Ёдингиздами?
«Қўриқчи минораси» журналининг охирги сонларини диққат билан ўқидингизми? унда қуйидаги саволларга жавоб беришга уриниб кўринг:
Масъулиятли биродарлар, масалан, туман нозирлари ва жамоат оқсоқоллари Худонинг ташкилотидан йўл-йўриқлар олишганида, уларга қандай муносабат билдиришлари даркор?
Улар бу йўл-йўриқларга риоя этишни кечиктирмасликлари лозим. Улар ўзларига қуйидаги саволларни беришса бўлади: «Имондошларим маънан ўсишига ҳисса қўшяпманми? Берилаётган йўл-йўриқларни дарҳол қабул этиб, уларга амал қиляпманми?» (16.11.; 11- саҳ.)
Масиҳийлар қачон Бобил тутқунлигига тушиб қолишган?
Бу асирлик ҳаворийларнинг ўлимидан сал ўтганда бошланган. Ўша пайтда руҳонийлар синфи шакллана бошлаган. Черков ва давлат муртад бўлиб кетган масиҳийларни қўллаб-қувватлаб, буғдойни тасвирловчи масиҳийларнинг овозини бўғишга ҳаракат қилишган. Аммо 1914 йилдан олдинги ўн йилликлар пайтида мойланганлар тутқунликдан чиқишни бошлашган. (16.11.; 23–25- саҳ.)
«Танага оид нарсаларни ўйлаш» ва «маънавий нарсалар тўғрисида мулоҳаза юритиш» орасида қандай фарқ бор? (Рим. 8:6)
Танага оид нарсаларни ўйлайдиганлар диққатини номукаммал одамнинг истаклари ва мойилликларига қаратишади ҳамда доимо танага оид нарсалар ҳақида гапириб, ҳаддан ортиқ уларга берилишади. Маънавий нарсалар тўғрисида мулоҳаза юритадиган инсоннинг ҳаётида эса Худо ва Унинг фикрлари билан боғлиқ бўлган нарсалар марказий ўрин эгаллайди. Бундай масиҳий унга муқаддас руҳ таъсир қилишига йўл қўяди. Танага оид нарсаларни ўйлаш — ўлим, маънавий нарсалар тўғрисида фикрлаш эса ҳаёт ва тинчликка етаклайди. (16.12.; 15–17- саҳ.)
Ташвишларни камайтиришнинг баъзи амалий йўллари қандай?
Муҳимроқ нарсаларни биринчи ўринга қўйинг, ўзингиздан кўп нарсани талаб қилманг, ҳар куни сокинликда бироз вақт ўтказинг, Яҳованинг ижодларидан баҳра олинг, ҳазил-мутойиба қилиб туринг, мунтазам жисмоний машқ қилинг ва етарлича ухланг. (16.12.; 22–23- саҳ.)
Нега камтарлик ҳозир ҳам аҳамиятлидир?
Камтаринлик ўзимизга тўғри баҳо беришни ва имкониятларимиз чегараланганлигини тан олишни ўз ичига олади. Биз ҳаракатларимиз бошқаларга қандай таъсир қилиши мумкинлиги тўғрисида ўйлашимиз ҳамда ўзимиз ҳақида юқори фикрда бўлмаслигимиз керак. (17.01.; 18- саҳ.)
Нега ҳаворийларнинг сони 12 та бўлиши керак эди?
Далилларга кўра, Яҳова 12 та ҳаворийни бўлажак «Янги Қуддуснинг» пойдеворидаги «ўн икки тош»ни ташкил этишлари учун танлади. (Ваҳ. 21:14) Шу сабабли, кейинчалик ер юзидаги ҳаёти поёнига етган ҳар бир садоқатли ҳаворийнинг ўрнига бошқасини танлашга ҳожат йўқ эди. (17.02.; 24- саҳ.)
Аллоҳ бугунги кунда Етакчи кенгашни йўналтираётгани каби, биринчи асрда ҳам етакчи кенгашни йўналтирганининг қандай исботи бор?
Улар муқаддас руҳ ёрдами билан Муқаддас Ёзувлардаги ҳақиқатларни англаб етишган, фаришталарнинг кўмаги билан ваъзгўйлик фаолиятини назорат қилишган ва йўл-йўриқ беришганда Худонинг Каломига таянишган. Бунга биз бугунги кунда ҳам гувоҳ бўляпмиз. (17.02.; 26–28- саҳ.)
Ҳаворий Павлуснинг Яҳова «дош бера олмайдиган даражада синалишингизга йўл қўймайди», деган сўзлари Яҳова қандай синовларга чидай олишимизни олдиндан аниқлаб, кейин бизни уларга дучор қилишини англатадими?
Яҳова қандай синовларга йўлиқишимизни олдиндан белгиламайди. Аммо синовларга дуч келганимизда қуйидагига амин бўлишимиз мумкин: бутунлайин Яҳовага таянсак, У кучимиздан ортиқ даражада синалишимизга йўл қўймайди ва синовларга дош бера олишимиз учун ҳар доим иложини беради. (17.02.; 29–30- саҳ.)
Қарор чиқариб бўлганидан кейин масиҳий ўз фикрини ўзгартириши мумкинми?
Биз сўзимизда туришимиз керак. Лекин баъзан қароримизни қайтадан кўриб чиқишга тўғри келади. Ниневия аҳолиси тавба қилганидан кейин, Худо уларга нисбатан чиқарган қароридан қайтди. Гоҳида шароитлар ўзгаргани ёки янги маълумот олганимиз сабабли, бизга ҳам қарорларимизни ўзгартиришга тўғри келиши мумкин. (17.03.; 16–17- саҳ.)
Нима учун салбий гап-сўзлар хавфлидир?
Салбий гап-сўзлар туфайли вазият назорат остидан чиқиб кетиб, муаммони баттар чигаллаштириши мумкин. Ҳақ ё ноҳақ бўламизми, ёмон гап-сўзлар ҳеч қачон вазиятни яхши томонга ўзгартирмайди. (17.04.; 21- саҳ.)