«Янги дунё таржимаси» аниқми?
Муқаддас Китобнинг «Янги дунё таржимаси»нинг биринчи қисми 1950 йили нашр этилган. Ўшандан бери, баъзилар «Янги дунё таржимаси»нингa аниқлигини шубҳа остига солишади. Сабаби, айрим жойлари Муқаддас Китобнинг бошқа таржималаридан фарқ қилади. Одатда улар бу таржиманинг қуйидаги учта хусусияти билан боғлиқ:
Ишонарли. «Янги дунё таржимаси» замонавий илмий тадқиқотлар ва энг аниқ қадимги қўлёзмалар асосида қилинган. Масалан, 1611 йили чиққан инглиз тилидаги кенг тарқалган «Қирол Жеймс Библияси» одатда унча аниқ бўлмаган қўлёзмаларга ва «Янги дунё таржимаси»дан фарқли равишда қадимги қўлёзмаларга асосланмаган.
Тўғри. «Янги дунё таржимаси» қўмитаси, Худонинг илоҳий илҳоми остида ёзган кишиларнинг сўзлари тўғри ўгирилишига ҳаракат қилган. (2 Тимўтийга 3:16) Муқаддас Китобни ўгирган бошқа кўп таржимонлар эса Худонинг хабарини тўғри етказишни эмас, одамларнинг урф-одатларини устун қўйишган. Масалан, улар Аллоҳнинг «Яҳова» деган исмини «Эгам» ёки «Худо» каби унвонларга ўзгартиришган.
Сўзма-сўз. Эркин таржималарга қараганда, «Янги дунё таржимаси»да мумкин бўлган жойларнинг ҳаммасида сўзма-сўз таржима қилинган, бироқ асл матндаги фикр мужмал бўлиб қолганда, сўзма-сўз таржима қилинмаган. Муқаддас Китобнинг асл матни ҳикоя тарзда ўгирилган таржималарда, одамларнинг нуқтаи назарини акс эттирадиган фикрлар қўшилиши ёки муҳим тафсилотлар қолиб кетиши мумкин.
«Янги дунё таржимаси» билан бошқа таржималарнинг фарқи
Аслида йўқ китоблар. Католик ва православ черковларининг Муқаддас Китобларига апокриф деб аталадиган китоблар (Муқаддас Китобга киритилмаган яҳудий ёзувлари) киритилган. Лекин бу китоблар яҳудий канонга кирмаган эди. Шуни айтиш жоизки, Худонинг Каломига биноан, айнан яҳудийларга «Аллоҳнинг муқаддас сўзлари ишониб топширилган». (Римликларга 3:1, 2) Шу боис, «Янги дунё таржимаси»да, жумладан, Муқаддас Китобнинг бошқа замонавий таржималарида апокриф китоблар йўқлиги мантиқан тўғри.
Келтирилмаган оятлар. Айрим таржималарнинг матн таркибига, қадимги қўлёзмаларда мавжуд бўлмаган оят ва иборалар қўшилган. Лекин «Янги дунё таржимаси»да бундай қўшимчалар йўқ. Замонавий таржималарнинг аксариятида бундай қўшимча оятлар келтирилмайди, келтирилган тақдирда ҳам, улар ишончга сазовор бўлган манбаларнинг кўпида йўқ эканлиги кўрсатиладиb.
Турли сўзларнинг қўлланилиши. Айрим оятларнинг сўзма-сўз таржимаси ноаниқ ёки чалғитадиган. Мисол учун, Исонинг Матто 5:3 даги сўзлари одатда «руҳан камбағал бўлганлар бахтлидир», деб ўгирилади. (Туркия, 1998) Кўплар «руҳан камбағал» дея том маънода таржима қилинган иборани тушунмайди. Баъзиларнинг ўйлашича эса, Исо камтарлик ёки қашшоқлик афзалроқ деб айтган. Бироқ Исо, ҳақиқий бахт Худога муҳтож эканлигини тушунишдан иборат эканини назарда тутган. У айтган сўзларнинг аниқ маъноси «Янги дунё таржимаси»да «маънавий нарсаларга чанқоқ бўлганлар» деган сўзлар билан ўгирилиб, аниқ маъноси етказилган. (Матто 5:3)
Яҳованинг Шоҳидлари бўлмаган олимлар «Янги дунё таржимаси» ҳақида қандай фикрда?
Эдгар Гудспид исмли таниқли олим ва Муқаддас Китоб таржимони инглиз тилидаги «Янги дунё таржимаси — Юнонча ёзувлар» тўғрисида 1950 йили 8 декабрда хатида шундай деб ёзган: «Таълим бериш фаолиятингиз ва у қанчалар кенг қулоч ёзгани мени жуда ҳам қизиқтиради. Табиий, аниқ ва жонли таржимангиз ҳам ёқди. Шуниси аниқки, унинг устидан ниҳоятда кўп изланишлар олиб борилган».
Чикаго университетининг Аллен Уикгрен исмли профессори «Янги дунё таржимаси»ни замонавий таржиманинг намунаси деб таъкидлади. Сабаби, бу нашр бошқа таржималарга асосланмаган ва унда кўп ҳолларда «ажойиб эркин иборалар» келтирилган. («The Interpreter’s Bible», 1- жилд, 99- саҳ.)
Инглиз тилидаги «Янги дунё таржимаси — Юнонча ёзувлар» борасида британиялик илоҳиётшунос Александр Томсон қуйидагиларни ёзган: «Шубҳасизки, бу таржима устидан қобилиятли ва моҳир филологлар ишлашган. Улар инглиз тилининг имкониятларини инобатга олиб, асл матн маъносини етказишга ҳаракат қилишган». («The Differentiator», 1952 йил апрель, 52- саҳ.)
Ёзувчи Чарлз Франсис Поттер айрим ғайритабиий ибораларга кўзи тушганини айтган бўлса-да, шундай деди: «Исмлари номаълум таржимонлар энг сара қўлёзмалар, яъни ҳам юнонча, ҳам ибронийча матн мазмунини олимларга хос маҳорат ва ёндашув билан етказиб беришган». («The Faiths Men Live By», 300- саҳ.)
Гарчи Роберт Маккоянинг фикрича, «Янги дунё таржимаси» ўзига хос ва афзалликларга эга бўлса-да, у шундай хулосага келди: «“Янги аҳд”нинг таржимаси [Яҳованинг Шоҳидлари] орасида мутахассислар борлигини тасдиқламоқда. Улар Муқаддас Китоб таржимаси бўйича туғиладиган кўп муаммоларни ҳал қилишга лаёқатли». («Andover Newton Quarterly, 1963 йил январь, 31- саҳ.)
Профессор Самьюэл Маклейн Гилмор «Янги дунё таржимаси»даги айрим иборалар билан рози бўлмаган бўлса ҳам, таржимонлари «юнонча тилни жуда ҳам яхши тушунишларини» тан олди. («Andover Newton Quarterly, 1966 йил сентябрь, 26- саҳ.)
«Янги дунё таржимаси» ҳақидаги бир изоҳда профессор Томас Винтер қуйидагиларни ёзган: «Номаълум қолишни хоҳлаган таржима қўмитаси томонидан энг сўнгги изланишларни инобатга олган ҳолда бу таржима аниқ ва изчил тарзда қилинган». («The Classical Journal», 1974 йил апрель–май, 376- саҳ.)
1989 йили исроиллик профессор Биньямин Кедар-Копфштейн шундай фикр билдирган: «Ибронийча тилидаги Муқаддас Китоб ва таржималар билан боғлиқ тилшунослик изланишларимда “Янги дунё таржимаси” деб номланадиган инглиз тилидаги нашрга кўп маротаба мурожаат қиламан. Ҳар сафар шунга амин бўламанки, бу таржимада асл матндаги маъно имкон қадар аниқроқ етказиб берилиши учун кўп меҳнат қилинган».
Инглиз тилидаги энг кенг тарқалган тўққизта таржимани таҳлил қилиб, Жейсон Бедун исмли профессор қуйидагича бўлишди: «ЯДТ [«Янги дунё таржимаси»] кўриб чиқилган таржималар орасида энг аниқ бўлиб чиқди». Кўплар, уларнинг орасидаги илоҳиётшунослар ҳам «Янги дунё таржимаси»нинг бошқа таржималардан фарқ қилишининг сабаби уни таржима қилганлар ўз диний эътиқоди асосида таржима қилишган, деб ҳисоблашади. Бироқ Жейсон Бедун бу ҳақда шундай деди: «ЯДТнинг фарқ қилиши у аниқ таржима қилинганини кўрсатиб туради. Сабаби, уни ўгирган инсонлар “Янги аҳд” муаллифлари қўллаган ибораларни имкон қадар сўзма-сўз, ўзгартирмай етказишган». («Truth in Translation», 163-, 165- саҳ.)
a 2013 йили қайта кўриб чиқилган инглиз тилидаги «Янги дунё таржимаси» ҳақида гап кетяпти.
b Масалан, Туркия таржимасида Матто 17:21; 18:11; 23:14; Марк 7:16; 9:44, 46; 11:26; 15:28; Луқо 17:36; 23:17; Юҳанно 5:4 ва Римликларга 16:24 қўшилган. Бундан ташқари, у ерда 1 Юҳанно 5:7, 8 га Муқаддас Китоб ёзилиб бўлганидан юзлаб йиллар оша қўшилган бир парча бор бўлиб, учлик ҳақидаги таълимотни олға суради.