Худога итоат қилинг ва Унинг қасамларидан фойда олинг
Худо... Ўзидан юқори ҳеч ким бўлмагани учун, Ўзини ўртага қўйиб қасам ичди. ИБРОН. 6:13
1. Яҳованинг сўзлари гуноҳкор инсонларникидан нимаси билан фарқ қилади?
ЯҲОВА — «Ҳақ Таоло»дир (Заб. 30:6, Туркия 1998). «Ёлғон гапирмайдиган» Худодан фарқли ўлароқ, номукаммал инсонларга доим ҳам ишониб бўлмайди (Иброн. 6:18; Саҳрода 23:19 ни ўқинг). Аллоҳ инсоният учун нимани ният қилган бўлса, доим рўёбга чиқарган. Масалан, яратилиш кунлари деб номланган олтита давр ичида, Худо ер юзидаги ҳамма нарсани яратган. Ҳар бир яратилиш кунининг бошида У нима қилмоқчи эканини айтган. Сўнг, айтганларини бажарган. Олтинчи куннинг охирида, «Худо Ўзи яратган ҳамма нарсага назар солди. Булар жуда ажойиб эди» (Ибт. 1:6, 7, 30, 31).
2. Худонинг фароғат куни нимани англатади ва У нега бу кунни муқаддас қилган?
2 Яҳова Таоло яратганларига яна бир назар солиб, еттинчи кун бошланганини эълон қилди. Еттинчи кун том маънодаги 24 соатдан кўпроқ вақтни ўз ичига олади. Бу давр мобайнида У ер юзидаги яратиш ишларидан тинган (Ибт. 2:2). Худонинг фароғат куни ҳали-ҳануз давом этмоқда (Иброн. 4:9, 10). Муқаддас Китобда бу кун аниқ қачон бошлангани ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Бу давр тахминан 6 000 йил муқаддам Одаматонинг хотини Момоҳаво яратилганидан кейин бошланган. Яқинда Масиҳнинг минг йиллик бошқаруви бошланади. Бу давр ичида Худованд ер учун қилган ниятини амалга оширади. У ер юзи жаннатга айланишини ва унда мукаммал инсонлар абадий яшашларини хоҳлайди (Ибт. 1:27, 28; Ваҳ. 20:6). Сиз ҳам бундай бахтли истиқболдан баҳраманд бўлишингиз мумкинми? Албатта! Худо «бу кунни муборак қилиб, муқаддас, деб бошқа кунлардан ажратди». Бу сўзлар, ҳатто кутилмаганда муаммо чиқиб қолса-да, Худонинг фароғат куни тугаганда, Унинг иродаси албатта амалга ошишига кафолат беради (Ибт. 2:3).
3. а) Худонинг фароғат куни бошланганидан кейин нима юз берди? б) Яҳова исённи бартараф қилиш ниятини қандай ифодалади?
3 Аммо Худонинг фароғати бошланганидан кўп ўтмай, фалокат юз берди. Худонинг фаришталаридан бири Шайтон, ўзини Аллоҳга тенг кўрди. У биринчи ёлғонни айтиб, Момоҳавони йўлдан урди. Натижада хотин Яҳовага итоатсизлик қилди (1 Тим. 2:14). Буниси етмаганидек Момоҳаво эрини ҳам исёнга қўшилишга ундади (Ибт. 3:1–6). Гарчи Худонинг ҳақиқатгўйлиги шубҳа остига қўйилиши коинот тарихида нохуш воқеа бўлса-да, Яҳова Ўз ниятини рўёбга чиқариш учун қасам ичишда зарурат йўқ деб ҳисоблади. Аксинча, У шунчаки исёнга қандай барҳам берилишини эълон қилди: «Душманлик пайдо қиламан сен [Шайтон] билан хотин ўртасида, сенинг уруғинг билан унинг уруғи орасида. Унинг уруғи эзиб ташлайди сенинг бошингни, сен чақиб оласан унинг товонини». Ушбу сўзларнинг маъноси Худо белгилаган вақтгача сир бўлиб келди (Ибт. 3:15; Ваҳ. 12:9).
ҚАСАМ ИЧИШ — ҚОНУНИЙ КАФОЛАТДИР
4, 5. Қонуний кафолат бериш учун Иброҳим баъзида нимадан фойдаланган?
4 Исёнга қадар, айтилган сўз ҳақ эканлигини тасдиқлаш учун қасам ичишга ҳожат бўлмаганга ўхшайди. Демак, Худони севган ва Унга тақлид қилган мукаммал мавжудотлар, бошқа бировга сўзлари рост эканлигини тасдиқлаш учун қасам ичишмаган. Улар ҳамиша рост гапириб, бир-бирларига тўлиқ ишонишган. Аммо илк жуфтлик гуноҳ қилиб номукаммал бўлганидан сўнг, ёлғон гапириш одамлар учун оддий ҳолга айланди. Шундай қилиб, кейинчалик кишилар муҳим нарсани гапираётиб, сўзлари рост эканини тасдиқлаш мақсадида қасамдан қонуний кафолат тариқасида фойдалана бошлашган.
5 Бобокалонимиз Иброҳим учта турли хил вазиятда қонуний кафолат бериш учун қасамдан фойдаланган (Ибт. 21:22–24; 24:2–4, 9). Масалан, у Элам шоҳи ва унинг иттифоқчилари устидан ғалаба қозониб қайтганида қасам ичган эди. Ўшанда Салем ва Садўм шоҳлари Иброҳимни кутиб олгани чиқишди. Маликсидиқ Салемнинг шоҳи бўлишидан ташқари «Худойи Таолонинг руҳонийси» ҳам бўлган. Шу сабабли у Иброҳимни дуо қилиб, душманлари устидан унга ғалаба бергани учун Аллоҳга ҳамду санолар айтди (Ибт. 14:17–20). Кейин Садўм шоҳи одамларини босқинчи лашкардан халос қилгани учун Иброҳимни тақдирламоқчи бўлди. Шунда Иброҳим онт ичиб деди: «Еру кўкни яратган Худойи Таоло — Эгамиз ҳақи қасам ичиб айтаманки, мен сенинг бирорта чўпингни ёки чориғингнинг ипини ҳам олмайман. Акс ҳолда: “Ибромни мен бой қилганман”, деб айтишинг мумкин» (Ибт. 14:21–23).
ЯҲОВА ҚАСАМ ИЧИБ ИБРОҲИМГА ВАЪДА БЕРДИ
6. а) Иброҳим бизга қандай ўрнак кўрсатди? б) Иброҳимнинг итоаткорлиги бизга қандай фойда келтирди?
6 Тангри Яҳова гуноҳкор одамларнинг манфаатини кўзлаб, «Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳаққи онт ичиб айтаманки» каби иборани қўллаган (Ҳиз. 17:16). Муқаддас Китобда Яҳова Таолонинг 40 дан ошиқ турли вазиятда қасам ичгани ҳақида ёзилган. Масалан, бизга яхши таниш бўлгани, Иброҳимга берган қасамидир. Кўп йиллар давомида Тангри Яҳова у билан бир нечта аҳд тузиб, Зурриёт унинг авлодидан, ўғли Исҳоқдан келиб чиқишини ваъда қилади (Ибт. 12:1–3, 7; 13:14–17; 15:5, 18; 21:12). Сўнг Яҳова Иброҳимни шиддатли синовдан ўтказади. У хизматчисига севикли ўғлини қурбонликка келтиришни буюради. Иброҳим ўша заҳотиёқ Худонинг амрини бажаришга киришади. Ўғли Исҳоқни қурбонликка келтирмоқчи бўлиб турганида, Худонинг фариштаси уни тўхтатади. Шунда Аллоҳ қуйидагича қасам ичади: «Менга итоат қилганинг учун, ҳатто ягона ўғлингни ҳам Мендан аямаганинг учун, Ўзимнинг номим билан қасамёд қиламан: сенга қут-барака бераман. Наслингни осмондаги юлдузлардай, денгиз қирғоғидаги қумдай сон-саноқсиз қилиб кўпайтираман. Наслларинг ғанимларининг дарвозаларини эгаллайдилар. Менга итоат қилганинг учун, ер юзидаги ҳамма халқларга сенинг наслинг орқали барака бераман» (Ибт. 22:1–3, 9–12, 15–18).
7, 8. а) Аллоҳ қайси мақсадда Иброҳимга қасам ичган эди? б) Масиҳнинг «бошқа қўйлари» Худонинг Иброҳимга берган ваъдаси ва қасамидан қандай фойда олишлари мумкин?
7 Худованд ваъдаси амалга ошишини тасдиқлаш учун нега Иброҳимга қасам ичди? Бу қасам «зурриёт»нинг иккинчи даражали қисмини ташкил этган ва Масиҳнинг ворисдошлари бўладиганларга далда бериб, уларнинг имонини мустаҳкамлаган (Ибронийларга 6:13–18 ни ўқинг; Галат. 3:29). Ҳаворий Павлус айтганидай, Яҳова Таоло «ваъдасини қасам билан тасдиқлади». Демак, «умидни маҳкам ушлаш учун» мойланганларга буюк жасорат бахш этадиган «ўзгармас икки нарса» бор экан. Бу, Худонинг ваъдаси ва қасами бўлиб, ушбу масалаларда У «ёлғон гапирмайди».
8 Худонинг Иброҳимга ичган қасамидан фақатгина мойланган масиҳийлар фойда олишмайди. Яҳова Иброҳимнинг «зурриёти» орқали «ҳамма халқларга... барака бераман», деб қасам ичган эди (Ибт. 22:18). Бундай баракага Масиҳнинг итоаткор «бошқа қўйлари» ҳам эга бўлади. Уларнинг ер юзидаги жаннатда абадий яшаш умиди бор (Юҳан. 10:16). Мойланганмисиз ёки бошқа қўйларга тегишлимисиз, умидингизни маҳкам ушлаб, ҳамиша Худога итоаткор бўлиб яшанг (Ибронийларга 6:11, 12 ни ўқинг).
АЛЛОҲНИНГ БОШҚА ҚАСАМЛАРИ
9. Иброҳимнинг авлодлари Миср қуллигида бўлганида Тангри қандай қасам ичган эди?
9 Бир неча асрлар ўтгач, Яҳова Иброҳимга берган ваъдаларини амалга ошириш учун, яна қасам ичди. У Мусони Миср қуллигида бўлган Иброҳимнинг авлодларига гапларини етказишга юборганида, бу воқеа юз берган эди (Чиқ. 6:6–8). Ўшанда Худо шундай деган: «Мен Исроил халқини танлаб... Мисрдан олиб чиқишга, улар учун танлаб қўйган энг улуғвор юртга, сут ва асал оқиб ётган юртга олиб боришга онт ичган эдим» (Ҳиз. 20:5, 6).
10. Исроилликларни Мисрдан озод этгач, Худо нимани ваъда қилди?
10 Исроилликлар Миср қуллигидан озод бўлгач, Яҳова яна қасам ичиб, уларга шундай ваъда берган: «Менинг амрларимга чин дилдан итоат этсангиз, аҳдимга риоя қилсангиз, сизлар Менинг халқим, бошқа халқлар орасида хазинам бўласизлар. Бутун ер Меникидир, аммо сизлар Мен, Эгангизга, хизмат қиладиган руҳонийлар шоҳлиги, муқаддас бир халқ бўласизлар» (Чиқ. 19:5, 6). Чиндан ҳам исроилликлар катта шарафга муяссар бўлган эди! Улар итоаткор бўлганида эди, Аллоҳ бу халқ орасидан одамларни танлаб, руҳонийлар шоҳлигини ташкил этарди. Бу шоҳлик эса барча инсонларга барака келтирарди. Исроил халқи учун нималар қилганини тасвирлаб, кейинчалик Яҳова шундай деган: «Мен сенга қасамёд қилдим, сен билан никоҳ аҳдини туздим» (Ҳиз. 16:8).
11. Худо исроилликларни Ўзининг халқи қилиб танлаганида, улар нима деб жавоб беришди?
11 Исроилликлар итоаткор бўлиши учун, Яҳова уларни қасам ичишга ёки У билан ўзгача муносабатда бўлишга мажбурламаган. Аксинча, улар ихтиёрий равишда: «Эгамизнинг ҳамма айтганларини бажарамиз»,— дейишган (Чиқ. 19:8). Уч кун ўтгандан кейин, Аллоҳ Яҳова танлаган халқидан нимани кутаётганини эълон қилди. Аввало, уларга Ўнта амр ўқиб берилди. Сўнг Мусо уларга Чиқиш 20:22 дан 23:33 гача оятларида ёзилган бошқа амрларни эълон қилди. Исроил халқи жавобан нима деди? «Халқ бир овоздан: “Эгамизнинг ҳамма айтганларини бажарамиз”, дея жавоб берди» (Чиқ. 24:3). Кейин Мусо бу амрларни «Аҳд китоби»га ёзиб қўйди ва бутун халқ яна бир бор эшитиши учун, уларни баланд овозда ўқиб берди. Шундай қилиб халқ учинчи марта: «Эгамизнинг ҳамма айтганларини бажарамиз, Унга итоат қиламиз»,— деб сўз берди (Чиқ. 24:4, 7, 8).
12. Яҳова ҳамда Исроил халқи тузилган аҳдга қандай муносабат кўрсатишди?
12 Яҳова Исроил халқи билан аҳд тузиб, берган ваъдаларнинг ҳаммасини кечиктирмасдан бажаришга киришди. Аллоҳ топиниш учун мўлжалланган махсус чодирда хизмат қиладиган руҳонийларни танлади. Руҳонийлар номукаммал инсонларга Худо билан ўзгача муносабатда бўлишга ёрдам беришлари керак эди. Афсуски исроилликлар Худога бағишланган халқ эканини тезда унутиб, «Исроил халқининг Муқаддас Худосини ранжитдилар» (Заб. 77:41). Масалан, Мусо Синай тоғида Худодан батафсил йўл-йўриқ олиш билан банд бўлганида, исроилликларнинг сабр-тоқати тугаб: «Энди Мусо бизни ташлаб кетди»,— деган фикр-хаёлга боришди ва имондан қайтишди. Оқибатда улар олтин буқача ясаб, халққа шундай дедилар: «Эй, Исроил! Мана бизни Мисрдан олиб чиққан худойимиз!» (Чиқ. 32:1, 4). Сўнг, улар ўзлари ясаган буқачага сажда қилиб, қурбонликлар келтиришди ва буни «Эгамизга бағишланган байрам» деб аташди. Буни кузатиб турган Яҳова Мусога шундай деди: «Улар Мен амр этган йўлдан дарров оғди. Ўзларига буқачанинг тасвирини ясаб, унга сажда қилиб, қурбонликлар келтирди» (Чиқ. 32:5, 6, 8). Ачинарлиси шундаки, улар Худога кўп ваъдалар беришди, лекин ваъдага вафо қилишмади (Саҳ. 30:2).
ЯНА ИККИТА ҚАСАМ
13. Худо Довудга онт ичиб нимани ваъда қилди ва зурриёт келиши билан бунинг қандай боғлиқлиги бор?
13 Шоҳ Довуд ҳукмронлик қилган даврда, Яҳова Унга итоатли бўлганларнинг барчасига фойда келтирадиган яна иккита қасам ичган эди. Биринчиси, У Довудга онт ичиб, унинг тахти абадий туришини ваъда берди (Заб. 88:36, 37; 131:11, 12). Чунончи зурриёт «Довуднинг Ўғли» деб аталиши керак эди (Мат. 1:1; 21:9). Довуд бўлажак зурриётига камтаринлик билан «Ҳазратим» деб мурожаат қилди, чунки Масиҳ ундан юқорироқ мавқега эга бўлиши керак эди (Мат. 22:42–44).
14. Яҳова ваъда қилинган зурриёт тўғрисида қандай қасам ичди ва биз бундан қандай фойда оляпмиз?
14 Иккинчиси, Довуд муқаддас руҳ таъсирида, бу ўзгача Шоҳ инсониятнинг Олий руҳонийси бўлишини башорат қилган. Исроилда битта киши, ҳам шоҳ ҳам руҳоний бўла олмасди. Руҳонийлар Леви қабиласидан, шоҳлар эса Яҳудо қабиласидан танланган. Аммо Довуд бўлажак Шоҳ келишини башорат қилиб шундай деган: «Эгамиз айтмоқда ҳазратимга: “Душманларингни оёқларинг остига курси қилмагунимча, сен Менинг ўнг томонимда ўтириб тургин.” Эгамиз онт ичган, қарорини ўзгартирмас: “Маликсидиқ насаби бўйича сен тоабад руҳонийсан”» (Заб. 109:1, 4). Башоратнинг амалга ошганига кўра, ваъда қилинган зурриёт Исо Масиҳ, ҳозир осмондан туриб ҳукмронлик қилмоқда. Боз устига, у инсониятнинг Олий руҳонийси сифатида хизмат қилиб, тавба-тазарру қилаётган кишиларга Аллоҳ билан дўстона муносабатда бўлишга ёрдам бермоқда (Ибронийларга 7:21, 25, 26 ни ўқинг).
ХУДОНИНГ ИСРОИЛИ
15, 16. а) Муқаддас Китобда қандай иккита Исроил ҳақида гап кетади ва бугун Яҳова қай бирига барака бермоқда? б) Қасам ичиш борасида Исо издошларига қандай амр берган эди?
15 Исроил халқи Исо Масиҳни рад этиб, ўзларини Худо билан ўзгача муносабатдан ҳамда «руҳонийлар шоҳлиги» бўлиш шарафидан маҳрум этишди. Бу борада Исо яҳудийларнинг дин пешволарига: «Худонинг Шоҳлиги сизлардан тортиб олиниб, самара келтирадиган бошқа халққа берилади»,— деб айтган эди (Мат. 21:43). Милодий 33- йил Ҳосил байрамида Қуддусда йиғилган Исонинг 120 та шогирди устига Худонинг муқаддас руҳи ёғдирилганида бу янги халқ пайдо бўлган эди. Улар кейинчалик «Худонинг Исроили» деб аталадиган бўлишди. Кейинчалик бошқа халқлардан бўлган минглаб кишилар, Худонинг Исроилига кириши керак эди (Галат. 6:16).
16 Қадимги исроилликлардан фарқли ўлароқ, Худонинг Исроили ҳамиша Худога итоатли бўлиб, яхши самаралар келтирди. Улар Худодан олган амрлардан бири, қасам ичиш ҳақида эди. Исо ер юзида бўлганида, одамлар ёлғон гапириб туриб ёки арзимас нарсаларга қасам ичишган. Бу билан улар қасамнинг аҳамиятини йўққа чиқаришди (Мат. 23:16–22). Аммо Исо издошларига шундай ўргатган: «Умуман қасам ичманг... “Ҳа” десангиз, бажаринг, “йўқ” десангиз, гапингизда туринг. Бундан ортиғи эса ёвуз Шайтондандир» (Мат. 5:34, 37).
Яҳованинг ваъдалари ҳамиша амалга ошади
17. Келаси мақолада қайси саволларга жавоб оламиз?
17 Хўш, қасам ичиш доим нотўғри бўлади деб айтиш мумкинми? Энг муҳими, ҳа деганини бажариш нимани англатади? Бу саволлар кейинги мақолада муҳокама қилинади. Муқаддас Китоб устидан мулоҳаза юритар эканмиз, келинг, ўқиганларимиз бизни доимо Яҳовага итоатли бўлишга ундасин. Шундагина У қасам ичиб ваъда берганидай, бизга абадий қут-баракалар беради.