БЕШИНЧИ БОБ
Тўлов — Худонинг қимматбаҳо ҳадяси
1, 2. а) Қандай ҳадяни қимматбаҳо деб билар эдингиз? б) Нега тўловни Худонинг энг қимматбаҳо ҳадяси деса бўлади?
ҚАНДАЙ ҳадяни қимматбаҳо деб билар эдингиз? Унинг нархи баланд бўлиши шарт эмас, ахир ҳадянинг қадри доим ҳам пул билан ўлчанмайди-ку! Агар сизга айнан керакли ва сизни бахтиёр қиладиган нарсани ҳадя қилишса, сиз у учун миннатдор бўласиз.
2 Худо бизга берган кўплаб ҳадялар ичида биз жуда ҳам муҳтож бўлган бир ҳадя бор. Дунёда унга тенг келадиган ҳадя йўқ. Ушбу бобда биз абадий яшай олишимиз учун Яҳова Ўғли Исо Масиҳни ер юзига юборгани ҳақида билиб оламиз. (Матто 20:28 ни ўқинг.) Яҳова Исони ер юзига тўлов сифатида юбориб бизни чиндан ҳам севишини исботлаган.
ТЎЛОВ ЎЗИ НИМА?
3. Одамлар нега ўлади?
3 Тўлов воситасида Яҳова инсониятни гуноҳ ва ўлимдан озод қилади. (Эфесликларга 1:7) Тўлов нега керак бўлганини тушуниш учун, минг йиллар аввал Адан боғида нима юз берганини билиб олишимиз лозим. Илк ота-онамиз бўлмиш Одамато ва Момоҳаво гуноҳ қилишган ва шу сабабли ўлишган. Улардан гуноҳни мерос қилиб олганимиз учун биз ҳам ўламиз. (9- иловага қаранг.)
4. Муқаддас Китобдан Одамато ҳақида нималарни билиб оляпмиз?
4 Яҳова илк инсон — Одаматони яратганида унга ниҳоятда қадрли бир нарсани берган. У Одаматога мукаммал ҳаётни ато этган. Одамато мукаммал онг ва танага эга эди. У ҳеч қачон касал бўлмай, қаримай ва ўлмай яшай оларди. Яҳова Одаматони яратгани учун унга худди отадай эди. (Луқо 3:38) Яҳова у билан мунтазам гаплашиб турарди. У Одаматога ундан нималарни кутишини аниқ тушунтириб берганди ва унга қизиқарли вазифа топширганди. (Ибтидо 1:28–30; 2:16, 17)
5. Қайси маънода Худо Одаматони «Ўзига ўхшаш қилиб» яратган?
5 Худо Одаматони «Ўзига ўхшаш қилиб» яратган. (Ибтидо 1:27) Бу дегани Яҳова унга Ўзида бор фазилатларни, жумладан, севги, донолик, адолат ва кучни бахш этган. У Одаматога ирода эркинлигини берган. Одамато робот бўлмаган, тўғри ёки нотўғри йўл тутиш ўзининг ихтиёрида бўлган. Агар у Худога қулоқ солишни танлаганида, жаннатмакон ерда абадий яшай оларди.
6. Худога итоатсизлик қилиб Одамато нималарни йўқотди? Бу бизга қандай таъсир қиляпти?
6 Худога итоатсизлик қилиш Одаматога қимматга тушди. У ўлимга маҳкум этилди, Яҳова билан ўзгача дўстлигини йўқотди, мукаммал ҳаётдан ва жаннатмакон уйидан маҳрум бўлди. (Ибтидо 3:17–19) Одамато ва Момоҳаво Аллоҳга итоатсизлик қилишгани учун абадий яшашга ортиқ умид қила олишмасди. Одаматонинг қилмиши туфайли «дунёда гуноҳ пайдо бўлди, гуноҳ орқали эса ўлим. Шу тариқа ўлим барча инсонларга ўтди, демак уларнинг барчаси гуноҳ қилган». (Римликларга 5:12) Одамато гуноҳ қилганида, ўзинию бизни гуноҳ ва ўлим қуллигига сотган. (Римликларга 7:14) Энди биз учун ҳеч қандай умид йўқми? Албатта бор.
7, 8. Тўлов ўзи нима?
7 Тўлов ўзи нима? Муқаддас Китобдаги тўлов тушунчаси ўз ичига асосан иккита нарсани олади. Биринчидан, тўлов — бирор кишини озод этиш ёки гаровга қўйилган буюмни қайтариб олиш учун тўланадиган пул. Иккинчидан, тўлов — бирор нарсанинг баҳосини қоплаш учун тўланадиган ҳақ ёки товон.
8 Одамато гуноҳга қўл уриб бизни ўлимга дучор қилди. Бу улкан зарарни ҳеч бир номукаммал инсон қоплай олмайди. Бироқ Яҳова бизни гуноҳ ва ўлим қуллигидан озод қиладиган воситани — тўловни тақдим этди. Келинг, тўлов қай йўсин тўланганини ва биз ундан қандай фойда олишимиз мумкинлигини билиб олайлик.
ЯҲОВА ТЎЛОВНИ ҚАНДАЙ ТАҚДИМ ЭТДИ?
9. Қандай тўловга эҳтиёж бор эди?
9 Ҳеч биримиз Одамато йўқотган мукаммал ҳаёт учун тўлов тўлай олмаймиз. Нега? Чунки барчамиз номукаммалмиз. (Забур 49:7, 8) Фақатгина бошқа бир мукаммал инсоннинг ҳаёти тўлов бўла оларди. Шунинг учун бундай тўлов «муносиб тўлов» дейилган. (1 Тимўтийга 2:6) Тўлов Одамато йўқотган ҳаётнинг баҳосига тенг бўлиши керак эди.
10. Тўлов тўланиши учун Яҳова нима қилди?
10 Тўлов тўланиши учун Яҳова нима қилди? У Ўзининг севикли Ўғлини ер юзига юборди. Ўғил, яъни Исо Худонинг илк ижоди эди. (1 Юҳанно 4:9, 10) У Отасини ҳамда самовий маконини ташлаб, ер юзига келишга тайёр эди. (Филиппиликларга 2:7) Яҳова Исонинг самодаги ҳаётини Марям исмли қизнинг бачадонига кўчирди. Шу йўсин, Исо гуноҳдан холи мукаммал инсон сифатида ер юзида туғилди. (Луқо 1:35)
11. Қандай қилиб битта одам бутун инсоният учун тўлов бера олди?
11 Илк инсон Одаматонинг Яҳовага итоатсизлиги дастидан бутун инсоният мукаммал ҳаётдан маҳрум бўлди. Бошқа бир инсон Одаматонинг барча фарзандларига мукаммал ҳаётни қайтариб бера олармиди? Ҳа. (Римликларга 5:19 ни ўқинг.) Ҳеч қачон гуноҳ қилмаган Исо мукаммал ҳаётини тўлов сифатида берди. (1 Коринфликларга 15:45) Унинг мукаммал ҳаёти Одаматонинг барча фарзандларини ўлимдан қутқара оларди. (1 Коринфликларга 15:21, 22)
12. Нега Исо шунча азобни бошдан кечириши керак эди?
12 Муқаддас Китобда Исо ўлимидан олдин қанчалик азоб чеккани ҳақида ёзилган. Уни шафқатсизларча қамчилашган, устунга михлашган ва у жуда қийналиб жон берган. (Юҳанно 19:1, 16–18, 30) Нега Исо шунча азобни бошдан кечириши керак эди? Чунки Шайтон шундай даъво қилган эдики, шиддатли синовларга дучор бўлса, ҳеч бир инсон Худога содиқ қолмайди. Исо эса мукаммал инсон қанчалик қаттиқ азоб чекмасин, Худога содиқ қола олишини исботлади. Яҳова Исо билан қанчалик фахрланганини бир тасаввур қилинг! (Ҳикматлар 27:11; 15- иловага қаранг.)
13. Тўлов қай йўсин тўланди?
13 Тўлов қай йўсин тўланди? Милодий 33 йили, яҳудийларнинг календари бўйича нисон ойининг 14- куни Яҳова душманлар Исони ўлдиришига йўл қўйди. (Ибронийларга 10:10) Уч кун ўтгач, Яҳова Исони инсон эмас, руҳий шахс сифатида тирилтирди. Кейинчалик Исо самога, Отасининг ёнига қайтганида мукаммал инсоний ҳаётининг баҳосини тўлов сифатида Яҳовага тақдим этди. Бошқача қилиб айтганда, у ер юзида мукаммал инсон сифатида яшаш ҳуқуқини Худога берди, Худо эса бу ҳуқуқни Одаматонинг авлодларига тақдим эта оларди. (Ибронийларга 9:24) Шу йўсин Яҳова биз гуноҳ ва ўлим қуллигидан озод бўла олишимиз учун тўловни тақдим этди. (Римликларга 3:23, 24 ни ўқинг.)
ТЎЛОВ СИЗГА ҚАНДАЙ ФОЙДА КЕЛТИРАДИ?
14, 15. Гуноҳларимиз кечирилиши учун нима қилишимиз керак?
14 Худонинг қимматбаҳо ҳадяси бўлмиш тўловдан ҳозирнинг ўзида фойда оляпмиз. Келажакда ҳам у бизга фойда келтиради. Келинг, улардан айримларини кўриб чиқайлик.
15 Гуноҳларимиз кечирилади. Тўғри йўл тутиш доим ҳам осон эмас. Биз хатолар қилиб турамиз, яъни нотўғри гапиришимиз ва ёмон иш қилиб қўйишимиз мумкин. (Колосаликларга 1:13, 14) Гуноҳларимиз кечирилиши учун нима қилишимиз керак? Қилган гуноҳимиздан чинакамига пушаймон бўлиб, Яҳовадан камтарлик ила кечирим сўрашимиз лозим. Шунда У бизни кечиради ва бунга шубҳаланмасак ҳам бўлади. (1 Юҳанно 1:8, 9)
16. Пок виждонга эга бўлиш учун нима қилишимиз лозим?
16 Пок виждонга эга бўлишимиз мумкин. Нотўғри иш қилганимиз учун виждонимиз қийнаганида, ўзимизни айблаймиз. Ҳатто умидсизликка тушиб, ўзимизни ҳеч нарсага арзимасдай ҳис қилишимиз мумкин. Аммо таслим бўлмаслигимиз керак. Чунки кечирим сўраб Яҳовага ёлворганимизда, У бизни тинглашига ва кечиришига амин бўлишимиз мумкин. (Ибронийларга 9:13, 14) Яҳова ҳар қандай муаммойимиз ва заифлигимиз ҳақида Унга бемалол айтишимизни истайди. (Ибронийларга 4:14–16) Бу туфайли Худонинг олдида пок виждонга эга бўлишимиз мумкин.
17. Исо биз учун ўлгани туфайли қандай баракаларга эга бўлишимиз мумкин?
17 Абадий яшашга умидимиз бор. «Гуноҳнинг эвази — ўлим, Худонинг инъоми эса Ҳазратимиз Исо Масиҳ воситасида абадий ҳаётдир». (Римликларга 6:23) Исо биз учун ўлгани туфайли абадий яшаб, мукаммал соғлиқдан баҳра олишимиз мумкин. (Ваҳий 21:3, 4) Аммо бу баракаларга эга бўлиш учун нима қилишимиз лозим?
ТЎЛОВНИ ҚАДРЛАШИНГИЗНИ ҚАНДАЙ КЎРСАТА ОЛАСИЗ?
18. Яҳова бизни яхши кўришини қаердан биламиз?
18 Кимдир сизга ажойиб совға берганида, нималарни ҳис қилганингизни бир эсланг. Тўлов барча ҳадялар ичида энг аълоси ва бу учун Яҳовага ниҳоятда миннатдор бўлишимиз лозим. Юҳанно 3:16 да: «Аллоҳ инсониятни шу қадар қаттиқ севдики, ҳатто улар учун ягона Ўғлини берди»,— дейилган. Ҳа, Яҳова бизни шунчалик қаттиқ яхши кўрадики, биз учун қадрли Ўғли Исони қурбон қилди. Исо ҳам бизни яхши кўришини биламиз, чунки у биз учун тайёрлик ила жонини берди. (Юҳанно 15:13). Тўлов — Яҳова ҳамда Исо бизни чинакамига яхши кўришининг яққол далили. (Галатияликларга 2:20)
19, 20. а) Яҳованинг дўсти бўлиш учун нима қилишингиз лозим? б) Исонинг тўловига ишонаётганингизни қандай кўрсата оласиз?
19 Мана Аллоҳ бизни қанчалик севиши ҳақида билиб олдик. Энди сизда ҳам Унга ўз севгингизни намоён этиш истаги туғилгандир. Аммо кимнидир яхши кўриш ва унинг дўсти бўлиш учун у билан яқиндан танишиш лозим. Юҳанно 17:3 да Яҳовани таниб-билишимиз мумкинлиги ҳақида айтилган. Бундай қилсангиз Унга бўлган севгингиз ортиб боради, Уни мамнун қилишни истайсиз ва Унинг дўсти бўласиз. Шундай экан, Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб Яҳова ҳақида билим олишда давом этинг. (1 Юҳанно 5:3)
20 Исонинг тўлов қурбонлигига ишонинг. Муқаддас Китобда: «Ўғилга ишонган киши абадий ҳаётга эгадир»,— дейилган. (Юҳанно 3:36) Ўғилга ишониш деганда нима назарда тутилган? Бу — Исо ўргатган нарсаларга амал қилиш дегани. (Юҳанно 13:15) Шунчаки: «Исога ишонаман»,— дейишнинг ўзи етарли эмас. Исо берган тўловга ишонсак, буни ишларимиз билан тасдиқлашимиз лозим. Зеро Ёқуб 2:26 да: «Ишларсиз имон ўликдир»,— дейилган.
21, 22. а) Нега Қутлуғ Кечлик маросимига ҳар йили боришимиз лозим? б) 6- ва 7- бобларда нимани кўриб чиқамиз?
21 Қутлуғ Кечлик маросимида қатнашинг. Ўлимидан олдинги кечада Исо шогирдларига унинг ўлимини хотирлаб туришни буюрган эди. Шу сабабли биз ҳам ҳар йили Қутлуғ Кечлик ёки «Ҳазратимизнинг кечлик таоми» деб номланган ушбу маросимни ўтказамиз. (1 Коринфликларга 11:20; Матто 26:26–28) Исо биз учун ўзининг мукаммал ҳаётини тўлов сифатида берганини ёдда тутишимизни истайди. У шундай деган: «Буни мени эслаб туриш учун қилинглар». (Луқо 22:19 ни ўқинг.) Қутлуғ Кечлик маросимига келиб, Яҳова билан Исо бизга намоён этаётган улкан севги ҳамда тўлов учун миннатдор эканингизни кўрсата оласиз. (16- иловага қаранг.)
22 Тўлов бизга берилган энг қимматбаҳо ҳадядир. (2 Коринфликларга 9:14, 15) Ушбу бебаҳо ҳадя ҳаётдан кўз юмган миллионлаб кишиларга ҳам фойда келтиради. 6- ва 7- бобларда буни атрофлича кўриб чиқамиз.