4- БОБ
Марям ҳомиладор, аммо турмушга чиқмаган
ЮСУФ МАРЯМНИНГ ҲОМИЛАДОРЛИГИНИ БИЛИБ ОЛАДИ
МАРЯМ ЮСУФГА ТУРМУШГА ЧИҚАДИ
Марямнинг ҳомиласи тўрт ойлик бўлади. Эсингизда бўлса, у ҳомиладорлигининг илк ойларида Яҳудиянинг тоғли ҳудудида яшовчи Элисабетникида эди. Лекин энди уйига, Носирага қайтиб келди. Тез орада одамлар унинг аҳволидан хабар топишади. Марямнинг аҳволи қанчалик оғир бўлганини бир тасаввур қилинг-а!
Ҳа, Марям Юсуф исмли дурадгорга унаштирилгани учун вазият янада мураккаблашиб боради. Тавротга кўра, унаштирилган қиз бошқа эркак билан жинсий алоқада бўлса, тошбўрон қилиб ўлдирилиши кераклигини Марям билади. (Қонунлар 22:23, 24) Лекин Марям ахлоқсиз бўлмаган. Уни иккита нарса ташвишга соларди: у ҳомиладор эканлигини Юсуфга қандай тушунтиради ва бундан кейин нима бўлади?
Марям уч ой уйда бўлмагани учун Юсуф уни зориқиб кутгани турган гап. Улар учрашишганида Марям унга эҳтиёткорлик билан янгиликни айтади. Ҳар қалай, у Худонинг қудрати билан ҳомиладор бўлганини тушунтиришга ҳаракат қилади. Бироқ буни тушуниш ва бунга ишониш Юсуфга жуда қийин бўлгани шубҳасиз.
Юсуф Марямнинг художўй ва яхши номга эга эканлигидан хабардор. Бундан ташқари, у Марямни жудаям севади. Лекин Марям тушунтиришга ҳаракат қилган бўлса-да, Юсуф уни бошқа кишидан ҳомиладор бўлиб қолган, деб ўйлайди. Шунга қарамасдан, Юсуф Марямнинг тошбўрон қилинишини, ўлдирилишини ёки шарманда бўлишини хоҳламайди. Шу сабабли, у Марям билан ҳеч кимга билдирмай ажрашмоқчи бўлади. Ўша пайтларда унаштирилганларга эр-хотиндек қарашарди, унаштирувни бекор қилиш учун ажралиш талаб этиларди.
Шундай фикрлар билан Юсуф ухлагани кетади. Аммо Яҳованинг фариштаси унга тушида аён бўлиб, шундай дейди: «Хотининг Марямни уйингга олиб келишдан қўрқма, чунки у муқаддас руҳ қудрати билан ҳомиладор бўлган. Хотининг ўғил кўради ва сен унинг исмини Исо қўясан, чунки у ўз халқини гуноҳларидан халос этади». (Матто 1:20, 21)
Юсуф уйғонганида қалбида хотиржамлик ҳис қилади, чунки ҳаммаси аён бўлганди! Фурсатни бой бермай, у фариштанинг айтганини қилиб, Марямни ўз уйига олиб келади. Ҳамманинг олдида қилинган бу ҳаракат, Юсуф ва Марям қонуний эр-хотин эканини англатарди. Аммо Марям ҳали Исога ҳомиладор экан, Юсуф унга яқинлашмайди.
Бир неча ой ўтиб, Носирада яшовчи Юсуф ҳамда ой куни яқинлашган Марям йўлга отланишади. Марямнинг туғишига жудаям кам вақт қолганда, улар қаерга кетишяпти экан?