Маънавий мақсадлар қўйиб, Яратувчини шарафланг
«Инсон қайси қирғоққа сузиб кетаётганини билмаса, ҳеч бир шамол йўналиши уни зарурий манзилга элтиб қўймайди». Биринчи асрдаги Рим файласуфининг ушбу сўзларида муҳим ҳақиқат мужассамдир. Инсоннинг ҳаёти мазмунли бўлиши учун, унинг бирон-бир мақсади бўлиши даркор.
Муқаддас Китобда ўз олдига мақсадлар қўйган инсонларнинг мисоллари бор. Нуҳ қарийб 50 йил давомида меҳнат қилиб, «уйидагиларни қутқариш учун кема қурган». Мусо пайғамбар ҳақида эса «у мукофотга кўз тиккан» деб айтилган. (Ибронийларга 11:7, 26) Мусонинг давомчиси Ёшуанинг олдига эса Худо Канъон юртини забт этиш мақсадини қўйган. (Қонунлар 3:21, 22, 28; Ёшуа 12:7–24)
Мил. I асрда яшаб ўтган ҳаворий Павлуснинг маънавий мақсадларига, шубҳасизки, Исонинг қуйидаги сўзлари катта таъсир кўрсатган: «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар... бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади». (Матто 24:14) Ҳаворий Павлус Ҳазратимиз Исодан олган ваҳийлар, шу жумладан, унинг «исмини бошқа халқларга» етказиш вазифаси Павлусни ҳаракатга ундаган. Натижада у бутун Кичик Осиё ва ҳатто Европада масиҳийлар жамоатлари ташкил топишида катта ўрин эгаллаган. (Ҳаворийлар 9:15; Колосаликларга 1:23)
Кўряпмизки, Яҳованинг хизматчилари тарих мобайнида ўз олдига олийжаноб мақсадлар қўйиб келишган ва Худони улуғлаб, уларга эришишган. Бугунги кунда маънавий мақсадларни қай йўсин қўйишимиз лозим? Қайси мақсадлар сари интилишимиз ва уларга эришиш учун қандай қадамлар қўйишимиз мумкин?
Ниятимиз тўғри бўлиши керак
Инсон ўз олдига ҳаётнинг исталган соҳасида мақсадлар қўйиши мумкин. Тўғри ният ўта муҳим. Ва бу дунёда кўплаб мақсадли инсонларни учратиш мумкин. Аммо маънавий мақсадлар шуҳратпараст инсонларнинг мақсадларидан кескин фарқ қилади. Бу дунёдаги аксарият одамларнинг мақсадлари ортида асосан бойиб кетиш ва мавқе ёки мансабга эришиш истаги ётади. Ҳокимиятга эришиш ёки машҳур бўлиб кетиш ниятида мақсад қўйиш катта хатодир. Тангри Яҳовани шарафлайдиган мақсадлар Унга хизмат қилиш ва Шоҳлик манфаатларини олға суриш билан чамбарчас боғлиқ. (Матто 6:33) Бундай мақсадлар ортида Худо ва яқинимизга бўлган севги ҳамда Худога садоқатни сақлаш истаги ётади. (Матто 22:37–39; 1 Тимўтийга 4:7)
Мақсадларимиз хизматдаги қўшимча вазифалар ёки шахсий маънавий ўсишимиз билан боғлиқ бўладими, мақсадлар қўйганда ва уларга эришганимизда ниятларимиз пок бўлиши жуда муҳим. Лекин баъзида ҳатто тўғри ниятлар ила қўйган мақсадимизга эриша олмаслигимиз мумкин. Шунга қай йўсин мақсадлар қўйиб, уларга эришиш эҳтимолини ошира оламиз?
Кучли истак зарур
Яҳова коинотни қандай яратганини эслайлик. У «кеч кирди ва тонг отди» деган сўзлари билан кетма-кет ижодий даврларни ўзаро ажратди. (Ибтидо 1:5, 8, 13, 19, 23, 31) Ҳар бир ижодий куннинг бошида Парвардигоримиз нималарни яратмоқчи экани борасида аниқ тасаввурга эга бўлган ва У нимани ният қилган бўлса, ўшани яратган. (Ваҳий 4:11) Бобокалонимиз Аюб Яҳованинг «кўнгли нимани истаса, шуни бажариши» ҳақида айтган. (Аюб 23:13) Яҳова, «Ўзи яратган барча нарса» «жуда яхши» эканини кўриб, роса қувонган бўлса керак. (Ибтидо 1:31)
Мақсадимиз рўёбга чиқишини истасак, унга эришиш учун кучли истакка эга бўлишимиз лозим. Ҳатто ер шаклсиз ва бўм-бўш бўлганида Яҳова якуний натижани, яъни Унга шараф келтирадиган, коинотдаги бамисоли бетакрор марвариддай бўлган сайёрамизни тасаввур қила олган. Биз ҳам мақсадимизга эришишнинг натижаси ҳамда фойдаси ҳақида мулоҳаза юритсак, ният қилган ишларимизни амалга ошириш учун кучли истакка эга бўламиз. 19 ёшли Тони билан ҳам худди шундай бўлган. У Яҳова Шоҳидларининг Ғарбий Европадаги филиалларидан бирига илк бор борганида олган таассуротларини ҳали-ҳануз эслайди. Шу пайтдан бошлаб, Тони «Бу ерда яшаб хизмат қилсам қанийди» деб ўйлаб қолди. Тони бу имконият ҳақида ўйлашдан ва ўз мақсадига интилишдан тўхтамасди. Бир неча йил ўтгач, уни Байтилда хизмат қилишга таклиф қилишганини билиб, Тони роса хурсанд бўлди.
Қўйган мақсадига эришган инсонлар билан мулоқот қилиш ҳам муайян мақсадга эришиш истагимизни кучайтириши мумкин. 30 ёшли Жейсон ўсмирлик чоғида ваъз қилишни унчалик ёқтирмаганини айтди. Аммо мактабни битиргач, у кашшофлик хизматини бошлади ва тўла вақтли Шоҳлик хабарчисига айланди. Жейсон кашшоф бўлиб хизмат қилиш истагини қай йўсин ривожлантирди? У шундай деди: «Мен кашшофлар билан гаплашардим ва улар билан ваъзгўйликда ҳамкорлик қилардим. Бу менга катта таъсир кўрсатди».
Мақсадни ёзиш унга эришишга кўмаклашади
Мавҳум фикрларни сўзлар билан ифода этганимизда, улар тушунарлироқ ва аниқроқ бўлади. Шоҳ Сулаймон ўринли сўзлар катта таъсирга эга эканини, яъни ҳаётимизга тўғри йўналиш беришини таъкидлаган. (Воиз 12:11) Ўша сўзлар қоғозга туширилганида эса инсоннинг онг-шуурида муҳрланиб қолади. Акс ҳолда Яҳова Исроил шоҳларига Қонундан ўзлари учун нусхаларини кўчиришни амр этмаган бўларди. (Қонунлар 17:18) Шу боис, бир варақ қоғозга ўз мақсадларимизни, уларга эришиш йўлларини, учрайдиган тўсиқларни ва уларни қандай енгиш мумкинлигини ёзиб қўйсак бўлади. Қолаверса, қайси соҳаларда билим орттиришимиз, қандай кўникмаларни ривожлантиришимиз кераклиги ҳамда ким бизга ёрдам бериб, қўллаб-қувватлаши мумкинлигини аниқлаб олишимиз мумкин.
Маънавий мақсадлар қўйиш Жеффрига мувозанатни сақлашга кўмаклашди. У узоқ вақт давомида Осиёнинг олис ҳудудида махсус кашшоф бўлиб хизмат қилди. Аммо унинг ҳаётида фожиа юз беради. Хотини бирданига вафот этади. Жеффри бир оз ўзига келгач, бор кучини кашшофлик хизматига сарфлашга қарор қилди ва олдига мақсадлар қўйди. У ўз режаларини қоғозга ёзади, кейин ибодатларида Яҳовага улар ҳақида айтади ва ойнинг охирида учта Муқаддас Китоб тадқиқини бошлашга қарор қилади. У ҳар куни нимага эришганини сарҳисоб қиларди ва ўн кунда бир ўз ютуқларини текширарди. Жеффри ўз мақсадига эришадими? Ҳа ва у учта эмас, тўртта Муқаддас Китоб тадқиқини бошлайди. Бу унга улкан қувонч бағишлайди.
Қисқа муддатли мақсадлар қўйинг
Даставвал айрим мақсадларга эришиш имконсиздек туюлиши мумкин. Юқорида тилга олинган Тони учун Яҳова Шоҳидларининг филиалида хизмат қилиш шунчаки орзудек туюларди, чунки у унчалик яхши ҳаёт тарзини кечирмасди ва ҳаётини ҳам Яҳовага бағишламаганди. Аммо Тони ҳаётини Яҳованинг йўллари билан мувофиқлаштиришга қарор қилади ва сувга чўмиш учун талабларга мос келишга интилади. Бу мақсадига эришгач, у календарига қайси санада кўмакчи, қайси санада доимий кашшоф бўлиб хизмат қилишни бошлашини белгилаб қўяди. Муайян вақт давомида кашшофлик қилганидан кейин филиалда хизмат қилиш у учун эришиб бўлмайдиган мақсаддек туюлмаган.
Биз ҳам узоқ муддатли мақсадларимизни қисқа муддатли мақсадларга бўлиш ҳақида ўйлаб кўрсак бўлади. Оралиқ мақсадлар худди йўл постлари каби узоқ муддатли мақсадларга эришишга кўмаклашади. Қанча йўл босиб ўтганимизни мунтазам равишда текшириб турсак, мақсадимизни кўздан қочирмаган бўламиз. Яҳовага ибодат қилиб, Унга мақсадларимиз ҳақида айтиш йўлдан оғиб кетмаслигимизга кўмаклашади. Бежизга ҳаворий Павлус: «Тинмай ибодат қилинглар»,— деб ундамаган. (1 Салоникаликларга 5:17)
Қатъият ва қунт зарур
Ҳатто пухта режа тузсак ва уни амалга ошириш учун кучли истагимиз бўлса ҳам, баъзи мақсадларга эришиш имконсиз бўлади. Ҳаворий Павлус Юҳанно Маркни ўзининг иккинчи ваъзгўйлик сафарига таклиф қилмаганида, у қанчалик хафа бўлганини тасаввур қилишимиз мумкин! (Ҳаворийлар 15:37–40) Марк бундан сабоқ олиб, хизматини кенгайтириш борасидаги мақсадини ўзгартириши лозим эди ва у айнан шундай қилди ҳам. Кейинроқ Марк ҳаворий Павлусдан мақтов сўзларини эшитади ва ҳаворий Бутрус билан яқиндан ҳамкорлик қилади. (2 Тимўтийга 4:11; 1 Бутрус 5:13) У ҳатто Исонинг ҳаёти ва хизмати ҳақидаги илҳомлантирилган баёнотни ёзиш шарафига муяссар бўлади.
Маънавий мақсадларга интилаётиб, биз ҳам муваффақиятсизликларга учрашимиз турган гап. Таслим бўлишнинг ўрнига, таҳлил ўтказиб, вазиятни қайта баҳолаб, керакли ўзгаришлар киритсак бўлади. Йўлимизда тўсиқлар учраганида қатъият ва қунт билан ҳаракат қилишимиз даркор. Доно шоҳ Сулаймон қуйидагича ёзган: «Ҳамма ишларингни Яҳовага ишониб топшир, шунда режаларинг муваффақият қозонади». (Ҳикматлар 16:3)
Аммо турли сабабларга кўра, барча мақсадларга эришишнинг имкони йўқ. Масалан, соғлиқ муаммолари ёки оилавий мажбуриятлар туфайли баъзи мақсадларга эриша олмаслигимиз мумкин. Осмонда ё ерда яшаш умидига эга бўлишимиздан қатъий назар, келинг, абадий ҳаёт бўлмиш охирги мукофотимизни асло кўздан қочирмайлик. (Луқо 23:43; Филиппиликларга 3:13, 14) Бу мукофотга қандай эришсак бўлади? Ҳаворий Юҳанно: «Худонинг иродасини бажараётган киши абадий яшайди»,— деб ёзган. (1 Юҳанно 2:17) Ҳатто бирон-бир мақсадга эришиш имконсиздек туюлса ҳам, Аллоҳдан қўрқиб Унинг амрларига риоя қилишимизнинг ўзи ҳам кифоядир. (Воиз 12:13) Маънавий мақсадлар нигоҳимизни Худонинг иродасини бажаришга қаратишимизга кўмаклашади. Илойим, мақсадларимиз Парвардигоримизни ҳамиша улуғласин.
[22- саҳифадаги рамка]
Маънавий мақсадлар
○ Муқаддас Китобни мунтазам мутолаа қилиш
○ «Қўриқчи минораси» ва «Уйғонинг!» журналларининг ҳар бир сонини ўқиш
○ Ибодатларимизнинг сифатини ошириш
○ Муқаддас руҳ самарасини намоён этиш
○ Хизматни кенгайтиришга интилиш
○ Янада самарали ваъз қилиб, таълим бериш
○ Телефон, норасмий ва иш жойида шоҳидлик бериш кўникмаларимизни ошириш.