10- БОБ
Никоҳ Худонинг туҳфасидир
Учта ипдан эшилган арқон осонликча узилмайди. ВОИЗ 4:12
1, 2. a) Энди турмуш қурган инсонлар нимага умид қилишади? б) Бу бобда қайси саволларни муҳокама қиламиз?
КЎЗ ОЛДИНГИЗГА тўй бўлаётганини ва бахтиёр келин-куёвни келтиринг. Улар келажакни ўйлаб ҳаяжонда ва орзу-умидларга тўла. Икки ёш турмуши бахтли бўлишига ва узоқ давом этишига умидвор.
2 Бироқ бошланиши бахтли бўлган кўпгина никоҳлар охиригача шундай давом этмайди. Никоҳ мустаҳкам ва бахтли бўлиши учун жуфтликлар Худонинг йўл-йўриғига муҳтож. Шундай экан, келинг, Муқаддас Китобдан мана бу саволларга жавоб топайлик: Никоҳнинг баъзи афзалликлари нимада? Оила қурмоқчи бўлсангиз, турмуш ўртоқ танлаётиб нималарга эътибор беришингиз керак? Қандай қилиб яхши эр ёки хотин бўлишингиз мумкин? Никоҳ мустаҳкам бўлишига нима ёрдам беради? (Ҳикматлар 3:5, 6 ни ўқинг.)
ИНСОН НЕГА ТУРМУШ ҚУРАДИ?
3. Сизнингча, инсон бахтли бўлиши учун турмуш қуриши шартми? Тушунтиринг.
3 Баъзилар инсон турмуш қурмаса, бахтли бўла олмайди, деб ўйлашади. Лекин бу ҳақиқатдан йироқ. Исонинг айтишича, турмуш қурмаслик инъом бўлиши мумкин. (Матто 19:11, 12) Ҳаворий Павлус бунинг айрим афзал томонлари ҳақида айтиб ўтган. (1 Коринфликларга 7:32–38) Турмуш қуриш-қурмасликни фақат ўзингиз ҳал қиласиз. Турмуш қуриш ҳақида қарор чиқараётиб, дўстларингиз, оилангиз ёки маданиятингиз таъсирига берилмаслигингиз керак.
4. Никоҳнинг қандай афзал томонлари бор?
4 Муқаддас Китобда никоҳ Худонинг ҳадяси экани ва унинг афзал томонлари борлиги ҳақида айтилган. Яҳова илк инсон Одаматога шундай деган: «Одамнинг бир ўзи бўлиши яхши эмас. Уни тўлдириб турадиган ёрдамчини яратаман». (Ибтидо 2:18) Кейин Яҳова Одаматонинг хотини бўлиши учун Момоҳавони яратган ва улар илк оила бўлган. Агар эру хотин фарзанд кўришса, фарзандлари яхши муҳитда ўсиб-улғайиши учун ғамхўрлик қилишлари керак. Аммо фарзанд кўриш никоҳнинг ягона мақсади эмас. (Забур 127:3; Эфесликларга 6:1–4)
5, 6. Қайси маънода никоҳ «учта ипдан эшилган арқонга» ўхшайди?
5 Шоҳ Сулаймон шу сўзларни ёзган: «Ёлғиз бўлгандан кўра икки киши бўлган яхшироқ, чунки биргалашиб қилган меҳнатлари кўпроқ фойда келтиради. Улардан бири йиқилса, шериги туришга ёрдамлашади. Аммо йиқилганда турғизадиган шериги йўқ одамнинг ҳоли нима кечади?.. Учта ипдан эшилган арқон осонликча узилмайди». (Воиз 4:9–12)
6 Агар турмуш ўртоқлар бир-бири билан яқин дўст бўлса, бир-бирига кўмаклашиб, тасалли берса ҳамда бир-бирини ҳимоя қилса, уларнинг никоҳи муваффақиятли бўла олади. Севги оилани мустаҳкамлайди, лекин эру хотин Яҳовага топинса, у янада мустаҳкам бўлади. Уларнинг никоҳи «учта ипдан эшилган арқонга» ўхшайди. Бундай арқон шунчаки иккита ипдан ташкил топган арқондан анча бақувватроқ. Яҳова никоҳнинг бир қисми бўлса, у мустаҳкам бўлади.
7, 8. Павлус никоҳга оид қандай маслаҳат берган?
7 Турмуш қургандан кейин, эр-хотин бир-бирининг жинсий истакларини қондириши табиий. (Ҳикматлар 5:18) Лекин инсон бундай истакларини қондириш учунгина турмуш қурмоқчи бўлса, у турмуш ўртоқни донолик ила танлай олмаслиги мумкин. Жинсий истаклар кучли бўлган давр Муқаддас Китобда «илк ёшлик даври» деб аталган, шу боис бу давр ўтгандан кейин турмуш қуриш маслаҳат берилган. (1 Коринфликларга 7:36) Бундай туйғулар босилганидан сўнг турмуш қурган маъқул. Ўшанда инсон теран фикрлаб, тўғри танлов қила олади. (1 Коринфликларга 7:9; Ёқуб 1:15)
8 Турмуш қурмоқчи бўлсангиз, ҳақиқатга тик боқиб, ҳар бир оилада қийинчиликлар бўлиб туришини ёдда сақлашингиз зарур. Павлус оила қурганларнинг «ҳаётида янги қийинчиликлар пайдо бўлиши» ҳақида айтиб ўтган. (1 Коринфликларга 7:28) Ҳатто энг муваффақиятли никоҳ ҳам оғир дамларни бошдан кечиради. Турмуш қуришга қарор қилган бўлсангиз, турмуш ўртоқ танловига донолик ила ёндашинг.
КИМ МУНОСИБ ТУРМУШ ЎРТОҚ БЎЛА ОЛАДИ?
9, 10. Яҳовага топинмайдиган инсон билан турмуш қурсак нима бўлади?
9 Турмуш ўртоқ танлаётиб, Муқаддас Китобдаги мана бу муҳим принципни ёдда тутиш даркор: «Имондош бўлмаганлар билан битта бўйинтуруққа қўшилманглар». (2 Коринфликларга 6:14) Ушбу мисол деҳқончилик соҳасидан олинган. Деҳқон далани ҳайдаш учун кучи ва катталиги турлича бўлган иккита ҳайвонни битта бўйинтуруққа қўшмайди. Бундай қилиш шафқатсизлик бўларди, чунки иккала ҳайвон ҳам қийналади. Шунга ўхшаб, Яҳовага топинадиган ва топинмайдиган икки инсон турмуш қурса, бу кўпгина муаммоларни келтириб чиқаради. Муқаддас Китобда фақат «Ҳазратимизга тегишли бўлган» инсон билан турмуш қуриш кераклиги ҳақида оқилона маслаҳат берилган. (1 Коринфликларга 7:39)
10 Баъзи масиҳийлар ёлғиз қолгандан кўра, Яҳовага топинмайдиган инсон билан турмуш қуришни афзал кўришар. Лекин Муқаддас Китоб маслаҳатларига бепарво бўлсак, бу кўп ҳолларда оғриқ ва бахтсизлик келтиради. Яҳованинг топинувчилари эканмиз, Унга хизмат қилиш ҳаётимизда энг муҳим ўринни эгаллайди. Агар турмуш ўртоғингиз ҳаётингизнинг энг муҳим соҳасида сизни қўллаб-қувватламаса, ўзингизни қандай ҳис қиласиз? Шунинг учун ҳам кўп масиҳийлар Яҳовани севмайдиган, Унга хизмат қилмайдиган инсон билан турмуш қургандан кўра, ёлғиз қолишга қарор қилади. (Забур 32:8 ни ўқинг.)
11. Турмуш ўртоқни тўғри танлашингизга нима кўмаклашади?
11 Лекин бу Яҳовага хизмат қиладиган ҳар қандай инсон сизга яхши турмуш ўртоқ бўлишини англатмайди. Агар оила қуриш ҳақида ўйлаётган бўлсангиз, кўнглингизга ёқадиган ва сиз яхши тил топишиб кетадиган инсонни изланг. Сизники каби мақсадларга эга бўлган ва Худога хизмат қилишни биринчи ўринга қўяётган инсонни учратмагунча кутинг. Ишончли хизматкор адабиётлар орқали тақдим этаётган никоҳга оид фойдали маслаҳатларни ўқиб, мулоҳаза юритишга вақт ажратинг. (Забур 119:105 ни ўқинг.)
12. Муқаддас Китобда ота-онанинг маслаҳати билан қурилган никоҳ ҳақида нима дейилган?
12 Баъзи маданиятларда ота-она ўғлига ёки қизига турмуш ўртоқ танлаб берадиган одат бор. Бу одатга кўра, ота-она фарзанди учун нима яхшироқ бўлишини билади. Муқаддас Китоб ёзилган даврда ҳам бундай одат бўлган. Сизнинг оилангиз ҳам шу одатга биноан йўл тутар. Бундай ҳолларда ота-оналар бўлажак келин ёки куёвнинг қайси фазилатларига эътибор қаратиш борасида Муқаддас Китобга мурожаат қилиши мумкин. Мисол учун, Иброҳим ўғли Исҳоққа келин излаганда, келиннинг бойлиги ёки жамиятдаги ўрнига эмас, балки Яҳовани яхши кўришига эътибор қаратган. (Ибтидо 24:3, 67; 25- иловага қаранг.)
НИКОҲГА ҚАНДАЙ ТАЙЁРЛАНИШ МУМКИН?
13–15. a) Эркак киши яхши эр бўлиши учун қандай тайёргарлик кўриши керак? б) Аёл киши яхши хотин бўлиши учун қандай тайёргарлик кўриши керак?
13 Никоҳ қуриш ҳақида ўйлаётган бўлсангиз, бунга тайёр эканингизга амин бўлинг. Эҳтимол, тайёрман деб ўйларсиз, аммо, келинг, чиндан ҳам тайёр бўлиш нимани англатишини кўриб чиқайлик. Жавоби сизни ҳайрон қолдириши мумкин.
14 Муқаддас Китобда кўрсатилишича, эр ва хотиннинг оиладаги ўрни турлича. Демак, эркак ёки аёл никоҳга тайёргарлик кўраётганда турли нарсаларни эътиборга олади. Агар эркак киши оила қурмоқчи бўлса, ўзидан: «Оила боши бўлишга тайёрманми?» — деб сўраши керак. Яҳова эрлардан хотини ва болаларига моддий ҳамда ҳиссий томондан ғамхўрлик қилишини кутади. Энг муҳими, эр Худога топинишда оиласига бошчилик қилишни ўз зиммасига олиши зарур. Муқаддас Китобда оиласига ғамхўрлик қилмаган эр «имонсиздан ҳам баттар» экани ҳақида ёзилган. (1 Тимўтийга 5:8) Уйланмоқчи бўлсангиз, Муқаддас Китобдаги мана бу принципни қандай қилиб амалда қўллай олишингиз ҳақида ўйлаб кўринг: «Ташқаридаги ишингни бажар, даладаги юмушингни ҳам битир, сўнг уйингни қур». Бошқача қилиб айтганда, уйланишдан олдин, Яҳованинг талабига мос келадиган эр бўла олишингизга амин бўлинг. (Ҳикматлар 24:27)
15 Турмушга чиқмоқчи бўлган аёл ҳам ўзидан: «Мен яхши хотин ва кейинчалик она бўлишга тайёрманми?» — деб сўраши керак. Муқаддас Китобда яхши хотин эрига ва болаларига қандай ғамхўрлик қилиши айтиб ўтилган. (Ҳикматлар 31:10–31) Бугунги кунда эркак ва аёллар фақатгина турмуш ўртоғи у учун нима қилиб бериши ҳақида ўйлайди. Лекин Яҳова биринчи навбатда турмуш ўртоғимизнинг манфаати ҳақида ўйлашимизни истайди.
16, 17. Турмуш қуриш ниятингиз бўлса, нима устида мулоҳаза юритишингиз даркор?
16 Турмуш қуришдан аввал, Яҳова эр ва хотиндан нималарни талаб қилиши устида мулоҳаза юритинг. Оила боши бўлиш ўз кучини кўрсатишни ёки ҳиссий босим ўтказишни англатмайди. Яхши оила боши Исога тақлид қилиб, оила аъзоларига ҳамиша севги ва меҳр билан муносабатда бўлади. (Эфесликларга 5:23) Аёл ҳам ўз навбатида эрининг қарорларини қўллаб-қувватлаш ва у билан ҳамкорлик қилиш нимани ўз ичига олиши ҳақида ўйлаб кўриши керак. (Римликларга 7:2) У ўзидан: «Номукаммал кишига қувонч ила бўйсуна оламанми?» — деб сўраши лозим. Агар бунга тайёр бўлмаса, турмуш қурмай туришга қарор қилиши мумкин.
17 Оила қурганлар биринчи навбатда ўзининг эмас, турмуш ўртоғининг бахти ҳақида ўйлаши керак. (Филиппиликларга 2:4ни ўқинг.) Павлус шундай деган: «Ҳар бирингиз ўз хотинингизни ўзингизни севгандай севинг. Хотин эса эрини чуқур ҳурмат қилсин». (Эфесликларга 5:21–33) Ҳам эркак, ҳам аёл севгига ва ҳурматга эҳтиёж сезади. Оила бахтли бўлиши учун эр хотини уни ҳурмат қилишини, хотин эса эри уни яхши кўришини билиши айниқса муҳим.
18. Учрашиб юрганда йигит билан қиз нега эҳтиёткор бўлиши керак?
18 Учрашиш даври ёқимли пайтлар бўлиб, йигит билан қиз бир-бирини яхшироқ билиб олишига имконият беради. Бундан ташқари, улар бу пайтда ҳақиқатга тик боқиб, ростгўй бўлишлари керак. Чунки улар бутун умр бирга яшай олиш-олмаслиги борасида қарор чиқаришлари лозим. Учрашиб юрганда улар бир-бири билан мулоқот қилишни ўрганади ва бир-бирининг қалбида нима борлигини билишга ҳаракат қилади. Уларнинг муносабати чуқурлашгани сайин ўзаро яқин бўлиш истаги пайдо бўлиши ҳам табиий ҳол. Лекин бирорта ахлоқсиз иш қилиб қўймаслик учун, улар турмуш қуришдан олдин ҳис-туйғуларини назорат қилишлари керак. Чин севги уларга ўзини тута билишга ёрдам беради. Шунингдек, ўзаро ҳамда Яҳова билан муносабатларига зарар етказадиган бирорта иш қилиб қўйишдан асрайди. (1 Салоникаликларга 4:6)
НИКОҲ МУСТАҲКАМ БЎЛИШИГА НИМА КЎМАКЛАШАДИ?
19, 20. Масиҳийлар никоҳга нисбатан қандай нуқтаи назарда?
19 Кўпгина китоблару фильмлар тўй билан якунланади. Ҳақиқий ҳаётда эса тўй бошланиш, холос. Яҳованинг ниятига кўра, никоҳ ришталари абадий бўлиши керак эди. (Ибтидо 2:24)
20 Бугунги кунда кўп одамлар никоҳга вақтинчалик келишувдай қарашади. Осонликча турмуш қуриб, осонликча ажрашишади. Айримлар никоҳда муаммолар бошланса, турмуш ўртоғини ташлаб кетиш ва никоҳга чек қўйиш ҳақида ўйлайди. Аммо Муқаддас Китобда ёзилган «учта ипдан эшилган арқон» ҳақидаги мисолни эсланг. Бундай арқон кучли босим остида ҳам узилиб кетмайди. Яҳовадан ёрдам сўрасак, никоҳимиз мустаҳкам бўлади. Исо шундай деган: «Аллоҳ бирга қўшганини бандаси ажратмасин». (Матто 19:6)
21. Эр ва хотин бир-бирини севишига нима кўмаклашади?
21 Барчамизнинг кучли ва заиф томонларимиз бор. Бошқаларнинг, айниқса, турмуш ўртоғимизнинг заиф томонларини кўриш жуда осон. Бироқ бунга диққатимизни қаратсак, бахтли бўла олмаймиз. Аксинча, турмуш ўртоғимизнинг яхши фазилатларига эътибор берсак, никоҳда бахтли бўламиз. Лекин номукаммал турмуш ўртоққа нисбатан бундай нуқтаи назарни сақлашнинг иложи борми? Албатта! Яҳова номукаммал эканимизни билади, шунга қарамай, эътиборини ижобий фазилатларимизга қаратади. Акси бўлганида-чи?! Сано бастакори шундай деган: «Эй Яҳ, хатоларимизга диққат қаратадиган бўлсанг, ким ҳам тура оларди, эй Яҳова?!» (Забур 130:3) Эр ва хотинлар турмуш ўртоғининг яхши томонларини излаб ва кечиришга тайёр бўлиб Яҳовага тақлид қила олишади. (Колосаликларга 3:13 ни ўқинг.)
22, 23. Иброҳим ва Сора турмуш қурган инсонларга қандай ўрнак қолдирган?
22 Йиллар ўтгани сайин никоҳ мустаҳкам бўлиб боради. Иброҳим билан Соранинг никоҳи мустаҳкам ва бахтли эди. Яҳова Иброҳимга Ур шаҳрини тарк этишини айтганда, Сора эҳтимол 60 ёшдан ошган эди. Қулай уйини тарк этиб, чодирларда яшаш Сора учун қанчалик қийин бўлганини бир тасаввур қилинг. Лекин Сора яхши дўст ва ёрдамчи эди, у эрини чин дилдан ҳурмат қиларди. Шунинг учун у эрининг қарорларини қўллаб-қувватлаган ва улар амалга ошишига ёрдам берган. (Ибтидо 18:12; 1 Бутрус 3:6)
23 Албатта, мустаҳкам никоҳ деганда, эр ва хотиннинг фикри ҳар доим ҳам бир жойдан чиқишини англатмайди. Бир сафар Иброҳим Соранинг гапига кўнмаганида, Яҳова: «Унинг гапларига қулоқ сол»,— деб айтган эди. Иброҳим айнан айтилганидай қилган ва натижаси яхши бўлган. (Ибтидо 21:9–13) Баъзида турмуш ўртоғингиз билан келишмай қолсангиз, тушкунликка тушманг. Энг муҳими, шундай пайтда ҳам бир-бирингизни севиб, ҳурмат қилишда давом этинг.
24. Қай йўсин никоҳимиз билан Яҳовага шараф келтира оламиз?
24 Бугунги кунда масиҳийлар жамоатида минглаб бахтли оилаларни кўрса бўлади. Агар сиз ҳам турмуш қурмоқчи бўлсангиз, оила қуриш ҳаётингиздаги энг муҳим қарорлардан бири эканини ёдда тутинг. Бу қарорингиз бутун умрингизга таъсир қилар экан, Яҳовадан йўл-йўриқ сўранг. Шунда донолик ила турмуш ўртоқ танлаб, никоҳ қуришга тайёр бўласиз. Шунингдек, бўлажак умр йўлдошингиз билан мустаҳкам ришталарни ривожлантириб, Яҳовага шараф келтира оласиз.