130- БОБ
Исо қатл қилиниш учун топширилади
МАТТО 27:31, 32 МАРК 15:20, 21 ЛУҚО 23:24–31 ЮҲАННО 19:6–17
ПИЛАТ ИСОНИ ОЗОД ҚИЛИШГА УРИНАДИ
ИСО ЎЛИМ ЖАЗОСИГА МАҲКУМ ЭТИЛАДИ
Гарчанд Исо шафқатсиз қийноқлару масхараларга дуч келган бўлса-да, бош руҳонийлар унга заррача ҳам раҳм қилишмайди. Исони озод этиш учун қилган Пилатнинг ҳаракатлари ҳам пучга чиқади. Улар Исони ўлдиришларини истаб, шундай бақиришади: «Уни устунга михлатинг, устунга!» Пилат эса: «Ўзларингиз уни олиб михланглар, мен унда ҳеч қандай айб тополмаяпман!» — дейди. (Юҳанно 19:6)
Яҳудийлар Пилатни Исо сиёсий айблов бўйича қатл қилиниши кераклигига ишонтира олишмайди. Шунда Исони диний қонунни бузганликда айблашга уринишади. Улар Олий Кенгашда илгари сурилган даъвони келтириб, Исони Худога қарши гапирганликда айблашади. Улар шундай дейишади: «Бизнинг қонунимиз бор ва қонунга кўра у ўлимга лойиқ, чунки у ўзини Худонинг Ўғли деб атади». (Юҳанно 19:7) Пилат буни илк бор эшитади.
У саройига қайтиб, шафқатсиз муносабатни бошдан кечирган ва хотини тушида кўрган бу одамни озод қилиш йўлини қидиради. (Матто 27:19) Энди яҳудийлар Исо ўзини «Худонинг Ўғли» деб атаяпти дея, янги айблов қўйишади. Исо жалилалик эканини Пилат билади. (Луқо 23:5–7) Шундай бўлса-да, у Исодан: «Сен қаердансан?» — деб сўрайди. (Юҳанно 19:9) Эҳтимол, Пилатни: «Исо илгари осмонда яшаганмикин ва илоҳий мавжудот бўлганмикин»,— деган савол ўйлантираётгандир.
Исонинг ўзи Пилатга подшоҳ эканини ва унинг Шоҳлиги бу дунёдан эмаслигини айтганди. Илгари айтган сўзларини яна тушунтиришга ҳожат йўқлигини билиб Исо жим туради. Бу эса Пилатнинг нафсониятига тегади ва у норозилик билан шундай дейди: «Ҳали менга жавоб бермайсанми? Ёки сени озод этишга ҳам, михлатишга ҳам ҳаққим борлигини билмайсанми?» (Юҳанно 19:10)
Исо унга жавобан шундай дейди: «Агар сизга юқоридан берилмаганида эди, менинг устимдан ҳеч қандай ҳокимиятга эга бўлмас эдингиз. Шунинг учун мени сизнинг қўлингизга топширган кишининг гуноҳи оғирроқ». (Юҳанно 19:11) Бу сўзлари билан Исо муайян бир кишини назарда тутмаган бўлса керак. Аксинча, Пилатга қараганда Каяфа, унинг шериклари ҳамда Яҳудо Ишқариётнинг айби оғирроқ демоқчи.
Исо ўзини қандай тутаётганидан ва айтаётган гапларидан Пилат ҳайратда. Бунинг устига, Исо юқоридан келган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикр уни безовта қилади. Шунинг учун у яна Исони озод этиш имконини излашга тушади. Шунда яҳудийлар Пилатнинг заиф томонидан фойдаланиб, янги ҳийла ишлатишади. Улар: «Агар уни озод қилсангиз, сиз подшоҳнинг дўсти эмассиз. Ўзини шоҳ қилган ҳар қандай кимса, подшоҳга қарши чиққан бўлади»,— деб дўқ қилишади. (Юҳанно 19:12)
Ҳоким яна бир дафъа Исони халқнинг олдига чиқаради, ўзи эса ҳакамлик курсисига ўтириб: «Ана, шоҳингиз!» — дейди. Лекин яҳудийларнинг кўнгли юмшамайди. Улар: «Йўқотинг уни! Йўқотинг! Уни устунга михлатинг!» — деб бақиришади. Пилат Исони ҳимоя қилиб: «Шоҳингизни устунга михлайми?» — деб сўрайди. Яҳудийлар анчадан бери Рим бошқарувидан азият чекиб келишаётганига қарамай, бош руҳонийлар унга: «Рим шоҳидан ўзга шоҳимиз йўқ»,— дейишади. (Юҳанно 19:14, 15)
Қўрққанидан Пилат яҳудийларнинг тинимсиз талабларига кўниб, Исони қатл қилишга топширади. Аскарлар Исонинг эгнидаги қирмизи ёпинчиқни ечиб, устки кийимини кийдиришади. Уни қатл қилиниш жойига олиб кетишаётганида, азоб устунини кўтариб боришга мажбурлашади.
Ҳозир жума 14 нисон, пешин вақти ҳам яқинлашиб қолди. Исо пайшанба саҳардан бери бирин-кетин кўплаб азобларни бошдан кечирди. Энди эса оғир устунни кўтариб кетаётганида умуман кучи қолмади. Шунинг учун аскарлар бир йўловчини, Африканинг Киринея шаҳридан бўлган Симунни Исонинг азоб устунини қатл жойига кўтариб боришга мажбурлашади. Исонинг ортидан тумонат одам эргашиб кетмоқда. Баъзилар кўксига уриб, Исо учун йиғлашяпти.
Исо ҳасрат чекаётган аёлларга қуйидаги сўзлар билан мурожаат қилади: «Эй Қуддус қизлари, мен учун йиғламанглар. Ўзингиз ва болаларингиз учун йиғланглар. Зеро: “Бепушт, бола кўрмаган ва эмизмаган аёллар бахтлидир!” — деб айтиладиган кунлар келяпти. Ўшанда одамлар тоғларга: “Устимизга қуланглар!” ва тепаликларга: “Бизни босиб қолинглар!” — деб айтишади. Дарахт кўкариб турганда шундай қилаётган бўлишса, у қуриб қолса нима қилишар экан?» (Луқо 23:28–31)
Исо яҳудий халқини назарда тутади. Бу халқ ўлаётган дарахт кабидир, аммо ҳали кўкариб турибди. Зеро яҳудийлар орасида Исо ва унга ишонганлар бор. Бироқ Исо вафот этганида ва унинг шогирдлари яҳудий динини тарк этишганида, халқ ўлик дарахт сингари маънан қуриб қолади. Рим аскарлари Худонинг ҳукмини ижро этиш учун келишганида, яҳудий халқи дод-фарёд қиладиган вақт бўлади.