Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади
Бир пайтлар мотоциклларга, гиёҳванд моддалар истеъмол қилишга ва спортга қизиқиши кучли бўлган инсонни, Худога тўла вақтли хизмат қилишга нима ундаган бўлиши мумкин? Қимор ўйнашни хуш кўрадиган киши, оиласини боқиш учун қандай қилиб бу ишини ташлаб, тўғри йўл билан пул топишга муваффақ бўлган? Яҳова Шоҳидлари оиласида тарбияланган, бироқ Муқаддас Китоб меъёрларига мувофиқ равишда ҳаёт кечирмаган қиз, Худога маъқул тарзда ҳаёт кечиришга нима кўмаклашди? Улар ўзлари ҳақида нима айтиб беришаётганини ўқиб чиқинг.
ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТ
ИСМИ: ТЕРРЕНС ОБРАЙЕН
ЁШИ: 57
МАМЛАКАТИ: АВСТРАЛИЯ
ЎТМИШДА: ГИЁҲВАНД МОДДАЛАРНИ ИСТЕЪМОЛ ҚИЛАРДИ ВА МОТОЦИКЛЛАР ИШҚИБОЗИ ЭДИ
ТАРЖИМАИ ҲОЛИ: Ёшлик даврим, Квинсленд штатининг пойтахти бўлмиш Брисбен шаҳрида ўтган. Ота-онам католик динига мансуб бўлишган эди-ю, бироқ, саккиз ёшга тўлганимда, черковга қатнамайдиган ва уйда ҳам дин тўғрисида умуман суҳбатлашмайдиган бўлдик. Икки йилдан сўнг эса, оиламиз билан Голд-Кост шаҳрига кўчиб ўтдик. Биз шундоққина соҳилда яшаганимиз туфайли, эрталабдан кечгача чўмилиш билан банд бўлардим.
Бироқ, болалигим ташвишсиз ўтмаган. Дадам бизни ташлаб кетганида, эндигина саккизга тўлган эдим. Ойим эса қайтадан турмушга чиққанди ва ўшандан бошлаб спиртли ичимликлар ва можаролар уйимизни ҳеч тарк этмасди. Бир куни кечқурун ота-онам қаттиқ жанжаллашишганида, хонамга кирдим-да, катта бўлганимда уйлансам ҳеч қачон хотиним билан уришмайман деб ўзимга-ўзим ваъда бердим. Уйимизда шунақа муаммолар бўлишига қарамай, оиламиз яъни, ойим, ўгай отам ва олти нафар фарзандлар бир-биримизни яқин тутардик.
Улғайганимда эса, дўстларим ичишни, чакишни ва ҳатто наша тортиб туришни бошлашган. Мен ҳам улардан қолишмас эдим. Мотоциклларга эса шунчалик қизиқар эдимки, бир неча марта жиддий аварияга учраган бўлсам ҳам, барибир мотоциклларга бўлган қизиқишим сўнмади. Аксинча, бутун Австралияни мотоциклда айланиб чиқишга мақсад қилиб қўйгандим.
Гарчи, гаштимни суриб юрган бўлсам-да, дунёда содир бўлаётган воқеалар ва инсониятнинг муаммоларига кўпчиликнинг бепарво экани, мени ўйлантириб қўярди. Шунингдек, Худо ва дин тўғрисидаги ҳақиқатни ҳамда дунёда ўзи нима содир бўлаётганини билишни истардим. Саволларимни католик руҳонийларига берганимда, уларнинг жавоби кўнглимни қолдирди. Бу мавзуни протестант черковидагилар билан муҳокама қилганимда эса, уларнинг ҳам жавоби мени қониқтирмади. Ўшанда, битта ўртоғим мени Эдди исмли Яҳованинг Шоҳиди билан таништириб қўйди. Биз тўрт маротаба ўчрашдик, Эдди менинг ҳамма саволларимга Муқаддас Китоб ёрдамида жавоб берди. Илк учрашувимизнинг ўзидаёқ, қандайдир ўзгача нарсани топганимни сезиб турардим. Лекин, ҳаётимда баъзи ўзгаришлар қилишим кераклигини ҳали тушунмас эдим.
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ: Австралияни мотоциклда кечиб ўтиш сафарида, яна бир Яҳованинг Шоҳиди билан учрашиб қолдим. Шундай бўлса-да, Квинслендга қайтганимдан сўнг ҳам, ярим йил давомида Яҳованинг Шоҳидлари билан учрашмадим.
Кунлардан бир кун, ишдан қайтаётган эдим, қўлида сумкаси бор озода кийиниб олган иккита киши кўчада кетаётганига кўзим тушди. Булар ҳойнаҳой Яҳованинг Шоҳидлари бўлса керак деб ўйладим. Шартта уларнинг олдига бордим-у, мен билан Муқаддас Китоб ўрганишларини сўрадим. Шунингдек, Яҳова Шоҳидларининг йиғилиш учрашувларига ҳам қатнай бошладим. Ҳатто 1973- йилда Сиднейда бўлиб ўтган анжуманга ҳам бориб келдим. Бироқ, ушбу янги қизиқишларим ҳақида қариндошларим билиб қолишганида, қаттиқ норозилик билдиришган, айниқса онам. Шу ва бошқа сабабларга кўра, Яҳова Шоҳидлари билан мулоқот қилмай қўйгандим. Ўша пайтларда, крикет ўйинига қизиқиб колган эдим. Ва роппа-роса бир йил у билан машғул бўлганман.
Вақт ўтиб, охир-оқибат шуни тушуниб етдимки, фақатгина Муқаддас Китобни ўрганаётган пайтимда ўзимни бахтли ҳис қилган эканман. Мен яна Яҳова Шоҳидларини қидириб топдим ва йиғилиш учрашувларига қатнай бошладим. Бундан ташқари, банги дўстларим билан бутунлайин алоқани уздим.
Биласизми, Муқаддас Китобдаги Аюб тўғрисидаги ҳикоя менга кучли таъсир қилган. Кекса бўлган Билл исмли Яҳованинг Шоҳиди мен билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтган. У жудаям мулойим бўлгани билан, кези келганда чўрт кесар инсон эди. Аюб билан нима содир бўлганини муҳокама қилиб, Билл мендан: «Худога ғаразли ният билан хизмат қилишда Шайтон яна кимни айблаяпти»,— деб сўради (Аюб 2:3–5). Мен, Муқаддас Китобдаги барча қаҳрамонлари санай бошладим, Билл эса сабрлик билан: «Тўғри, униям»,— деб тасдиқларди. Бир пайт у кўзимга тикилиб: «Шайтон сени ҳам айблаяпти!» — деди. Шу пайт ўтирган жойимдан ағанаб тушишимга сал қолди. Бу суҳбатимиздан олдин ҳам биз муҳокама қилган таълимотлар чиндан ҳам ҳақиқат эканлиги мен учун кун каби аён эди. Лекин мен шундагина, нима учун бу таълимотларга монанд равишда йўл тутиш кераклигини англаб етдим. Тўрт ой ўтар ўтмас, мен сувга чўмдим ва шу тариқа Яҳованинг Шоҳиди бўлдим.
ҲАЁТИМ ҚАНДАЙ ЯХШИЛАНДИ: Муқаддас Китоб меъёрларига мувофиқ яшашни ўрганмаганимда эди, ҳозир мен билан нима содир бўлиши мумкинлигини ҳатто ҳаёлимга ҳам келтира олмайман. Ҳойнаҳой ҳаётдан кўз юмган бўлардим. Ўтмишдаги ўртоқларимнинг аксарияти гиёҳвандлик ва ичкилик дастидан ўлиб кетишган. Баъзи оила қурганлари эса бахтсиз. Ўйлайманки, менинг аҳволим ҳам бундан кам бўлмас эди.
Ҳозир, турмуш ўртоғим Маргарет билан бирга Яҳова Шоҳидларининг Австралиядаги филиалида хизмат қиляпмиз. Қариндошларимдан ҳеч бири имондошимиз эмас. Биз, аёлим иккаламиз турли инсонлар билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказишга муяссар бўлганмиз. Булар орасида оила қурганлар ҳам бор. Уларнинг ҳаёти ҳам меникига ўхшаб яхши томонга ўзгарди. Ҳозирда уларнинг кўпчилиги бизнинг яқин дўстларимиз. Яҳова Шоҳидлари оиласида ўсган Маргарет, деярли 40 йил илгари берган ваъдамга содиқ қолишимга ёрдам бераётганини жуда қадрлайман. Бахтли оила қурганимизга мана 25 йилдан кўп вақт ўтди. Тўғри, бизнинг қарашларимиз ҳар доим ҳам бир хил бўлмаган. Лекин, ҳанузгача бирон марта ҳам бир-биримиз билан жанжаллашмадик.
ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТ
ИСМИ: МАСАХИРО ОКАБАЯШИ
ЁШИ: 39
МАМЛАКАТИ: ЯПОНИЯ
ЎТМИШДА: ҚИМОР ЎЙИНЛАРИНИНГ АШШАДИЙ ИШҚИБОЗИ
ТАРЖИМАИ ҲОЛИ: Мен Нагоя шаҳридан ярим соатли йўл нарида жойлашган Ивакура шарҳарчасида ўсганман. Мен ота-онамни жуда меҳрибон инсонлар сифатида хотирлайман. Вақт ўтиб, отам япониядаги якудза мафиясининг аъзоси эканини билиб олганман. У қайсидир пайт мобайнида беш кишидан иборат оиламизни пешона тери билан топилмаган пул орқали таъминлаган. У жуда кўп ичар, ва охир-оқибат жигар циррози касаллиги туфайли ҳаётдан кўз юмди. Ўшанда 20 ёшда эдим.
Отамнинг миллати корейс бўлганлиги учун, кўпинча атрофдагилар оиламизга салбий муносабатда бўлишган. Бу ва бошқа муаммолар ўсмирлик давримда бошимга кўп ғам ва қайғуларни ёғдирган. Юқори синфларда ўқиган пайтимда эса, ўқишга ора-чора бориб юрардим ва кейинчалик умуман мактабга бормай қўйдим. Полиция рўйхатида олинганим, бунинг устига метис бўлганим учун иш топишим қийин эди. Нима бўлганда ҳам барибир иш топдим. Лекин бир мунча вақт ўтиб тиззамни жароҳатлаганим учун ишдан бўшашимга тўғри келди. Нега деганда, жисмоний ишни эплай олмасдим.
Мен пачинкоa ўйнаб пул топадиган бўлдим. Ўша кезларда мен бир қиз билан бирга яшар эдим. У, бирор бошқа тўғри йўл билан пул топишимни ва унга уйланишимни хоҳларди. Аммо, бу ўйин кўп пул келтиргани учун мен ҳеч нарсани ўзгартиришни истамас эдим.
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ: Бир куни уйимизга Яҳованинг Шоҳиди келиб, «Ҳаёт қандай пайдо бўлган? Эволюция ёки яратилиш орқалими?» деган китобни бериб кетган эди. Илгари, бу савол борасида мен ҳеч ўйламаган эканман. Аммо бу китобни ўқиб чиқиб Муқаддас Китобни яхшироқ ўрганишга рози бўлдим. Ўлимдан кейин нима содир бўлиши мени ҳамиша қизиқтирарди. Бу ва бошқа саволларимга Муқаддас Китобдан аниқ жавобларни олганимда, худди кўзларимдан парда тушгандай ўзимни ҳис қилгандим.
Муқаддас Китобдан олган билимларни ҳаётда қўллаш қанчалик зарур эканлигини тушуниб етдим. Сўнг, никоҳимизни расмийлаштирдик, чекишни ташладим, узун ва бўялган малла сочларимни кестирдим, ташқи кўринишимни тартибга келтириб, қимордан ҳам воз кечдим.
Ҳаётимда бундай ўзгаришларни қилиш, айниқса чекишни ташлаш менга осон бўлмади. Бироқ, чин юракдан Яҳовага илтижо қилиб, Унга таянардим ва шу туфайли бунинг уддасидан чиқа олдим. Буниси ҳали ҳолва, қиморни ташлаб ишга чиқиш менга жуда қийин бўлган. Чунки, қимор ўйнаб юрганимда, ишимга қараганда икки баробар кўпроқ пул топардим. Устига-устак, бу жуда оғир ва машаққатли иш эди. Ўша оғир пайтларда Инжилдаги мана бу оятлар менга далда берарди: «Ҳеч нарсадан ташвиш қилманглар, лекин ҳар доим ибодатда ва илтижода бўлиб, ҳар бир тилагингизни Худонинг олдида миннатдорчилик билан изҳор қилинглар. Шунда инсон хаёлига сиғмайдиган, Худо берган тинчлик сизнинг кўнглингиз ва фикр-хаёлингизни хотиржам қилади» (Филиппиликларга 4:6, 7). Мен, бу сўзларининг қанчалик ҳақлигини ўзимда тез-тез ҳис қилиб турардим.
ҲАЁТИМ ҚАНДАЙ ЯХШИЛАНДИ: Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қила бошлаганим хотинимга ёқмади. Лекин, хулқ-атворимнинг тубдан ўзгаришини кўриб, у ҳам мен билан бирга Муқаддас Китобни ўрганишга тушди. Бундан ташқари жамоат учрашувларига ҳам бирга қатнайдиган бўлдик. Бугунги кунда, иккаламиз Яҳованинг Шоҳидимиз ва ягона Худога биргаликда хизмат қилаётганимиздан жуда хурсандмиз.
Муқаддас Китобни тадқиқ қилишимдан олдин ўзимни бахтли деб билардим. Бироқ, чинакам бахт нима эканлигини мана энди тушундим. Тўғри, Муқаддас Китоб меъёрларига мувофиқ ҳаёт кечириш осон эмас. Лекин бу, ҳаётдаги энг олий йўл эканига юз фоиз аминман.
ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТ
ИСМИ: ЭЛИЗАБЕТ ЖЕЙН СКОУФИЛД
ЁШИ: 35
МАМЛАКАТИ: БУЮК БРИТАНИЯ
ЎТМИШДА: ТАРАЛЛАБЕДОД ҚИЛИБ ЮРГАН
ТАРЖИМАИ ҲОЛИ: Мен, Глазгодан (Шотландия) унча узоқ бўлмаган Хардгэйд номли шаҳарчада таваллуд топганман. Онам Яҳованинг Шоҳиди бўлиб, Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни менга ўргатишни бошлаганида, етти ёшда эдим. Лекин, 17 га тўлганимда, мактабдаги дўстларимнинг таъсирига берилиб кетдим. Биз кечки клубларга борар, хэви-метал эшитар ва ичиб турардик. Бошқача қилиб айтганда, маънавий нарсага боғлиқ бўлмаган ҳамма нарсани татиб кўрдим. Хуллас, тараллабедод қилиб юрардим. 21 ёшга тўлганимда эса бари ўзгарди.
Шимолий Ирландиядаги қариндошларимни кўргани борганимда, у ерда протестантларнинг паради ўтказилаётганининг гувоҳи бўлдим. Протестант ва католикларнинг орасидаги нафрат ва диний фанатизмни кўриб ёқамни ушладим. Бу мени қаттиқ таъсирлантириб юборди. Ўшанда, онам менга Муқаддас Китобдан нималар ўргатган бўлса, ҳаммаси ёдимга тушди ва Худонинг йўл-йўриқларига бўйсунмаганлар барака топмаслигини ҳам яхши билардим. Шунда, фақатгина ўзим учун яшаётганимни ва Аллоҳ мендан нима талаб қилаётганини ҳечам ўйламаётганимни тушуниб етдим. Сўнг эса уйга, яъни Шотландияга қайтганимда, Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга жиддий ёндашишга қарор қилдим.
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ: Кўп вақтли танаффусдан кейин, ўз шаҳримдаги йиғилиш учрашувига қайта борганимда, ўзимни ноқулай ҳис қилиб ҳаяжонлангандим. Аммо буни қарангки, ҳамма мени кўрганидан хурсанд эди. Муқаддас Китобдан ўрганганларимни амалда қўллашни бошладим. Битта опамиз менга самимий қизиқиш кўрсатгани туфайли, ўзимни яна жамоатнинг аъзосидек ҳис қилдим. Эски дўстларим аввалгидек мени кечки клубларга таклиф қилишарди, лекин мен, Муқаддас Китоб меъёрларига мувофиқ яшамоқчи эканимни уларга айтдим. Вақт ўтиб улар мени тинч қўйишди.
Илгари, Муқаддас Китоб мен учун худди қоидалар тўплами каби эди. Энди эса, унга умуман ўзгача муносабатдаман. Шунингдек, Худонинг қадимги хизматчиларининг мисолини ҳам бошқача нуқтаи назар билан кўриб чиқдим. Ахир, уларнинг ҳам менга ўхшаган камчиликлари ва ҳиссиётлари бўлган-ку! Улар ҳам хато қилиб, чин дилдан тавба қилишганида Яҳова уларни кечирган. Ҳа, ёшлигимда Яҳовадан юз ўгирган эдим. Бу мисоллар эса, агар Худога маъқул келишга ҳаракат қилсам, У ўтмишдаги хатоларимни умуман эсдан чиқаришига мени ишонтирди.
Онамнинг ҳаракатлари мени айниқса ҳайратда қолдирди. Мен Худони ташлаб қўйишимга қарамасдан, ойим садоқатини сақлаб қолди. Ва унинг ўрнаги туфайли, Яҳовага хизмат қилишда, ҳар қандай қийинчиликни енгиш арзигулик эканини англадим. Ёшлигимда ойим мени ҳам ваъзгўйликка олиб чиқарди, тўғрисини айтсам, бу менга ёқмасди. Қандай қилиб соатлаб ваъз қилиш мумкинлигини ҳеч тушунмасдим. Энди эса, Исонинг мана бу ваъдасини ўзимда ҳис қиляпман: «Нима еймиз, нима ичамиз, нима киямиз, деб ташвишланиб юрманглар. [...] Самовий Отангиз сиз буларнинг барига муҳтож эканингизни билади-ку! Сиз аввало Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродаси пайидан бўлинглар, шунда буларнинг ҳаммаси сизга қўшимча қилиб берилади» (Матто 6:31–33). Кўп ўтмай сувга чўмиб Яҳованинг Шоҳиди бўлдим. Кейин эса воизлик хизматига кўпроқ вақт ажратиш мақсадида, ярим кунлик ишга жойлашдим
ҲАЁТИМ ҚАНДАЙ ЯХШИЛАНДИ: Ёшлик чоғимда, тараллабедод қилиб юрганимда, мамнуниятни ҳис қилмаганман. Ҳаётим бекорга ўтгандек эди. Ҳозир эса, ҳаётимни Яҳовага хизмат қилишга бағишлаб, ўзимни чинакам бахтиёр ҳис қиляпман. Ҳаётим мазмун топди. Бугунги кунда турмуш ўртоғим иккаламиз ҳар ҳафта Яҳова Шоҳидларининг турли жамоатларига ташриф буюряпмиз ва жонажон биродару опа-сингилларимизга далда бериб юрибмиз. Бу, мен учун катта шарафдир. Яҳова Отажоним менга иккинчи бор имконият бергани учун мен Ундан жуда миннатдорман.
[Изоҳ]
a Япониядаги қимор ўйинларидан бири.
[19- саҳифадаги матн парчаси]
Илк учрашувимизнинг ўзидаёқ, қандайдир ўзгача нарсани топганимни сезиб турардим. Лекин, ҳаётимда баъзи ўзгаришлар қилишим кераклигини ҳали тушунмас эдим
[21- саҳифадаги матн парчаси]
Чекишни ташлаш менга осон бўлмади. Бироқ, чин юракдан Яҳовага илтижо қилиб, Унга таянардим ва шу туфайли бунинг уддасидан чиқа олдим
[22- саҳифадаги матн парчаси]
Илгари, Муқаддас Китоб мен учун худди қоидалар тўплами каби эди. Энди эса, унга умуман ўзгача муносабатдаман. Шунингдек, Худонинг қадимги хизматчиларининг мисолини ҳам бошқача нуқтаи назар билан кўриб чиқдим. Ахир, уларнинг ҳам менга ўхшаган камчиликлари ва ҳиссиётлари бўлган-ку!