Итоаткорлигингизни Тангри Яҳова қадрлайди
Эй ўғлим, доно бўл, қалбимни қувонтир. ҲИКМАТЛАР 27:11
1. Бугунги жамият орасида қандай руҳ ҳукм сурмоқда?
БУГУНГИ дунёда мустақиллик ва итоатсизлик руҳи ҳукм сурмоқда. Инжилда бунинг сабаби қуйидагича тушунтирилган: «Сизлар бу дунёнинг таомилига кўра, фазода ҳукмронлик қилаётган ҳоким — шайтоннинг ихтиёрига қараб яшар эдингизлар. Шайтон руҳи ҳозир ҳам осий бандаларда амал қилмоқда» (Эфесликларга 2:1, 2). Чиндан ҳам, Шайтон Иблис «фазода ҳукмронлик қилаётган ҳоким» бўлиб, бутун дунёни итоатсизликка ундамоқда. Шайтон биринчи асрдаёқ дунёга таъсирини ўтказар эди. Тахминан Биринчи жаҳон уруши даврида ер юзига отилганидан сўнг эса, унинг таъсири янада кучайди (Ваҳий 12:9).
2, 3. Яҳовага бўйсунишимизнинг қандай сабаблари бор?
2 Тангри Яҳованинг хизматчиси эканмиз, У бизнинг бўйсунишимизга лойиқлигини биламиз. Зеро У Яратувчимиз, Халоскоримиз, меҳрибон Ҳукмдоримиз ва Нажоткоримиздир (Забур 148:5, 6; Ҳаворийлар 4:24; Колосаликларга 1:13; Ваҳий 4:11). Мусо пайғамбар давридаги Исроил халқи Яҳова — уларнинг Парвардигори ва Қутқарувчиси эканлигини билган. Шу сабабли Мусо уларни Худонинг амрларига риоя қилишга ундаганди (Амрлар 5:32). Шубҳасизки, Яҳова уларнинг бўйсунишига лойиқ бўлган. Бироқ кўп ўтмай, улар ўз Ҳукмдорига қулоқ солмай қўйишди.
3 Бизларга келсак, итоаткорлигимиз Парвардигори Олам учун қанчалик муҳим? Худо кунларнинг бирида Шомуил пайғамбар орқали шоҳ Шоулга бундай деди: «Итоат этиш — қурбонлик сўйишдан яхши» (1 Шоҳлар 15:22, 23). Нима учун итоаткорлик шу қадар муҳим?
Нега «итоат этиш — қурбонлик сўйишдан яхши»
4. Биз Яҳовага нима бера оламиз?
4 Яҳова Яратувчимиз экан, биз эга бўлган барча нарса Унга тегишли. Унда биз Худога бирор нарса бера оламизми? Албатта. Ва бу нарса жуда қадрли. Хўш нима тўғрисида гап кетяпти? Бу борада Тавротда бундай дейилган: «Эй ўғлим, доно бўл, қалбимни қувонтир, шунда биров мени танқид қилса ҳам, жавоб қайтара оламан» (Ҳикматлар 27:11). Хуллас, биз Худога бера оладиган нарса — итоаткорликдир. Барчамизнинг шароитимиз ва келиб чиқишимиз турлича. Бироқ итоаткор бўлсак, Шайтоннинг ҳеч бир инсон синовларда Худога содиқ бўлиб қолмайди, деган айбловига жавоб қайтара оламиз. Бу нақадар улуғ шараф!
5. Итоатсизлик Яратувчига қандай таъсир қилади? Мисол келтиринг.
5 Биз қандай қарор қабул қилишимиз Худо учун барибир эмас. Агар итоатсиз бўлсак, бу Унга таъсир қилади. Қандай қилиб? Одамлар нодонларча йўл тутаётганини кўриш, Уни ранжитади (Забур 77:40, 41). Қанд касаллигига чалинган инсон, тавсия этилган парҳезга риоя қилмай, тақиқланган нарсаларни истеъмол қилаётганини тасаввур қилинг. Уни даволаётган шифокор бунга қандай қарарди? Шубҳасизки, Яҳова учун ҳам одамларнинг итоатсизлигини кўриш оғир ботади, чунки бу, қандай оқибатларга олиб келишини У яхши билади.
6. Худога итоатли бўлишга нима ёрдам беради?
6 Хўш, итоатли бўлишимизга нима ёрдам беради? Биз шоҳ Сулаймон сингари, Худодан «ақл-идрок» ёки итоатли қалб беришини сўрашимиз мумкин. У «яхшилик билан ёмонликнинг фарқига боришни» ва Исроил халқини ҳукм этиш учун, Аллоҳдан итоатли қалб беришини сўраган (3 Шоҳлар 3:9). Ҳозир дунёда итоатсизлик руҳи ҳукм сурмоқда. Агар яхшилик билан ёмонликнинг фарқига боришни истасак, бизга ҳам итоатли қалб даркор. Бунинг учун Худо бизга Муқаддас Китобни ва унга асосланган адабиётларни ҳамда йиғилишлару ғамхўр оқсоқолларни ҳавола этган. Худо тақдим этган бундай инъомлардан тўлиқ фойдаланяпмизми?
7. Нега Яҳова учун итоаткорлик қурбонликдан афзалроқ?
7 Қадимда Яҳова Ўз халқига бир муҳим ҳақиқатни, яъни итоаткорлик қурбонликдан афзалроқ эканини очиб берганини эсланг (Ҳикматлар 21:3, 27; Ҳўшея 6:6; Матто 12:7). Нега Яҳова учун итоаткорлик қурбонликлардан ҳам афзал, ахир Унинг Ўзи халқига қурбонлик келтиришни буюрган эди-ку? Инсонни қурбонлик келтиришга нима ундаши устидан бир ўйлаб кўринг. Аслида у Худога маъқул келишни истайдими, ёки шунчаки бирор удумга амал қиляптими? Агар Худонинг хизматчиси ҳақиқатан ҳам Унга маъқул келишни истаса, у Худонинг барча қонун-қоидаларига риоя қилишга ҳаракат қилади. Худо қурбонликларга муҳтож эмас, балки итоаткорлигимиз — биз Унга бера оладиган қимматбаҳо ҳадядир.
Огоҳлантирувчи мисол
8. Нима сабабдан Шоул тахтдан маҳрум бўлди?
8 Шоҳ Шоул ҳақидаги Муқаддас Китоб баёнотидан, итоаткорлик нақадар муҳимлигини кўриш мумкин. Шоул шоҳлигининг бошланишида камтарин бўлиб, «ўзини кичик» санарди. Аммо кейинчалик мағрурлик ва нотўғри фикрлаш тарзи, унинг қарорларига таъсир қила бошлади (1 Шоҳлар 10:21, 22; 15:17). Бир куни Шоул Филистларга қарши жангга чиқиши керак эди. Шомуил пайғамбар шоҳга, Яҳовага қурбонликлар келтириш ва нима қилишни айтиш учун келмагунига қадар, кутиб туришни буюрди. Бироқ Шомуил кутилган вақтда келмагач, халқ тарқаб кета бошлади. Шунда Шоул ўзи «куйдириладиган қурбонликларни назр қилди». Бу эса Яҳовага маъқул келмас эди. Охири Шомуил келгач, шоҳ пайғамбарнинг кечикканини баҳона қилиб, итоатсизлигини оқлай бошлади. Яҳованинг кўнглини юмшатиш учун қурбонлик келтиришга мажбур бўлганини айтди. Шоул учун қурбонлик келтириш, итоат қилишдан кўра афзалроқ эди. Шомуил пайғамбар унга: «Нодонларча иш тутибсан, ўз Эганг Худонинг сенга берган амрига итоат этмадинг»,— деб айтди. Шоул итоатсизлиги дастидан тахтдан маҳрум бўлди (1 Шоҳлар 10:8; 13:5–13).
9. Шоул учун Худога итоатсизлик қилиш одат тусига кириб қолгани нимада намоён бўлди?
9 Бу ҳодисадан шоҳ бирор сабоқ олдими? йўқ! Кейинчалик Яҳова Шоулга, бесабаб Исроил халқига ҳужум қилган Омолек халқини йўқ қилишни буюрди. Шоул ҳатто уй ҳайвонларини ҳам аямаслиги керак эди. «Шоул Хавиладан Мисрнинг шарқидаги Шургача бўлган жойлардаги Омолек халқини тор-мор қилишдагина» Яҳовага итоат этди. Шомуил келганида, ғалабадан хурсанд бўлган шоҳ, унга: «Эгамиз сизни ёрлақасин! Мен Эгамизнинг амрини адо этдим»,— деди. Бироқ аниқ раҳбарликка қарамай, Шоул ва унинг одамлари «Ўгахни ҳамда унинг энг яхши қўй-молларини, бузоқ-қўзиларини, жамики яхши нарсаларини» сақлаб қолишган эди. Шоҳ Шоул қилган ишини яна оқлаб, бундай деди: «Одамларим... Эгангиз Худога қурбонлик қилиш учун қўй, сигирларнинг энг сараларини аяб, сақлаб қолишди» (1 Шоҳлар 15:1–15).
10. Шоул ниманинг асл моҳиятини тушуна олмади?
10 Шунда Шомуил пайғамбар Шоулга бундай деди: «Куйдириладиган ва бошқа қурбонликлардан кўра, Эгамиз Ўзига итоат этганлардан шод бўлмасми?! Ҳа, итоат этиш — қурбонлик сўйишдан яхши, Худога итоаткорлик — қўчқорлар ёғидан аълороқдир» (1 Шоҳлар 15:22). Модомики Яҳова бу ҳайвонларни қириб ташлашни буюрган экан, улар қурбонлик учун яроқсиз эди.
Барча нарсада итоатли бўлинг
11, 12. а) Яҳова Унга маъқул келиш ва хизмат қилиш учун қилаётган ҳаракатларимизни қандай баҳолайди? б) Қандай қилиб инсон, гарчи итоатсизлик қилаётган бўлса-да, Худонинг иродасини бажаряпман, деб янглишиши мумкин?
11 Яҳова учун хизматчиларининг садоқатини кўриш, қувонч келтиради! Зеро улар қувғинларга қарамай Худога содиқ қолишмоқда, одамларнинг бепарволигига эътибор бермай, ваъз қилишяпти ҳамда тирикчилик қилиш мушкул бўлса-да, жамоат учрашувларига қатнашмоқда. Бундай муҳим нарсаларда итоаткорлик Яҳованинг қалбини хушнуд этади! Худо Унга севги ила қилаётган хизматимизни жуда қадрлайди. Эҳтимол, одамлар бизнинг ҳалол меҳнатимизни қадрлашмас, бироқ Худо чин дилдан қилаётган хизматимизни кўриб, эсида тутади (Матто 6:4).
12 Барча нарсада Яҳовага маъқул келиш учун, ҳаётимизнинг ҳамма соҳаларида итоаткорлик кўрсатишимиз лозим. Агар биз Худога бўлган хизматда муайян вазифаларни бажараётган бўлсак, Унинг айрим меъёрларига риоя қилмасак ҳам ҳеч қиси йўқ деб ўйласак, янглишган бўламиз. Мисол учун, киши Муқаддас Китобнинг айрим талабларини бажараётган бўлса, ахлоқсиз қилмишлари ёки бошқа оғир гуноҳлари жазосиз қолади, деб нотўғри фикрлаши мумкин. Бу қандай нодонлик-а! (Галатияликларга 6:7, 8).
13. Бизни ҳеч ким кўрмаётганда, қандай қилиб итоаткорлигимиз синалиши мумкин?
13 Шу сабабли ҳар биримиз ўзимизга бундай савол беришимиз керак: «Мен Яҳовага кундалик ишларда, ҳатто шахсий масалаларда ҳам итоатлиманми?» Ҳазрати Исо: «Кичик ишда садоқатли бўлган буюк ишда ҳам садоқатлидир. Кичик ишда садоқатсиз бўлган буюк ишда ҳам садоқатсиздир»,— деган эди (Луқо 16:10). Ҳатто ‘хонадонимиз ичра соф дилимиз ила юрамизми’? (Забур 100:2). Чиндан ҳам, уйда ёлғиз қолганимизда, садоқатимиз синовга дуч келиши мумкин. Кўп мамлакатларда компьютер деярли ҳар бир хонадонда бор бўлиб, у орқали беҳаё суратларни кўриш мушкул иш эмас. Бундан бир неча йил аввал бундай суратларни ахлоқсиз ўйин-кулги учун мўлжалланган жойлардагина кўриш мумкин эди. Исо Масиҳ бу борада шундай деган эди: «Ким бир аёлга шаҳват билан қараса ҳам, аллақачон кўнглида у билан зино қилган бўлади». Шундай экан, беҳаё суратларга ҳатто қиё боқишдан ҳам воз кечамизми? (Матто 5:28; Аюб 31:1, 9, 10; Забур 118:37; Ҳикматлар 6:24, 25; Эфесликларга 5:3–5). Ойнаи жаҳонда намойиш этиладиган зўравонликка нисбатан қандай муносабатдамиз? Зўравонлардан нафратланадиган Худонинг нуқтаи назарига қўшиламизми? (Забур 10:5). Ёки бизни ҳеч ким кўрмаётганда спиртли ичимликларни суиистеъмол қилармидик? Муқаддас Китоб нафақат ичкиликбозликни қоралайди, балки «майхўрликка ружу қўйишдан» огоҳлантиради (Титусга 2:3; Луқо 21:34, 35; 1 Тимўтийга 3:3).
14. Қандай қилиб пул масаласида Худога итоаткорликни намоён қиламиз?
14 Пул масаласида ҳам эҳтиёткор бўлишимиз жуда муҳим. Масалан, тез бойиб кетиш илинжида, шубҳали ишларда иштирок этармидик? Солиқ тўламаслик учун ноқонуний усулларни қўллаган бўлармидик? Ёки биз Инжилдаги: «Ҳар бир кишига ўз ҳақини беринглар: солиқ йиғувчига — солиқ»,— деган буйруққа риоя қиламизми? (Римликларга 13:7).
Севги итоаткор бўлишга ундайди
15. Нима сабабдан сиз Яҳованинг қонун-қоидаларига риоя қиляпсиз?
15 Худонинг қонун-қоидаларига амал қилиш қут-барака келтиради. Мисол учун, агар биз тамаки чекишдан воз кечсак, юқори ахлоқий меъёрларга риоя қилсак ҳамда қонни муқаддас деб ҳисобласак, муайян касалликлардан ўзимизни асрай оламиз. Бундан ташқари, Муқаддас Китоб меъёрларини ҳаётнинг бошқа соҳаларида ҳам қўллаш, иқтисодий ва ижтимоий аҳволни ҳамда оилавий ҳаётни яхшилашга кўмаклашади (Ишаё 48:17). Шубҳасизки буларни қут-барака дейиш мумкин. Зеро улар Худонинг қоидалари қанчалик амалий эканини исботлайди. Бироқ биз Яҳова Таолога ғаразли мақсадда эмас, балки Уни севганимиз учун итоат қиляпмиз (Аюб 1:9–11; 2:4, 5). Худо бизга кимга итоат қилишни танлаш эркинлигини берган. Биз Яҳовани хушнуд этишни ва тўғри йўл тутишни истаганимиз учун Унга итоат қилишни хоҳлаймиз (Римликларга 6:16, 17; 1 Юҳанно 5:3).
16, 17. а) Исо Худога севги ила итоат қилганини қандай кўрсатди? б) Қандай қилиб биз Исога тақлид қилишимиз мумкин?
16 Ҳазрати Исо бизга мукаммал ўрнак қолдирган. Зеро у Яҳовани чин дилдан севиб, Унга итоаткор бўлган (Юҳанно 8:28, 29). Исо ер юзига келганида, «азоб-уқубат чекиб, итоат қилишни ўрганди» (Ибронийларга 5:8, 9). Қандай қилиб? У Ўзини паст олиб, ҳатто ўлимигача итоаткор бўлди (Филиппиликларга 2:7, 8). Гарчи Исо осмонда яшаганида ҳам тавозели бўлганига қарамай, ер юзида итоаткорлиги яна синалди. Исо, мойланганлар ҳамда унга ишонаётган бошқа инсонлар учун, Олий руҳоний бўлиб хизмат қилишга ҳар томонлама тайёрлигидан шубҳаланишимизга асос йўқ (Ибронийларга 4:15; 1 Юҳанно 2:1, 2).
17 Биз ҳақимизда эса нима дейиш мумкин? Исо Аллоҳнинг иродасига итоат қилишни биринчи ўринга қўйган ва биз ундан ибрат олишимиз даркор (1 Бутрус 2:21). Агар биз қаршилигу васвасаларга қарамай, севги ила Яҳованинг қонун-қоидаларига бўйсунсак, чуқур мамнуният ҳис этамиз (Римликларга 7:18–20). Масалан биз, зиммасига масъулият юкланган биродарларимиз номукаммал бўлишларига қарамай, уларга бўйсунамиз (Ибронийларга 13:17). Ҳаётимизда илоҳий қонун-қоидаларга итоат қилишимизни Яҳова қадрлайди.
18, 19. Худога бўлган итоаткорлигимиз қандай натижалар келтиради?
18 Бугун эса, Яҳовага бўйсуниш ва садоқатни сақлаш учун эҳтимол, қувғинларга дош беришга тўғри келар (Ҳаворийлар 5:29). Шунингдек, Яҳованинг ваъз қилиш ва шогирд орттириш топшириғини бажариш учун, сабр-бардошли бўлмоғимиз лозим (Матто 24:13, 14; 28:19, 20). Бу дунё бизни ҳар томондан сиқаётганига қарамай, имондошларимиз билан учрашишни давом эттиришимиз учун ҳам сабр-тоқат талаб этилади. Ушбу соҳаларда бўйсуниш учун қилаётган уринишларимизни меҳрибон Худовандимиз яхши тушунади. Барча нарсада итоатли бўлиш учун гуноҳга қарши курашишимиз, ёмонликдан нафратланиб, яхшиликни севишимиз даркор (Римликларга 12:9).
19 Агар Яҳовага миннатдорлик ва севги ила хизмат қилаётган бўлсак, Худо «Уни изловчиларга [шу жумладан бизларга ҳам] мукофот беради» (Ибронийларга 11:6). Гарчи қилаётган хизматимиз Яҳовани хушнуд қилса-да, севги ила итоаткорлик кўрсатиш янада муҳимроқ бўлиб, Унга қувонч келтиради (Ҳикматлар 3:1, 2).
Қандай жавоб берардингиз?
• Биз Яҳовага бирор нарса бера оламизми?
• Шоул қандай хатоларга йўл қўйган?
• Худога итоат қилиш, қурбонликлардан афзалроқ эканини қандай кўрсатишингиз мумкин?
• Яҳовага итоатли бўлишга сизни нима ундайди?
[12- саҳифадаги расм]
Бемор шифокорнинг тавсиясига риоя қилмаса, шифокор бунга қандай қарарди?
[14- саҳифадаги расм]
Нима учун шоҳ Шоул Яҳованинг ғазабини келтирди?
[16- саҳифадаги расмлар]
Сизни ҳеч ким кўрмаганда ҳам Худонинг меъёрларига итоатлимисиз?