми тез бўлишда ўрнак бўла олади. Бу борада фикр юритар эканмиз, тингловчиларимиз билан қай йўсин умумийликни топиш ва уларга мулоҳаза юритишга кўмаклашиш мумкинлигини билиб оламиз.
«Бозор майдони»да ваъз қилиш (Ҳаворийлар 17:16–21)
4, 5. Павлус Афинанинг қаерида ваъз қилди ва қандай тингловчиларни учратди?
4 Павлус Афинага мил. 50 йили ўзининг иккинчи ваъзгўйлик сафари давомида ташриф буюрдиa. У Сила билан Тимўтий Вериядан қайтиб келишини кутаётиб, ўз одатига кўра «ибодатхонада яҳудийлар... билан музокара» қила бошлади. Шунингдек, Павлус агорага, яъни «бозор майдонига» чиқиб, Афинадаги яҳудий бўлмаган кишилар билан суҳбатлашарди. (Ҳавор. 17:17) Афинадаги агора Акрополдан шимоли-ғарбий томонда жойлашган бўлиб, тахминан 5 гектар майдонни эгалларди. Бозор майдони шунчаки олди-сотди қиладиган жой бўлмаган; у ер ижтимоий ҳаёт маркази ҳам эди. Бир китобга кўра, бозор майдони шаҳарнинг «иқтисодий, сиёсий ва маданий маркази» ҳисобланарди. Афиналиклар у ерда йиғилиб, ақл-заковатни ривожлантирадиган музокаралар олиб боришни ёқтиришарди.
5 Павлус бозор майдонида музокара қилиш осон бўлмаган тингловчиларни учратди. Улар қаторида эпикурчилар ва стоиклар — ўзаро рақобат қилган фалсафий мактаблар тарафдорлари бор эдиb. Эпикурчилар, ҳаёт тасодифан пайдо бўлганига ишонишарди. Уларнинг дунёқарашини қуйидагича ифодаласа бўлади: «Худодан қўрқишга ҳожат йўқ; ўлимдан кейин азоб-уқубат йўқ; ҳузур-ҳаловатга эришиш мумкин; ёвузликни енгиш мумкин». Стоиклар эса билимга эга бўлиш ва мантиқан фикр юритиш муҳим деб билишарди, бироқ Худо мавжуд Шахс эканига ишонишмасди. Эпикурчилар ҳам, стоиклар ҳам Масиҳнинг шогирдлари айтган тирилишга ишонишмасди. Шуниси аниқки, бу иккита мактабнинг фалсафий қарашлари Павлус ваъз қилган таълимотлардан, яъни масиҳийларнинг эътиқодидан фарқ қиларди.
6, 7. Айрим заковатли юнонлар Павлуснинг сўзларига қандай муносабат билдирди ва ҳозир баъзилар эътиқодимизга қандай муносабат билдиради?
6 Бу заковатли юнонлар Павлуснинг сўзларига қандай муносабат кўрсатишди? Баъзилари унга «маҳмадона» деб ном беришди, бу сўз юнончада «дон терувчи» деган маънога эга. (Ҳавор. 17:18) Бу юнонча ибора ҳақида бир олим шундай фикр билдирди: «Дастлаб бу сўз дон чўқиб юрган кичкина қушчаларга нисбатан қўлланиларди, кейин эса у бозор майдонида овқат қолдиқларини ва бошқа чиқиндиларни териб юрадиган одамларга қарата ҳам ишлатиладиган бўлди. Вақт ўтиб, бу сўз кўчма маънода маълумотнинг турли бўлакларини терган ва, айниқса, уларни тўғри тушунмайдиган инсонни англатадиган бўлди». Аслини олганда, бу заковатли кишилар Павлусни саводсиз кўчирмачи, деб ҳисоблашарди. Бироқ бу масхарали номдан Павлуснинг руҳи тушмади. Келинг, бу ҳақда батафсил билиб олайлик.
7 Ўша вақтдан бери ҳеч нарса ўзгармади. Муқаддас Китобга асосланган эътиқодимиз туфайли бизни ҳам тез-тез масхарали номлар билан аташади. Масалан, айрим муаллимлар эволюция назарияси факт эканини ва ақлли бўлсангиз, уни қабул қилишингиз кераклигини таъкидлайди. Бунга ишонишни хоҳламаган кишиларни эса саводсиз деб атайди. Бу каби заковатли одамлар биз Муқаддас Китобда нима дейилгани ҳақида айтиб, барча нарсанинг Яратувчиси борлигини таъкидлаганимизда, бизни «маҳмадона»га чиқаришга уринишади. Аммо бу бизни қўрқитмайди. Аксинча, ердаги ҳаётни доно Парвардигор, Тангри Яҳова яратгани борасидаги эътиқодимизни ҳимоя қилганимизда ишонч билан гапирамиз. (Ваҳ. 4:11)
8. а) Баъзилар Павлуснинг сўзларига қандай муносабат билдирди? б) Павлусни Ареопагга қайси мақсадда олиб боришган бўлиши мумкин? (142-саҳифадаги изоҳга қаранг.)
8 Бозор майдонида Павлуснинг сўзларини эшитган бошқа кишилар умуман бошқача муносабат билдирди. Улар: «У ёт худоларнинг воизига ўхшайди»,— деб айтишарди. (Ҳавор. 17:18) Хўш, Павлус чиндан ҳам афиналикларга янги худолар тўғрисида гапирганми? Бу жиддий масала эди, негаки бир неча аср олдин шу каби ғоя учун Сократ ўлимга маҳкум этилганди. Шу боис Павлусни Ареопагга олиб бориб, афиналикларга ғалати туюлган таълимотларни тушунтириб беришини сўрашгани ажабланарли эмасc. Қизиқ, Муқаддас Ёзувларни билмаган одамларга Павлус қандай ваъз қилади?
«Эй афиналиклар» (Ҳаворийлар 17:22, 23)
9–11. а) Павлус аввалига нима ҳақида гапирди? б) Хизматда Павлусга қандай тақлид қила оламиз?
9 Эсингизда бўлса, бутпарастлик кенг тарқалганини кўриб Павлуснинг ғаши келганди. Лекин у ғазабга минмади, аксинча, хотиржамликни сақлади. Павлус қўлдан келганча хушмуомала бўлиб, тингловчилари билан умумийликни топди ва диққатини жалб қилишга интилди. У шундай гап бошлади: «Эй афиналиклар, сизлар бошқаларга қараганда ҳар томонлама художўй кишилар экансиз». (Ҳавор. 17:22) Бошқача айтганда, у: «Сизлар жуда диндор экансиз»,— дегандай бўлди. Павлус донолик ила уларни художўй эканликда мақтади. У сохта дин таълимотлари дастидан зеҳнлари кўр бўлган баъзилар хушхабарни тинглашга мойил бўлиши мумкинлигини тушунарди. Чунки бир вақтлар ўзи ҳам хабарсиз юргани учун «имонсизларча йўл тутган»и эсида эди. (1 Тим. 1:13)
10 Кейин у афиналиклар художўй эканини тасдиқлайдиган бир нарсага кўзи тушганини айтди. Бу «Номаълум Тангрига» бағишланган қурбонгоҳ эди. Бир манбага кўра, «юнонларда ва бошқа халқларда қурбонгоҳларни “номаълум худоларга” бағишлаш одати бўлган, чунки улар топинишида қайсидир худони унутиб, уни ранжитишдан қўрқишарди». Бундай қурбонгоҳларни барпо этиб, афиналиклар ўзлари билмаган Худо борлигини тан олишарди. Павлус бу қурбонгоҳни тилга олиб, астагина хушхабарга ўтди. У шундай деб тушунтирди: «Айнан сизлар билмай туриб сиғинаётган Худо ҳақида мен сизларга ваъз қиляпман». (Ҳавор. 17:23) Павлус ҳам хушмуомала, ҳам таъсирли тарзда музокара қилди. Айримлар таъкидлаганидай, у янги ёки ёт худо тўғрисида ваъз қилмаганди. У ўша номаълум Тангри — ҳақ Худо эканини тушунтирди.
11 Биз-чи, хизматда унга қандай тақлид қилсак бўлади? Зийрак бўлсак, одамнинг таққан ёки уйида ё ҳовлисида дин билан боғлиқ нарсаларни кўриб, у художўй инсон эканини аниқлай оламиз. Кейин унга шундай деб айтармиз: «Сиз художўй экансиз. Мен айнан шундай инсон билан суҳбатлашмоқчи эдим». Одамнинг дин билан боғлиқ туйғуларини инобатга олиб, суҳбат учун умумий мавзуни топа оламиз. Бошқалар ҳақида уларнинг эътиқодига қараб хулоса чиқаришни хоҳламаслигимизни унутманг. Имондошларимиз орасида ўтмишда сохта дин таълимотларига чин дилдан ишонганлар ҳам оз эмас.
Аллоҳ «ҳар биримизга яқин» (Ҳаворийлар 17:24–28)
12. Павлус ваъз қилиш усулини тингловчиларига қай йўсин мослаштирди?
12 Павлус тингловчилари билан умумийликни топгач, бунинг асосида ваъз қилишни давом эттира олдими? Улар юнон фалсафасини яхши билишини, лекин Муқаддас Ёзувлардан бехабар эканини инобатга олиб Павлус уларга ваъз қилиш усулини ўзгартирди. Биринчидан, у ҳеч қандай оят келтирмасдан Каломдаги таълимотларни етказди. Иккинчидан, у гоҳида «биз» олмошини қўллаб ўзини тингловчиларидан ажратмади. Учинчидан, унинг айтганлари юнон адабиётларида қисман акс этганини кўрсатиш учун у ердан иқтибос келтирди. Келинг, энди Павлуснинг таъсирли нутқини кўриб чиқайлик. У афиналиклар Худо ҳақида билмаган қайси муҳим ҳақиқатларни очиб берди?
13. Коинотнинг пайдо бўлгани тўғрисида Павлус нима деган ва сўзларининг моҳияти нимадан иборат?
13 Аллоҳ дунёни яратган. Павлус шундай деди: «Дунёниd ва ундаги барча нарсани яратган Аллоҳ, еру осмоннинг Рабби, қўл билан қурилган маъбадларда яшамайди». (Ҳавор. 17:24) Коинот тасодифан пайдо бўлмаган. Барча нарсани ҳақ Тангри яратган. (Заб. 146:6) У осмону ернинг Олий Ҳукмдори бўлиб, одамлар қурган маъбадларда яшамайди ва шарафга эга бўлиш учун саждагоҳлар ёки маъбадларга муҳтож бўлган Афина ёки бошқа худолардай эмас. (3 Шоҳ. 8:27) Павлус айтган сўзларнинг моҳияти аниқ: ҳақ Тангри инсон қўли билан қурилган маъбадлардаги ясама бутлардан анча улуғроқ. (Ишаё 40:18–26)
14. Худо одамларга муҳтож эмаслигини Павлус қандай кўрсатди?
14 Худо одамларга муҳтож эмас. Бутпарастлар сиғинган бутларини чиройли либослар билан безатиб, уларга қимматбаҳо ҳадялар, егулик ва ичимликлар олиб келишган. Уларнинг фикрича, бутлар буларнинг барига муҳтож. Бироқ Павлусни тинглаган айрим юнон файласуфлари Худо одамларнинг ҳеч нарсасига муҳтож эмас, деб ҳисоблаган бўлса керак. Агар шундай бўлса, улар Павлуснинг Аллоҳ «Бирон нарсага муҳтож эмаски, Унга инсон қўллари билан хизмат қилиб бўлса» деган сўзларига қўшилишгандир. Ҳа, Яратувчимиз инсоннинг ҳеч нарсасига муҳтож эмас! Аксинча, одамлар муҳтож бўлган «ҳаёт, нафас ва барча нарсани», жумладан, қуёш, ёмғир ва ҳосилдор ерни Худо бериб келяпти. (Ҳавор. 17:25; Ибт. 2:7) Демак, ҳамма нарсани бераётган Аллоҳ бизга муҳтож эмас, биз Унга муҳтожмиз.
15. Павлус афиналиклар бошқа халқлардан устун эмаслигини қай йўсин кўрсатди ва ундан қандай сабоқ олсак бўлади?
15 Тангри инсонни яратган. Афиналиклар ўзини бошқа халқлардан устун деб билишарди. Лекин ўз миллати ёки ирқи билан мағрурланиш Муқаддас Китобдаги ҳақиқатга зид. (Қонун. 10:17) Павлус бу нозик масалани хушмуомала ва моҳирона тарзда очиб берди. У: «Худо барча миллатларни бир одамдан вужудга келтирди»,— деб айтган сўзлар тингловчиларини ўйлантириб қўйган бўлса керак. (Ҳавор. 17:26) Павлус инсонларнинг аждоди бўлмиш Одамато тўғрисидаги Ибтидо китобида ёзилган баёнотга ишора қилди. (Ибт. 1:26–28) Барча инсонлар битта одамдан келиб чиққани учун ҳеч қайси ирқ ёки миллат бошқасидан устун эмас. Павлуснинг тингловчилари у нима демоқчи эканини тушунишди. Ундан қандай сабоқ олсак бўлади? Ваъзгўйликда хушмуомала ва мулоҳазакор бўлсак ҳам, одамларнинг кўнглини топиш ниятида Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни ўзгартириб кўрсатмаймиз.
16. Аллоҳ одамлар учун нимани ният қилган?
16 Аллоҳнинг ниятига кўра, одамлар Унга яқинлашиши керак. Павлусни тинглаган файласуфлар одамлар пайдо бўлганининг мақсади ҳақида узоқ баҳс-мунозара юритишган бўлса ҳам, улар буни ҳеч қачон қониқарли тарзда тушунтира олишмасди. Павлус эса: «Аллоҳ, одамлар Уни астойдил излаб топишларини хоҳлайди. Зеро У ҳар биримизга яқиндир»,— деб Парвардигорнинг инсонларга нисбатан ниятини аён қилди. (Ҳавор. 17:27) Дарҳақиқат, афиналиклар учун номаълум бўлган Худони таниб-билишнинг имкони бор. Аллоҳни чиндан ҳам топиб, У ҳақда билмоқчи бўлган ҳар кимга У яқиндир. (Заб. 145:18) Эътибор беринг, Павлус «ҳар биримизга» деб Аллоҳни астойдил излаб топиши керак бўлган кишилар қаторига ўзини ҳам қўшди.
17, 18. Нега одамлар Худога яқин эканини ҳис қилиш лозим ва Павлус тингловчиларида қай йўсин қизиқиш уйғотганидан нимани ўргансак бўлади?
17 Одамлар Худога яқин эканини ҳис қилиши лозим. Павлуснинг айтганидай, айнан У туфайли «яшаймиз, ҳаракат қиламиз, бормиз». Баъзи олимларнинг таъкидлашича, Павлус мил. авв. олтинчи асрда яшаган критлик шоир ва «Афинанинг диний анъанасида муҳим аҳамиятга эга бўлган» Эпимениднинг сўзларига ишора қилганди. Павлус одамлар Худога яқин эканини ҳис қилиши кераклигининг яна бир сабабини келтирди: «Ўз шоирларингиздан баъзилари айтганидек: “Биз ҳам Унинг авлодимиз”». (Ҳавор. 17:28) Одамлар Худога яқин эканини ҳис этиши лозим, чунки У барча инсонлар келиб чиққан одамни яратган. Тингловчиларида қизиқиш уйғотиш ниятида Павлус донолик ила улар ҳурмат қилган юнон асарларидан иқтибос келтирдиe. Унга ўхшаб биз ҳам гоҳида энциклопедия, маълумот берувчи адабиёт ёки тарихий китоблардан меъёрида иқтибос келтирсак бўлади. Масалан, ишонарли манбадан иқтибос келтириб, Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган кишини муайян анъаналар ёки урф-одатлар сохта диндан келиб чиққанига ишонтирса бўлади.
18 Шу пайтгача Павлус тингловчиларини инобатга олиб, моҳирлик ила сўзлар танлаган ва Аллоҳ тўғрисидаги асосий ҳақиқатларни очиб берган. Хўш, у афиналиклар бу муҳим маълумотни қандай қўллашини истайди? У буни нутқининг давомида айтди.
«Ҳар ердаги инсонлар» тавба қилиши даркор (Ҳаворийлар 17:29–31)
19, 20. а) Павлус хушмуомалалик ила бутларга сиғиниш бемаънилик эканини қандай кўрсатди? б) Павлуснинг тингловчилари нима қилиши керак эди?
19 Павлус тингловчиларини ҳаракатга ундашга тайёр эди. У яна юнон асарларидан иқтибос келтириб, шундай деди: «Бизлар Тангрининг авлоди эканмиз, Уни инсон ақли ва усталиги билан ясалган олтинга, кумушга ёки бирор тошга ўхшатмаслигимиз керак». (Ҳавор. 17:29) Дарҳақиқат, агар одамларни Аллоҳ яратган бўлса, унда қандай қилиб У инсон ясаган бутларга ўхшаб қолиши мумкин? Павлуснинг хушмуомалалик ила юритган музокараси одам ясаган бутларга сиғиниш бемаънилик эканини кўрсатди. (Заб. 115:4–8; Ишаё 44:9–20) Павлус «ўхшатмаслигимиз керак» дегани туфайли тингловчилар унинг маслаҳатини қабул қилишга қийналмагандир.
20 Павлус нима қилиш кераклигини аниқ тушунтирди: «Худо бир замонлар одамлар билимсиз юришига [бутларга сиғиниш орқали Аллоҳни мамнун этиш мумкин деган фикрга] йўл қўйган бўлса-да, ҳозир ҳар ердаги инсонларни тавбага чақиряпти». (Ҳавор. 17:30) Баъзи тингловчилари тавба қилиш кераклигини эшитиб ҳайрон қолгандир. Аммо унинг таъсирли нутқи улар ҳаёти учун Худо олдида қарздор эканини ва Унга ҳисобот беришини кўрсатди. Улар Худони излаб, У ҳақда ҳақиқатни билиб олиши ва бунга мувофиқ яшаши зарур эди. Афиналиклар бутпарастлик гуноҳ эканини тан олиб, бу йўлдан қайтиши кутиларди.
21, 22. Павлуснинг нутқи қандай таъсирли сўзлар билан якунланди ва улар биз учун қандай маънога эга?
21 Павлус нутқини қуйидаги таъсирли сўзлар билан тугатди: «[Тангри] Ўзи тайинлаган зот орқали, бутун ер юзини адолат билан ҳукм қиладиган кунни белгилаб қўйган. Барча одамлар бу кун келишига амин бўлишлари керак, чунки Тангри ўша зотни тирилтирди». (Ҳавор. 17:31) Бўлажак ҳукм куни Аллоҳни излаб топиш учун жиддий сабабдир! Павлус тайинланган Ҳакамнинг исмини айтмади. Лекин у ҳақда ажойиб тафсилотларни маълум қилди: у ер юзида яшаган, ўлган ва Худо уни тирилтирган!
22 Нутқининг якуний қисми биз учун ҳам чуқур маънога эга. Аллоҳ тайинлаган Ҳакам тирилтирилган Исо Масиҳ эканини биламиз. (Юҳан. 5:22) Ҳукм куни минг йил давом этиши ва у шиддат билан яқинлашиб келаётгани ҳам бизга маълум. (Ваҳ. 20:4, 6) Биз Ҳукм кунидан қўрқмаймиз, чунки у содиқ деб топилган инсонларга улкан қут-баракалар келтиришини тушунамиз. Порлоқ келажакка бўлган умидимизнинг рўёбга чиқишини энг бебаҳо мўъжиза — Исо Масиҳнинг тирилиши кафолатлайди!
«Баъзилар... Исонинг издоши бўлишди» (Ҳаворийлар 17:32–34)
23. Одамлар Павлуснинг нутқига қандай муносабат кўрсатишди?
23 Одамлар Павлуснинг нутқига турлича муносабат кўрсатишди. «Тирилиш ҳақида эшитгандан кейин баъзилари уни» масхара қилди. Бошқалари эса мулойимлик ила: «Майли, кейинги сафар бу ҳақда гапирганингда, сени тинглаймиз»,— деб қўйди. (Ҳавор. 17:32) Бироқ ижобий муносабат билдирганлар ҳам бор эди: «Баъзилар Павлуснинг орқасидан бориб, Исонинг издоши бўлишди. Уларнинг орасида Ареопагда ҳакамлик қиладиган Дионис, Дамар исмли аёл ва бошқалар бор эди». (Ҳавор. 17:34) Ҳозир ҳам хизматда шундай бўлиб туради. Баъзилар устимиздан кулиши, бошқалари эса мулойимлик ила бефарқ эканини кўрсатиши мумкин. Аммо кимдир Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хабарни қабул қилиб, Исонинг издоши бўлса, жуда қувонамиз.
24. Павлуснинг Ареопагда айтган нутқидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?
24 Павлуснинг нутқи устида фикр юритар эканмиз, мантиқий ва ишончли далиллар келтириб, уларни тингловчиларимизга мослаштиришга ўрганишимиз мумкин. Бундан ташқари, сохта дин таълимотлари зеҳнини кўр қилган инсонларга нисбатан сабрли бўлиб, хушмуомалалик ила муносабат кўрсатишни ўрганамиз. Қуйидаги муҳим сабоқни ҳам уқиб олишимиз мумкин: тингловчиларнинг кўнглини топиш учун ҳеч қачон Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни ўзгартирмаслигимиз лозим. Павлусдан ўрнак олиб, ваъзгўйлик фаолиятида янада моҳирона тарзда иштирок эта оламиз. Оқсоқоллар ҳам жамоатда яхшироқ таълим бера олишади. Шу йўсин, бошқаларга Худони излаб топишга ёрдам бера оламиз. (Ҳавор. 17:27)
a «Афина — қадим замондаги маданий пойтахт» номли 142-саҳифадаги рамкага қаранг.
b «Эпикурчилар ва стоиклар» номли 144-саҳифадаги рамкага қаранг.
c Акрополдан шимоли-ғарбий томонда жойлашган Ареопагда одатда Афинанинг бошқарувчилари йиғиларди. «Ареопаг» сўзи бошқарувчиларни ёки тепаликни билдиргандир. Шунинг учун олимлар Павлусни ўша тепаликка ёки бошқарувчилар йиғилган бошқа жойга, эҳтимол, бозор майдонига олиб боришгани борасида аниқ фикрга келишмаган.
d «Дунё» деб таржима қилинган юнонча космос сўзини юнонлар коинотга нисбатан қўллашарди. Ҳойнаҳой, Павлус юнонлар билан умумийликни топиб, бу сўзни айнан шу маънода ишлатган.
e Павлус стоик шоир Аратнинг қаламига мансуб бўлган «Кўринишлар» номли астрономик достонидан иқтибос келтирди. («Phaenomena») Бунга ўхшаш иборалар бошқа юнон асарларида, масалан, стоик шоир Клеанф ёзган «Зевсга аталган мадҳия» номли асарда ҳам учрайди. («Hymn to Zeus»)