Ҳаётнинг мазмуни нимада?
Худодан қўрқ, Унинг амрларини бажар. ВОИЗ 12:13
1, 2. Воиз китобини ўраниб чиқиш қандай фойда келтиради?
ҲАММА нарсаси бор бўлган одамни тасаввур қилинг. У машҳур арбоб, ўта истеъдодли киши ва дунёда энг бой-бадавлат инсонларнинг биридир. Аммо бунга қарамай: «Ҳаётнинг мазмуни нимада?» деган савол унга ҳеч тинчлик бермаяпти.
2 Бундай кимса тахминан уч минг йил муқаддам чиндан ҳам яшаган. Унинг исми Сулаймон ва у ёзган Воиз китобида айнан ҳаёт мазмуни ҳақда гап кетяпти (Воиз 1:13). Бу китобни ўрганиб чиқиб, кўп фойда чиқарсак бўлади. Воиз китобида ёзилган донолик, чиндан ҳам мазмунли ҳаёт кечиришга ва тўғри мақсадларга интилишга кўмаклашади.
«Шамолнинг орқасидан қувишдай»
3. Нима ҳақда ҳар биримиз ўйлаб кўришимиз керак?
3 Аллоҳнинг ишлари бетакрор ва беҳисоб эканига эътиборимизни қаратиб, Сулаймон улар нақадар ажойиб ва ҳайратомуз эканини таъкидламоқда. Аммо бу барча ишларни тадқиқ қилиб кўриш учун инсоннинг умри жуда қисқадир (Воиз 3:11; 8:17). Муқаддас Китобда айтилганидай ҳаётимиз соя каби тез ўтиб кетади (Аюб 14:1, 2; Воиз 6:12). Бундай экан, донолик ила ҳаёт кечиришга уринишимиз ўринли эмасми?! Аммо Шайтон дунёси бизни чалғитишга уринаётгани сабаб, бу осон иш эмас.
4. а) «Беҳуда» сўзининг маъноси қанақа? б) Қандай мақсадлар ҳақда гап юритамиз?
4 Вақтимизни бўлмағур нарсаларга сарфлаш қанчалар нодонлик эканини кўрсатиш учун, Сулаймон тахминан 30 марта «беҳуда» сўзини қўллаган. «Беҳуда» деб таржима қилинган қадимги ибронийча сўз маъносиз, бефойда, кўпга чўзилмайдиган нарсаларга нисбатан ишлатилган (Воиз 1:2, 3). Гоҳо «беҳуда» сўзига маънодош сифатида, Сулаймон «шамолнинг орқасидан қувишдай», деган иборасидан фойдаланган (Воиз 1:14; 2:11). Чиндан ҳам шамолнинг орқасидан қувиш ҳеч қандай самара келтирмайди. Бундай қилмоқчи бўлганларнинг ҳаракатлари эса пучга чиқишини ҳамма яхши билади. Маъноси йўқ мақсадларга интилиш ҳам худди шундай. Шайтон ҳукмронлик қилган дунёда инсон умри қисқа экан, уни беҳуда ишларга сарфлаш ҳеч ярашмайди. Хўш, одамлар одатда қандай мақсадларга интилишар экан? Келинг, бу ҳақда Сулаймон нима деяётганини билиб олайлик. Аввало хушчақчақликда вақт ўтказиш ва бойликка интилиш каби мақсадларни кўриб чиқайлик, сўнг эса қайси иш чиндан ҳам маъноли эканини муҳокама қиламиз.
Хушчақчақликда вақт ўтказиш бизни бахтли қиладими?
5. Сулаймон нимада бахт излаган?
5 Сулаймон, аксар замондошларимиз сингари, ҳаётини хушчақчақликда ўтказишга уриниб кўрган. «Ўзим хоҳлаган ҳамма нарсани олдим, кўнглим истаганини қилдим»,— дея бўлишди у (Воиз 2:10). Хўш, Сулаймон нимада бахтни излаган? Воиз китобининг иккинчи бобига биноан, у меъёрини билиб кўнглини шароб билан чоғ қилган, саройлар қурган, чиройли боғлар яратган, шахсий қўшиқчиларга эга бўлган, ажиб ноз-неъматлардан тановул қилган.
6. а) Нимага хушчақчақликнинг ёмон жойи йўқ? б) Дам олишга муҳтож эканимизга қарамай, нега меъёрини билишимиз керак?
6 Хўш, Худонинг Каломи дўстлар билан бирга хушчақчақликда вақт ўтказишни тақиқлаяпти деб шама қиляпмизми? Йўқ, асло. Ахир оғир меҳнатдан сўнг дастурхон атрофида йиғилиб, дам олиш Сулаймоннинг айтишича Худонинг инъоми-ку! (Воиз 2:24; 3:12, 13 ўқиб беринг) Боз устига Яҳова Таоло, оқибатини ёддан чиқармай ёшларни «роҳатлан, юрагинг сени завқлантирсин», дея чорлаяпти (Воиз 11:9). Албаттаки, дам олиб яхши ўйин-кулги турларига муҳтожмиз (Марк 6:31 солиштиринг). Бироқ улар ҳаётимизнинг асл мақсади бўлиб қолмаслиги керак. Улар худди асосий таомдан олдин ёки кейин дастурхонга қўйиладиган ширинликлар каби. Ширинликларни қанчалик севманг, агар фақат уларни истеъмол қилсангиз яқин орада нафақат жонингизга тегади, балки бундан яхшилик ҳам чиқмайди. Мана нега Сулаймон хушчақчақликда вақт ўтказишга қаратилган ҳаёт «шамолнинг орқасидан қувишдай экан», деган хулосага келди (Воиз 2:10, 11).
7. Нега ўйин-кулги турларини танлаётиб эҳтиёт бўлишимиз даркор?
7 Дарвоқе, ҳамма ўйин-кулгиларни ҳам яхши деб бўлмайди. Аксинча улардан кўпи маънан ҳамда ахлоқан зарарлидир. Афсуски хушчақчақлик қилиш истаги миллионлаб одамларни ичкилик, гиёҳвандлик, қимор каби тузоқларига туширди. Шунинг учун Яҳова, нафсга берилиб юриш аянчли оқибатларга олиб келади, деб меҳр билан огоҳлантирмоқда (Галат. 6:7).
8. Ҳаёт тарзимизга эътибор бериб туриш нимаси билан фойдали?
8 Яна шуни айтиб ўтиш керакки, меъёрини билмай хушчақчақликка берилиш, муҳимроқ нарсалардан бебаҳра қолдиради. Унутманг, ҳаёт тезлик билан ўтиб кетади ва доимо ҳам ғам чекмай бақувват бўлиб юрмаймиз. Ҳа, мана нега Сулаймон хурсандчилик ҳақида ўйлашнинг ўрнига, азадор хонадонга, айниқса Яҳованинг садоқатли хизматчиси ҳаётдан кўз юмган уйга, бориш афзалроқдир деб айтган (Воиз 7:2, 4 ўқиб беринг). Дафн нутқини эшитиб ва имондошимиз қолдирган яхши ўрнаги устидан мулоҳаза юритиб, ўз мақсадларимизу ҳаёт тарзимизга бошқатдан қараб кўриш имкониятига эга бўламиз. Шунда, вақтимизни донолик билан сарфлаш учун, эҳтимол ҳаёт тарзимизда қандайдир ўзгаришлар қилишимизга тўғри келар (Воиз 12:1).
Бойлик орттириш бизни бахтли қиладими?
9. Бойлик борасида Сулаймон қандай хулосага келди?
9 Воиз китобини ёзган пайтда Сулаймон жуда бой-бадавлат одамлардан бири эди (2 Сол. 9:22). У нимаики истаса бунга эга бўлиши мумкин эди. «Ўзим хоҳлаган ҳамма нарсани олдим»,— деган эди у (Воиз 2:10). Лекин бойлик ўз-ўзидан бахт келтирмаслигини Сулаймон ҳам яхши биларди. У хулоса чиқариб: «Пулга ружу қўйган ҳеч қачон пулга, бойликни яхши кўрган эса бойликка тўймайди»,— дея ёзганди (Воиз 5:9).
10. Ҳақиқий бойлик ва мамнуниятни нима келтиради?
10 Бойлик ўзгарувчан бир нарса бўлса-да, ўзига жалб қилиши мумкин. АҚШда ўтказилган бир сўровлар натижасида, университетда таҳсил оладиган биринчи курс талабаларининг 75 фоизи, ҳаётининг асосий мақсади «бой бўлиб кетиш», экани айтишди. Наҳотки улар бой бўлиб кетишса, чиндан ҳам бахтга эриша олишади? Қайдам. Тадқиқлар кўрсатганидай бойликка ўчлик, аксинча бахтга эришиш учун халақит берар экан. Бундай хулосага эса қадимданоқ Сулаймон келган эди. У: «Ўзим учун кумушу олтин, шоҳларга лойиқ ажойиб бойликлардан йиғдим... Аммо қарасам... буларнинг ҳаммаси беҳуда экан, шамолнинг орқасидан қувишдай экан»a,— деди (Воиз 2:8, 11). Бироқ Худованд Яҳовага хизмат қилиб, бераётган баракаларидан мамнун бўлсак, ҳақиқий бойликка эга бўламиз (Ҳикматлар 10:22 ўқиб беринг).
Қайси иш чиндан ҳам маъноли?
11. Ишнинг фойдаси ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилган?
11 Ҳазрати Исо: «Менинг Отам шу кунгача Ўз ишини қилиб келяпти, Мен ҳам Ўз ишимни қиляпман»,— деганди (Юҳан. 5:17). Шубҳасизки Яҳова Таоло ҳам, Исо Масиҳ ҳам фаолиятларидан мамнундир. Масалан, Муқаддас Китобда баён этилганидек, Яҳова ердаги яратиш ишларини тугатганида «бутун яратганларига қараб, ҳаммасининг жуда яхши эканини кўрди» (Ибт. 1:31). Ҳатто бу ишларни кузатиб турган фаришталар ҳам тараннум этишганди (Аюб 38:4–7). Улуғ мақсадларга хизмат қилган фаолиятнинг қадрини Сулаймон ҳам биларди (Воиз 3:13).
12, 13. а) Иккита кишининг айтишича, ҳалол иш қандай натижалар келтиради? б) Нега баъзан иш тушкунликка солиши ҳам мумкин?
12 Ҳалол иш нақадар баракали эканини кўп одамлар билишади. Масалан жуда истеъдодли рассом бўлган Хосе: «Ўз тасаввурларимни расмда акс эттиришга муваффақ бўлсам, худди баланд тоғнинг чўққисини забт этгандай ўзимни ҳис қиламан»,— дея бўлишди. Тадбиркор бўлган Мигельb эса қуйидагича фикр билдирди: «Иш менга мамнуният келтиради, чунки ўз оилам учун ишлаяпман. Бундан ташқари ишимнинг яхши самарасини ҳам кўряпман».
13 Минг афсуски ҳар бир иш шунчалар мамнуният келтирмай, зерикарли бўлиши мумкин. Баъзан эса иш жойимизнинг ўзи, эҳтимол содир бўладиган адолатсизлиги билан, бизни тушкунликка солади. Сулаймон ҳам бундай вазиятни келтириб, гоҳо дангаса кимса, қудратли одамларнинг мадади билан, ҳалол ишчининг самарасини ўзлаштириб олади (Воиз 2:21). Бу ҳам майли-я. Иқтисодиётдаги танқислик натижасида ёки фавқулодда вазият бўлиб қолиб, аввалига даромадли кўринадиган иш юрмай қоладими-эй (Воиз 9:11 ўқиб беринг). Шунда ўзига бино қўймоқчи бўлганлар «шамол учун меҳнат» қилганини англаб, умидлари пучга чиқади, ҳафсаласи пир бўлади (Воиз 5:15).
14. Қайси иш чиндан ҳам маъноли?
14 Бироқ савол туғилмоқда: «Кўнгил қолмайдиган иш борми ўзи?» Сўзлари боя келтирилган Хосе бундай дейди: «Вақти билан расмларнинг бўёқлари ўчиши, ёки ҳатто расмларнинг ўзи йўқолиши мумкин. Лекин маънавий хазиналар билан бундай эмас. Хушхабарни ваъз қилиб, мен Яҳованинг иродасини бажаряпман. Ҳа, мен ҳеч вақт барбод бўлмайдиган иш қиляпман — одамларга Ҳақ Аллоҳ билан дўстлашишга кўмаклашяпман. Бундан зўр нарса бормикин?!» (1 Кор. 3:9–11). Мигель ҳам, тадбиркорлик ишидан кўра, Худо Шоҳлиги ҳақида хабар тарқатиш, уни кўпроқ хушнуд этишини қуйидагича айтди: «Ҳақиқат каломи сиз ваъз қилган одамнинг қалбигача етиб борганини кузатиш бетакрор шодиёнадир».
«Нонингни сувга ташла»
15. Қайси ишлар ҳаётимизга мазмун бермоқда?
15 Хўш, ҳаётни нима мазмунли қилар экан? Ҳатто ушбу ўтиб кетаётган ёвуз дунёда яхшилик қилиб, Яҳовани қувонтирсак чиндан мамнуният топамиз. Биз Аллоҳимиз билан муносабатларимизни ривожлантиришимиз, фарзандларимизга маънавий қадриятларни сингдиришимиз, ўзгаларни Яҳова билан таништиришимиз ва азиз имондошларимиз билан дўстлик ришталаримизни мустаҳкамлашимиз мумкин (Галат. 6:10). Бу барча мақсадлар абадийдир, уларга эришганлар эса улуғ мукофот топадилар. Сулаймон хайрли ишлар қандай натижаларга олиб келишини кўрсатадиган бир мисол келтирганди. У: «Нонингни сувга ташла, бир неча кундан кейин уни яна топасан»,— дея айтганди (Воиз 11:1). Исо Масиҳ эса шогирдларини чорлаб: «Бошқаларга беринг, сизларга ҳам қайтади»,— деди (Луқо 6:38). Боз устига, бошқалар учун яхшилик қилганларга Яҳованинг Ўзи мукофот беришини ваъда қилмоқда (Ҳик. 19:17; Ибронийларга 6:10 ўқиб беринг).
16. Ҳаёт йўлимиз тўғрисида қачондан бошлаб фикр юритишимиз керак?
16 Муқаддас Китоб, ёшлик давримиздан бошлаб ҳаёт йўлимиз тўғрисида фикр юритишга ундайди. Бундай қилсак кейинчалик афсус-надомат қилмаймиз (Воиз 12:1). Бу дунё тақдим этаётган мақсадларга умримизнинг гўзал йилларини сарфлаб, кейин эса шунчаки шамол орқасидан қувган эканмиз, деб тушуниш нақадар аянчли бўларди.
17. Ҳаётда энг аъло йўлни танлашга нима ёрдам беради?
17 Меҳрибон ота каби Яҳова Таоло кейинчалик афсус қилишимизни эмас, балки яхшилик қилиб, бахтли бўлишимизни истайди, ахир (Воиз 11:9, 10). Шундай экан, маънавий мақсадлар қўйинг ва уларга интилинг. Тахминан 20 йил муқаддам, Хавьер исмли киши, жамиятда обрўли ҳисобланган шифокор касбини ёки Худога тўла вақтли хизмат қилишни танлаши керак эди. «Дўхтирлик иши мамнуният ҳиссини берса ҳам, аммо одамларга ҳақиқат томонини эгаллашга ёрдам берганимда, қувончимга ҳеч нарса тенг кела олмас экан,— дейди у. — Тўла вақтли хизмат, ҳаётимдан завқ олишга имкон берди. Мен-чи, бундай хизматни олдинроқ бошламаганимдан афсусланяпман холос».
18. Не учун Исонинг ҳаёти мазмунли эди?
18 Демак, нимага эга бўлишимиз, нимани уддалашимиз керак экан? Воиз китобида буни ўқиймиз: «Яхши ном қимматбаҳо хушбўй ёғдан, ўлим куни эса туғилган кундан яхшироқдир» (Воиз 7:1). Бу оятнинг ҳақлигини Исо Масиҳнинг мисоли тасдиқлайди. У Аллоҳ Яҳова назарида чиндан ҳам яхши ном қозонганди. Исо, ўлимгача садоқатли қолгани билан оламшумул даражада Яҳованинг ҳокимияти афзал эканини кўрсатди. Шунингдек Исо ўзини қурбон тариқасида бергани туфайли, ўлимдан нажот топишимизга имкон яратилди (Мат. 20:28). Унинг ер юзидаги умри қисқа бўлса ҳам, жудаям мазмунли эди. Унга тақлид қилсак арзийди (1 Кор. 11:1; 1 Бутр. 2:21).
19. Сулаймон қандай доно маслаҳат берган?
19 Биз ҳам Худо олдида яхши ном чиқаришимиз мумкин. Яҳова билан яқин муносабатларда бўлиш, биз учун дунёнинг барча бойликларидан ҳам устун (Матто 6:19–21 ўқиб беринг). Яҳовага ёққан нарсалар қилиб эса, масалан бошқалар билан хушхабарни баҳам кўриб, оила ришталаримизни мустаҳкамлаб, яқинларимизга ғамхўрлик қилиб, барча жамоат учрашувларига қатнаб ҳамда шахсан Муқаддас Китобни ўрганиб ва шу йўсин маънан улғайиб, янада бахтли бўламиз (Воиз 11:6; Иброн. 13:16). Хуллас, ҳаётингиз мазмунли бўлишини истайсизми? Бўлмаса, Сулаймоннинг қуйидаги насиҳатига амал қилинг: «Худодан қўрқ, Унинг амрларини бажар, чунки бу ҳамманинг бурчидир» (Воиз 12:13).
[Изоҳлар]
a Сулаймоннинг асосий йиллик даромади 666 талант олтинни ташкил этарди, яъни 22 000 килодан зиёд эди (2 Сол. 9:13).
b Исм ўзгартирилган.
Қандай жавоб берар эдингиз?
• Нима учун ҳаётимизни қандай ўтказаётганимиз устидан ўйлашимиз керак?
• Хушчақчақликда вақт ўтказиш ва бойликка интилиш тўғрисида нима дейиш мумкин?
• Қайси ишлар чиндан ҳам мамнуният келтиради?
• Яҳованинг олдида нимага эга бўлишга интилишимиз керак?
[23- саҳифадаги расм]
Дам олиш ҳаётингизда қайси ўринда турибди?
[24- саҳифадаги расм]
Нега Худо Шоҳлиги ҳақида хабар тарқатиш кўпроқ мамнуният келтиради?