«Маънавий нарсалар тўғрисида мулоҳаза юритиш... ҳаёт ва тинчлик келтиради»
Муқаддас руҳга мувофиқ яшайдиганлар... маънавий нарсалар ҳақида фикрлашади. РИМ. 8:5
1, 2. Нега Римликларга 8- боб мойланганларда ўзгача қизиқиш уйғотади?
ИСОНИНГ ўлимини хотирлаш маросими ўтказиладиган пайтда Римликларга 8:15–17 даги оятларни ўқигандирсиз. Ушбу парчада қай йўсин масиҳийлар мойланган эканликларини, яъни муқаддас руҳ уларнинг қалби билан биргаликда шоҳидлик беришини билиб олишлари тушунтирилади. Ўша бобнинг очқич ояти ҳам «Исо Масиҳ билан бирликда бўлганларга» ишора қиляпти. Хўш, Римликларга 8- боб фақатгина мойлангаларга тегишлими? Ёинки бу боб ер юзида яшашга умидвор бўлган масиҳийларга ҳам тааллуқлими?
2 Ўша бобда асосан мойланганларга мурожаат қилинган. Мойланганлар Аллоҳ уларни «ўғиллари сифатида қабул қилиб», таналаридан озод этилишни интизор бўлиб кутаётганлар сифатида «муқаддас руҳга» эга бўлишади. (Рим. 8:23) Улар сувга чўмган масиҳий бўлишгани, Худо тўлов асосида уларнинг гуноҳларини кечиргани ва уларни маънавий ўғиллари сифатида одил деб эълон қилгани учун, келажакда осмонда Худонинг ўғиллари бўла олишади. (Рим. 3:23–26; 4:25; 8:30)
3. Нима учун Римликларга 8- боб ер юзида яшаш умидига эга бўлганларни қизиқтириши керак, деган хулосага келишимиз мумкин?
3 Бироқ Римликларга 8- боб ер юзида яшаш умидига эга бўлганларни ҳам қизиқтириши керак, негаки, Худо уларни ҳам қайсидир маънода одил деб ҳисоблайди. Бунинг исботини ҳаворий Павлус шу бобдан олдин ёзган маълумотдан топишимиз мумкин. Масалан, 4- бобда у Иброҳим ҳақида гап юритади. Бу имонли киши Яҳова Исроил халқига Тавротни беришидан олдин ва Исо гуноҳларимиз учун ўлишидан анча аввал яшаган. Бунга қарамай, Яҳова Иброҳим комил имонга эга бўлгани учун уни одил деб билган. (Римликларга 4:20–22 ни ўқинг.) Шу сингари, бугунги кунда ер юзида яшаш умидига эга бўлган садоқатли масиҳийларни Яҳова одил деб ҳисоблаши мумкин. Шунинг учун, улар ҳам Римликларга 8- бобда одилларга қарата берилган маслаҳатдан фойда олишса бўлади.
4. Римликларга 8:21 даги сўзлар бизни нима ҳақда фикр юритишга чорлайди?
4 Римликларга 8:21 да Яҳова янги дунё келишига кафолат беряпти. Бу оятдаги ваъдага кўра, «махлуқотнинг ўзи ҳам чириш қуллигидан озод этилиб, Худо фарзандларининг улуғвор эркинлигига эга бўлади». Лекин биз ўша ерда бўлиш-бўлмаслигимиз ва шу мукофотни қўлга киритиш-киритмаслигимиз ўзимизга боғлиқ. Хўш, янги дунёда бўлишингизга ишончингиз комилми? Римликларга 8- бобда бунга эришишингизга ёрдам берадиган маслаҳат ёзилган.
«ТАНАГА ОИД НАРСАЛАРНИ ЎЙЛАШ»
5. Римликларга 8:4–13 да ҳаворий Павлус қайси жиддий масалани кўтарган?
5 Римликларга 8:4–13 ни ўқинг. Римликларга 8- бобда «тана истакларига мувофиқ» яшайдиганлар «муқаддас руҳга мувофиқ» ҳаёт кечираётганлар билан солиштирилган. Айримлар бу баёнотда ҳақиқатда бўлган ва бўлмаганлар, масиҳий ва масиҳий бўлмаганлар орасидаги фарқ кўрсатилган, деб ўйлашлари мумкин. Лекин Павлус буни «Тангри севган ва муқаддас бўлишга даъват этилган Римда яшовчи»ларга ёзганди. (Рим. 1:7) Демак, Павлус бу парчада тана истакларига мувофиқ ҳаёт кечирадиган масиҳийларни муқаддас руҳга биноан яшайдиган масиҳийлар билан таққослаган. Қизиқ, уларнинг фарқи нимада экан?
6, 7. Римликларга 8:4–13 да Павлус «тана» сўзини қайси маънода ишлатган?
6 Даставвал Павлус ишлатган «тана» сўзининг маъносини кўриб чиқайлик. Асл нусхада ушбу оятда қўлланилган юнонча сўз бошқа оятларда «тана истаклари» деб таржима қилинган, лекин у, шунингдек, жисмоний тана ҳамда қариндошлик ришталари маъносида ҳам келиши мумкин. (Рим. 2:28; 1 Кор. 15:39, 50; Рим. 1:3)
7 Павлуснинг 7- бобда ёзган сўзлари Римликларга 8:4–13 да «тана» сўзи қайси маънода ишлатилганини тушунишга кўмаклашади. Римликларга 7:5 да у шундай деб айтганди: «Тана истакларига биноан умр кечирганимизда, Таврот қонуни орқали ойдин бўлган гуноҳли эҳтирослар тана аъзоларимизда амал қилган». Бу, «тана истакларига биноан умр кечирганлар» иборасининг маъносини очиб беряпти. Бундай одамлар ҳақида Павлус: «Танага оид нарсаларни ўйлашади»,— деб айтган. У ўзининг гуноҳли истакларию мойилликларига ҳаддан ортиқ берилган ва улар бўйича яшайдиган одамларни назарда тутганди. Хусусан, шу каби одамлар хоҳ жинсий, хоҳ бошқача орзу-истакларига ва нафсига эрк бериб умр кечиришади.
8. Нега «тана истакларига мувофиқ» яшаш хусусидаги огоҳлантириш ҳатто мойланган масиҳийлар учун ҳам айни муддао бўлган?
8 Лекин нима учун Павлус мойланганларга «тана истакларига мувофиқ» яшаш хавфли эканини айтган, деб қизиқаётгандирсиз. Худо Ўзининг дўстлари ва одил деб билган бугунги кундаги масиҳийлар учун ҳам бу хавфли бўлиши мумкинми? Афсуски, ҳеч бир масиҳий тана истакларига биноан яшашга қарши эмланмаган. Масалан, Павлус Римдаги биродарларнинг айримлари «ўз қоринларининг [ёки истакларининг]» қуллари бўлишгани тўғрисида ёзган. Шу тариқа у бундай одамларнинг ҳаётларида секс, еб-ичиш ёки бошқа кўнгилхушликлар устувор бўлганини таъкидламоқчи бўлган. Улардан баъзилари ҳатто «соддадил одамларни йўлдан уришди». (Рим. 16:17, 18; Филип. 3:18, 19; Яҳд. 4, 8, 12) Коринфда эса бир биродар «отасининг хотини билан яшаб юрди». (1 Кор. 5:1) Шунинг учун ҳам, Аллоҳ Павлус орқали масиҳийларга «танага оид нарсаларни ўйлаш» борасида огоҳлантириш берганди. (Рим. 8:5, 6)
9. Павлуснинг Римликларга 8:6 даги огоҳлантириши қайси вазиятларга тегишли эмас?
9 Ушбу огоҳлантириш бугунги кунда ҳам ўз кучини йўқотмади. Боиси, масиҳий Худога йиллар давомида хизмат қилишига қарамай, танага оид нарсалар ҳақида ўйлай бошлаши мумкин. Лекин бу огоҳлантириш еб-ичиш, ўйин-кулги, иш ё ҳатто ишқий муносабатлар ҳақида аҳён-аҳёнда ўйлаб турадиган масиҳийларга тегишли эмас. Зероки бу, Худонинг хизматчиси кечирадиган ҳаётнинг одатий соҳаларидир. Мисол учун, Исо егуликдан завқ олган ва бошқаларни ҳам тўйдирган. Бундан ташқари, у дам олиш кераклигини тушунган. Павлус эса турмушда эҳтирос ва жинсий алоқанинг ўз ўрни борлиги тўғрисида ёзган.
10. Римликларга 8:5, 6 даги «ўйлаш» сўзи қандай маънога эга?
10 Ундай бўлса, Павлус «танага оид нарсаларни ўйлаш» ҳақида гапириб, нимани назарда тутган? Павлус ишлатган юнонча сўз «онгни ёки қалбни бирон нарсага йўналтириш, назарда тутилган хатти-ҳаракат ёки муносабатга алоҳида диққат қаратиш билан бирга пухта ўйлаш учун бор қобилиятни ишга солиш» деган маънони билдиради. Тана истакларига мувофиқ яшайдиганлар асосан ўзларининг гуноҳли табиатига биноан йўл тутишади. Римликларга 8:5 даги сўз борасида бир олим қуйидагича фикр билдирди: «Улар танага оид нарсалар ҳақида ўйлашлари — бу нарсалар билан чуқур қизиқишларини, фақат шу ҳақда гапириб, бу билан машғул бўлишларини ва ҳатто фахрланишганларини англатади».
11. Қайси нарсалар биз учун ўта муҳим бўлиб қолиши мумкин?
11 Ҳа, чиндан ҳам, Римдаги масиҳийлар ҳаётларида нима устувор эканини кўриб чиқишлари керак эди. Сабаби, «танага оид нарсалар» уларнинг ҳаётини бошқариб, марказий ўрин эгаллаб олган бўлиши мумкин эди. Бугунги кунда биз ҳам ҳаётимизда нима муҳим экани ҳақида ўйлаб кўрсак, оқилона бўларди. Бизни нима кўпроқ қизиқтиради ва одатда нима ҳақда гапирамиз? Нималар билан шуғулланишни ёқтирамиз? Чунончи, баъзилар ҳар хил шаробларни татиб кўришга, уйни безатишга, янгича кийиниш услубларини топишга, маблағларни омонатга қўйишга, таътил пайтида саёҳатни режалаштиришга ва бошқа шу каби ишларга ҳаддан ортиқ эътибор қаратишаётганини тушунишди. Тўғри, бу каби нарсалар ўз-ўзидан ёмон эмас, зеро, улар ҳаёт тарзимизнинг бир қисми бўлиши мумкин. Масалан, Исо бир марта шароб тайёрлаган, Павлус Тимўтийга «оз-моз шароб» ичиб тур, деб айтган. (1 Тим. 5:23; Юҳан. 2:3–11) Аммо Исо ва Павлус фақат шароб ҳақида гапириб, бу билан машғул бўлиб, унга берилишганми? Йўқ, албатта. Биз ҳақимизда-чи, нима деса бўлади? Бизни ҳаётда биринчи навбатда нима қизиқтиради?
12, 13. Нималар ҳақида ўйлаётганимизга нега жиддий қарашимиз лозим?
12 Одам ўзини-ўзи текшириши муҳимдир. Нега? Бунинг жавобини Павлуснинг қуйидаги сўзларидан топса бўлади: «Танага оид нарсаларни ўйлаш — ўлимдир». (Рим. 8:6) Бу огоҳлантиришга енгил-елпи қараб бўлмайди, боиси, ҳозирги пайтда маънан ўлишимиз, келажакда эса том маънода нобуд бўлишимиз мумкин. Шундай бўлса-да, Павлус агар кимдир «танага оид нарсаларни ўйлаш»ни бошласа, у охир-оқибат ўлади, деб айтмоқчи эмасди. Токи ўзгаришнинг имкони бор. Мисол учун, «тана» истакларига берилиб, ахлоқсизлик қилган Коринфдаги киши ҳақида ўйлаб кўринг. Бу учун у четлатилган эди, аммо унда ўзгариш имкони бўлганди ва у ўзгарди: тана истаклари бўйича яшашни тўхтатиб, тўғри йўлга қайтди. (2 Кор. 2:6–8)
13 Агар ўша киши ўзгара олган бўлса, демак, бугунги кунда ҳам масиҳий ўзгариши мумкин, айниқса, агар у ҳали Коринфдаги кишига ўхшаб тана истакларига муккасидан кетмаган бўлса. Шаксизки, «танага оид нарсаларни ўйлайдиганларнинг» оқибати қандай бўлиши борасидаги Павлуснинг огоҳлантириши масиҳийларга ҳаётларида керакли ўзгаришлар киритишга туртки бўлиши даркор.
«МАЪНАВИЙ НАРСАЛАР ҲАҚИДА ФИКРЛАШ»
14, 15. а) Павлус нималар ҳақида фикр юритишни тавсия этган? б) «Маънавий нарсалар тўғрисида мулоҳаза юритиш» нимани англатмайди?
14 Ҳаворий Павлус «танага оид нарсаларни ўйлаш» борасида огоҳлантириш бергандан сўнг, қуйидаги ижобий сўзларни айтди: «Маънавий нарсалар тўғрисида мулоҳаза юритиш... ҳаёт ва тинчлик келтиради». Ҳаёт ва тинчлик... Бу нақадар ажойиб натижа ва мукофотдир! Ушбу мукофотга қандай эриша оламиз?
15 Бироқ «маънавий нарсалар тўғрисида мулоҳаза юритиш» инсон гуёки осмонда учиб юриши кераклигини англатмайди. Бу, шунингдек, инсон нуқул Муқаддас Китоб ёки Худога бўлган севгиси ва келажакка нисбатан умиди ҳақида ўйлаб, фақат шуни гапириши керак, дегани эмас. Эсингизда бўлса, Худонинг марҳаматига эга бўлган Павлус ва биринчи асрдаги бошқа масиҳийлар кўп тарафлама бошқалар қатори ҳаёт кечиришган. Улар турли егулик ва ичимликлардан баҳра олишган. Аксарияти оила қуриб, ўзларини таъминлаш учун ишлашган ва оилавий ҳаётдан завқ олишган. (Марк 6:3; 1 Салон. 2:9)
16. Гарчанд Павлус кўп тарафлама бошқалар қатори ҳаёт кечирган бўлса-да, унинг ҳаётида нима марказий ўринни эгаллаганди?
16 Аммо ҳаётнинг бундай одатий соҳалари уларнинг ҳаётларида марказий ўрин эгаллаб олишига йўл қўйишмаган. Масалан, Павлус чодир тикиб кун кечиргани ҳаммамизга маълум. Лекин унинг бу ҳунари ҳаётидаги энг муҳим нарса бўлмаган. Боиси, у доим диққатини ваъзгўйлик ва таълим бериш ишига қаратган. (Ҳаворийлар 18:2–4; 20:20, 21, 34, 35 ни ўқинг.) Павлус Римдаги имондошларига ҳам худди шундай ишлар билан машғул бўлишни маслаҳат қилганди. Ҳа, Павлуснинг ҳаёти маънавий ишлар ва тадбирлар билан йўғрилган эди. Римликлар Павлусга тақлид қилишлари керак эди ва биз ҳам шундай йўл тутишимиз лозим. (Рим. 15:15, 16)
17. «Маънавий нарсалар тўғрисида мулоҳаза юритсак», қандай ҳаётга мушарраф бўламиз?
17 Хўш, диққат-эътиборимизни маънавий нарсаларга қаратсак, қандай натижага эришамиз? Римликларга 8:6 да бу саволга аниқ жавоб берилган: «Маънавий нарсалар тўғрисида мулоҳаза юритиш... ҳаёт ва тинчлик келтиради». Бу, Аллоҳ ва Унинг фикрлаш тарзи билан ҳамнафас бўлган ҳолда муқаддас руҳ онгимизга таъсир қилишига ҳамда уни бошқаришига йўл қўйиб бериш демакдир. «Маънавий нарсалар»ни турмушимизда биринчи ўринга қўйсак, ҳозирнинг ўзида бахтли ҳамда сермазмун ҳаёт кечира оламиз, келажакда эса — хоҳ осмонда, хоҳ ерда бўлсин — абадий ҳаётга эришамиз.
18. Қанақасига «маънавий нарсалар тўғрисида мулоҳаза юритиш» хотиржамлик бағишлайди?
18 Келинг, қайси маънода «маънавий нарсалар тўғрисида мулоҳаза юритиш... тинчлик» келтиришини мушоҳада қилайлик. Гап шундаки, кўп одамлар хотиржамлик топиш учун жон-жаҳди билан курашишади. Бироқ улар ички хотиржамликка эришиш илинжида юрган бир пайтда, биз аллақачон унга эгамиз. Масалан, биз оила аъзоларимиз ва жамоатдаги имондошларимиз билан тинчликни сақлаймиз. Лекин шуни тан олишимиз керакки, биз ва имондошларимиз номукаммалмиз. Шу сабабли, онда-сонда улар билан айтишиб қолишимиз мумкин ва бунинг дастидан гоҳида муаммоларга рўбарў бўламиз. Бундай дамларда Исонинг «биродарингиз билан ярашинг» деган маслаҳатига амал қилиш оқилонадир. (Мат. 5:24) Боз устига, имондошимиз «тинчлик ато этувчи Аллоҳ»га хизмат қилаётганини эсласак, бундай йўл тутиш осонроқ бўлади. (Рим. 15:33; 16:20)
19. Қандай ўзгача бир тинчликка эришишимиз мумкин?
19 Лекин шундай тинчлик борки, у бебаҳодир. Агар «маънавий нарсалар тўғрисида мулоҳаза юритсак», бундай тинчликка эришамиз, яъни Яратувчимиз билан тинчликда бўламиз. Бу борада Ишаё унинг даврига тегишли бўлган ва ҳозир кенг миқёсда бажо бўлаётган қуйидаги сўзларни ёзиб қолдирган: «Эй Эгамиз, Сенга ишониб, фикри-зикри Сендан узилмайдиганга Ўзинг комил тинчлик ато қиласан». (Ишаё 26:3; Римликларга 5:1 ни ўқинг.)
20. Нега Римликларга 8- бобдаги маслаҳат учун миннатдорсиз?
20 Шундай экан, ҳаммамиз — мойланганмизми ё ер юзидаги жаннатда абадий яшаш умидига эгамизми — Римликларга 8 бобда келтирилган илоҳий маслаҳат учун миннатдор бўлишимиз мумкин. «Танага оид нарсалар» ҳаётимизда муҳим ўрин тутмаслиги кераклиги борасидаги огоҳлантириш учун ҳар қанча миннатдор бўлсак арзийди. Бундан ташқари, «маънавий нарсалар тўғрисида мулоҳаза юритиш... ҳаёт ва тинчлик келтиради» деган сўзларга биноан яшаш оқилона эканини ҳам англаяпмиз. Бунинг мукофоти абадийдир, зеро Павлус: «Гуноҳнинг эвази — ўлим, Худонинг инъоми эса Ҳазратимиз Исо Масиҳ воситасида абадий ҳаётдир»,— деб бежиз айтмаган. (Рим. 6:23)