Еру осмондаги мавжудотларнинг бирлаштирилиши
«Худо... мақсади бўйича... еру осмондаги бор мавжудотларни Масиҳ бошчилигида бирлаштиради» (ЭФЕСЛИКЛАРГА 1:9, 10).
1. Яҳованинг еру осмонга нисбатан мақсади нимадан иборат?
ОЛАМДА ТИНЧЛИК! Худойимиз Яҳованинг ваъдаси шундайдир (Ибронийларга 13:20). У, «еру осмондаги мавжудотларни Масиҳ бошчилигида бирлаштириш» мақсади ҳақида ҳаворий Павлус орқали аён қилди (Эфесликларга 1:9, 10). Лекин бу оятдаги «бирлаштириш» сўзи нимани англатади? Илоҳиётшунос Ж. Б. Лайфутнинг сўзларига кўра: «Ушбу ибора, оламдаги тўла уйғунликни, яъни унда бегона ёки адоват уруғини сепувчи кучлар бўлмаслигини, балки бор мавжудотлар Масиҳда бирлашишини англатади. Гуноҳ ва ўлим, қайғу ва омадсизлик, оғриқ ва азоб-уқубатлар барҳам топади».
«Осмондаги мавжудотлар»
2. Бирлаштирилиши керак бўлган «осмондаги мавжудотлар» деганда, кимлар назарда тутилади?
2 Ҳаворий Бутрус, барча масиҳчиларнинг умидини ифодалаб: «Худонинг аҳд қилгани бўйича, биз адолат ҳукм сурадиган янги ер ва янги осмонни кутаяпмиз»,— деб ёзган (2 Бутрус 3:13). Бу оятда ваъда қилинган «янги осмон», янги ҳукуматни, яъни Масиҳий Шоҳликни англатади. Ҳаворий Павлус, «осмондаги мавжудотлар Масиҳ бошчилигида бирлаштирилади», деб ёзганида эса, Масиҳ билан шоҳлик қилиш учун, белгиланган миқдордаги одамлар танланишини назарда тутган эди (1 Бутрус 1:3, 4). Мана шу 144 000 мойланган масиҳчилар «ер юзидан сотиб олинган», «инсонлар орасидан сотиб олинган» бўлиб, самовий Шоҳликда Масиҳ билан биргаликда ҳукм суришади (Ваҳий 5:9, 10; 14:3, 4; 2 Коринфликларга 1:21; Эфесликларга 1:11; 3:6).
3. Агар мойланганлар ҳали ер юзида бўлса, унда нимага уларни «самовий оламда ўтқизиб қўйди», деб айтиш мумкин?
3 Мойланган масиҳчилар муқаддас руҳдан қайта туғилиб, Яҳованинг фарзанди бўлишган (Юҳанно 1:12, 13; 3:5-7). Яҳова уларни ўғил қилиб олган ва улар Исонинг биродарлари бўлишган (Римликларга 8:15; Эфесликларга 1:5). Шу сабабли, ҳали ер юзида яшаётган мойланганлар ҳақида «Масиҳ билан бирга... самовий оламда ўтқизиб қўйди», деб айтилган эди (Эфесликларга 1:3; 2:6). Улар бундай юқори лавозимга эга эканликларининг «тасдиғи ўлароқ Худо ваъда қилган Муқаддас Руҳ... самовий меросларининг гаровидир» (Эфесликларга 1:13, 14; Колосаликларга 1:5). Бинобарин, «осмондаги мавжудотлар» айнан улардир, ва уларнинг сони Яҳова томонидан белгиланган.
Бирлаштириш бошланмоқда
4. «Осмондаги мавжудотларнинг» бирлашиши қачон ва қандай бошланди?
4 Яҳованинг режаси бўйича, «осмондаги мавжудотларнинг» бирлаштирилиши «белгиланган вақтда» бошланиши керак эди (Эфесликларга 1:10). Бу вақт, милодий 33 йилнинг Ҳосил байрами кунидан бошланди. Ўша куни ҳаворийлар ҳамда эркак ва аёллардан иборат бўлган шогирдлар муқаддас руҳга тўлишди (Ҳаворийлар 1:13-15; 2:1-4). Бу, янги аҳд кучга кириб, масиҳчилар жамоати ва рамзий маънодаги «Худонинг Исроили» пайдо бўлганининг исботи эди (Галатияликларга 6:16; Ибронийларга 9:15; 12:23, 24).
5. Нима учун Яҳова Исроил халқининг ўрнига янги бир халқ барпо этди?
5 Дастлаб Худо билан аҳд тузган Исроил халқи эса, руҳонийлар шоҳлиги ва муқаддас бир халқ бўла олмади (Чиқиш 19:5, 6). Исо алайҳиссалом, яҳудий дин раҳбарларига: «Худонинг Шоҳлиги сиздан олиниб, тегишли ҳосилини етиштирувчи халққа берилади»,— деб айтган эди (Матто 21:43). Бу халқ, яъни рамзий Исроил, мойланган масиҳчилардан иборат бўлиб, улар билан янги аҳд тузилди. Улар ҳақида ҳаворий Бутрус: «Аммо сизлар — танлаган бир авлод, Шоҳаншоҳ руҳонийлари, муқаддас халқ, Худонинг азиз қавмисизлар. Худо сизларни қоронғиликдан Ўзининг ажойиб нурига даъват этган, сизлар Унинг фазл-камолотидан хабар бериш учун танлангансизлар. Бир вақтлар халқ эмас эдингизлар, энди эса Худонинг халқисизлар»,— деб ёзган (1 Бутрус 2:9, 10). Яҳова қадимги Исроил халқи билан тузилган аҳдни бекор қилди (Ибронийларга 8:7-13). Исо Масиҳ башорат қилганидай, Масиҳий Шоҳликка кириш шарафи улардан олиниб, рамзий Исроилнинг аъзолари бўлмиш 144 000 кишига берилди (Ваҳий 7:4-8).
Шоҳлик ҳақидаги аҳд
6, 7. Исо 144 000дан иборат бўлган биродарлари билан қандай ўзгача бир аҳд тузди ва бу, улар учун нимани англатади?
6 Исо ҳаворийларига, ўлимини хотирлаш Кечлигини нишонлашни амр этиб, бундай деди: «Синов чоғларимда Мен билан бирга дош берганлар сизлар бўлдингиз. Шу сабабдан, Отам Менга васият қилгани каби, Мен ҳам сизга Шоҳликни васият қиламан. Сиз Менинг Шоҳлигим дастурхонида ўтириб еб-ичасизлар, тахтларга ўтириб, Исроилнинг ўн икки қабиласи устидан ҳукмронлик қиласизлар» (Луқо 22:28-30). Бу ерда Исо, 144 000дан иборат бўлган биродарлари билан тузган ўзгача бир аҳд ҳақида гапирди. Улар «ўлимгача содиқ қолиб», «ғолиб» бўлишлари керак эди (Ваҳий 2:10; 3:21).
7 Ушбу гуруҳга танланган инсонлар, ер юзида абадий яшаш имкониятдан воз кечишди. Улар осмонда Исо Масиҳ билан бирга шоҳлик қилиб, инсониятни ҳукм этишади (Ваҳий 20:4, 6). Келинг, айнан мойланганларга тегишли бўлган ва нима сабабдан «бошқа қўйлар» нон ва шаробдан тановул қилмаслиги тўғрисидаги оятларни кўриб чиқайлик (Юҳанно 10:16).
8. Мойланганлар нон ва шаробдан тановул қилиш билан нимани кўрсатишяпти? («Масиҳнинг бадани» сарлавҳасидаги маълумотга қаранг).
8 Мойланганлар Исо Масиҳ чеккан азобларга шерик бўлишмоқда ва у каби ҳатто ўлишга ҳам тайёрлар. Улар қаторида бўлган ҳаворий Павлус, «Масиҳга сазовор бўлай, деб... азобларида қатнашиб, ўлимида ҳам Унга эргашиб, Унинг Ўзинию тирилишининг қудратини билиб олиш» учун ҳар нарсага тайёр бўлган (Филиппиликларга 3:8, 10). Кўп мойланган масиҳчилар, Исо сингари оғир азоб-уқубатларни бошдан кечиришяпти (2 Коринфликларга 4:10).
9. Қутлуғ Кечликда қўлланиладиган нон, қандай танани ифодалайди?
9 Қутлуғ Кечликка асос солаётиб, Исо алайҳиссалом: «Бу Менинг танамдир»,— деган эди (Марк 14:22). У ўзининг жисмоний танаси ҳақида гапирганди. Хамиртурушсиз нон, танасининг ўринли рамзи бўлган. Нега дейсизми? Чунки Муқаддас Китобда хамиртуруш гуноҳни ёки нуқсонни англатади (Матто 16:4, 11, 12; 1 Коринфликларга 5:6-8). Исо Масиҳ мукаммал бўлгани учун, унинг инсоний танаси гуноҳсиз бўлган. Шундай экан, у ўз мукаммал танасини тўлов сифатида қурбон қилиши мумкин эди (Ибронийларга 7:26; 1 Юҳанно 2:2). Унинг қурбонлиги, осмонда яшашга танланган, худди шундай ер юзида абадий яшашга умидвор бўлган барча содиқ масиҳчиларга фойда келтириши керак эди (Юҳанно 6:51).
10. Қандай қилиб шаробдан тановул қилувчилар, Масиҳнинг қонига алоқадор бўлишади?
10 Мойланган масиҳчилар Қутлуғ Кечликда тановул қиладиган шароб ҳақида ҳаворий Павлус бундай деб ёзган: «Биз қутлуғ косани қутлар эканмиз, Масиҳнинг қонига алоқадор бўлмаймизми?» (1 Коринфликларга 10:16). Қандай қилиб шаробдан тановул қилувчилар, Масиҳнинг қонига алоқадор бўлишади? Улар тўлов сифатида ўзларини қурбон қилишмайди албатта, чунки ўзлари ҳам бунга муҳтож. Улар, Исо Масиҳнинг қурбонлигига ишонч ҳосил қилганлари туфайли, гуноҳлари кечирилиб, оқланишади ва осмондаги ҳаётга меросхўр бўлишади (Римликларга 5:8, 9; Титусга 3:4-7). Айнан Масиҳнинг тўккан қони орқали, 144 000 мойланганлар «муқаддас қилинган» ва «азиз» бўлиш учун гуноҳдан тозаланганлар (Ибронийларга 10:29; Дониёр 7:18, 27; Эфесликларга 2:19). Ҳа, Исо ‘Ўз қони эвазига ҳар бир қабила, тил, халқ ва миллатдан Худо учун одамларни қўлга киритди. Уларни Худойимизга шоҳлар ва руҳонийлар қилди, улар ер юзида ҳукм суражаклар’ (Ваҳий 5:9, 10).
11. Қутлуғ Кечликда шаробдан тановул қилиб, мойланганлар нимани кўрсатишади?
11 Исо Масиҳ Қутлуғ Кечликка асос солганида, шароб қуйилган косани содиқ ҳаворийларига узатиб: «Бундан ҳаммаларинг ичинглар, чунки бу — кўпларнинг гуноҳлари кечирилиши учун тўкиладиган, Янги Аҳдни тасдиқлайдиган Менинг қонимдир»,— деди (Матто 26:27, 28). Ҳўкизу такаларнинг қони, Худо Исроил халқи билан тузган аҳдни тасдиқлагани каби, Масиҳнинг қони ҳам, милодий 33 йилнинг Ҳосил байрами кунида Яҳова рамзий Исроил билан тузган аҳдни исботларди (Чиқиш 24:5-8; Луқо 22:20; Ибронийларга 9:14, 15). «Янги аҳд»ни ифодаловчи шаробдан тановул қилиб, мойланганлар янги аҳдга қабул қилинганликларини ва осмонда яшашга умидвор эканликларини кўрсатишади.
12. Қандай қилиб мойланганлар, Масиҳнинг ўлимини тан олиб, сувда имон келтиришади?
12 Мойланганлар яна бир нарсани ёдда тутишлари керак. Исо шогирдларига: «Сизлар-ку Мен ичадиган заққум косани ичиб, ботадиган қайғу-аламларимга ўзингиз ҳам дучор бўласизлар»,— деган эди (Марк 10:38, 39). Кўп ўтмай ҳаворий Павлус, масиҳчилар «Унинг [Масиҳнинг] ўлимини тан олиб сувда имон келтиришди», деб айтди (Римликларга 6:3). Бу, мойланганлар ер юзида фидокорона ҳаёт кечиришини англатади. Уларнинг ўлими ҳам фидойидир, чунки улар ер юзида абадий яшаш умидидан воз кечишган. Бу мойланганлар ўлимгача содиқ қолиб, руҳий мавжудот сифатида тирилишганда, Масиҳнинг ўлимини тан олиб, сувда имон келтиришганини амалда тўлиқ бажо келтиришади (2 Тимўтийга 2:10-12; Римликларга 6:5; 1 Коринфликларга 15:42-44, 50).
Нон ва шаробдан тановул қилганда
13. а) Ер юзида яшашга умидвор бўлганлар, нима сабабдан Қутлуғ Кечликда нон ва шаробдан тановул қилишмайди? б) Аммо нега улар у ерда иштирок этишади?
13 Қутлуғ Кечликда нон ва шаробдан тановул қилиш, юқорида келтирилган талабларни бажаришни ўз ичига олар экан, ер юзида яшашга умидвор бўлганлар учун уларни тановул қилиш ўринсиздир. Ерда яшашга умидворлар, Масиҳнинг мойланган биродарлари эмасликларини, ҳамда Яҳова мойланганлар билан тузган янги аҳдга алоқадор эмасликларини тушунишади. «Коса» янги аҳдни ифодалаганлиги сабабли, бу аҳдга аъзо бўлганларгина нон ва шаробдан тановул қилишади. Ер юзидаги абадий ҳаётни кутаётганлар, Исо билан биргаликда шоҳлик қилиш учун танланмаганлар. Агар улар нон ва шаробдан тановул қилишса, ҳақли бўлмаган нарсага қўл урган бўлишади. Шундай экан, улар Қутлуғ Кечликда ҳурмат юзасидан иштирок этишса-да, нон ва шаробдан тановул қилишмайди. Улар, Яҳова Таоло Ўз Ўғлини қурбон қилиб, уларнинг гуноҳларини кечираётганлиги учун ўта миннатдорлар.
14. Нон ва шаробдан тановул қилиб, мойланганлар қандай қилиб маънан мустаҳкамланишади?
14 Осмонда Масиҳ билан бирга шоҳлик қилишга танланганларнинг бутунлай бирлаштирилиши яқинда ўз якунига етади. Мойланганлар ердаги фидойи ҳаётларининг сўнгигача Қутлуғ Кечликда нон ва шаробдан тановул қилиб, маънан мустаҳкамланишади. Мойланганлар бир-бири билан якдиллик ришталари ила боғланган. Нон ва шаробдан тановул қилиш эса, ўлимгача содиқ қолиш масъулиятини уларга эслатиб туради (2 Бутрус 1:10, 11).
Ердаги мавжудотларнинг бирлаштирилиши
15. Мойланганларни қўллаб-қувватлаш учун, уларга кимлар қўшилди?
15 Мойланганларга, 1930-йиллардан бошлаб, ерда абадий яшашга умидвор бўлган «бошқа қўйлар» қўшила бошлади (Юҳанно 10:16; Луқо 12:32; Закариё 8:23). Улар «Худо салтанати тўғрисидаги Инжил Хушхабари»ни дунё бўйлаб ваъз этишда Масиҳнинг биродарларига ёрдам бериб, уларнинг ҳамроҳлари бўлишди (Матто 24:14; 25:40). Шу сабабли Масиҳ, ҳукм куни келганида, уларни «қўйларим» деб тан олиб, ўзининг ўнг томонига турғизади (Матто 25:33-36, 46). Масиҳга ишонч билдирганликлари туфайли, улар «улкан бир оломонга» қўшилиб, «буюк қайғуда» омон қолишади (Ваҳий 7:9-14).
16. «Ердаги мавжудотлар» қаторига кимлар киради, ва қандай қилиб улар «Худонинг фарзандлари» бўлишади?
16 Қачонки 144 000 мойланганлар тўлиқ бирлаштириб бўлингандан сўнг, Шайтоннинг ёвуз тузумини йўқ қиладиган «шамоллар» қўйиб юборилади (Ваҳий 7:1-4). Масиҳ ва у билан бирга шоҳлик қилувчиларнинг минг йиллик бошқаруви даврида, ер юзида миллионлаб одамлар ҳам тирилтирилади (Ваҳий 20:12, 13). Улар, Исо Масиҳ Шоҳлигининг фуқаролари бўлиш имконига эга бўлишади. Минг йиллик бошқарувнинг охирида «ердаги мавжудотлар» сўнгги синовдан ўтишади. Содиқ бўлиб қолганлар, «Худонинг фарзандлари» бўлишади (Эфесликларга 1:10; Римликларга 8:21; Ваҳий 20:7, 8).
17. Яҳова Таолонинг нияти қандай амалга ошади?
17 Шу сабабли Яҳова Ўзининг беқиёс доно «режаси» орқали, «еру осмондаги бор мавжудотларни Масиҳ бошчилигида бирлаштириш» ниятини амалга оширади. Улар, буюк ниятлар эгаси бўлмиш Яҳова Таолонинг ҳукмдорлигига бўйсуниб, абадий тинчликда яшашади.
18. Мойланганлар ва уларнинг ҳамроҳларига Қутлуғ Кечлик нимани эслатади?
18 Мойланганлар ва уларнинг миллионлаб ҳамроҳлари учун, 2006 йил 12 апрел куни бўлиб ўтадиган учрашув, нақадар далда бўлади! Улар Қутлуғ Кечликни, Исо: «Мени эслаб туриш учун шундай қилинглар»,— деб амр этгани бўйича нишонлашади (Луқо 22:19). Ҳамма иштирок этувчилар, Яҳова Ўз Ўғли Исо Масиҳ орқали нима қилганини ёдда тутишлари керак.
Такрорлаш учун саволлар
• Яҳованинг еру осмонга нисбатан мақсади нимадан иборат?
• «Осмондаги мавжудотлар» кимлар ва қандай қилиб улар бирлаштирилади?
• «Ердаги мавжудотлар» кимлар ва улар қандай умидга эга?
[Рамка]
«Масиҳнинг бадани»
Ҳаворий Павлус 1 Коринфликларга 10:16, 17 оятларида, Масиҳнинг мойланган биродарлари учун нон муҳим аҳамиятга эга эканини тушунтираётиб, Масиҳнинг «баданини» ўзгача маънода кўрсатди. У: «Нонни синдирар эканмиз, Масиҳнинг баданига алоқадор бўлмаймизми? Нон қандай битта бўлса, биз ҳам худди шундай кўплашиб битта баданни ташкил этамиз. Ахир, бурда-бурда бўлса-да, ҳаммамиз битта нонни бўлишамиз»,—деб айтди. Мойланганлар Қутлуғ Кечликда нонни тановул қилишганида, Масиҳнинг бадани каби, мойланганлар жамоати ҳам бир баданни ташкил этишини кўрсатишади (Матто 23:10; 1 Коринфликларга 12:12, 13, 18).
w06-UZ 02/15b
20—26 март Қўшиқлар: 53, 187.