«Жаннатда кўришгунча!»
Сиз мен билан бирга Жаннатда бўласиз. ЛУҚО 23:43
1, 2. Жаннат ҳақида қандай фикрлар мавжуд?
БУ ЖУДА ҳам ажойиб ҳодиса эди! Кореянинг Сеул шаҳрида бўлиб ўтган анжумандан сўнг чет эллик меҳмонлар кетаётганда маҳаллий ваъзгўйлар уларни ўраб олган эди. Кўплари меҳмонларга: «Жаннатда кўришгунча!» — дея хайрлашарди. Қизиқ, улар қайси жаннат ҳақида айтишган?
2 Турли одамлар учун жаннат ҳар хил маъноларга эга. Баъзилар учун бу эртак. Айримлар учун эса ҳузур-ҳаловат қилиб яшашга мўлжалланган жой. Масалан, қорни оч киши бирон базимда ўтириб овқатланса, ўзини худди жаннатдагидай ҳис қилади. Кўп йиллар олдин бир аёл даладаги гўзал гулларни кўриб: «Бу жаннат-ку!» — дея ҳайқирган. Гарчи ўша ерда ҳар йили 15 метрдан ошиқ қор ёғса-да, бугунги кунда ҳам ўша жой том маънода «Жаннат» деб аталади. Хўш, сизнингча, жаннат бу нима? У ерда яшашга умид қиляпсизми?
3. Жаннат Муқаддас Китобда қачон тилга олинган?
3 Муқаддас Китобда айтилишича, ўтмишда бўлган жаннат келажакда ҳам бўлади. Жаннат ҳақида Муқаддас Китобнинг бошидаёқ ёзилган. Муқаддас Китобнинг бир таржимасида Ибтидо 2:8 да қуйидагича ёзилган: «Тангри Яҳова шарқ томонда, Адан деган жойда бир боғни [ҳузур қилиш учун жаннатни, «Catholic Douay Version»] барпо қилиб, Ўзи яратган одамни ўша ерга жойлаштирди». Асл матнда эса «Адан деган жойда бир боғ» деб айтилган. Адан сўзининг маъноси «роҳатланиш; лаззатланиш» бўлиб, у жой ростдан ҳам ҳузур қилиб яшаш учун мўлжалланган. У ниҳоятда чиройли эди, егулик мўл-кўл бўлиб, одамлар ва ҳайвонлар орасида тинчлик ҳукм сурар эди. (Ибт. 1:29–31)
4. Нима учун Адан боғини жаннат деб айтса бўлади?
4 «Боғ» деган маънога эга ибронийча сўз юнончага парадеисос деб ўгирилган. Бир адабиётда ёзилишича, бу сўзни эшитган юнон забон саёҳатчи кенг ва кўркам боғни тасаввур қиларди, у ерда зарар келтириши мумкин бўлган ҳеч нима йўқ, табиати чиройли бўлиб, баҳайбат дарахтлар кўпдан-кўп турли мевалар келтиради, ирмоқларда оқаётган тоза сув уларни суғориб туради, далаларда антилопа ва қўйлар пода-пода бўлиб ўтлаб юради. («The Cyclopaedia by M’Clintock and Strong») (Ибтидо 2:15, 16 ни солиштиринг.)
5, 6. Жаннат қай йўсин йўқотилган ва бу борада қандай савол туғиляпти?
5 Аллоҳ Одамато билан Момоҳавони шу каби жаннатга жойлаштирган, лекин улар у ердан ҳайдалган. Нима сабабли? Чунки улар Худога бўйсунмаган. Шу йўсин, жаннат улар ва уларнинг авлодлари учун йўқотилган. (Ибт. 3:23, 24) Ўша жаннатда ҳеч қандай одам қолмаган бўлса-да, у Нуҳнинг давридаги Тўфонгача мавжуд бўлган бўлса керак.
6 Баъзиларда шундай савол туғилиши мумкин: «Ер юзида жаннат яна барпо этилиб, одамлар у ерда яшай оладими?» Далиллар нимадан далолат беряпти? Агар у ерда севган инсонларингиз билан яшашни хоҳласангиз, умид қилиш учун жиддий асослар борми? Жаннат бўлишига амин эканингизни тушунтириб бера оласизми?
БЎЛАЖАК ЖАННАТГА ОИД ДАЛИЛ
7, 8. а) Худо Иброҳимга қандай ваъда берган? б) Худонинг ваъдаси Иброҳимни нимада ишонтирган бўлиши мумкин?
7 Жаннат ҳақида ишончли жавобни топиш мумкин бўлган китоб, бу унинг Яратувчиси илҳомлантирган китобдир. Келинг, Аллоҳ дўсти Иброҳимга нима деб айтганига диққат қаратайлик. Худо унинг зурриётини «денгиз соҳилидаги қумдай кўпайтираман» деб айтиб, ваъдасининг устидан чиққан. «Сенинг зурриётинг орқали ер юзидаги барча халқлар барака топади, чунки сен Менинг айтганларимга қулоқ солдинг». (Ибт. 22:17, 18) Тангри бу ваъдасини Иброҳимнинг ўғилу невараларига такрорлаган. (Ибтидо 26:4; 28:14 ни ўқинг.)
8 Муқаддас Китобда Иброҳим осмонда жаннат бўлиб, одамлар ўша ерда мукофотни олади деб ўйлагани ҳақида ҳеч нима ёзилмаган. Демак, Худо «ер юзидаги барча халқлар барака топади» деганда, Иброҳим ушбу баракалар ер юзида бўлади деб тўғри хулосага келган. Бу Худонинг ваъдаси эди, шунинг учун «ер юзидаги барча халқлар» у ердаги ҳаётдан завқ олиши мумкин. Қизиқ, ер юзида жаннат бўлиши ҳақида Муқаддас Китобда яна бирор далил борми?
9, 10. Қандай башоратлар туфайли бўлажак баракалар амалга ошишига ишона оламиз?
9 Иброҳимнинг авлодидан бўлган Довуд келажакда «ёвуз одамлар» ва «ёмонлик қилувчилар» йўқ бўлиб кетиши ҳақида ёзган. Охир-оқибат, «ёвузлар йўқ бўлади». (Заб. 37:1, 2, 10) Уларнинг ўрнига, «камтар кишилар ер юзига эгалик қилади, улар тинчлик-хотиржамликда умр кечириб, беҳад шод бўлади». Довуд қуйидагиларни ҳам башорат қилган: «Одил кишилар ер юзига эгалик қилади, улар ерда абадий яшайди». (Заб. 37:11, 29; 2 Шоҳ. 23:2) Худонинг иродасини бажараётган кишиларга бу ваъдалар таъсир қиляптими? Ҳа, булар туфайли улар бир кун келиб одил кишилар ер юзида яшашига ва ер юзи Адан боғи каби гўзал жаннатга айланишига ишонишади.
10 Вақт ўтгач, Яҳовага хизмат қилаётганини таъкидлаган кўпгина исроилликлар Ундан ва ҳақ топинишдан юз ўгирган. Шунда, Тангри бобилликлар уларни асир қилишига, юртини вайрон қилишига ва уларнинг кўпчилигини сургун қилишига йўл қўйган. (2 Сол. 36:15–21; Ерм. 4:22–27) Шундай бўлса-да, Худонинг пайғамбарлари 70 йил ўтгач, Унинг халқи ўз юртига қайтишини башорат қилишган. Ўша кароматлар амалга ошган. Лекин бу бизга қандай тааллуқли? Баъзи башоратларни кўриб чиқиб, келажакда ер юзида жаннат бўлишига ишонишимиз учун қандай сабаб борлигини билиб оламиз.
11. Ишаё 11:6–9 илк бор қай йўсин амалга ошган, лекин қайси савол ҳали-ҳануз очиқ қоляпти?
11 Ишаё 11:6–9 ни ўқинг. Худо Ишаё пайғамбар орқали Исроил халқи ўз юртига қайтишини ва тинчлик бўлишини башорат қилган. Бирорта ҳайвон ёки инсон ҳужум қилишидан қўрқишга ҳожат йўқ эди. Ёшу қари ҳимояланган бўларди. Бу Адан боғида Худо барпо этган муҳитни эсга соляпти, шундай эмасми?! (Ишаё 51:3) Ишаё шунингдек, нафақат Исроил халқи, балки бутун ер юзи борасида башорат қилиб, «сувлар денгизни тўлдиргани каби, ер юзи ҳам Яҳова ҳақидаги билимга тўлади», деб айтган. Хўш, бу қачон юз беради?
12. а) Исроилликлар Бобилдан қайтгач, қандай баракалар кўришди? б) Нега Ишаё 35:5–10 даги сўзлар келажакда ҳам бажарилади деб айта оламиз?
12 Ишаё 35:5–10 ни ўқинг. Бу ерда ҳам Ишаё яна бир бор Исроил халқи Бобилдан қайтгач, ҳайвонлару инсонлардан зарар кўрмай яшашини таъкидлаган. Уларнинг юрти ҳам худди Адан боғидай яхши суғорилиб, мўл-кўл ҳосил етиштириши керак эди. (Ибт. 2:10–14; Ерм. 31:12) Бу фақат ўтмишда бажарилиши керак бўлган башоратмиди? Шунга ҳам эътибор беринг, исроилликлар ўз юртига қайтгач, мўъжизавий тарзда соғайиб кетгани ҳақида ҳеч нима ёзилмаган. Масалан, кўрларнинг кўзлари очилиб кетмаган. Демак, Аллоҳ барча касалликлардан келажакда фориғ бўлиш мумкинлигини таъкидлаган.
13, 14. Ишаё 65:21–23 даги башорат қандай бажарилган, аммо қайси қисми амалга ошиши керак? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)
13 Ишаё 65:21–23 ни ўқинг. Яҳудийлар ўз юртига қайтганда, шинамгина уйлари ёки ажойиб далаю узумзорлари бўлмаган. Лекин Аллоҳ уларга баракалар ёғдиргани учун, вақт ўтгач ҳаммаси ўзгарди. Бир тасаввур қилинг, одамлар уйлар қуриб, у ерда яшаганда қанчалар бахтли бўлишган! Улар ўстирган ҳосилдан баҳраманд бўла олишган.
14 Ушбу башоратнинг муҳим бир қиррасига диққат қаратинг. «Халқимнинг умри дарахт умридай узоқ бўлади». Бу амалга ошдими? Гап шундаки, баъзи дарахтлар минглаб йиллар мобайнида яшайди. Одамлар кўп яшаб, соғлом бўлиши керак эди. Улар Ишаё башорат қилганидай, хотиржам ҳаёт кечириши лозим эди, бу орзудаги жаннатнинг ўзгинаси бўлиши кутиларди. Бу башорат келажакда амалга ошади!
15. Ишаё китобида қандай баракалар каромат қилинган?
15 Ҳозир кўриб чиқаётган ваъдалар жаннатда қай йўсин бажарилиши ҳақида мулоҳаза юритиб кўринг. Бутун дунё бўйлаб яшаётган инсонлар Худонинг баракаларини кўради. Ҳайвонлар ёки ёвуз кишилар зиён келтиришидан бошқа қўрқмасак ҳам бўлади. Кўзи кўр, кар ва чўлоқ инсонлар шифо топади. Одамлар ўзи учун уйлар қуради, ҳосилини етиштиради. Дарахтлардан ҳам кўра кўпроқ яшайди. Ҳа, Муқаддас Китобдан келажакда ажойиб жаннат бўлиши борасида далилларга эга бўляпмиз. Шундай тақдирда ҳам, айрим кишилар бу башоратлар ер юзида жаннат бўлишини англатмайди деб таъкидлайди. Уларга қандай жавоб бериш мумкин? Ер юзида чиндан ҳам жаннат бўлишини тасдиқлайдиган қандай жиддий сабаб бор? Ер юзида яшаган энг улуғ инсон бу жиддий сабабни келтирган.
ЖАННАТДА БЎЛАСИЗ!
16, 17. Исо жаннат ҳақида қайси вазиятда айтган?
16 Гарчи Исо бенуқсон бўлган бўлса ҳам, азоб устунида яҳудий жиноятчилар билан бирга қатл этилишга маҳкум этилган. Уларнинг бири ўлишидан аввал Исони шоҳ сифатида тан олиб: «Исо, Шоҳ бўлганингизда мени эсланг»,— деган. (Луқо 23:39–42) Исо бу кишига берган ваъда Луқо 23:43 да келтирилган бўлиб, сизнинг ҳам келажагингизга таъсир қилади. Баъзи илоҳиётшуносларнинг фикрича, бу оятнинг сўзма-сўз таржимаси қуйидагича: «Сизга ваъда бераман, бугуннинг ўзида сиз мен билан бирга Жаннатда бўласиз». «Бугун» сўзига диққат қаратинг. Исо нимани назарда тутган? Бу борада турлича фикрлар мавжуд.
17 Бугунги кўп тилларда вергул каби тиниш белгиларини ишлатиш ёки сўзларнинг жойларини ўзгартириш гапнинг маъносини аниқроқ тушунишга ҳисса қўшади. Лекин ўтмишда юнонча қўлёзмаларда доим ҳам тиниш белгилари қўлланилмаган. Шунинг учун қуйидагича савол юзага келяпти: «Исо: “Сизга ваъда бераман, бугуннинг ўзида сиз мен билан бирга Жаннатда бўласиз”,— деб айтганми?» Ёки у: «Бугуннинг ўзида сизга ваъда бераман, сиз мен билан бирга Жаннатда бўласиз»,— деганми? Таржимонлар Исо нимани назарда тутганини ўзлари тушунган ҳолда сўзларнинг жойини ўзгартиради ёки тиниш белгиларини қўяди. Муқаддас Китобнинг турли таржималарида буни кўриш мумкин.
18, 19. Исо нимани назарда тутганини тушунишимизга нима ёрдам беряпти?
18 Энди, Исо издошларига ўлими ҳақида: «Инсон Ўғли ҳам уч кечаю уч кундуз ер бағрида бўлади»,— деб айтганини эсланг. У шунингдек қуйидагича деган: «Инсон Ўғли душманларининг қўлига тутиб берилади ва улар уни ўлдиришади. Аммо у учинчи куни тирилади». (Мат. 12:40; 16:21; 17:22, 23; Марк 10:34) Ҳаворий Бутрус бу амалга ошганини ёзган эди. (Ҳавор. 10:39, 40) Демак, у ва ёнидаги жиноятчи ўлган куни Жаннатга тушмаган. Худо Исони тирилтиргунига қадар, у «мозорда [ёки «ҳадесда»]» бўлган. (Ҳавор. 2:31, 32, изоҳ)a
19 Хулласи калом, Исо жиноятчига: «Бугуннинг ўзида сизга айтяпманки», дея ваъда берган. Мусо пайғамбарнинг даврида ҳам фикрларни шундай тарзда ифодалаш оддий ҳол эди. Бир сафар: «Бугун мен сизларга буюрган бу сўзларни қалбингизда сақланглар»,— деб айтган. (Қонун. 6:6; 7:11; 8:1, 19; 30:15)
20. Исо аслида нимани назарда тутгани борасида яна қандай далиллар бор?
20 Яқин Шарқда яшовчи бир таржимон Исонинг жавоби ҳақида шундай фикр билдирди: «Ушбу оятда “бугун” сўзига урғу берилган ва: “Бугуннинг ўзида сизга айтяпманки, сиз мен билан бирга Жаннатда бўласиз”,— деб ўқилиши даркор. Ваъда ўша куни берилган бўлиб, кейинчалик бажарилиши керак эди». Унинг айтишича, Шарқдаги одамлар ваъда муайян кунда берилганини ва у албатта бажарилишини таъкидлаш учун фикрларини айнан шу тарзда ифодалаган. Бешинчи асрдаги яна бир нашрга кўра, Исо: «Омин, бугун сизга айтаманки сиз мен билан бирга Адан боғида бўласиз»,— деган эди. («Syriac version») Бу ваъда барчамизга далда бахш этмоқда.
21. Жиноятчи билан нима юз бермаган ва нега?
21 Исо жиноятчига жаннатда бўлишини айтганда, у жаннат осмонда бўлишини назарда тутмаган. Сабаби, бу жиноятчи Исо садоқатли ҳаворийлари билан аҳд қилиб, осмонда бирга ҳукм суриши кераклигини билмаган. (Луқо 22:29) Бунинг устига, у киши сувга ҳам чўммаган эди. (Юҳан. 3:3–6, 12) Демак, Исо жиноятчига ер юзидаги жаннатда бўлишини ваъда қилган. Йиллар ўтгач, ҳаворий Павлус «жаннатга олиб кетилган» бир киши ҳақида ваҳий кўрганини ёзган. (2 Кор. 12:1–4) Жиноятчидан фарқли ўлароқ, Павлус ва бошқа садоқатли ҳаворийлар Самовий Шоҳликда Исо билан бирга ҳукм суриш учун танланган эди. Шундай бўлса ҳам, Павлус келажакда бўладиган, яъни бўлажак «жаннат»b ҳақида айтган. Бу жаннат ер юзида бўладими? Сиз ҳам у ерда бўласизми?
НИМА КУТИШИНГИЗ МУМКИН?
22, 23. Нимага умид боғлашингиз мумкин?
22 Ёдингизда бўлса, Довуд «одил кишилар ер юзига эгалик қилади»ган пайт ҳақида айтган. (Заб. 37:29; 2 Бутр. 3:13) Довуд ер юзидаги барча инсонлар Худонинг адолатли меъёрларига итоатли бўладиган даврга ишора қилган. Ишаё 65:22 да: «Халқимнинг умри дарахт умридай узоқ бўлади»,— дея башорат қилинган. Бу дегани одамлар минглаб йиллар яшайди. Буни кутиш арзийдими? Ҳа, Ваҳий 21:1–4 даги сўзларга кўра, Аллоҳ инсонларга қут-баракалар ёғдиради. Бу баракалардан бири ўлимни йўққа чиқаришдан иборат.
23 Жаннатни аниқроқ кўз ўнгимизга келтира оляпмиз. Илк жуфтлик Адан боғида абадий яшаш имкониятини қўлдан бой берди, бироқ ер юзида яна жаннат бўлади. Тангри ваъда қилаётгандай, ер юзида инсонлар кўп баракалар кўради. Довуд илоҳий илҳом остида камтар ва одил инсонлар ер юзида абадий яшашини айтган. Ишаё китобидаги башоратлар, ер юзидаги кўркам жаннатда маза қилиб яшашимиз мумкин бўлган даврни интиқиб кутишимизга ёрдам бермоқда. Бу қачон содир бўлади? Исо жиноятчига берган ваъдаси амалга ошганда бу юз беради. Сиз ҳам бу жаннатда бўлишингиз мумкин. Ўшанда Кореяда бўлган анжумандаги имондошларимиз: «Жаннатда кўришгунча!» — деган сўзлар амалга ошади.
a Марвин Рэйт исмли профессор шундай ёзган: «Одатда “бугун” сўзи остида 24 соатдан иборат бир кун тушунилади. Бу фикр Муқаддас Китобдаги бошқа маълумотларга зид, масалан, у ерда Исонинг ўлимидан сўнг ҳадесга “тушиши” (Мат. 12:40; Ҳавор. 2:31; Рим. 10:7) ва кейинчалик осмонга кўтарилиши ҳақида айтилган».
b Бу сондаги «Ўқувчиларнинг саволлари»га қаранг.