Эркакларга маънан улғайишга кўмаклашинг
Бундан буён инсонларни овлайсан. ЛУҚО 5:10
1, 2. а) Эркак кишилар Исонинг ваъзини қандай қабул қилишган? б) Ушбу мақолада нима кўриб чиқилади?
ЖАЛИЛАДАГИ ваъзгўйлик сафари пайтида, Исо шогирдлари билан бирга қайиққа ўтириб, хилват жойга сузиб кетди. Бироқ халойиқ унинг орқасидан яёв йўлга тушди. Ўша куни «аёллар ва болалардан ташқари қарийб 5 000 киши» келган эди (Мат. 14:21). Бошқа сафар эса, халойиқ шифо топиш ҳамда Исони тинглаш ниятида унинг ёнига келди. Ўшанда «аёллару болаларни ҳисобламаганда, 4 000 киши» йиғилган эди (Мат. 15:38). Оятдан кўриниб турганидек, Исонинг ёнига келиб, бераётган таълимига қизиқиш кўрсатганлар қаторида кўп эркаклар бўлган. Дарҳақиқат, Исо ҳали яна кўп инсонлар ҳақиқатни қабул қилишини билган. Ахир мўъжизавий тарзда тўрларни балиқ билан тўлдиргандан сўнг, Исо Симун исмли шогирдига қарата шундай деган: «Бундан буён инсонларни овлайсан» (Луқо 5:10). Исонинг шогирдлари тўрларини инсоният денгизига ташлашганида, турли одамларни, шу қаторда кўп эркакларни овлаш кутилаётган эди.
2 Бугунги кунда кўп эркаклар ваъз қилаётган хушхабаримизга қизиқиш кўрсатиб, ҳақиқатни қабул қилмоқдалар (Мат. 5:3). Баъзилар Худо ҳақида билим олишни бошлашган, лекин маънан ўсишдан тўхтаб қолишган. Хўш, қандай қилиб уларга ёрдам берсак бўлади? Исо ўз хизматида, қандайдир ўзгача услубдан фойдаланиб ваъз қилмаган. Лекин у айрим нарсалар эркакларни ташвишга солганини кўриб, уларга ёрдам бермоқчи бўлган. Келинг, бугунги кунда кенг тарқалган учта муаммони, яъни: 1) тирикчилик ташвишлари, 2) одамлардан қўрқиш ва 3) ишончсизлик ҳиссини енгишда қандай қилиб Исонинг мисолидан фойдаланиб, эркак кишиларга ёрдам беришимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.
Тирикчилик ташвишлари
3, 4. а) Аксарият эркакларни кўпинча нима ташвишлантиради? б) Нега баъзи эркаклар пул топишни маънавий мақсадлардан устун қўйишади?
3 Бир уламо Исонинг ёнига келиб: «Устоз, сиз қаерга борсангиз, мен ҳам ўша ерга бораман»,— деди. Бироқ Исо унга: «Тулкиларнинг уяси, қушларнинг ини бор, Инсон Ўғлининг эса турар жойи ҳам йўқ»,— деб айтганидан сўнг, уламо ўз фикридан қайтди. Муқаддас Китобда бу киши, Исонинг издоши бўлгани ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Эҳтимол, у қаерда яшаши ва нима ейиши ҳақида ташвишлангандир (Мат. 8:19, 20).
4 Эркак кишилар кўпинча моддий фаровонликни маънавий мақсадлардан устун қўйишади. Олий маълумотга эга бўлиш ҳамда яхши ҳақ тўланадиган иш уларнинг ҳаётида муҳим ўринни эгаллайди. Уларнинг фикрича, Муқаддас Китобни ўрганиб, Худо билан яқин муносабатларга эга бўлишдан кўра, пул топиш муҳимроқ ва фойдалироқ. Эҳтимол, Муқаддас Китоб таълимотлари уларга ёқар, аммо «замонанинг ташвишлари, алдамчи бойлик» юракларига суқилиб кириб, уларнинг Худо Каломига бўлган қизиқишини бўғиб қўяди (Марк 4:18, 19). Келинг, ҳаётда устувор бўлган нарсаларни аниқлашда, Исо шогирдларига қандай ёрдам берганини кўриб чиқайлик.
5, 6. Идрис, Бутрус, Ёқуб ва Юҳаннога пул топишга ҳамда ваъзгўйлик ишига нисбатан муносабатини ўзгартиришга нима ёрдам берган?
5 Идрис билан акаси Симун Бутрус балиқчилик ишида ҳамкорлик қилишган. Шу сингари, Юҳанно ҳамда унинг акаси Ёқуб оталари Забадий билан бирга балиқчи бўлишган. Ишлари яхши даромад келтиргани учун, уларнинг ҳатто ёлланган ишчилари бўлган (Марк 1:16–20). Идрис билан Юҳанно илк бор Яҳё пайғамбардан Исо ҳақида эшитишганида, улар Масиҳни топишганида амин бўлишган. Идрис бу хабарни акаси Симун Бутрусга етказган. Эҳтимол Юҳанно ҳам шундай йўл тутиб, акаси Ёқубга бу ҳақда хабар берган (Юҳан. 1:29, 35–41). Кейинги ойлар, Исо Жалила, Яҳудия ҳамда Самарияда ваъз қилганида, уларнинг тўрталаси ҳам у билан бирга бўлишган. Сўнг, улар яна балиқчилик ишига қайтишган. Улар маънавий нарсаларга қизиқишган, аммо илоҳий хизмат уларнинг ҳаётида биринчи ўринда бўлмаган.
6 Муайян вақт ўтгач, Исо Бутрус билан Идрисни унинг ортидан эргашишга ҳамда «инсон овчилари» бўлишга таклиф қилди. Уларнинг иккаласи бунга қандай жавоб қайтаришди? «Улар дарҳол тўрларини қолдириб, Исонинг кетидан эргашдилар». Ёқуб билан Юҳанно ҳам, «шу заҳотиёқ қайиқни ва оталарини қолдириб, Исонинг ортидан эргашишди» (Мат. 4:18–22). Хўш, бу кишиларни тўла вақтли хизматда иштирок этишга нима ундаган? Улар ҳис-туйғуларга берилиб, шундай қарорга келишганми? Қайдам! Бундан бир неча ой олдин, улар Исони тинглаб унинг мўъжизаларини кўришган, шунингдек унинг адолатпарварлиги ва таълимотлари инсонларга ёққанига гувоҳ бўлишган. Натижада, шогирдларнинг Яҳовага бўлган имони кучайиб, Унга янада кўпроқ таяна бошлашди!
7. Яҳова Ўз халқига ғамхўрлик қилишга қодир эканида, қизиқувчиларни қандай ишонтиришимиз мумкин?
7 Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётган кишини Яҳовага таянишга ўргатиш учун Исодан қандай ўрнак олсак бўлади? (Ҳик. 3:5, 6). Албатта бунда таълим бериш услубимиз катта аҳамиятга эга. Таълим бераётиб, Шоҳлик манфаатларини биринчи ўринга қўйиш, мўл-кўл баракалар келтиришини таъкидлаб ўтишимиз мумкин (Малахи 3:10a; Матто 6:33 ни ўқинг). Яҳова Ўз халқига қай йўсин ғамхўрлик қилишини турли оятлар ёрдамида кўрсатсак-да, аммо шахсий ўрнагимиз янада муҳимроқ аҳамиятга эга эканини унутмайлик. Бошимиздан ўтган воқеаларни қизиқувчиларга айтиб берсак, Яҳовага таяниш борасида уларга катта ёрдам кўрсатган бўламиз. Боз устига, адабиётларимиздан ўқиган далда берувчи воқеаларни уларга айтиб беришимиз мумкинb.
8. а) Қизиқувчи шахсан ўзи «Худованддан лаззат олиб», Унинг «мурувватли» эканини кўриши нега муҳим? б) Қизиқувчиларга Яҳова қанчалик мурувватли эканини ҳис этишга қандай ёрдам берсак бўлади?
8 Мустаҳкам имонни ривожлантириш учун, бошқалар Яҳованинг қут-баракаларини ўзларида ҳис қилишгани ҳақида ўқиш ёки эшитишнинг ўзи етарли эмас. Муқаддас Китобни ўрганаётган киши, Яҳова эзгу ишларга бой Худо эканини шахсан ўзи ҳис қилиши керак. Сано бастакори шундай куйлаган: «Худованддан лаззат олиб кўринг-чи, У қанчалик мурувватли экан! Бахтли Ундан паноҳ топган одам!» (Заб. 33:9). Қизиқувчиларга Яҳова қанчалик мурувватли эканини ҳис этишга қандай ёрдам берсак бўлади? Пул масаласида қийналаётган қизиқувчи чекиш, қимор ўйинлари ёки кўп ичиш каби ёмон одатларни ташлашга ҳаракат қиляпти дейлик (Ҳик. 23:20, 21; 2 Кор. 7:1; 1 Тим. 6:10). Ёмон одатларни ташлаб, Яҳованинг мурувватини ўзида ҳис қилиши учун, қизиқувчини Худодан ёрдам сўраб ибодат қилишга ундасак-чи? Қизиқувчини маънавий нарсаларни биринчи ўринга қўйишга, яъни Муқаддас Китоб тадқиқига вақт ажратишга, жамоат учрашувларига тайёргарлик кўришга ва қатнашишга ундасак, қандай самара келтириши ҳақида бир ўйлаб кўрайлик. Яҳова ҳаракатларига барака бераётганини ҳис қилса борми, унинг имони янада мустаҳкам бўлади!
Одамлардан қўрқиш
9, 10. а) Никодим ва ариматеялик Юсуф Исонинг шогирди эканини бошқалардан нега яширишган? б) Бугунги кунда баъзи эркак кишилар нима учун Масиҳнинг издоши бўлишдан қўрқишади?
9 Атрофдагиларнинг босими туфайли баъзи эркаклар Исога тўла равишда эргашишдан қўрқишади. Масалан, Никодим ва ариматеялик Юсуф Исонинг шогирди эканини бошқалардан яширишган. Чунки бошқа яҳудийларнинг гап-сўзидан ва зиён етказишидан қўрқишарди (Юҳан. 3:1, 2; 19:38). Бундай қўрқув асосли бўлган. Зеро диний раҳбарлар Исодан шунчалик нафратланишардики, ҳатто унга ишонган ҳар қандай кишини ибодатхонадан ҳайдаб юборишар эди (Юҳан. 9:22).
10 Айрим ҳудудларда бугунги кунгача эркак киши Худога, Муқаддас Китобга ёки динга қизиқиш кўрсатса, ҳамкасблари, дўстлари ёки қариндошлари уни ҳол-жонига қўйишмайди. Баъзи жойларда эса, киши бошқа динни қабул қилгани ҳақида оғиз очиши хавфли бўлади. Киши ҳарбий, сиёсий муассасада ишласа ёки юқори лавозимга эга бўлса, атрофдагиларнинг босими айниқса кучли бўлади. Мисол учун, Германиялик бир киши шундай фикр билдирган: «Сиз, Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобни бузмай таълим берасизлар. Аммо мен бугун Яҳованинг Шоҳиди бўлсам, эртага бу ҳақда ҳамма билиб олади. Ҳамкорларим, қўшниларим, мени ва оиламни танийдиганлар нима деб ўйлашади? Мен буни кўтара олмайман».
11. Одамлардан қўрқиш ҳиссини енгиш учун Исо шогирдларига қандай ёрдам берган?
11 Гарчи, Исонинг ҳаворийларидан бирортаси ҳам қўрқоқ бўлмаган бўлса-да, улар ҳам одамлардан қўрқиш ҳисси билан курашиб туришарди (Марк 14:50, 66–72). Атрофдаги босим кучли бўлишига қарамай, ҳаворийларининг маънан улғайишига Исо қандай кўмаклашган? Шогирдларини бўлажак қаршиликларга тайёрлаш учун, Исо бир қанча чоралар кўрган. У шундай деган: «Одамлар сизлардан нафратланиб, Инсон Ўғли туфайли қувғин қилишса ва ҳақоратлаб бадном этишса, бахтлисизлар» (Луқо 6:22). Ҳа, Исо шогирдларини, ҳақоратлар эшитасизлар, деб олдиндан огоҳлантирган. Ҳар қандай ҳақорат «Инсон ўғли туфайли» бўлади. Исо, агар улар Худонинг мадади ва қудратига таянишса, У албатта ғамхўрлик қилишида шогирдларини ишонтирган (Луқо 12:4–12). Бундан ташқари, Исо қизиқувчи инсонларни ўзининг шогирдлари билан суҳбатлашишга ва улар билан дўст тутинишга таклиф қилган (Марк 10:29, 30).
12. Қайси усуллар орқали Муқаддас Китобни ўрганаётган кишига одамлардан қўрқиш ҳиссини енгишга ёрдам бериш мумкин?
12 Биз ҳам Муқаддас Китобни ўрганаётганларга одамлардан қўрқиш ҳиссини енгишга кўмаклашсак, яхши бўларди. Одатда қийинчилик кутилса, уни енгиш осон бўлади (Юҳан. 15:19). Масалан, қизиқувчиларга ҳамкасблари ва бошқаларнинг саволу эътирозларига оддий, мантиқий ва Муқаддас Китобга асосланган жавобларни тайёрлашга ёрдам беришимиз мумкин. Бундан ташқари, қизиқувчи билан дўст бўлишга ҳаракат қилиб, уни жамоатнинг бошқа аъзолари, айниқса қизиқишлари умумий бўлган имондошларимиз билан таништирайлик. Энг муҳими, унга мунтазам ҳамда чин юракдан ибодат қилишни ўргатишимиз керак. Шунда у Худога яқинлашиб, Яҳовани ўзининг Қалъаси ва Қояси дея олади (Забур 93:21–23; Ёқуб 4:8 ни ўқинг).
Ишончсизлик ҳисси
13. Ишончсизлик ҳисси маънавий ишларни бажаришга қандай қилиб тўсқинлик қилиши мумкин?
13 Ўқишни яхши билмаслик, фикрларни аниқ ифода эта олмаслик ёки уятчанлик, айрим эркакларга маънавий ишларни бажаришга тўсқинлик қилади. Бошқалар эса одамлар олдида эътиқодлари ҳақида гапиришса ўзларини ноқулай ҳис этишади. Эҳтимол улар учун Муқаддас Китобни ўрганиш, жамоат учрашувларида шарҳ бериш ёки бошқаларга ўз эътиқоди ҳақида айтиш қўрқувни уйғотади. Битта биродаримиз тан олиб, шундай деди: «Ўсмирлик чоғимда, эшик олдига келардим-да, худди қўнғироқ тугмасини босгандай қилиб, ҳеч ким мени кўрмаган ва эшитмаганига умид қилиб секингина жуфтакни ростлардим... Уйма-уй ваъз қилиш ҳақида ўйладим дегунча ўзимни ёмон ҳис қилардим».
14. Нима учун Исонинг шогирдлари жинга чалинган болага шифо бера олишмади?
14 Исонинг шогирдлари жинга чалинган болага шифо бера олишмаганида, ўзларида ишончсизликни ҳис қилишгандир. Боланинг отаси Исонинг ёнига келади-да, шундай дейди: «Ҳазрат... [ўғлимнинг] тутқаноғи бор, аҳволи жуда ёмон. У ўзини гоҳ оловга, гоҳ сувга ташлайди. Аммо уни шогирдларингизнинг олдига олиб келсам, улар тузата олишмади». Шунда Исо ёвуз руҳни қувиб чиқаради ва болани даволайди. Кўп ўтмай, шогирдлар Исонинг олдига келиб: «Нега биз жинни қувиб чиқара олмадик?» — деб сўрашади. «Исо уларга: “Имонингизнинг сустлигидан”,— деди. “Ишонаверинг: агар имонингиз хантал уруғидай бўлса-ю, шу тоққа: “Бу ёқдан у ёққа кўч”,— десангизлар, у кўчиб ўтади. Сизлар учун имконсиз нарса бўлмайди”» (Мат. 17:14–20). Чиндан ҳам, Яҳовага бўлган имонимиз тоғдай тўсиқлардан ошиб ўтишга ёрдам беради. Мабодо инсон буни назаридан четда қолдириб ўз кучига таянса, нима юз беради? Муваффақиятсизликка учрайди ва унда ишончсизлик туйғуси пайдо бўлади.
15, 16. Ишончсизлик ҳиссини енгишда қизиқувчиларга қандай ёрдам беришимиз мумкин?
15 Инсонга ишончсизлик ҳиссини енгишга ёрдам беришнинг энг яхши йўли, уни ўзига эмас, балки Яҳовага таянишга ундашдир. Бу борада Бутрус шундай ёзган: «Худонинг қудратли қўли остида ўзингизни камтарин тутинглар, шунда У ўз вақтида сизларни юксалтиради. Бутун ғам-ташвишларингизни Унга ташланглар» (1 Бутр. 5:6, 7). Бу учун маънан ўсишда қизиқувчига ёрдам беришимиз керак. Маънавий киши маънавий нарсаларни жуда қадрлайди. У Худонинг Каломини яхши кўради ва «Муқаддас руҳнинг самараси»ни намоён этишга интилади (Галат. 5:22, 23). Бундай киши ибодатни канда қилмайди (Филип. 4:6, 7). Боз устига, турли топшириқларни муваффақият билан бажаришга кўмаклашадиган ва ҳар қандай вазиятда керак бўладиган жасорат ҳамда кучни у Аллоҳдан кутади (2 Тимўтийга 1:7, 8 ни ўқинг).
16 Баъзи қизиқувчилар ўқишни ўрганишда, суҳбат қуришда ҳамда нотиқлик маҳоратини ривожлантиришда амалий ёрдамга жуда муҳтожлар. Бошқалар эса Яҳовани таниб-билмаган пайтида ёмонликлар қилгани дастидан ўзини Худога хизмат қилишга нолойиқ деб ҳисоблайди. Иккала вазиятда ҳам, уларга нисбатан кўрсатган севгимиз, сабр-бардошимиз айни муддао бўлади. Ҳазрати Исо бу борада шундай деган: «Соғлар эмас, беморлар шифокорга муҳтож» (Мат. 9:12).
Кўпроқ эркакларни изланг
17, 18. а) Ваъзгўйликда янада кўпроқ эркакларга хушхабарни етказиш учун нима қилсак бўлади? б) Кейинги мақолада нима муҳокама қилинади?
17 Умид қиламизки, ҳали кўп эркак кишилар инсонни чиндан ҳам бахтли қиладиган хушхабарни қабул қилишади (2 Тим. 3:16, 17). Хўш, ваъзгўйликда янада кўпроқ эркакларга хушхабарни етказиш учун нима қилсак бўлади? Эркак кишилар уйда бўлган пайтда: оқшомда, дам олиш ёки байрам кунларида ваъз қилиш орқали бу мақсадга эриша оламиз. Имкон бўлса, биродарлар суҳбатлашиш учун хонадондаги эркак кишини чақиртиришлари мумкин. Келинг, фурсат туғилиши биланоқ ҳамкасбларимизга ёки жамоатдаги опа-сингилларимизнинг имондошимиз бўлмаган эрларига ваъз қилайлик.
18 Дарҳақиқат, фурсатни ғанимат билиб, қўлимиздан келганча барча инсонларга ваъз қилсак, албатта хушхабарга мойил бўлганларни топамиз. Шу сабабли самимий қизиқиш кўрсатганларнинг ҳаммасига сабр-бардошли бўлишдан чарчамайлик. Сувга чўмган эркаклар Худонинг ташкилотида олдинга интилишига ва масъулиятли вазифаларга лаёқатли бўлишига қандай ёрдам беришимиз мумкин? Бу саволга кейинги мақоладан жавоб топамиз.
[Изоҳлар]
a Малахи 3:10, ЯДТ: «“Уйимда егулик бўлиши учун ушрларнинг ҳаммасини омборга олиб келинглар ва бу билан Мени синаб кўринглар-чи”,— демоқда Сарвари Олам Яҳова, “Мен осмон қопқаларини очиб, устингизга мўл-кўл қут-баракалар ёғдирмасмиканман?”»
b «Яҳова Шоҳидларининг йилномаси» китобига, «Қўриқчи минораси» ҳамда «Уйғонинг!» журналларидаги таржимаи ҳолларга қ.
Марҳамат, жавоб беринг
• Маънавий нарсаларни биринчи ўринга қўйиши учун, эркакларга қандай ёрдам беришимиз мумкин?
• Қизиқувчиларга атрофдагиларнинг босимига дош беришга қандай кўмаклашсак бўлади?
• Айримларга ишончсизлик ҳиссини енгишга нима кўмаклашади?
[25- саҳифадаги расм]
Эркак кишиларга хушхабарни етказиш учун фурсат излаяпсизми?
[26- саҳифадаги расм]
Қизиқувчини бўлажак қаршиликларга қандай тайёрлашингиз мумкин?